Дори-дармон – кимга армон

Бу дунёда, мен мутлақо соғман, аъзои баданимда ҳеч иллат йўқ, бақувватман деган бирон валломат борми? Топа олмайсиз, овора бўлманг. Ҳеч бўлмаса, тиши оғрир, ё сочи тўкила бошлагандир? Қизиғи шундаки, одам қанча соғ бўлса, ўзини шунча эҳтиётлар экан – тинмай тиш ювиб, соч шампунлаб, бадантарбия қилиб… Қайси дорини нимага эм деб эшитса, дарров сотиб олиб ғамлаб қўяди. Энди бу – соғ кишилар, касалга чалинган, ё сурункали беморларнинг ҳоли эса ўзингизга яхши аён. Шунинг учун, ҳар оилада бир чоғроқ аптека тўладиган дори-дармон йиғилиб қолган ҳозир.

(Буни айтмасам ҳам биласиз-а?)

* * *

Бола эдим. Биз томонларда бир табиб чиқди. Кимки шифоталаб бўлиб борса, даво топар эди. Замбилда олиб борилганлар юриб, ҳасса таяниб етиб олганлар югуриб қайтиб кетарди. Ўзи духтурдан чиққан бу зот беморларга кўкат қайнатиб тайёрланган дори берар эди, холос. Бошқа шифокорлар ҳайрон: оғир касаллар ҳам тузалиб кетяпти!

Бунинг сири бир тасодиф билан очилиб қолди. Духтур-табибнинг бефаҳм хотини таблеткадан бўшаган картон қутичаларни ахлатга қўшиб ташлаб юборган экан. Бир одам сарасоп солиб қараса, бари гормон! Собиқ духтур-сохта табиб гормон таб­леткаларни талқон қилиб туйиб, “шифобахш гиёҳлар қайнатмаси”га қўшар экан. Гормон, албатта, кучли таъсир қилган, уни ичган беморлар дардини унутиб, ўзини соғ ҳис этишган, “барака топкур табиб”ни бошқаларга ҳам роса мақтаб, ошириб-тоширишган, ана кўринг – шифоталаблар духтур-табибнинг қишлоғидаги кўчаларга сиғмай кетарди. Фош бўлиб, жавобгарликка тортилгач, ҳамма пешонасига шаппатилаб қолди. Аммо кучли дозада гормон олган қанча беморнинг умри қисқарган, ёки бир дарди ўн бўлган экан – ким билади?

(Сизлар томонда ҳам шунақа “табиб”лар чиққанми?)

* * *

Машинада кетиб борар эканман, дунёи боумид, зора бир ашула берса, деб радионинг олти каналини бир-бир улаб кўраман, ҳаммасида ҳам икки-уч дақиқалик тинғир-тинғир тугар-тугамас “олий тоифали шифокор, нақ Германияда ўқиб, малака ҳам ошириб қайтган …бек …вич билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз”, дея камида ярим соатлик дори рекламасига ўта қолишади? Яна, ажабки, ТВ, радиоларнинг “бошловчи-сухандон”лари “шифо воситалари”ни бурнимизга ишқалашда духтурлардан ҳам фаолроқ! Шундай гапиришадики, суҳбатга чақирилган “мутахассис” ҳам бир четда қолиб кетади, дикторчаларнинг ўзи “шифобахш дори воситаси”ни нақ бурнингиз тагига опкелиб қўйишади, оғиз очакўрманг, тиқворишади лекин!

Олис тоғдамисиз, ё чет қишлоқда, фарқи йўқ, текин етказиб беришади, боз, ҳимматлари шу қадарки, иккитасини сотволсангиз, учинчиси бепул ҳадя қилинади, бир ўрис киносида айтилганидек, яна нима керак сенга, …! деворганингизни билмай қоласиз. Нафақат бу, ҳатто, агар молини сотволиб, ичидан чиққан алламбало ёрлиғи рақамини жўнатсангиз, машинами-гўрми ютиб олишингиз мумкинлигигаям беш кетмадингизми? Ҳа энди, ана шу реклама қилдиришлару, машҳур артистларни унга чорлаши, катта-кичик ютуқ опкебериб, “ҳалол”лигига сизни ҳам эл кўзида иқрор қилдириб, тўн кийиб, гапга тўн кийдириб кетиш харажатлари ҳам ана шу дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархига қўшилади – мол баҳоси таннархидан неча баравар юқорида; биз эса кўзбойлоғич авраётган соддадай анғрайиб тура берамиз.

(Садағаси кетай, ҳалол ва холис маслаҳатлар фойдали деганлари шу бўлса!..)

* * *

Эл тинчлиги, осойишталигига хавф туғилса, Ички ишлар вазирлигига, Мудофаа вазирлигига умид кўзини тикамиз – хатарни улар бартараф этиши керак. Худди шу каби, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан халқ соғлиғини нишон қилиб, тобора бостириб келаётган ҳар турли ажнабий ва маҳаллий, қаланғи-қасанғи фирмаларнинг дори-дармон тарқатиши тиббий, илмий ва ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри, буни текшириб, ҳар бир “дори” ҳақиқатан ҳам дармон бера оладими, ёки бир алдов воситасими, ичида боя­­ги гормон сингари вақтинча соғайтириб, сўнг тезгина йиқитадиган моддалар йўқми, булар тўғрисида расмий хулоса беришни талаб қилсак… ҳаққимиз бордир шунга? Бу воситалар ростан ҳам оғиз кўпиртириб мақталаётган минг хил ўсимликлардан олинганми, ё сурати гиёҳ, таркиби эса химиянинг ўзгинасими — шуларни аниқлаб, бизга холис айтадиган бирон муассаса борми?

Албатта, ҳар ким ҳам яшагиси, соғ-омон юргиси, узоқроқ умр кўргиси келади. Бироқ ҳозир одамлар нима қилишни билмайди: духтурга борсинми, ё анов “шифобахш”ларнинг биронтасини от баҳосида сот­волиб, ичаверсинми?

Гап кавласанг, гап чиқади, дейишади. Нега мана шунақа қўлбола дори-дармон кўпайиб кетди, улар қаёқдан пайдо бўляпти? Менга шу саволни берсангиз, уяммас, буяммас, бунга айнан соғлиқни сақлаш тизимидаги иллатлар сабаб, деб айтган бўлар эдим.

Илгари бирон жойингиз оғриса, духтурга борардингиз, у диагноз қўйиб, бир-икки дори ёзиб берарди, вассалом, кўрмагандай бўлиб кетардингиз. Ҳозир-чи? Шифокорга борсангиз, у бамисоли бир дев: даволамасидан аввал ҳақ тўлайсиз – ҳар бир клиникада “касса” деб ёзилган туйнукка салом бериб ўтмай илож йўқ. Ҳали бу духтур даволайдими ўзи – бу сизнинг муаммоингиз. Хўп, тўлаб ҳам кирдингиз, дейлик. Шикоятингизни тинглаб-тингламай, духтур бир неча варақни қоралаб ташлагач, “диаг­ностика маркази”га йўлланма беради; ўзи ташхис қўйиб даволайдиган шифокорлар пенсияда, ундан ҳам нарида. Диагностика деган жойга илгари оғир касаллар юбориларди, энди эса тишингиз оғриса ҳам, ичингиз бураса ҳам бориб пул тўлаб келишингиз шарт. Диагностика эса – қонингизни сўрувчи ялмоғизнинг ўзгинаси (мендан ўтган йили бир “мача” топширишнинг ўзига 58 минг сўм олишди, буёғини шундан қиёс қилаверинг). Яна бояги духтурга келасиз, энди у касалингизга бир эмас, икки эмас, нақ саккиз хил дори, бир неча “осмаукол”, яна бошқаларини ёзиб беради. Аптека – яна бир беомон махлуқ; унга борсангиз, нархни эшитиб, қон босимингиз ошади, арзимас бир хасталикни бартараф этишга пенсия пули етмай, яқинларингизга сарғаясиз – бир дардингиз ўн бўлади. Қарабсизки, “шифокор – диагностика – аптека” отли Бермуд учбурчагига тушиб қолибсиз… Шундан сўнг, баридан воз кечиб, минг хил нағма билан мақталаётган турли-туман “алҳа”диларни сотиб олиб, ичиб ўлтира бергингиз келиб қолади, ҳар ҳолда, улар рецепт сўрамайди, диагностикага юбормайди, бари иш ими-жимида-ку, ҳар ҳолда.

* * *

Мол бозорга тушган киши даллолдан нари юргиси, қўй оладими, ё эчкими, уни аралаштирмай, ўзи харид қилгиси келади. Негаки, даллол ҳам, қаллоб ҳам бир гўр, уч сўмлик нарса беш сўмга тушади у аралашса. Мол эгасидан ҳам олади, сиздан ҳам “ширинкома” ундирмай қўймайди даллол.

Кейинги бир-икки йил ичида телевидение ҳам, радио ҳам бозор иқтисодиёти деб, худди Иван Васильевич сингари, “касбини ўзгартиргани”га гувоҳ бўляпмиз – даллолликни ҳам қўшимча даромад келтирадиган даромад соҳасига айлантирилган: “дори” сотувчиларидан пул олади, сизу биздан эса вақтни (аслида, вақт ҳам – пул). Оқибат, ана шу қиммат-қиммат дориларни бир амаллаб сотиб олаверамиз, чунки “духтур – диагностика – дорихона” деган уч ДДДдан задамиз, аммо қочиб қаёққа ҳам борар эдик…

Энди, дейман, бу радио, бу телеканалларнинг ходимлари ойлик олиб ишлашса керак? Дори опкелиб сотувчилар реклама учун теле ва радиоканалларга ўтказаётган миллион-миллион сўмлар яна сизу бизнинг устимизга тушиб, дори қурғурларнинг нархи янада осмонга кўтарилади.   Наинки, элни янги чиққан “доришунос”лар талашига, ғорат қилишига кўмаклашиш? Бир ҳовуч ходимига қўшимча даромад деб бутун халқни дори сотиб олишга кечаю кундуз ундар экан, улар ҳам сизнинг соғлиғингизга эмас, чўнтагингизга кўз тикиб турибди. Энди радио ва ТВлар ҳам камдай, поездга чиқсангиз, сиз ўтирган жойнинг олдию ортида – чор атрофида ғиж-ғиж дори рекламаси кўзингизга урилади, қочиб бўпсиз улардан!

Шоша-пиша реклама тайёрлаётганлару уни омма­лаштираётган ОАВнинг соҳибқиронлари бу дорисотарларни чиндан ҳам эл соғлиғи йўлида бел боғлаган жўмард кишилар деб ўйлашяптимикин ё?

Тўғри, реклама ҳам керак. Тушунамиз. Аммо шу соҳадаги бошбошдоқликни ҳеч бўлмаса бироз тартибга солиш, жиловлаш зиммасида бўлган бирон маҳкама борми ўзи?

(Саволимиз шу).

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 11 =