“Мудейин”нинг маъноси ‒ нима?

Истайсизми-йўқми, шеър тили ‒ сунъий тил. Табиий тарзда тилда қофия қўлланмайди, вазн ишлатилмайди. Шу икки талабнинг ўзи шеър тилининг сунъийлигини исботлаш учун ‒ тўла етарли бўлса керак. Ҳолбуки, шеър тилида яна қанчадан-қанча нотабиийликлар бор: тимсол, ташбеҳ, инверсия, истиора, радиф ва ҳоказо.
Бироқ…
Ҳақиқий шоир ана шу нотабиийликлар орасида табиийлик топади. Бунинг учун ўзи ижод қилаётган тилнинг ўта табиий жиҳатларини излайди, шуларга суянади. Буюк бобомиз, мутафаккир Алишер Навоий бунинг энг юксак, энг ёрқин намунасини кўрсатган.
Мумтоз шеъриятимизда “фард” деган жанр ‒ бор. “Фард” сўзи “битта”, “якка”, “ёлғиз” деган маънони ифодалайди. Истилоҳий маъноси ҳам шунга айнан мос келади: биттагина байт, яъни икки мисрадан иборат мустақил асар “фард” саналади.
Навоий “Фавойид ул-кибар” девонининг 84-фарди мана бундай жаранглайди:
“Белу оғзидин, ‒ дедиларким, ‒ дегил афсонае”,
Бошладим ф-ил-ҳолким: “Бир бор эди, бир йўқ эди…”
Асарнинг бошдан-оёғи ‒ шу. Тамом.
Мазмуни ҳам ‒ соддагина: “Менга: “(Ёрингнинг) бели ва оғзи ҳақида эртак айт”, ‒ дейишган эди, (мен) дарҳол (сўз) бошладим: “Бир бор эди, бир йўқ эди…”
Бу ерда ҳеч ким лирик қаҳрамонга “айб” қўя олмайди: ахир, эртак, яъни чўпчак дегани: “Бир бор экан, бир йўқ экан…” ‒ деган кириш сўзлар билан бошланади-да.
Ҳолбуки, баҳонада шоир бу ифода мағзига: “Ёрнинг оғзи шунчалар кичикки, бир кўринади, бир кўринмай қолади, унинг бели эса шунчалар ингичкаки, бир кўринади, бир йўқдай бўлиб қолади”, ‒ деган муболағани яширади.
Баҳонада бир илмий ҳақиқатни ҳам билиб оламиз: демак, XV асрда ҳам ўзбек эртаклари, худди ҳозиргидек: “Бир бор экан, бир йўқ экан…” ‒ деб бошланган экан-да!
Навоийнинг “Наводир уш-шабоб” девони 483-ғазали:
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?!
Кўнглума ҳар бирининг дарду балосинму дейин?! ‒
деган матлаъ билан бошланади. Бу ‒ ажойибдан-ажойиб ғазал! Қанчалар гўзал! Қанчалар ўзбекона! Тўғрими?
Лекин…
Бир хонандамиз: “Шу ғазални севиб, жон куйдириб ижро этаман-у, лекин шу “мудейин” деган сўзининг маъносини тушунмайман-да”, ‒ деган экан. Ана сизга хонанданинг ўзи куйлаётган матнга, унинг муаллифига ‒ Навоийга эҳтироми! Ҳолбуки, бу ерда “мудейин” деган сўз ‒ йўқ. У олдинги сўзга қўшилиб келадиган “-му” сўроқ юкламасидан сўнг “дейин” сўзининг ишлатилишидангина иборат.
Аслида, агар шоир истаса, бу сатрлардаги сўзларни “қоши ёсин дейинму”, “кўзи қаросин дейинму”, “дарду балосин дейинму” деб битиши ҳам мумкин эди. Лекин Навоий замонасида биринчи вариант амалда бўлган кўринади. Ҳозир ҳам айрим шеваларимиз, масалан, Бухоро шевасида: “Борган эканми?” ‒ дейилади, аммо бошқа, масалан, Фарғона ва Тошкент шеваларида: “Борганмикан?” ‒ дейилади.
“Ғаройиб ус-сиғар” девонининг 517-ғазали:
Жонда жонпарвар сўзидурму лаби хандониму,
Руҳум ороми дейинму ани жоним жониму? ‒
матлаъси билан бошланади. Бу ерда ифода “руҳум оромиму дейин” деб эмас, аксинча, “руҳум ороми дейинму” тарзида ишлатиляпти. Демак, ўша замонларда ҳам ўзбек тили шеваларида бу шакллар турлича қўлланган ва буюк шоир ўрни билан унисидан ҳам, бунисидан ҳам фойдаланаверган.
Навоий халқ тилидаги ана шу табиий ифодаларига суяниб, ажиб, оҳорий, ҳеч кимда учрамайдиган ғазаллар яратган. Бу шаклларнинг табиийлигини бугун, яъни орадан беш асрдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин исботлаш осон иш эмас. Чунки у замонларда ҳали халқнинг сўзлашув нутқини ёзиб оладиган техник воситалар яратилмаган эди. Лекин қўлимизда бошқа бир имконият ‒ бор. Бу ‒ Навоийнинг насрий асарларидаги тил. Насрда тил табиийлигини сақлаш имконияти шеърдагидан кўра кўпроқ бўлади, албатта.
“Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” тазкирасида шундай жумлаларга дуч келамиз: “Шайх Абу Бакр Шиблий қуддуса сирруҳудин бир фақиҳ сўрубдурки: “Закот адоси не навъдур?” Шайх дебдурларки: “Санга фарз бўлур закотниму дейин ё манга фарз бўлур закотниму дейин?” (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 17. ‒ Тошкент: Фан, 2001. ‒ Б. 17).
Бу шундан далолат берадики, “…му дейин” шакли табиийроқ ва фаолроқ бўлган. Шоир она тилининг ана шундай ўта табиий қурилмасига қаттиқ суянган. Бу ‒ ҳамма шоир учун намуна.
Қўлига қалам ушлаганларнинг ҳаммаси учун, у хоҳ шоир, хоҳ адиб, хоҳ драматург, хоҳ публицист, хоҳ олим, хоҳ журналист бўлсин, тил‒ энг асосий қурол. Тил эса ‒ халқники. Халқ тилининг табиийлигини бузишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи ‒ йўқ.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими