«Сайдинг қўябер, сайёд…» ёки Фурқат туманида бир кун

Фарғона вилоятидаги Фурқат туманининг тарихи ўзбек миллатининг бошига тушган кунларни ёдга солади. 1899 йил 11 апрелда Ховосдан Қўқонга биринчи поезд кириб келган кундан эътиборан Фурқат тумани маркази Навбаҳор қишлоғи Горский деб номланган. Ном темир йўл асосчиларидан бири, Самарқанд Андижон темир йўл қурилишининг 4-қисмига бошчилик қилган Горский Антон Гаврилович шарафига қўйилган. 1943 йили 58 та жамоа хўжалик­лари бирлаштирилиб, Горс­кий райони ташкил этилган. 1959 йили Горский райони тугатилиб Ўзбекистон районига қўшиб юборилган. 1962 йили Киров районига ўтказилган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, 1992 йилдан Фурқат тумани маркази Горский қишлоғи Навбаҳор деб номланди, кейинчалик Навбаҳор шаҳарчасига айлантирилди.

Нисбатан ёш туманнинг ҳудуди 300 кв.км.дан иборат бўлиб, аҳолисининг асосий тирикчилиги қишлоқ хўжалиги, чорвачиликдан. Туман пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган бўлиб, деярли саноат, ишлаб чиқариш объектларини кўрмайсиз. Тўрт томони кенглик бўлгани боис ҳавоси тоза, шаҳар шовқинидан қочганлар учун айни боп манзил. “Қўқон шамоли”нинг асли ватани Фурқат экан, осмонда қуёш хира нур сочиб туришига қарамай, кўча-кўйда одамлар пўс­тинга ўраниб олгандек. Шамол турган жойингиздан зумда беш қадам нарига силжитиб қўйгани чикора, қулоқларингизни чангаллаб турмасангиз учириб кетадигандек. Туман ҳаёти билан танишарканмиз, кун бўйи машинада беш дақиқа исиниб-исиниб “жон сақладик”…

Далаларда кўклам нафаси

Фурқат туманидаги Қолгандарё ўзанлари бўйлаб ястаниб кетган ғалла майдонлари яшилликка бурканган. Кенг далаларга боқиб, кўкка монанд бўй чўзаётган ниҳолларнинг бугунги ривожидан кўз қувнайди, дил яйрайди. Атрофга кўм-кўк пояндоз тўшалгандек. Қишдан кўкламга эсон-омон етган бободеҳқонлар кундалик дала юмушлари билан андармон: ниҳолларни озиқлантириш, ҳашаротларга қарши курашиш, бегона ўтлардан тозалашдек муҳим амаллар билан банд. Деҳқонлар таъбири билан айтганда, бугунги меҳнат ва изланишлар эртанги мўл-кўлчилик, тўкинликка хизмат қилади.

Талъатжон Турсунов Қолгандарё мавзесида меҳнат қилиб тажриба тўплаган фермерлар сирасидан. Унумдорлиги паст, қум ерлар, сизот суви яқин бўлган экин майдонларида деҳқончилик қилиш, кўзланган ҳосилни олиш сабр-бардош, изланишни талаб этади. 31 гектар ердаги ғалла майдонлари азотли ва фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилди. Ҳар гектар ер ҳисобига 3 тоннадан ортиқ маҳаллий ўғит жамғарилди, ривожланишда ортда қолаётган майдонлар шарбат ёрдамида суғорилмоқда.

– Ғалла ҳосили ҳар йилдагидан мўл бўлади, – дея қўлига бир туп ниҳол олди фермер. – Кўрдингизми, ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида бир дона уруғ 8-10 тагача туп­лаган. Эндиги мақсад – ана шу кўчатларнинг соғлом ўсиши учун шароит яратиб бериш. Ўтган йили ҳар гектар ғалла майдонидан 80 центнердан ҳосил олганмиз. Бу йили 100 центнерни кўзлаб турибмиз.

Ғаллачилик соҳасида кластер тизимининг жорий этилгани соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Эндиликда фермер етиштирган буғдойини бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқига эга бўлди.

– Жорий йилда 6 минг 630 гектар ерда ғалла етиштириш учун 202 та фермер хўжаликлари билан шартнома имзоланган, – дейди “Истиқболли ғалла экспорт” МЧЖ раҳбари Азаматжон Саминжонов. – Ғалладан юқори ҳосил олиш учун ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар гектар ерга 200 килограммдан фосфорли ва калийли ўғит етказиб берилди ва озиқлантирилди. Чунки ғалла ҳосилининг салмоғи бугунги ҳаракатга боғлиқ.

