Зиёратгоҳда Бухоронинг балх тутлари

Баҳри муҳитда бир дақиқа ҳаво бўлмай қолса, қандай аҳволга тушишингизни кўз олдингизга келтирсангиз юрагингиз орқага тортиб кетади. Лекин соҳир табиат бунга йўл қўймайди, у ноёб неъматини дарахтлар орқали борлиққа беминнат малҳамини етказиб беради. Шунинг учун дарахтларнинг кўчатини экиб, уни парваришласак Унинг марҳаматига ҳиссамизни қўшган бўламиз… Бу йил баҳорда Янги Ўзбекистонимизда 200 миллион туп мевали-манзарали, гул кўчатларини экиш режага киритилганлиги ҳақида хабарни ўқиб қолдим. Қувончлиси, бу эзгу ниятни амалга оширишда саховатли инсонлар ўз меҳнатларини аямаяптилар.

Кўчат экиб боғ яратиш халқимизнинг азалий қадрияти эканлигини яхши биламиз. Уларнинг бу ишда катта тажриба тўплаганлари эсимизга тушса, вужудимиз гуллаган дарахтдай яйрайди. Бу ишга ҳамма-ҳамма қўшилаётгани ғурур уйғотади. Айни пайтларда уларнинг муносиб вакилларига таҳсинлар ўқигинг келади.

Бухоролик Абдуҳамид ака баҳор пайтида Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳига 80 туп балх тутининг кўчатларини олиб келиб экиб кетганди. У кўчатларни экаркан, “бу ниҳоллар мендан эсдалик. Ривоят қилишларича, Муҳаммад пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири шу ерга келганда, душманлар билан жангда жимжилоғидан яраланган эканлар. Ярага малҳам сифатида чашма отилиб чиққан, бу ниҳол эса унинг табиатига малҳамим… Бухорода кўп йил ўқитувчилик килган инсоннинг гаплари қалбларга ҳаяжон солади… 14 асрдан бери зиёратгоҳда такрорланаётган нақл бугун табиат ошиқларида ҳайрат уйғотади. Энди, зиёрат қилувчиларнинг аксари ўзлари билан ноёб дарахт кўчатлари келтириб экмоқда, бу анъанага айланган. Зиёратгоҳ атрофига экилган дов-дарахтлар зиёратчи меҳмонларни эслатиб тургандай. 7 гектарлик жой жамоатчилик кучи билан яшилликка бурканибди…”

Зиёратчининг айтгани бўлди, тут кўчатлари она ер бағридан макон топди. Айниқса боғбоннинг балх тути ҳақида айтган гаплари зиёратгоҳ мутасаддиларининг қалбидан жой олди. Эмишки, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино бобомиз Бухоро амирининг бемор қизини даволагач, тила тилагингни,   эвазига малҳамнинг номини айт дебди… Улуғ ҳаким шунда балх тутининг мевасини кўрсатган экан… Боғбонлар шундан бери бу навни кўпайтириб, эл-улусга тарқатиш ниятидалар.

—Зиёратгоҳнинг шуҳрати узоқларга кетган, — дейди мутасадди Ҳабибулло ҳожи Мамасолиев. — Айниқса чет эл сайёҳларининг сафи йил сайин ошиб бормоқда. Уларни қизиқтирган нарса зиёратгоҳнинг сўлим табиати, дам олишлари учун яратилган шароит десак, хато қилмаймиз. Айниқса денгиз сатҳидан анча баланд, қир-адирлар бағрида шундай гўшанинг яратилиши катта-ю кичик барчани ҳайратлантиради.

Атрофга назар солиб кўзингиз қувонади. Ўзбек меъморчилиги асосида қурилган нилий гумбаз, зиёратчилар дам оладиган, нақ ҳовузнинг ўртасига кириб борган супалар, ўриндиқлар, диний-маърифий ишларни амалга оширишга катта имкониятлар яратадиган замонавий бинолар зиёратчиларни қайта-қайта ўз бағрига чорлайверади. Экилган дарахтларнинг гўшага бағишлаган кўрки-чи? Оҳ, ёзда келсангиз руҳингиз ором олади.

Ҳозир баҳор атрофга сепини ёйган. Зиёратгоҳ жамоаси кўклам ойларининг имкониятларидан фойдаланиб, арчазорларни кўпайтириш режаларини амалга оширмоқда. Мақсад олий бўлса, унга ҳеч нарса монелик қилолмайди. Бу ерга республикамизнинг турли ҳудудларидан, кўшни давлатлардан зиёратчиларнинг келиши   давом этмоқда. Зиёратгоҳнинг аҳил жамоаси меҳмонларнинг эътиборини қозониш учун ҳамма чораларни кўришмоқда. Экотуризмнинг истиқболли лойиҳаларини ҳаётга татбиқ қилиб, кенг кўламдаги режаларни амалга ошириш ниятидалар.

— Ўзбек халқи Ер юзидаги энг тадбиркор, гўзалликка ошифта, борлиқни боғ-роғларга айлантиришга илҳақ халқ эканлигини кўрсат­япмиз. Зиёратчилар бу ердан тарихимизга, маданиятимизга, омилкорлигимизга, атроф-муҳит табиатни асраб-авайлашимизга тан бераяпти. Бу ердаги ҳовузда балиқларнинг ноёб турлари бор. Ўнлаб хил сайроқи қушлар баҳорда учиб келишиб, ўз наслини давом эттиради. Биз зиёратчиларга уларни безовта қилмасликларини ўргатамиз. Табиат занжирида ҳар битта жонзотнинг мустаҳкам ўрни борлигини уқтирамиз.

Табиат кўрки бўлган дарахтлар… Уларнинг турлари йил сайин кўпаймоқда. Айниқса, ҳар меваси бош бармоқдай келадиган Бухоронинг балх тутлари зиёратчиларга манзур бўлиб, баҳри дилини очади, шохида булбуллар сайрайди, мевасидан эл баҳраманд. Минг йил умр кўрадиган, инсон дардларига даво тутларни эъзозлашимиз керак.Ундан тайёрланадиган ўнлаб хил, дастурхонларимиз кўрки шинни, талқон, майиз ва бошқа турларини тайёрлаш учун биринчи навбатда унинг пайвандли эканлигини унутмаслигимиз керак.

Пардабой ТОЖИБОЕВ,

“Экожурналистика—2012”

республика танлови ғолиби

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =