Самарқанд осмонида порлаган юлдузлар
ТУН ҚЎШИҒИ
Оғир ҳансираганича ётоғига ботаётир шамс. Зулмат кундасига жим ётаётир бобо қуёш. Зим-зиё, зулукдек тун ҳаялламай бостириб келди. Яқиндаги одамни таниб бўлмай қолди. Айни шу лаҳзада туннинг бағри ажиб бир қўшиққа чулғанди. “Шовуллайди адирда буғдой, Гўёки яқингинада қулунлаган биядай бўлиб, Ийиб кетар кишнаганда той, Чор-атрофда чигирткалар чириллар нафис, Қовун ҳиди таралар анқиб, Гўёки тун меҳрибон, жони фидо онадай ўзин этиб ҳис, Алла айтар қорашол танғиб. Чиндан ҳам, сеҳр тўла қўшиқ айтиб тун, Ухлатади барча одамни”.
…Оқшом қоронғуси қуюқлашади. Осмон тоқида бир-биридан гўзал, нафис ситоралар жимирлаб, кўзни қувонтириб чақнай бошлайди. Бир учи кенг ва бепоён уфқларга қадар чўзилиб кетган дала, ёбонлар қорайиб кўринади. Отлар, сигирлар, қўй-қўзилар одамларга доимий ҳамроҳ. Бу жониворлар аллақачон қозиққа боғланиб, қўрага қамалган. Саҳни кенг супага ўрин тўшалган. Юмшоқ, момиқ кўрпа ичида уч-тўрт нафар болалар ором олмоқда. Аммо уларнинг ичида фақатгина бир болакайгина уйғоқ. Унинг кўзларидан уйқу қочган. Болакай ғуж-ғуж юлдузлар чамани билан тўлган осмондан сира-сира кўз узмайди. Гўёки боланинг ўзи ҳам шу тобда Сомон йўли, Етти қароқчи, Олтин қозиқ, Чўлпон юлдузи, Олтин охур, Бўз от… сингари юлдузлар изидан худди солдек эргашиб юргандек. Негадир ёш шаҳзода Улуғбекнинг ҳадеганда сир-асрорга тўла само денгизидан кўз узгиси келмасди. Айниқса, унинг бетимсол гўзаллиги, жилвакор мафтункорлиги кўнгилни ажойиб ҳисларга ошино тутинтирган эди. Бундай сўлим, салқин хуш ҳавода тун сафосини, латофатини ич-ичидан туярди. Қанот ёйиб, далалар, тоғлар, дарёлар, водийлар устида худди қушлардек сузиб юрарди. Шу тобда Улуғбек мирзонинг руҳи анча-мунча енгиллашгандай туюлди.
Ҳаприқтириб, юракка солар титроқ, юлдузлар чаманзорига яқин жойда туриб унинг мислсиз, адоқсиз сир-асроридан бехабар қолиб кетиши… Тонг каби мусаффо рангин туйғулар, ўйлар болага сира тинчлик бермас эди. “Агар улғайсам, албатта, юлдуз тўла осмонга нарвон қўйгум. Ситоралар билан диллашгум, сирлашгум. Уларнинг қалб кечинмаларига қулоқ осгум”. Ёш Улуғбекнинг соф орзуси ана шундай масъум ва қатъий бўлди. Унинг бу эзгу ниятидан жаҳонгир Темур бобоси билан узоқ ҳарбий сафарлар машаққатини тенг тортган, деярли барча Темурийзодалар тарбияси билан жиддий ва астойдил шуғулланган гўзал ва оқила аёл Бибихоним воқиф, хабардор эди. Айни паллада фозила ва оқила аёл ёш, мурғак қалбнинг орзуларини, истакларини ширин сўзлари билан ҳамиша рағбатлантириб келарди.
Мавриди келгани учун Бибихоним ҳақида икки оғиз сўз айтишни жоиз деб билдим. Гарчанд Бибихоним фарзандсиз бўлса ҳам, барибир болаларга қаттиқ меҳр қўяди. Ҳаттоки ана шу меҳр-муҳаббат туфайли умрида бола кўрмаган вужуди уйғониб, кўкрагига сут келган пайт ҳам бўлган экан. Бу мушфиқ, оқила, зийрак аёлнинг жон олгувчи аллаларини, қўшиқ ва маталларини эшитиб улғайган темурий амирзодалар уни оналаридек суйиб, иззат-икромини ўрнига, жойига қўярдилар. Аслида, неваралари ичида энг зийраги бўлмиш Муҳаммад Тарағай ухламай осмондаги юлдузларга тикилиб, хаёл дарёсига ғарқ бўлишини осмон, само илмига қизиқишида деб биларди. Негадир исми Муҳаммад Тарағай бўлса ҳам, бобоси ва момосининг унга бўлган меҳри зиёдалигини, айниқса, зеҳни, ақли жуда ҳам ўткирлигини кўрган сарой аҳли мурғак мирзога Улуғбек деб улуғвор от қўйган эдилар. Шу-шу Амир Темур ҳам, Бибихоним ҳам уни шу исм билан чақиришга ўрганиб қолгандилар.
— Юлдузлар чаманзорида ҳам инсон зоти яшайдими? — деган азалий ва жумбоқли саволга мантиқли жавоб излаб топиш ниятида ёш Улуғбек мирзо ёнида ҳамиша “Зижи жадиди эл Хоний” китобини олиб юрарди. У бу ёшида шундай мураккаб китобни ўқиса ҳам, уқиши, англаши ўта мушкул эди. Ана шундай кезларда у “тезроқ улғая қолсам, ўзим, албатта, бир расадхона тиклаб юлдузларда одам яшайдими, йўқми, билиб оларман. Сон-саноқсиз, ғуж-ғуж жилвагар ситораларнинг сирини очувчи мана шундай бир китоб тузурман” деган хаёлдан сира бўшамасди. Шу ёшида улуғ мақсадлар билан яшаётган болага чиндан ҳам ҳавас қилса бўларди. Ниҳоят бола хаёл дарёсидан қутулиб ухлаб қолди. Бу маҳалда ташқарида шамол увиллар, Кўҳак тепалиги томондан эсган барқарор шамол тунги Конигул боғларидан гул ва турфа майса, гиёҳлар ҳидини олиб келиб димоққа урарди. Кўк тоқида юлдузлар чаманзори милтиллаб ёнар, унга тикилган сари одамнинг кўзи қонар, ўша юлдузлар сир-асрорини билиш осондай туюларди. “Англа, дил ҳам сирли осмондай” деган сирли хитоб қулоққа элас-элас чалинарди. Улуғбек мирзонинг олис болалик маҳалларида кўнгли тубига туккан улкан ва залворли орзуси йиллар ўтгач бор-бўйича рўёбга чиқди. Бунга қадар у илм сирларини қунт ва сабот ила ўрганишига тўғри келди. Айтганча, Улуғбекнинг отаси ҳокимият юритиш бобида ёш шаҳзодага кўпдан-кўп насиҳат ва ўгитлар қилади. Фаҳм-фаросати, зукколиги ва қувваи ҳофизаси билан ажралиб турувчи шаҳзода бу ўгитларга оғишмай амал қилиб сираям камлик кўрмади.
“ЗИЖИ КЎРАГОНИЙ”
…Кунлар бир тутам. Қоронғулик эрта тушадиган бўлиб қолган. Кеч кузакнинг аччиқ, чимчиловчи изғирини этни жунжиктиради. Ҳаво нима учундир рутубатли. Қорайиб, худди улкан қалъадек бўлиб ётган Кўҳак тепалигининг шундоққина бағрига ёндош этиб қурилган расадхонада Мирзо Улуғбек уч-тўрт шогирдларига зўр бериб алланарсани тушунтириш билан овора. Баъзан сўзидан тўхтаб, ўнг қўли билан узун соқолини тутамлаб қўяди. Ёнидагилар ундан кўз узмай, қизиқарли ҳикояни мароқ билан тинглайди. Унинг бир қараганда жаҳонгир Амир Темур бобосиникига ўхшаб кетадиган, очиқ, қип-қизил юзига ажин тушмаган. Улуғбек мирзо адил ва тик қоматини ғоз тутиб, чор-атрофга суқланиб қараб қўярди. Дарвоқе, ўша кезларда Самарқанд расадхонаси фалакий доимий катталикларни, сайёра ва юлдузларнинг ўрнини ниҳоятда аниқликда ўлчаши билан дунёда тенгсиз эди. Улуғбек мирзо шогирдлари ва бошқа олимлар билан айнан биз тасвирлаган манзилда Птолемейнинг шарқда “Алмагест” номи билан машҳур юлдузлар зижини қайтадан кузатишга жоним-отим киришади. Алалоқибат, фалакшуносларнинг расадхонада олиб борган кузатишлари натижасида “Кўрагоний Зижи”, ёки “Улуғбек Зижи” вужудга келади. Аслини олганда, Улуғбекнинг бу зижи дунёда тузилган зижларнинг энг мукаммали ва пишиғи эди. Унда тақвимлар, вақтни аниқлаш, сайёралар ҳаракати ва бошқа қимматли ва муҳим маълумотлар атрофлича, кенг ёритилган эди.
Расадхонанинг улкан фалакий қурилмалари, самовий ёриткичларнинг ўринларини ва турли фалакий катталикларнинг аниқ ўрни ва ҳаракатини кўрсатиб беради. Ана шундай қурилмалардан бири — меридиан қурилманинг радиуси 40,2 метр. Бу қурилма Кўҳак тоғининг этагида жойлашган. Бу ердан чор-атроф, Самарқанд минораларининг нилий, нақшинкор гумбазлари аниқ кўзга ташланиб туради. Расадхонанинг тош қоялардан кесиб ҳосил қилинган хандақдаги қисми ҳозиргача сақланиб қолган. Қурилманинг хандақ жанубий томонидаги чуқурлиги ўн бир метр бўлиб, мармар тахтачалар қиёсидаги хандақ 2,3 метр. Қурилманинг икки ёйи бир-бирига зич қилиб уланган — узунлиги ўртача 80 см, кенглиги 29 см, қалинлиги 10 сантиметрдан 20 сантиметргача бўлган мармар тахтачалардан иборатдир. Унинг юза тарафлари 40,2 метр ярим айлана ҳосил қилувчи қияликда силлиқланган. Иккала ёйда ҳам кенглиги 30 см, чуқурлиги 15 мм бўлган ингичка тарновлар жой олган. Бу ингичка тарновларга сариқ пластинкалар музукаллаб жойлаштирилган. Дастлабки сайқаллаш ишлари берилгач, уларга ўлчов меъёрий чизиқлари белги сифатида туширилган. Ёйдаги ҳар бир градус араб ҳарфлари шаклида мармар тахтачаларда бироз ифодалангандир.
Улуғбек баҳаво, хушманзара бу манзилда кўп вақтини ўтказишни ёқтирар эди. Шу аснода у “Улуғбек Зижи”ни мустақил кузатишлар натижасига таянган ҳолда аждодларнинг шу соҳадаги ишларини ўрганиб ва умумлаштириб, фалакиёт илмининг назария ва амалиётига жуда кўплаб янгиликларни киритишга муяссар бўлди. Боз устига, зижда келтирилган бир минг ўн саккизта юлдузнинг рўйхати самарқандлик фалакшуносларнинг асосий меҳнати самараси бўлиб, у бутун дунёга Улуғбек номини ва у асос солган фалакиёт мактабини машҳур қилди. Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший сингари замонасининг донгдор олимлари расадхона кузатув натижаларининг таҳлили жараёнида вафот этган бўлса, Улуғбек садоқатли шогирди Али Қушчи билан Зижнинг устидаги қийин ва мураккаб ишни ниҳоясига эсон-омон етказади. Айтганча, Улуғбек расадхонасининг қурилмаси билан Тихо Брагенинг “Ураниборг” расадхоналари ўртасида кузатиш жараёнида фарқ бўлган. Мирзо Улуғбек Европада беҳад улуғланади. Масалан, бир ноёб суратда афсонавий Ураниянинг ўнг томонида, Оврўпа фани тан олган буюк мунажжим ва подшоҳ Улуғбек мирзо биринчи бўлиб тасвирланган. Атрофида машҳур мунажжимлар — Птолемей, Браге, Риччиоли, Вильгельм IV ва Ян Гевелийлар савлат тўкиб ўтирибди. Ҳойнаҳой, улар фалакиёт илми ҳақида узоқ баҳслашмоқда.
“… КИ ОЛАМ КЎРМАДИ СУЛТОН АНИНГДЕК”
Жаҳонгир Амир Темур авлоди жаҳон илм-фанига, маданиятимиз ва адабиётимиз тарихига буюк сиймоларни берди. Мундарижанинг бошида Муҳаммад Тарағай Улуғбек ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур туради. Иккисини ҳам жаҳон билади, тан олади. Бири илмда Ғарб учун мактаб (ўз ватанида эмас) яратган бўлса, иккинчиси Шарқда ўзига хос бадиият академиясини вужудга келтирди. Шу ўринда ўн бешинчи асрнинг буюк муаррихи, машҳур “Равзат ус-Сафо” муаллифи Мирхонднинг “Дониши Афлотун ва ҳашаматли Фаридун жамъдашт”, яъни “илмда Платон, бойликда Фаридун янглиғ” деган маъноли, мағзи тўқ сўзларини келтириб ўтишни маъқул топдик. Шеърият мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари эса Улуғбек шаънига “Темурхон наслидин Султон Улуғбек, Ки олам кўрмади султон анингдек” деган машҳур мисраларини битади. Аммо дилни хира қиладиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Таассуфлар бўлсинки, тарихий-бадиий асарларда аввал Улуғбек мирзонинг қиёфаси ҳам эслатилмайди. Машъум фожиа юз бергандан (1449) кейин эса бу мавзу мутлақо четлаб ўтилган ёки хаёлдан бутунлай фаромуш бўлган. Яхшиямки, ўзбек адабий тили асосчиси ва билимдони Навоий ҳазратлари бор экан. Ул муборак зотнинг “Хамса”сини ҳисобга олмаганда, кейинги беш аср давомида Улуғбек ва унинг мероси ҳақида лом-мим дейилмади. Унинг нодир мероси ҳақида сўзлаш анъанаси, ташаббуси ғарбга кўчди. Кўплаб залворли китоблар ёзилди.
Хабарингиз бўлса керак, 1941 йилда Алишер Навоийнинг 500 йиллиги шарофати билан улуғ шоир яшаган даврни чуқурроқ ва атрофлича ўрганиш мақсадида, Гўри Амирдаги (Самарқанд шаҳрида жойлашган) Темурийлар мангу қўним топган қабрлар очиб кўрилади. Ана шу кезлари Улуғбек мирзо шахси ва у қолдирган бой маънавий меросга бўлган қизиқишлар бир қадар кучаяди. Буни қаранг, ҳайтовур, Улуғбек бобомизнинг қабрдаги хоки яхши сақланган экан. Унинг бўйи 165,8 сантиметр эканлиги, гавда ва юз тузилиши отаси Шоҳруҳ мирзодан кўра, бобоси Амир Темурга тортганлиги аниқланади. Биласиз, ўрта асрлар шароитида донишманд, ақл булоғи — Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний”га ҳафсала билан тартиб бериши зулмат дунёси учун маёқ, нур эди. Боз устига, фалакиёт илмида ҳали Оврўпа ғафлат уйқусидан турмаган, араб ва хитой мунажжимлари ҳали коинотга бу қадар яқин тикилмаган эди. Улуғбек мирзо тузган Кўрагоний жадвалида ҳаммаси бўлиб бир минг ўн саккизта юлдуз тадқиқ этилган, ўрганилган. Жумладан, тўққиз юзта юлдузнинг узунлиги, саккиз юз етмиш саккиз осмон ёритқичининг кичиклик даври бениҳоя ҳассослик билан аниқланган. Эндиликда бизнинг электрон ва қудратли оптик асбоблар замонамизда “Зиж”нинг мезони қандайдир дақиқа ёки унинг улушларида тафовут қилади. Оддий устурлобда осмон жисмлари ҳаракат доирасини бу қадар аниқлик билан ўлчаш сирини ҳали ҳеч ким очиб берган эмас. Рости, Улуғбек мирзо зўр ҳафсала ҳамда меҳр билан яратган “Зижи Кўрагоний” инсон тафаккури қудратининг буюк ғалабасидир. Негаки, сирли ва олис коинот сари астойдил интилган инсон онгининг бепоёнлиги ва интиҳосизлиги уни ҳамиша ҳамрўз ич-ичидан сезиб, билиб турди. Машаққатли меҳнатлари ширин ва тотли мевасини бермасдан қолмади. Шу ўринда машҳур тарихчи Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” асаридаги тубандаги сўзларни келтириб ўтишни лозим топдим. “…Улуғбек Кўрагон юлдузлар илмида қилни қирқ ёрди… ҳандаса илмида чигалларни ечувчи, ҳайъат илмида Мажистийкушо (Юнон олими Птолемейнинг “Альгамест” асарининг арабча номи) эрди. Фозиллару ҳакимларнинг якдил фикрлари шулки, исломият замонидан шу дамгача Улуғбек Кўрагонийдек олим ва подшоҳ салтанат тахтида ўтирмаган. Улуғбек “Зижи Султоний” кашф этиб, уни ўз исми билан зийнатлади”. Шу эътирофнинг ўзиёқ Улуғбек мирзонинг жаҳон фанига қўшган ҳиссаси салмоқли эканлигини кўрсатади. Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири, сўз сеҳргари Миртемирнинг Мирзо Улуғбек бобомиз яратган ўлмас меросга эҳтиром ила битган қуйидаги шеърини келтириб ўтишни жоиз деб билдик:
Расадхона эмиш шу харсанг девор…
Бир вақт Самарқанднинг энг юксак жойи,
Замон мўъжизаси, билим саройи,
Тоғ жуссали, сўлим, улуғвор.