Қиш фаслининг илиқ келиши ғалла майдонларида турли бегона ўтлар, касалликлар, айниқса, занг касаллик­лари ҳамда ҳашаротларнинг ривожланишига қулай шароит яратди. Шу боис, соҳа мутахассислари, фермерлар ғалла майдонларини мунтазам кузатиб, турли касаллик, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши курашиш тадбирларига жиддий эътибор қаратмоқда.

– Қишловдан чиққан ғалланинг илдиз тизими яхши ривожланиши учун гектарига 600–700 кубометр меъёрда оқар сув билан суғориш лозим. Суғориладиган майдонларда ўсимлик учун зарарли бўлган ишқорий намлик 50-60 см. пастлайди, натижада майсанинг ўсиб-ривожланиши учун зарур бўлган янги илдизлар шаклланади ва берилган озуқани тез ўзлаштиради, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, ғаллачилик ва дуккакли дон экинлари бўлими бошлиғи Фарҳоджон Қурбонов. – Шу кунга қадар вилоятимиздаги 99 минг 500 гектар ғалла майдонлари озиқлантирилиб, суғорилди. Бундан ташқари, ниҳоллар ривожи ва ҳосилдорлигида муҳим бўлган баргидан озиқлантириш, занг касаллиги, бегона ўт ва зарарли ҳашаротларга қарши курашиш билан боғлиқ зарурий ишлар амалга оширилмоқда. Фарғоналик деҳқонлар азалдан ғалла етиштиришда катта тажрибага эга. Буни ғалла майдонларида олиб борилаётган амалий ишлардан кўриш мумкин.

 

Пахта даласи ўрнида тўқимачилик корхонаси

 

Туман тарихида илк бор пахта даласи майдонидан ишлаб чиқариш учун жой ажратилибди. Бу хушхабарни кўпчилик интиқ кутганди. Энди туман саноати ривожланади, иқтисоди ўсади, аёллар бошқа юртларга кетмай, ўз оиласи бағрида ишли бўлади…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар баёнига асосан Фурқат туманида “Технопарк” барпо этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда тумандаги “Ардахшон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Технопарк” қурилиши учун 2,5 гектар ер майдонида рекультивация ишлари бошланди.

Ушбу объект қурилиши учун топосъемка, геологик қидирув ишлари ҳамда АРТ (архитектура ва режалаштириш топшириғи) ҳужжатлари якунланиб, қурилиш ва ишлаб чиқариш бинолари жойлашув лойиҳалари ишлаб чиқилган. Туркиялик инвесторлар, ло­йиҳа таъсисчилари Тунжай Бирбен, “Tantex Group” МЧЖ, А.Пайғамов ҳамда “Trio Mir Teks” МЧЖ ҚК томонидан тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 35 млн. доллар бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 110 млрд. сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобига йиллик 9-10 млн. АҚШ доллари миқдорида Европа давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турган ва ишсиз аҳоли вакиллари даромад манбаига эга бўлади.

 

Хонадондаги мўъжиза: Бедана нафақат сайрайди…

 

Баъзида жуда кўп бора айтилган ўта кучли маънога эга ҳикмат ҳам қайта-қайта ишлатилавериб, ўз таъсир кучини йўқотиб қўяди. Лекин Фурқат тумани “Истиқлол” маҳалласида яшовчи Жўраевлар учун оддий сўзга айланиб қолган: “Паррандачилик етти хазинанинг бири” мақолининг нақадар маънога бой эканини яна бир бор англаган оилалардан.

– Ўтган йили субсидия асосида инкубатория ускунасини олган эдим. Бу берилган имкониятдан унумли фойдаланганим учун менга қўшимча тарзда яна битта инкубатор ускунаси берилди. Шу орқали бедана тухумлари очиришни йўлга қўйдик, оиламиздан 4 киши шу иш билан банд. Даромад манбаига эга бўлдик, – дейди Абдумўмин Аҳроров.

Қишлоқ одамининг бўш вақти бўлмайди. Ишдан қайтгач, томорқасида уймаланади, мол-ҳолга қарайди, қисқаси оиласига нафи тегадиган юмуш билан шуғулланади. Чунки унинг 5-6 сотих томорқаси бор. Таёқ экса тўрт кунда кўкарадиган, уруғ тушса беш кунда барг ёзадиган еримиз меҳнат қилганни боқиши тайин. Қишлоқ кишисининг бироз ижодкору ҳунарманд бўлиши нур устига нур – оиласигагина эмас, жамиятга ҳам катта наф келтиради.

“Истиқлол” маҳалласида яшовчи Жўраевлар хонадонини қишлоқда билмайдиган кишининг ўзи йўқ. Сабаби эл қатори хонадонда истиқомат қиладиган оила ҳар 16-18 кунда 2500 та бедана очиради.

– Ҳар бир шкафда 1250 дона бедана тухуми бор, – дейди хонадон соҳибларидан бири Абдулатиф. – Тухум инкубатория ускунасига қўйилганидан сўнг 16-18 кунда бедана очиб чиқади. Умумий 2 мингта беданадан 1000 таси тухумга кирган, 1000 таси бир ҳафталик жўжалар. Бир кунда ўртача 850-900 та тухум оляпмиз. Қўшимча 2 та инкубаторда яна 2500 та бедана тухуми очиришга қўйилган.

Хонадон соҳиблари ўз эгаллаган ҳунарларининг сирини ҳам ҳеч кимдан яширмайди.

– Энг аввало, қунт керак, тухумларни инкубаторияга жойлаб, ҳароратни 37,5 даража, намликни 28,8да ушлаб турсангиз сифатли бедана чиқаверади, – дейди Абдумўмин. – Агар шу соҳага қизиқиб, ўрганишни ният қилганлар бўлса, бемалол келаверсин, беминнат ўргатамиз. Бу ишнинг ҳеч қандай сири йўқ.

Бедана очириш билан йилнинг фақат беш ойи – март, апрель, май, июнь ва июлда шуғулланиш мумкин. Хонадон эгалари инкубатория асбобларини таъмирлашни ўзлари уддалайди.

Хонадон соҳибларидан Абдубаннон аканинг айтишича, март ойининг ўрталарида ҳафтасига 1000 та бедана тухумга киради. Ҳозирда иккита шартнома имзоланган. 500 дона бедана қафаси билан 15 миллион сўм бўлиб, шартномага асосан озуқа-емларини етказиб бериш ва очилган бедана жўжаларини яна қайта сотиб олиш ҳам йўлга қўйилган.

 

Кексалик гашти – томорқа билан

 

Туманда ерни зар деб билиб, ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётган, халқимиз дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшаётган, пировардида мўмайгина даромадга эга бўлаётган миришкор томорқа эгалари жуда кўп экан.

“Кўк дўппи” маҳалла фуқаролар йиғини Истиқлол кўчасида яшовчи Жамилахон ая Юнусова ҳам ана шундай ерга меҳр қўйган инсонлардан.

36 йил мусиқа фанидан дарс берган Жамилахон ая нафақа даврида келинининг қўлидан чой ичи-иб ўтирмай, икки йил аввал 17 сотих майдонда иссиқхона ташкил этганди, бугун туманнинг олди тадбиркорларидан. Эртадан кечгача томорқа билан овора. Булғор қалампири дейсизми, кўкату саримсоқпиёз, бодринг, помидор, лимон… Қишин-ёзин кети узилмайди, меҳнатлари эвазига қишнинг чилласида ҳам помидору бодрингни халқдан илгари узиб, дастурхонига тортади. Кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ Жамила ая томорқасида янгилик бўлди дегунча, улардан қўшни-ю қариндошларга илинади, дастурхонга тугиб суюнтиришга шошилади. Шунданми, ҳосилининг баракаси мўл.

— Бу мавсумда иссиқхона бир четидан 1 тонна булғор қалампири сотдим, бодрингдан кузги мавсум бошидан 3 тонна, лимонларим чўғи мўл. Ҳозир саримсоқпиёзларни ювиб, тозалаб, сотишга тайёрлаяпмиз. Насиб қилса яхши даромад кутяпман. Иссиқхона ишлари билан бўлиб кун ўтганини ҳам сезмай қоламан. Касаллик, кексалик-ку ёдимга ҳам тушмайди, — дея “Навбаҳор” қўшиғини хиргойи қилиб берди. Қаҳрамонимиздаги жўшқинлик, хуш кайфият бизларга ҳам кўчиб, сафарни давом эттирдик.

 

Япон тили марказидан – Япония меҳнат бозорига

 

Тумандаги “Чиркай” МФЙда япониялик тадбиркор Жуничи Сугимото ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан ёшларга ахборот технологиялари ва япон тили соҳасида таълим бериш мақсадида “YAMATO IT ACADEMY” ўқув маркази ташкил этилган.

