Янги Ўзбекистоннинг ёруғ одимлари

Куни кеча телевидиниеда бир кўрсатув намойиш этилаётган экан. Журналистлар пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирида шундоқ “Tashkent city” рўпарасидан туриб юртдошларимиздан интервьюлар олишмоқда эди.

Ҳозир гап ўша кўрсатув ҳақида эмас, аксинча, телеэкранда намойиш этилаётган тасвирлар хусусида. Очиғи, ғурурланиб кетдим. Чунки пойтахтимизда қисқа вақтлар ичида шундай кўркам бинолар қад ростладики, худди дунёнинг энг катта шаҳарлари қиёфаси акс этиб турибди: салобатли, баланд ва гўзал иншоотлар катта кўчанинг нариги тарафидан ҳар қандай кишини ўзига жалб қилиб турарди. Кечки пайт эди, тинимсиз қатнаётган автомобиллар, ёниқ чироқлар фонида ажойиб манзара эди бу!

Биласизми, олдингдан оққан сувнинг қадрига ҳамиша ҳам етаверилмаганидек, бу гўзал масканлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ, албатта.

Айниқса, ўтган пандемия даврида ҳам асло  бўлинмай, узлуксиз иш кетиши жараёнида пойтахтимиз кўрки жамоли бутунлай ўзгариб бормоқда. Умуман, юртимизда кечаётган, рўёбга чиқаётган амалий ишларни кўриб ҳар қандай кишининг дилидан фарахбахш ўйлар кечиши табиий. Ахир, бундан 5-6 йил илгари шунча ишлар қисқа вақт ичида амалга оширилади деса, ишониш мумкинмиди?

Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз иқтисодиёти кескин ошди. Одамларнинг турмуш тарзи ўзгарди. Энг муҳими, авваллардагидек “Давлат бўлгандан кейин шароит яратиши керак-да”, дейдиган боқиманда кайфият юртдошларимизда йўқолиб бормоқда. Энди ҳар бир инсон ўз ўрнида керак. Меҳнат қилсин, ҳаракат қилсин, излансин ва яхши яшасин. Марҳамат, қандай муаммо бор, қандай кўмак керак —Юртбошимиз ҳал қилиб беряпти.

Давлатимиз раҳбари бир неча йиллардан буён нега маҳаллаларга катта эътибор қаратаяпти. Чунки маҳаллаларга кўп йиллар давомида раҳбарлар бормай қолган эди. Маҳалланинг асосий вазифаси гўё яшириб нима қиламиз, маҳалла аҳлининг тўйи, маъракасида бош бўлиб туриш бўлиб қолган эди.

“Менга 1000 кило, 500 кило ош дамлаш мусобақаси билан машғул маҳалла раислари керак эмас”, деди Юртбошимиз. Дарҳақиқат, бугун ҳар бир маҳалла ободлик мас­канига, одамлар дарди ташвишига шерик, керак бўлса, масъул идорага айланди. Маҳаллаларнинг ҳар бирида ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари фаолият бошлади.

Ҳеч ким эслолмаса керак. Ҳатто бу тажриба ўзимиздан бўлак бошқа бирор юртда борми, очиғи, билмадик. Чунки қачон ҳар бир хонадонларга уйма-уй юриб банк ходимлари, маҳалла, ҳокимият вакиллари “Сизда қандай муаммо бор, давлатдан қандай ёрдам керак? Оилангизга нима етишмайди, қўшимча қандай иш ташкил қила оласиз. Пул керакми, марҳамат, мана имтиёзли кредит олинг”, деб юришган эди? Бунақа эътибор бўлмаган. Булар нима учун? Президентимиз ҳар бир оила интилса, ҳаракат қилса, даромадини оширса, давлат ривожланиши, эл-юрт фаровонлиги ошиши учун жон куйдирмоқда. Бу бари—инсон қадрини, фаровонлигини оширишга қаратилган яъни амалий ишлар.

Умуман, мамлакатимизда қайси соҳа бўлмасин, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, адабиёт йўналиши борми, ё иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги бўлсин, узоқ вақтлар давомида қанча муаммолар йиғилиб, тўпланиб қолганлиги рост, албатта. Ана шу қисқа 5 йил ичида ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмади. Бари-барига Ўзбекистон Республикасининг  Ҳаракатлар стратегиясида ечим кўрсатиб берилди. Янги Ўзбекистонни бунёд этишдек улуғ мақсад сари қадамлар, залворли одимлар ташланди. Ташландигина эмас, бу улуғ мақсадлар ичра дўстлар суюнадиган, душманлар куядиган натижаларга эришилди.

Сир эмас, бугун ойига манаман деган хорижий юртларда топадиган катта-катта даромадларни оддий қишлоқ одамлари ҳам топаяпти. Ҳеч ким бунга ҳалал бераётгани ҳам йўқ. Булар эҳтимол кимларгадир осонлик билан бўлаётгандай туюлар. Лекин ақли-ҳуши жойида бўлган одам учун бу натижалар қанча заҳмат, ўй ва режалар билан Юртбошимизнинг шахсий иродаси билангина ҳаётга татбиқ этилаётгани кундай равшан.

…Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 16 февраль куни чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганидан барча хабардор. Биласизми, бу йиғилишда шу қадар долзарб масалалар кўтарилдики, нафақат чорвачилик соҳасига дахлдор юртдошларимиз ё фермерлар, балки касби-коридан қатъий назар ҳар бир юртдошимиз қувонди, юраги ўтга тўлди десак хато бўлмайди. Чунки ҳар бир ватандошимиз бефарқ бўлиши мумкин бўлмаган масалалар ўртага ташланди. Негаки, ҳар бир киши у ким бўлишидан қатъий назар бозорларимизнинг обод, дастурхонларимизнинг тўкис бўлишидан умидвор. Қолаверса, таъкидланганидек, аҳолининг кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари ташкил этади.

Давлатимиз раҳбари бу йил чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1 миллион 200 минг, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш имкони борлигини таъкидлади. Жорий йил февралдан бошлаб хорижий кредитлар 10 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан ажратилиши, аҳолига эса ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 50 миллион сўмгача гаров таъминотисиз ажратилиши, яна кредит фоизининг ярмини қоплашга компенсация берилиши… аҳолига кооперация асосида 350 минг бош қўй ва эчки тарқатилиши, бу мақсадлар учун 100 миллион доллар маб­лағ йўналтирилиши маълум қилинди.

Айтинг, бундай имкониятлар қачон бўлган? Энди имконияти бўлиб, айниқса, қишлоқда яшаб “ишсизман” дейишга бировнинг ҳаққи борми?

Бугун ўз томорқасидан 100 миллион сўм даромад кўраётган, бир бош новвосини 15-20 миллион сўмга, бир бош қўчқорни 4-5 миллион сўмга сотиб, оиласида бир йилда топган даромадига бир эмас, иккита машина харид қилаётган одамлар кам эмас.

Ҳа, албатта, ишламайман деган одамга ҳамиша бир баҳона топилади. Аммо энди давр ўзгарди. Ҳаракат қилган, ҳалол пешона тери тўккан инсон кам бўлаётгани йўқ.

Инсон қадри деймиз. Уни ким юксакликка кўтаради? Шубҳасиз, бу фақат давлатгагина боғлиқ бўлмай, ҳар бир инсоннинг ўзига ҳам тегишли масъулият эмасми? Зеро, юртимизда ҳар бир кишининг тўкис умргузаронлик қилиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

…Жорий йилнинг 18 февраль куни Президентимиз маҳаллалар ҳаёти, саноат лойиҳалари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида бўлди. Бу ерда рўёбга чиқарилган ишлар, корхоналар фаолияти билан танишди давлатимиз раҳбари. Аммо яна маҳаллалар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Янгиҳаётдаги Дўстлик маҳалласи билан танишдилар. Маҳаллада сўнгги вақтларда рўёбга чиқарилган ободлик билан танишган Президентимиз: “Халқимиз мана шундай обод, чиройли жойларда яшашга муносиб. Ишларни маҳаллабай ташкил этаётганимиздан мақсад шу. Энди бу ерда муҳит, қўни-қўшничилик, аҳиллик ҳам мустаҳкам бўлиши керак. Миллий қадриятларимиздагидек тадбирлар уюштириш мумкин”, деди.

— Бу давлатнинг замини, — деди Президентимиз маҳалла ҳақида. — Маҳалла обод бўлса, мамлакат обод бўлади.

Эътиборлиси, ободлик, юксалиш, ўзгаришлар одамлар турмуш тарзидагина эмас, ватандошларимизнинг онгида, фикрида, қувваи ҳофизасида ҳам намоён бўлмоқда. Бу бахт. Катта бахт. Янги Ўзбекис­тоннинг нурли эртасига қўйилаётган ёруғ одимлар. Бу сўзлар шунчаки чиройли гап учун эмас, албатта. Бу улуғ эзгуликларга барчамиз гувоҳ бўлиб, иштирокчи бўлиб турганимиз айни ҳақиқатдир.

Абдурасул ПАРДАЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =