Улуғлар меросини ўрганиш ва навбатдаги эътироф
Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан буюк аждодларимиз меросини ўрганиш, бебаҳо маънавий хазиналарни излаб топиб, юртимизга олиб келиш ишлари давом эттирилмоқда
Айни пайтларда мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли ҳаракат — буюк аждодларимизнинг номларини янада улуғлаш, беқиёс маънавият хазиналаридан баҳраманд бўлиш ва номларини абадийлаштириш борасидаги савобли ишлар замирида ёш авлодни ўз Ватанига фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш, аждодларидан фахрланиш ҳиссини кучайтиришдек олий мақсадлар мужассам. Ана шу эзгу ишга Бобур номли халқаро жамоат фонди ва илмий экспедицияси мана 30 йилдирки, ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Чунончи, кўҳна тарихимизни мукаммал ўрганиш, тиклаш, маънавиятимизни янада юксалтириш, заминимиздан етишиб чиққан буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, улар қолдирган бой илмий-маданий меросларини излаб топиб, Ватанга олиб келиш ва илмий истеъмолга киритиш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, эришилган натижаларнинг залворли бўлишида халқаро илмий экспедициялар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Экспедициянинг биринчи сафари 1992 йил май ойида амалга оширилган бўлиб, шу кунгача 50 дан ортиқ хорижий давлатларга 30 маротаба халқаро сафарлар уюштирилди. Африка қитъасидан Ҳинди-Хитой ярим ороли, Европа-Америка давлатларигача 375 минг км.дан ортиқ масофа автомашинада босиб ўтилди.
Бу илмий сафарларнинг натижасида Ватанимизда туғилиб, кейинчалик тақдир тақозоси билан ўзга юртларда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг абадий оромгоҳлари зиёрат қилинди, уларнинг ҳолати ўрганилиб, ободонлаштириш юзасидан лойиҳалар тайёрланди ва уларни қайтадан қуриш ишлари амалга оширилди.
Хусусан, Бобур ва бобурийлар тарихини қайтадан чуқур ўрганиш баробарида хорижда яшаган, дунё илму фани, адабиёти, тарихи, санъати, маданиятига ўзларининг бой адабий мероси билан ҳисса қўшган ва тақдир тақозоси билан ўша жойларда мангу макон топган буюкларимизнинг қабрлари излаб топилди. Шунингдек, илмий экспедиция сафарлари давомида кўҳна тарихимизга оид ҳамда буюк аждодларимиз қолдирган ноёб асарларнинг асл ва фотонусхалари мамлакатимизга олиб келинди ва илмий истеъмолга киритилди.
Ўтган даврда илмий экспедициямиз томонидан олиб борилган изланишлар натижасида 1000 дан зиёд ноёб китоб ва нодир қўлёзма асарлари юртимизга олиб келиниб, фонд қошидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида мужассамлаштирилди ва илмий истеъмолга киритилмоқда. Улар асосида 30 дан ортиқ илмий-бадиий китоблар чоп этилди. Кейинги ўн йил давомида буюк аждодларимизнинг бой илмий-адабий меросини ўрганиш, ҳали илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган асарларини топиш, уларни Ватанга қайтариш ва таржима қилиб, китоб ҳолида ўқувчиларга тақдим қилиш йўлида изланишлар олиб борилмоқда.
Фонд ташкил этилганидан буён биргина қомусий асар — “Бобурнома”нинг ўзи уч марта қайтадан нашр эттирилди. Бугунги ёшларга янада тушунарли бўлиши учун “Бобурнома”нинг табдили яратилиб, кирилл ва лотин алифболарида чоп этилди.
Бобурнинг холаваччаси Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг “Тарихи Рашидий” асари дунё тарихчилиги ва адабиётшунослигида иккинчи “Бобурнома” ҳисобланади. Ана шу йирик мемуар асар ҳам форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди.
Россия Фанлар академиясининг Туркология институти билан Бобур номли халқаро жамоат фондининг илмий ҳамкорлигида 2016 йилда салмоғи энциклопедиядан кам бўлмаган “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография” китоби нашрдан чиқарилган эди. Бугунга келиб, Бобур мирзонинг тарихий ва ижодий меросини илмий нуқтаи назардан таҳлил этиш, тизимга солиш, изоҳлар билан таъминлаш ва тарғиб этиш мақсадида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Энциклопедик, илмий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами” номли 4 жилддан иборат ушбу нодир асар Россия Фанлар академиясининг Туркология институти профессор олимаси Анна Дыбо бошчилигида 2019 йили биринчи (А-Б-В қисмлари) жилди нашрдан чиқди. Қолган учта жилди 2022-2023 йиллар давомида нашрдан чиқиши режалаштирилган.
