Қаердасан, Бувайда?

Олимларнинг таъкидлашича, Бувайда Биби Убайданинг шевадаги ифодаси бўлиб, айрим адабий ёдномаларда Биби Ҳувайдо номи билан юритилади. Баъзида ҳатто Биби Обида сифатида ҳам талқин этадилар. Бувайда Фарғонанинг кичикроқ туманларидан бўлиб, 1926 йили ташкил топган. 230 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Ҳар жойнинг ўз “ташриф қоғози” бор, Олтиариқ тилёрар узумию бодринги билан, Риштон кулолчилиги, Марғилон атласу адраси билан донғи кетган бўлса, Бувайда анжиру қулупнайи, ҳаммасидан ҳам қалампири билан машҳур. Кўнглимиз кетиб, Бувайдани яёв кездик.

Фарғона вилоятида 300 га яқин зиёратгоҳлар номи аниқланган. Ушбу зиёратгоҳлар ичида аёллар номи билан боғлиқ мозорлар саноқли бўлса-да, Модарихон, Сафед булон, Биби Убайда зиёратгоҳлари нафақат Фарғона водийсида, балки Ўрта Осиёда ҳам машҳурдир.

Сўлим Бувайда тумани Биби Убайда, Пошшо Пирим, Султон Баёз Бастом, Галдирбобо, Бандикушод ота, Сўфи азизлар, Гўдакмозор, Суқмозор, Топтиқ азизлар, Ғойиб бува зиёратгоҳлари, Чилтонтепа, Шўртепа каби тепаликлари билан вилоятга ташриф буюрган меҳмонлар, маҳаллий аҳоли вакилларини ўзига чорлаб туради.

 

Биби Убайда зиёратгоҳида

Ривоят қилинишича, душман таъқиби чоғида Биби Убайдага найза тегиб ҳалок бўлган ва зиёратгоҳга дафн этилган. Бошқа ривоятларга кўра, яккаю ягона ўғлидан жудо бўлган Биби Убайда ўз юртидан бош олиб чиқиб, Маккаю Мадинага равона бўлади. Унга келини ва набираси Муҳаммад Жарир ҳамроҳлик қиладилар. Фарғона чўлларидан ўтиш чоғида кучли қум бўрони кўтарилиб, уларни бир-биридан ажратиб юборади. Одамлар излаб топишганда фурсат қўлдан берилган, уларнинг барчаси қум остида қолиб ҳалок бўлишганди. Одамлар уларни қаердан топган бўлса, шу ернинг ўзига дафн этадилар. Натижада бир-биридан 2-3 чақирим узоқликда икки мозор пайдо бўлади. Яна бир ривоятга кўра, Биби Убайда шу мозордаги мақбара ўрнида ғойиб бўлган.

Аммо ёзма манбалар ҳақиқатга яқинроқ. 1906 йили кўчирилган Шоҳ Ҳаким Холиснинг “Шоҳ Жарир қиссаси”да келтирилишича, Муҳаммад Жарир улғайиб, Подшоҳ Пирим номи билан машҳур бўлади. У ўттиз бир ёшга кирганда худди бобоси ва отаси сингари кўп сонли қўшин йиғиб, ислом дини учун кураш олиб боради. Подшоҳ Пирим лашкари билан жума намозида эканлигидан фойдаланган душман тўсатдан ҳужум қилади. Ўша жангда у танасининг етмиш икки жойидан яраланади. Сирдарёдан ўтаётганда, мадорсиз йиқилади. Подшоҳ Пиримни Бачқир қишлоғига дафн этишгач, момоси Биби Убайда, аёли ва етти яшар фарзанди Мадинага йўл оладилар. Чўлда юз берган даҳшатли бўронда қолиб ҳалок бўладилар. Одамлар уларнинг учаласининг ҳам жасадини излаб топиб дафн этган. Демак, Биби Убайда мозоридаги қабрларнинг каттаси Биби Убайданинг, иккинчиси Шоҳ Жарирнинг аёли ёки онаси Бадиъа бонунинг, қўшни хонадаги кичик қабр эса етти яшар фарзандининг қабри бўлиши керак.