– Марказимизда 45 та замонавий компьютер жамланмалари ўрнатилиб, дастлабки синов жараёнида 32 ўқувчиларнинг 14 нафари асосий курсга қабул қилинди, – дейди ўқув марказининг IT бў­йича ўқитувчи-мураббийи Иброҳимжон Ўтбосаров. – Бу ерда ўқувчиларга IT дастурлаш соҳаси бўйича 3 йиллик халқаро таълим дастури асосида сабоқ берилади. Шунингдек, компьютер саводхонлиги, япон тили курсларида малакали мутахассислар тайёрлаш ва ҳар йили камида 10 нафар битирувчини Япония меҳнат бозорига ишга юбориш мақсад қилинган. Айни пайтда ҳудуддаги “Ёшлар дафтари”га киритилган 64 нафар йигит-қиз компьютер саводхонлиги бўйича бепул ўқув курсларида таҳсил олмоқда.

Яқин истиқболда ўқув маркази фаолиятини янада кенгайтириш, қўшни Бешариқ ва Ўзбекистон тумани ёшларини ҳам ўқишга жалб этишни мақсад қилган.

 

Автоҳалокат оёғимни олиб кетди, шаштимни эмас…

 

1981  йил, 30 декабрь. Қишлоқнинг энг сулув, дилбар қизи Донохон Иброҳимованинг ҳаёти остин-ус­тун бўлган кеча. Янги йил байрами баҳона турмуш ўртоғи билан оилавий дўстлариникига меҳмонга боришди-ю, аммо уйга бир ўзи, бир оёғи билан қайтди. Автоҳалокат 21 ёшли келинчакдан турмуш ўртоғи ва чап оёғини мангуга юлиб кетганди.

– Неча марта ўз жонимга қасд қилишга бел боғлаганман, – дейди Донохон ая. – Ёш бўлганман, бирданига бир умрлик ҳамроҳингиз ва битта оёғингиздан ажраб қолишни тасаввур қилинг. Онам ва етти ойлик қизалоғим яшашга куч берган. Саккиз фарзандни тарбиялаган меҳнаткаш онам бу жазога лойиқ эмасди.

Тошкентга даволанишга кўп борардим. Бир сафар афғон урушида қўл-оёғидан айрилган, жон талвасасида ётган аскарларни кўрдим-у, жонимга қасд қилиш фикридан бутунлай воз кечдим. “Улар ҳаётда нима кўрди? Нега ношукурлик қиляпман? Менинг ахир қизим бор-ку!”, дея тавба қилдим. Улар менга бир умрлик сабоқ беришди.

Ўша воқеадан сўнг, фақат олдинга интилдим. Уч йиллик даволанишдан сўнг оёғимга протез қў­йишди. Қизимни олиб, ота уйимга кўчиб ўтдим.

Дастлаб уйида тўқувчилик, томорқа ишлари билан шуғулланди. Сунъий оёққа кўниккач, савдо базасида ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишлади. Жамоадошлари орасида “Матонат маликаси” “унвони”ни олди. Нафақага чиққач эса араб тилини хатм қилиб, эл орасига қўшилди. Қизини онаси билан бирга воя­­га етказишган, ҳозир икки набиранинг бувиси.

– Она экан-да, мени ёлғиз қолади деб, бу дунёдан узулолмади. Мени деб бир аср яшади меҳрибоним. Уларнинг йўқлигига ҳам бу йил беш йил бўлди. Ёлғизлик Аллоҳга хос, деб бежиз айтишмас экан… – дейди-ю, юзига ғам солмаган, руҳи баланд.

Ҳозир Донахон Иброҳимова ёлғиз яшайди, ҳафтасига икки марта маҳалла фаоллари, масъуллар йўқлаб туради, қўшнилар иссиқ-совуғидан бохабар. Маҳалладаги йиғинлар усиз, унинг дуоларисиз ўтмайди. Шунга қарамай, куннинг кўп қисмида ўзи, хаёллари ва китоблари билан ёлғиз қолади.

– Мени ёлғизлик, тушкунликдан қутқарувчи шифобахш дори, бу – китоблар. Улар менга куч беради, яхши асар мутолаасидан сўнг, ҳаёт қанчалар гўзаллигини англайман.

Қаерлардадир, балки ёнгинамизда телевизор ёки матбуот юзини кўрмаган неча-неча қаҳрамонлар яшамоқда. Жимгина, иддаоларсиз. Айни навқирон чоғи – 21 ёшида ҳаётнинг зарбасига учраган, аммо йиқилмай, 63 ёшгача мардонавор яшаб келаётган мана шундай инсонларни асл қаҳрамон деган бўлардим.

Бир олам таассуротлар билан яна Фарғона шаҳрига қайтдик. Радиода эса Фурқат қаламига мансуб мухаммас Таваккал Қодиров ижросида янг­рарди:

“Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,

Ол домини бўйнидин, бечора экан мендек…”

 

Севара АЛИЖОНОВА,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 11 =