Кўпчиликка маълумки, мамлакатимизда илк бор жаҳон тарихидаги буюк сиймолардан бири, ўзбек халқининг улуғ фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсига бағишланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси” икки маротаба нашр қилиниб, жаҳон шарқшунос олимлари ва зиёлилари томонидан улкан илмий ютуқ ва оламшумул воқеа сифатида қабул қилинди. 64 босма табоқли бу энциклопедияни яратишда ўзбек бобуршунос олимлари қаторида Япония, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон ва Европадан ҳам олимлар фаол иштирок этишди.
Ҳозирда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”нинг учинчи тўлдирилган нашрини ҳамда инглиз ва рус тилларидаги нусхаларини нашрдан чиқариш мақсадида қатор ижодий ишлар амалга оширилмоқда. Энциклопедиянинг учинчи нашрини тайёрлаш юмушлари ўзига яраша кўп меҳнат талаб қилади. Аввалги нашрларда йўл қўйилган камчиликларни баҳолиқудрат бартараф этиш, янги нашр учун мақолаларни тўплаш, уларнинг таржимаси, таҳрир ва таҳлил ишлари, олим ва мутахассисларни жалб қилиш ва бошқа кўплаб ишларни бир меъёрда ташкил этиш зарур. Шу мақсадда қомуснинг аввалги нашрлари тажрибасидан келиб чиқиб, уни нашрга тайёрлаш ишчи гуруҳи тузилиб, бир гуруҳ таржимонлар, мутахассислар фонд қошида ишламоқдалар. “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”нинг учинчи тўлдирилган нашри ҳамда унинг инглиз ва рус тилларидаги нусхаларини 2021-2022 йилларда нашрдан чиқариш бўйича Андижон давлат университетининг бир гуруҳ таржимон ва мутахассислари билан ҳамкорликда қатор илмий-амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда энциклопедиянинг инглиз тилидаги нашрига филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов, ўзбек тилидаги тўлдирилган янги 3-нашрига филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев, унинг рус тилидаги нусхасига филология фанлари номзоди Ваҳоб Раҳмоновлар масъул муҳаррирлик қилишаётганини ҳам таъкидлаш лозим.
Эътироф этиш жоизки, ҳазрати Бобур мирзо асарлари тўплами тарихимизда, яъни ҳали шу бугунги вақтгача бир бутун шаклда чоп этилмаган бўлиб, илк тажриба сифатида фонд ташаббуси ва ҳомийлигидаги Бобур мирзо “Куллиёт”ининг янги нашри ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир ва таржимон Мирзо Кенжабек томонидан нашрга тайёрланмоқда. Бобур мирзо “Куллиёт”и, яъни тўлиқ асарлар тўплами олти жилд ҳолида нашр этилиши маданий-маърифий ҳаётимиздаги улкан янгилик бўлади.
Ўтган вақт ичидаги бу катта ютуқлар Ўзбекистоннинг дунё бобуршунослиги марказига айланишига хизмат қилди, десак муболаға бўлмас. Энг эътиборлиси, ҳазрати Бобур ҳаёти ва ижоди халқимизга маънан янада яқинлашди. У ҳақда кўп ва кенг билиш имконияти яратилди.
30 йилдан буён февраль ойида Андижонда халқаро миқёсдаги илмий анжуман ўтказилиши жуда гўзал анъанага айланди. Бу эса ўз навбатида дунё бобуршуносларини Бобур мирзо туғилган юртга янада яқинлаштириш баробарида кенг жамоатчиликни ҳам олиб борилаётган изланишлар, қўлга киритилган ютуқлар билан мунтазам таништириб боришга хизмат қилмоқда. Ва ҳар йили бобуршунослик бўйича изланишлар олиб бораётган янги ёш олимлар кашф этилмоқда.
