Кўзгуга қачон қараймиз? Ёки яна она тилимизга бепарволик “касаллиги” ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўзгазмали бошқа ахборот матнларини “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқлаштириш вазифаси белгилаб қўйилган.

Бу дегани, реклама баннерларидаги ёзувлар, эълон ва пешлавҳалар, ҳар қандай реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари тўлиқ давлат тилида берилиши шарт ва мажбурийдир. Аммо ҳақиқатдан ҳам шундайми?

Саволимизга жавобни Тошкент шаҳри кўчаларида, маҳаллаларида юриб   ахтардик. Аммо нигоҳимиз тушган манзаралар кетма-кетлиги таъбимизни тобора хира қилаверди. Чунки, эълонлар матни ва пешлавҳалар исталган кўринишда, исталган тилда ёзиб жойлаштирилган. Пешлавҳаларда кўплаб ёзувлар рус ва инглиз тилида берилган. Баъзи жойларда кирилл, баъзи жойларда эса лотин алифбосидан фойдаланилган. Имло хатолари-ку бисёр.

Ёзувларни ўқиганингиз сари кишида “тавба, чет элдамизми?”, деган фикр ҳамда тасаввур уйғонар экан. Кишини ўйга толдирадиган бундай манзараларни кузатишда давом этаверганингиз сари онгу шуурингизда “наҳотки, ўз тилимизни яхши кўрмасак, ҳурмат қилмасак, қадрламасак, ахир бу ҳолатлар ўзимизни, ўзлигимизни ҳурмат қилмаслик, қадрламаслик билан баробар-ку”, каби оғриқли фикрлар, сўзлар уйғонади. Ўйлаб қоласан киши, тадбиркорлар пешлавҳалардаги ёзувларни, реклама ва эълонларини давлат тилида ёздиришса нима, ишлари касодга учрайдими?

Дафтаримизга рус ва инглиз тилида ёзилган баннерлардаги рекламалар, пешлавҳалар, эълонларни санаб ёзиб борар эканмиз, саноқ кўпайгандан кўпайиб бориб, очиғи адашиб кетдик.

Баъзи жойларда паннолардаги ёзувлар ва суратларнинг ранги ўчиб хира тортганига, йиртилиб осилиб қолганига ҳам гувоҳ бўлдик.

Тадбиркорлик субъектлари, хизмат кўрсатиш объектлари, корхона ва ташкилотлардаги пешлавҳалар, нархномалар ва эълонлар, айниқса, аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо расталари, маҳалла гузарлари, кўчаларда панно ва баннерлар, лавҳалардаги ёзув ва тасвирлар давлат тили қоида меъёрларига мутлақо мос эмаслиги ҳолатларини афсус ва яна афсуски жуда кўплаб учратдик. Яхшилаб разм солинса кўринади, пойтахтимизнинг кўчаларини турли шаклда ёзилган, ғиж-ғиж имловий хатолар билан битилган матнлар эгаллаб олган.

Ҳар қадамда рус тилида битилган кўплаб пешлавҳаларга дуч келдик. ОХОТА РЫБАЛКАни — БАЛИҚ ОВИ, АПТЕКАни — ДОРИХОНА, ВСЁ ДЛЯ ДОМАни — ҲАММА НАРСА УЙ УЧУН, МАГАЗИН ДОМАШНЫХ ДЕЛИКАТЕСОВни — ТАНСИҚ УЙ ТАОМЛАРИ, МЫ ОТКРЫЛИСЬни — БИЗ ОЧИЛДИК, ХЛЕБни — НОН, ДЕТСКИЙ САДни — БОЛАЛАР БОҒЧАСИ деб ёзса бўлади-ку!

Дунёга боқайлик, ахир ҳамма юртларда фуқаролари ўз тилини ниҳоятда ардоқлашади, қадрлашади. Қайси тил давлат тили ҳисобланса ўша тилда рекламаларни ёзишади.

Пешлавҳалар, реклама ва ахборот матнлари, ташқи ёзувлар барчаси қабул қилинган алифбода ёзилади. Биздачи, биз қандай йўл тутаяпмиз?

Аҳволимиз кўнгилдагидек эмас. Қачон ўзгарамиз? Юртимизга келган сайёҳларнинг қарашларини, фикрларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак, ахир! Чунки, тил, ёзув миллатнинг, фуқароларнинг, юртнинг мавқеини ё юксакка кўтаради ёки ерга туширади.

Биз эса ўзининг илми, сўзи ва амалининг бирлиги билан ўзбек деган миллатнинг донғини ўзга юртларга таратган, шаънини, обрўсини баландга кўтарган аждодларнинг фарзандларимиз. Аждодларимиз билан фақат фахрланибгина қолмай, балки уларга муносиб бўлиб ишларини давом эттиришимиз ҳам лозим.

Кишини ўйлантирадиган бир ҳолат мавжуд. Тадбиркор ўзининг ишини кўрсатиш, реклама қилиш мақсадида Реклама агентликларида фаолият кўрсатаётганларга мурожаат қилади. Белгиланган миқдордаги суммани ҳам тўлайди. Улар ўзбек тили давлат тили эканлигини, лотин алифбосида иш юритиш кераклигини наҳотки билишмаса?

Биз ўз тилига, қадриятларига, ўзлигига эга бўлган халқ эмасмизми? Ўзбек — улуғ миллат, улуғ халқ. Шундай экан, пеш­лавҳалар, ташқи ёзув ва эълонларни ёзаётганимизда она тили талабларига жиддий эътибор қаратиш лозим, матнларни хатосиз ёздиришни билмасак мутахассислардан маслаҳат олишимиз қийинми?

Қизиғи, бугунги кунда ҳокимликларнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари мавжуд. Улар тегишли хизмат ходимларини жалб этган ҳолда жойлардаги пешлавҳалар, реклама ва ахборот матнлари, ташқи ёзувларни ўрганиш, бу борада аниқланган камчи­ликларни бартараф этиш борасида бирор тайинли иш қилишаётгани йўқ. Чунки минг афсуски, бу сезилмаяпти.

Ҳаммамизга маълумки, ўзбек тилининг ривожланиши, унинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мақомини ошириш билан боғлиқ тарихий ислоҳотлар даврида, учинчи Ренессанс даврида яшаяпмиз. Демак, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар беҳисобдир.

Инсон, қачонки ўзи туғилиб воя­­га етган юртига меҳр-муҳаб­бат қўйсагина, ўзининг она тили билан фахрланиш ҳиссини чин дилдан туйсагина, нафақат ёзувларга, балки ҳатто оддий тиниш белгиларига ҳам эътиборли бўлади. Чунки тил, ёзув миллатнинг кўзгуси. Кўзгуни эса тоза, ғуборсиз сақлашимиз шарт.

Шу ўринда бир мулоҳаза: она тилимизга пойтахт — Тошкентда муносабат шу аҳволда бўлгач, арзимизни кимга айтайлик?

Ҳақли савол туғилади албатта: ахир, қонун устуворлигини таъминлайдиган адлия, прокуратура деган идоралар бу ҳолга нега жим, нега томошабин? Ёки уларга қонун ижросининг фарқи йўқми?

Ойгул УБАЙДУЛЛА қизи,

Республика Маънавият ва маърифат

марказининг мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 17 =