Айтишларича, Биби Убайда етти машҳур бибилардан бири бўлиб, авваллари зиёратга келганлар еттита чалпак пишириб олиб келганлар. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни эса зиё­ратдан ташқари, “Бувимнинг сочини ювиш” маросими ҳам бажарилган. Ҳар бир аёл тароқ ва қатиқ олиб келган. Эмишки, Биби Убайда кунларнинг бирида зиёратга келган бир хаста қизга кўринган ва ундан сочини ювишга ёрдамлашишни илтимос қилган. Бемор қиз Биби Убайда сочини ҳар жума келиб ювишга ёрдам берган. Шу тарзда у ўз касалига даво топиб, дарддан фориғ бўлган экан. Зиёратга келган аёллар Биби Убайда оқ либос кийиб юради, деб тасаввур қилганлар, шунинг учун мозор олдига оқ сурпни ёйиб ўз тилакларини айтганлар. Булар, албатта, ривоятлардир.

Зиёратгоҳ ёнида “Бувимнинг ҳассаси” дарахти ва “бел тош” бўлиб, ҳар бир зиёратчи мозорни зиёрат қилгач, дарахтни қучоқлаб, бел тошга бошини қўйиб ният қилган.

Ҳозир ҳам бу ерга келувчиларнинг қишин-­ёзин қадами узилмайди.

Қўли гул одамлар

Бувайдаликлар — миришкор, тадбиркор, ҳунарманд халқ. Улар эккан анжиру қулупнайнинг шираси тилга тушган. Ҳали “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бировнинг хаёлига келмаган паллада, улар бир-бирининг этагини тутиб, ҳунармандчилик, деҳқончиликнинг илмини олганлар. Бутун бошли маҳалла аҳолиси ё кўчатчилик, ё мебелчилик ёки бўлмаса, темирчиликка ихтисослашиб қолган. Бувайдаликлар суҳбатдошига бир инсонни таништирар экан, қишлоқ ёки маҳалла номини айтмай, “Бу киши сўричилардан, булар эса тўнчилар маҳалласидан”, дейишининг боиси шундан.

Айлади бемор чойхона

Фарғоналик нуронийларнинг кунлар исиб, беданалар сайраб турганида, чойхонадан қадами узилмайди. Чойни шопириб, ул-булдан тамадди қилиб ўтиришлари асли бир баҳона. Чойхона – оқибат, меҳр маскани. Тенг-тўшлари билан дилдан суҳбатлашиб, аскияни гуллатиб, ёғоч сўриларда чордона қуриб ўтиришнинг гашти бўлакча.

Нафис, бежирим нақшли, пухта-пишиқ ясалган сўриларни қайси қўли гул одамлар ясаган экан, дея Бувайданинг сўричилиги билан машҳур “Ўрта қўнғирот” маҳалласи томон йўл олдик. Маҳалла ўртасидан оқиб ўтувчи ариқ бўйида бўйлари баланд, очиқ юзли маҳалла раиси йўлимизга пешвоз чиқиб, устазода Иқболжон Абдуллажонов хонадони томон бош­лади.

— Маҳалламизда 9 та кўча бўлиб, 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дей­ди маҳалла раиси Абдураззоқ Йигиталиев. — Ўрта қўнғиротликлар асосан ҳунармандчилик, хусусан, сўри, эшик-ром, мебель ясаш билан шуғулланади.

Бешинчи авлод устазода ҳунарманд Иқболжон Абдуллажонов эсини танибдики, ёғоч билан тиллашади. Санъат асарини яратиш учун бир ҳафта муддат кифоя. Кўриб кўзингиз қувнайдиган, ўтирсангиз тургингиз келмайдиган сўрилар эман ёғочидан, оёқлари ёнғоқ, чинор, қайрағочдан ясалади. Иқболжоннинг сўрилари Бувайдадаги сўри бозордан оша Андижондан Қорақалпоғистонгача, қўшни Қирғизис­тону Тожикистонгача етиб бормоқда. Ҳар бирининг шакли-шамойили, катта-кичиклигига қараб бир ярим миллиондан ўн-ўн беш миллионгача сотади.

Бугун сўрида ўтирганча хаёл сураркан, отамерос касби — сўричиликдан топганларига шукрона келтиради.

Темирдан гул битиб…

Биргина темирдан неча хил маҳсулот ясаш мумкин, деб ўйлайсиз? Деҳқонобод­ликлар темирни 150 хил шаклга сола билишади. Илҳомжон Усмонов ана шундай қўли гул усталардан.

— Бу касб билан 1991 йилдан буён шуғулланаман, — дейди унинг ўзи. — У пайтларда маҳалламизда темир маҳсулотлари сотиладиган дўкон бўлмаган. Нега энди ясаган маҳсулотларимизни реклама қилмаслигимиз, сотмаслигим керак, деган ўйда мана шу ерда биринчилардан бўлиб дўкон очдик. Ўшандан буён замонга мослаб янги асбоб-ускуналар яратиб келмоқдамиз.

“Деҳқонобод” маҳалласининг бошидан охирига қадар кета-кетгунча темирларнинг тарақа-туруқи. Ҳамма иш билан банд, бўш турган одамни учратмайсиз. Маҳалла раиси Муталлибжон Исмоиловнинг айтишича, 800 дан зиёд хонадон, 4 ярим мингдан ортиқ аҳолини ўз ичига олган Деҳқонободда бирорта ишсиз киши йўқ экан.

Маҳалла аҳли қўли очиқ, саховатпеша экан. Яқинда хотамтой тадбиркор Абдусалим Абдулҳақов қариялар учун 1 миллиард 250 миллион сўмлик фитнес зали қуриб берибди. Чойхонадан чиққан чолларнинг борар манзили энди фитнес зали бўлиши аниқ.

80 гектарга яқин ҳудудни эгаллаган Деҳқон­ободда бир қарич бўш ер йўқ ҳисоби. Кексадан ёшигача ҳали қарасанг, темирдан рўзғор буюмидан тортиб деҳқончиликда ишлатиладиган ускунагача ясаётган, бир қарасанг, ернинг хабарини олиб, томорқасида помидор, бод­ринг, карам, қалампир экаётган бўлади. “Кўчатларни қайси бозордан сотиб оласизлар?” — деган саволимизга жавобан: “Кўчатларнинг кони — Найманда!” — дея қўшни маҳаллани кўрсатдилар.

Бувайданинг қалампири қайда?

Бувайдаликлар лабингизни ловуллатиб юборувчи қалампирларни нафақат хуш кўриб истеъмол қилишда, балки етиштириб беришда ҳам етакчи.

Шоҳидахон Абдураззоқова 25 йил муаллимлик қилган, турмуш ўртоғи Зоҳиджон ака Абдураззоқовнинг эса вилоятдаги ҳашаматли биноларнинг қад ростлашида ҳиссаси бор. Иккиси ҳам ўттиз йилдирки, ишхонадан уйга келди дегунча томорқага шошилади. Декабрдан ерни қиздириб, тайёрлаб оладилару январнинг йигирмасида булғор қалампири, помидор, карам, қалампир, бодринг уруғларини сепиб, парваришлаб, ўстирадилар.

— Меҳнати осон эмас, — дейди Шоҳидахон опа. — Ҳароратни бир хилда ушлаш керак. Ҳаво ўзгариб, совуқ тушганида, булар ҳам баргларини ташлагудек бўлади. Тепасини очсак, қуёш уриб қўйиши мумкин. Иши жуда нозик. Шунга яраша даромади ҳам чакки эмас. Кўчатчиликнинг орқасидан қиз узатиб, ўғил уйладик, иморат солдик, автоуловимизни янгиладик.

Беш сотихлик жойнинг беш метридан 6 миллион сўмлик соф даромад олган Абдураз­зоқовлар оиласининг шундай пайтларда ҳордиғи чиқиб кетади. Улар ҳаммасидан ҳам неча йилдирки харидорлар ишончини йўқотмагани, Тошлоқ, Марғилон, Олтиариқ туманларидан ҳам келиб кўчатларини олиб кетишаётганларидан хурсанд.

— Найманда 5 ярим минг нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла раиси Икромжон Шихназаров. — Мингга яқин хўжалик бор, шундан 90 фоизи деҳқончилик билан шуғулланади. Ўзимиз ҳам 10 йилдан бери оилавий лимон етиштирамиз, сотамиз, вақти келса, экспорт ҳам қилмоқчимиз. Ҳар бир хонадонда етиштирилаётган кўчатларнинг харидори Бешариғу Тожикистондан ҳам топилади.

Учта маҳаллани кезиб, олган таассуротларимиз бир жаҳон. Ҳар бири эртасини бугунгидан фаровонроқ қилишга интилаётган одамлар. Меҳнат, сабр ва шукроналикни ҳаётининг фалсафаси, деб билувчилар. Туманда жами 55 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлса, кўрганларимиз ҳали хамир учидан патир экан. Демак, Бувайдага саёҳатимиз яна давом этади.

Севара АЛИЖОНОВА.

Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + 19 =