Бу йилги анжуман 14 февраль куни Андижон шаҳридаги Бобур номли халқаро жамоат фондининг мажлислар залида бўлиб ўтди. Анжуманда фонд васийлик ва бошқарув кенгаши аъзолари, вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, хорижлик бобуршунос олимлар, Фарғона, Наманган ва Андижон давлат университетлари ректорлари ҳамда ОАВ вакиллари гибрид: онлайн ва офлайн тарзда иштирок этдилар. Шунингдек, республикамизнинг таниқли бобуршунос олимлари билан бир қаторда Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон, Миср, Туркия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон каби давлатлардан етук бобуршунос-шарқшунослар ҳам анжуман ишида онлайн тарзда қатнашдилар. Швеция давлатидан бобуршунос олима Шафиқахоним Ёрқин, Туркия давлатининг Кожаэли университети профессори Муневверхоним Текжан, АҚШ давлатидан Азизулла Аролларнинг Андижонга шахсан ташрифи ҳам ташкиллаштирилди.
Анжуманда Бобур мирзонинг тўла асарлар тўплами – “Куллиёт” нашри, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”нинг ўзбек тилидаги учинчи нашрини тайёрлаш ишлари ва унинг рус тилига таржимаси каби масалалар хусусида таниқли олимларнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, Кожаэли университети (Туркия) профессори Муневвер Текжан, швециялик бобуршунос олима Шафиқа Ёрқин, Ҳиндистон маданий марказининг Ўзбекистондаги директори, профессор Чандер Шекхар, фондимизнинг Озарбайжон бўлими раҳбари, Озарбайжон Миллий илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти профессори, филология фанлари доктори, профессор Алмаз Улви Биннетова, Боку давлат университети профессори Рамиз Аскер, Озарбайжон Миллий илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти доценти Бахтиёр Муҳаммедов, фонднинг Қозоғистон бўлими раҳбари, Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг шарқшунослик факультети профессори Ислом Жеменей, фонднинг Қирғизистон бўлими раҳбари, тарихнавис адиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, АДУ фахрий профессори Бегижон Аҳмедов, фонднинг Покистон бўлими раҳбари, Бобур форуми директори Муҳаммад Рамзан, фонднинг Швеция бўлими раҳбари, профессор Абдулҳаким Шаръий Журжоний, Айни Шамс университети профессори Магда Салах Махлуф каби дунё таниган олимлар анжуманда онлайн тарзда қатнашиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини қатнашчилар эътиборига ҳавола этишди.
Анжуман давомида ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Омонулло Бўриев ва Темурийлар тарихи Давлат музейи бўлим мудири Азизжон Шариповлар ҳаммуаллифлигида тайёрланган, бевосита “Бобурнома” ва Темурийлар даврининг бошқа бирламчи тарихий манбалари маълумотларига таяниб тузилган, олий ўқув юртлари, ўрта махсус таълим дастурларида Бобур даврини ўрганувчи тадқиқотчилар, ўқувчилар учун зарур қўлланма бўлиб хизмат қиладиган “Заҳириддин Бобур давлати” тарихий харитаси илк маротаба илмий жамоатчиликка тақдим қилинди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Ибрагим Мавлоновнинг “Бобурийлар сулоласининг Ҳиндистонда иқтисодий бошқариш тизими” номли монографиясининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг анжуман қатнашчиларига табриги ҳамда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”нинг инглиз тилидаги таржима нашрини тайёрлаш ишлари ҳақида”ги фикрлари ушбу институтнинг “Таржима амалиёти ва назарияси” кафедраси мудири, филология фанлари доктори, доцент Зиёдахон Тешабоева томонидан иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Эътироф этиш керакки, бу йилги анжуман ҳам дунё бобуршуносларининг ўзаро фикр алмашиши ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий дунёқараши кенгайиши учун беқиёс хизмат қилди.
Экспедициямизнинг навбатдаги илмий сафари эса 1898 йилги Андижон қўзғалонининг етакчиси Муҳаммад Али Дукчи Эшон шахси ва унинг фаолиятини ҳаққоний ёритиш, ҳамюртимиз жадидчи, публицист ва олим Фозилбек Отабек ўғли фаолиятини ўрганиш билан боғлиқ бўлди. Тарихимизнинг Дукчи Эшон билан боғлиқ жиҳатларига ойдинлик киритиш мақсадида мингтепалик авлиё, миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси бўлган Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли – Дукчи Эшон тақдири ва у билан боғлиқ янги тарихий маълумотларни йиғиш ва ўрганиш учун фонд томонидан икки маротаба илмий сафар уюштирилди.
Биринчи илмий экспедиция 2019 йилнинг 14-16 ноябрь кунлари амалга оширилди ва унинг бош мақсади Қирғизистон ва Тожикистондаги Эшон авлодларининг манзилларини аниқлашдан иборат эди. Фонд раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев, журналист Обиджон Маҳмудов ва ҳайдовчи С.Азимовлардан иборат экспедициянинг дастлабки изланишлари яхши натижа берди.
Жорий йилнинг 13-18 январь кунлари фонд раиси раҳбарлигидаги экспедиция жамоаси — адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ваҳоб Раҳмон, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, тарихчи-ўлкашунос, публицист Обиджон Маҳмудов ва ҳайдовчи Аҳмаджон Исабоевлар Тожикистон давлатининг пойтахти Душанбе шаҳрига Ўратепа орқали ўтиб, сўнг Помир тоғлари орасидаги Тавилдара ҳудудига тоғ йўллари орқали катта машаққатлар эвазига етиб боришди.
Гарчи қаҳратон қишнинг қоқ чилласи бўлса-да, узоқ йўл босиб, ҳамюртимиз Муҳаммадали Дукчи Эшон бобомизнинг у ердаги авлодлари – чевара ва эваралари билан учрашишга муяссар бўлинди. Сўнгра Карим Эшоннинг иккинчи ўғли Маҳмудулло эшон билан Тавилдарадаги Лайрониболо қишлоғида умргузаронлик қилган Дукчи Эшон бобо авлодлари яшаб келаётган уйга етиб борилди. У ерда Карим Эшоннинг турмуш ўртоғи, 94 ёшни қаршилаган Моҳинав ая ва унинг тўнғич ўғли Абдусалом Махсум ҳамда бошқа жигарбандлари билан суҳбатлашилди.
Дукчи Эшон 1898 йилги ғазовотдан сўнг, яшириниб, 6-7 йил ўтгач, онаси Асалбиби ойим юрти бўлган Қошғордан Помир тоғлари оша Жилғатол орқали Тавилдара қишлоғига келиб яшагани ва 1933 йилнинг 25 ноябрида 78 ёшида вафот этгани Андижон давлат университетининг ректори С.Зайнобиддинов билан бўлган суҳбатда ҳам айтилган эди.
Энг муҳими, шу маҳаллада жойлашган “Мавлоний” қабристонида бўлиб, Муҳаммадали Дукчи Эшон ва унинг ёнига дафн этилган набираси Карим Эшон қабрлари зиёрат қилиниб, ул зотлар ҳаққига қуръон тиловат қилинди, бу онлар видео тасвирларга муҳрланди. Шу ўринда бир ҳақиқат аён бўлди: Чор Россияси босқинчилари томонидан Дукчи Эшон ҳазратларининг “Андижон қўзғалони”дан кейин ҳибсга олиниб, унинг 3-4 та маслакдошлари билан дорга осилганлиги тўғрисида айтиб келинадиган гаплар ёлғон бўлиб чиқди. Эшон ўрнига унинг андижонлик дўсти, озодлик йўлида ўз жонини фидо қилгани маълум бўлди.
Муҳаммадали Эшон мана шу Тавилдара туманининг Лайрониболо қишлоғига келиб, ўзига ҳужра қуриб, уйланиб, ҳаёт кечирганини, чевара ва эваралари, бошқа яқинлари ҳамда маҳалла аҳли гапириб беришди, тарихий ҳақиқатни тасдиқладилар.
Бу чинакам тарихий воқеа бўлиб, 125 йил деганда ватан озодлиги ва ҳуррияти йўлида курашган улуғ боболаримиздан бири Дукчи Эшон ҳақидаги тарихий хақиқат ва адолат юзага чиқди. Ул зот ҳақида бугунга қадар етиб келган турли ҳадиклар билан суғорилган чала ҳақиқатлар, юзаки маълумотлар, шунингдек, Тошкент музейларида дорга осилган Дукчи Эшон тасвирланган суратлар эндиликда уйдирма ва тўқима эканлиги исботланди, дея бемалол айта олсак бўлади.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, публицист Обиджон Маҳмудовнинг халқаро анжуманда ўқиган маърузаси фонднинг навбатдаги халқаро илмий экспедицияси сафари хусусида бўлиб, “Дукчи Эшон: тарих ва ҳақиқат” деб номланган. Ушбу маъруза анжуман иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.
Ва яна таниқли адиб Қамчибек Кенжанинг фонд ҳомийлигида чоп этилган “Бобурийлардан бири” китобининг янги тўлдирилган 3-нашри анжуман қатнашчиларига ўзига хос туҳфа бўлди.
Умуман олганда, фонд нафақат республикамиз, балки халқаро миқёсда ҳам ўзининг алоҳида ўрнига эга. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Покистонга режалаштирилган олий даражадаги ташриф доирасида Исломобод шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик тимсоли – буюк саркарда ва мутафаккир шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий анжуманда қатнашиш мақсадида камина илмий сафарда бўлиб қайтди. Покистонлик бобуршунос ва Бобур мирзо ихлосмандларини фонд фаолияти билан яқиндан таништирдим. Сўнгги йилларда фонд томонидан чоп этилган китоблардан покистонлик дўстларимизга тақдим этилди.
Шунингдек, сафар давомида фонднинг жамоатчилик асосидаги Покистон (Исломобод) бўлими раҳбари, Бобур форуми директори жаноб Муҳаммад Рамзан билан бўлиб ўтган учрашувда форум томонидан Бобур мирзо ҳаёти ва фаолиятини тарғиб-ташвиқ қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишиб, ўзаро фикр алмашиб, ҳар иккала томонлар ўртасидаги келгуси режалар муҳокама этилди. Яна шуни айтиш жоизки, сафар натижасида фонд тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи сўнгги йилларда Покистонда чоп этилган бир қанча илмий ва бадиий адабиётлар билан бойиди. Ушбу қўлга киритилган китоблар Бобур мирзо мухлисларини яна бир бора қувонтириши шубҳасиз.
Барчага аёнки, Покистон ва Ўзбекистон ўзаро илмий, маданий жиҳатдан яқин алоқаларни келгусида ҳам давом эттиради. Покистон – сеҳрли диёр. Бу сеҳрли диёрни биз учун очиб берган ҳиндшунос, урдушунос олимларимизни доимо ҳурмат билан тилга оламиз. Улар қаторида, айниқса, марҳум профессор Ансориддин Иброҳимовнинг салмоқли хизматларини алоҳида таъкидлашимиз зарур. Бобур шахсиятига бўлган эҳтиром ва унинг шеърияти шайдоси бўлган Ансориддин Иброҳимов Ўзбекистонда бобуршунослик фанининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган олимдир.
Ансориддин Иброҳимов таржимонлик соҳасида ҳам фаолият олиб борган моҳир таржимон ҳам эди. Kўплаб ҳинд ва покистонлик ёзувчиларнинг ҳикояларини таржима қилган. Жумладан, Кришан Чандарнинг “Хотирамдаги чинорлар” (1986), “Дадар кўпригидаги болалар” (1999), Премчанднинг “Шатранж ишқибозлари” (1990), “Хитўпадеша ёки ибратли ҳикоятлар” (1997), шунингдек, Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор” асарини урду тилига таржима қилган ва мазкур асар 1996 йил Покистоннинг Лаҳор шаҳрида саҳналаштирилиб, кенг омма эътиборига ҳавола этилган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Покистонга ташрифи чоғида Покистон Бош вазири Имронхон жанобларига профессор Ансориддин Иброҳимов томонидан яратилган “Урдуча, ўзбекча муштарак сўзлар луғати”ни туҳфа қилди. Эътиборга лойиқ жиҳати ушбу нашрга давлатимиз раҳбари томонидан сўзбоши ёзилган бўлиб, унда муаллифнинг кўп йиллик изланишларига юксак баҳо берилган.
Маълумки, фондимиз томонидан Бобур номидаги халқаро мукофот таъсис этилган. Бу мукофот Бобур мирзо бобомизнинг ҳаёти ва ижоди, унинг моддий ва маънавий меросини, бобурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган, халқлар ўртасида дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, юксак савияда бажарилган илмий тадқиқотлар, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги асарлар учун ҳар беш йилда бир марта берилади. Ҳозирга қадар кўплаб мамлакатимиз ва чет эллардаги машҳур илм-фан ва маданият арбоблари ушбу мукофот билан тақдирланганлар. Шу хабарни сиз азиз муштарийларга маълум қилмоқчимизки, Бобур халқаро жамоат фондининг куни кеча бўлиб ўтган Раёсат йиғилиши қарорига мувофиқ филология фанлари доктори, профессор, марҳум Ансориддин Пўлатович Иброҳимов бобуршунослик фани ривожига қўшган катта ҳиссаси учун Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди.
Зеро, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Авлодлар хотирасида шараф билан ёдланмоқни донишмандлар инсоннинг иккинчи умри дейдилар”, деган гапини ҳаммамиз яхши биламиз.
Зокиржон МАШРАБОВ,
Бобур номли халқаро жамоат
фонди раиси, Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият ходими,
табиатшунос олим