Расадхона эмиш шу харсанг девор,
Кечалари юлдуз гадоси бўлиб,
Самовий гўзаллик шайдоси бўлиб,
Термулармиш уйғоқ у тождор.
Сулувлар кўзидек тенгсиз, ярқироқ,
Юлдузларки, кўкнинг гавҳар чечаги,
Бири юз асрлик, бири кечаги,
Бир-биридан сирли ва йироқ.
Сулувлар кўзидек пир-пир доимо,
Ёки ёзмишларнинг ёруғ хатидек,
Ёки ҳумоларнинг ёллуғ патидек,
Доимо ваъдакор шўх имо…
Ҳар янги юлдузга қўйиб янги ном,
Жадвалига битиб бир-бир шарҳини,
Дарж этармиш учқур фалак чархини,
Кўкка интиқ, риёзатга ром.
Одам фахри эмиш сўлим Самарқанд,
Олам тожи эмиш тождор аллома,
Ҳар кеча заҳмати бўлак ҳангома,
Кундузи ҳам тинимсиз гарчанд.
Юлдузни ўшандоқ севолса киши,
Ўшандоқ юксакка толпин, ҳей ўғлон,
Агар толпинмасанг, бу — ўша жаҳон —
Араванинг эски тиркиши…
Бобо меросига бўлолгин эга,
Сомон йўлларида кезарсан, балки.
Тиришганнинг зарби шундоқ дангалки,
Ҳатто тошга қоқармиш чега…
Чиндан ҳам, сўз сеҳргари мазкур шеърида Кўҳак тепалигида қўним топган Улуғбек расадхонаси ҳолатини чиройли йўсинда таърифу тавсиф этганки, унга беихтиёр қойил дейсиз.
…Самарқандга борсам, Кўҳак тепалиги ёнбағридаги Улуғбек мирзо бунёд этган расадхонани томоша қилмай қайтмайман. Гарчанд фикру ёдим дунё олимлари тан олган Улуғбек мирзода бўлса-да, хаёл қурғур олис ўтмишга, боболар замонига бошлаб кетади. Ана, қўлига аллақандай асбобни тутган Улуғбек мирзо тун қўйнида ғуж-ғуж жимирлаб турган юлдузлардан кўз узмай тадқиқот билан банд. Ёнида шогирди Али Қушчи. Гарчанд Али Қушчи кам ухлаган бўлса-да, аммо руҳи тетик. Ақл-мушоҳада қилавериб, кўзи пишиб кетган. Бугунги кунда Улуғбек қурган расадхонага хориждан кўплаб сайёҳлар ташриф буюради. Улар расадхона жойлашган манзилни ҳамда юлдузлар устида кузатув, тадқиқот олиб бориладиган фазовий асбоб-анжомларни зўр ҳайрат ила томоша қиладилар. Менинг қулоғимга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуджон Азимов ижросидаги “Самарқандга борсам мен агар, Улуғбекни кўриб қайтаман, У қон йиғлаб турар ҳар сафар, Мен дардимни кимга айтаман” деган ўтли, ҳароратли, таъсирли сатрлари чалинди. Қуёш ботиб, уфқ қонталаш тусга кира бошлади. Атроф жимжит. Эрталаб ёғиб ўтган ёмғирга боғ-роғлар обдан чўмилган эди. Кўнглим хотиржам тортиб, секин ортга қайтдим. Руҳиятим енгил, кайфиятим аъло эди.
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист.