Ҳаммаси гўёки хўжакўрсин учун…
Куни кеча Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг йиғилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зоир Мирзаев ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда ичимлик суви, газ ва бошқа маиший муаммолар ҳақида гапириб, таассуфки, Чирчиқ шаҳрини назардан четда қолдирди. Лекин очиқ айтганда шаҳар бир неча йилдан буён на раҳбарга ёлчийди, на бирор бир эзгу ишга. Ҳаммаси гўё хўжакўрсин учун, катта раҳбарлар кўзи тушадиган жойлар обод-у, чекка ҳудудлар абгор ҳолатда.
“Обод маҳалла” дастури доирасида Чирчиқ шаҳридаги бир қатор маҳаллалар қатори 8-кичик даҳадаги кўп қаватли уйларга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган эди. Айниқса, 10, 18, 19-уйларнинг олд қисмларига асфальт ва бетон пудратчилар томонидан қўл учида ётқизилганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Айниқса, 10-уйнинг орқа томонида пиёдалар учун йўлак ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатилганига ҳали тўрт ой бўлмасдан (суратда) йўлакларда муаммолар пайдо бўла бошлади. Чунки йўлакларда пиёзнинг пўстидек асфальт ётқизилиб, шошма-шошарлик билан, ҳайбаракаллачилик асосида ишлар бажарилганлигини расмлардан ҳам кўрса бўлади.
Мана қаҳратон қишнинг дастлабки ойи ҳам ниҳоялаб бормоқда. Бу ҳудуддаги аксарият кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчилар Янги йилни иссиқ сувсиз кутиб олишмоқда. Аҳолининг айтишича, таъмирлашдан кейин обод маҳалла эмас, абгор маҳаллага айлантирилди. Айтишларича, маблағ ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўлган на фирмасининг тайини, на ишчи-хизматчиларнинг тайини борларга ўтказиб берилиб, улардан ҳозир ном-нишон ҳам йўқ эмиш.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир неча ой аввал Чирчиқ шаҳри аҳолиси билан учрашиб, шаҳарни пойтахтдан қолишмайдиган, обод, замонавий шаҳарга айлантирамиз, деб таъкидлаган эди.
Мана, шаҳар мутасаддиларининг ўз ишларига масъулиятсизлик билан ёндашишлари оқибатида ободончиликдан сўнг бесаранжонлик кўпроқ кўзга ташланяпти.
Шаҳардаги 31-сонли мактабгача таълим муассасаси ёнидан одам ўтишга қўрқади. Чиқиндилар уюми чор-атрофни қоплаган. Биров йиғиштирай, демайди. Бу МТМ мутасаддиларининг парвойига ҳам келмайди. Ўз ҳудудлари атрофини тозалаш “мажбурий меҳнат”га кирар эмиш. Гараждан фойдаланувчилар эса улардан ҳам баттар бепарво. Бу жойлар кечқурунлари дайди итларнинг қўналғасига айланган.
8-кичик даҳада жойлашган иккита уй-жой мулкдорлари ширкатида эса бу ҳудудларни тозалашга ишчи кучи етишмас, эмиш. Шундай бепарволик оқибатида аҳоли исқирт, эгасиз ит ва мушуклар “яйраб” юрган кўчалардан нолиб яшаб ўтмоқда.
Лекин… бу аҳвол қачонгача давом этади? Аҳоли “Обод маҳалла” дастури ниқоби остида чала-чулпа ётқизилган асфальтдан бўлак, бошқасини кўрмади, ҳисоби.
Иккита чиқинди ташланадиган масканда “уя” қурган ишчилар бу ерда тартиб ва тозаликка қараш ўрнига уюм-уюм чиқиндиларни саралаб, атрофга ёқимсиз ҳид тарқатишдан бошқа юмушни бажаришмайди.
Бу манзил “иккинчи сектор” ҳудудига кирса-да на тартиб бор, на ободончилик.
Мана сизга гўзал шаҳарнинг жамоли!
Қизиқ, яқинда тайинланган шаҳар ҳокими бу аҳволдан бехабарми?
Ҳикматуллоҳ ҚОДИРОВ