“Ҳар кунги   мўъжиза”. У тизимли ислоҳотларга муҳтож

“Оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Бу борадаги энг муҳим ютуғимиз шуки — биз жамиятимизда “ёпиқлик муҳити”дан қутулиб, Янги Ўзбекистон пойдеворини айнан эркинлик ва адолат тамойиллари асосида барпо этмоқдамиз”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимида айтган ушбу сўзлари мамлакатимиз очиқликка юз тутгани, бунга оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий маҳорати ва қатъияти ёрдамида эришилаётганини аниқ кўрсатиб турибди.

Кейинги беш-олти йил Ўзбекистоннинг медиа соҳаси учун жадал сифат ўзгаришлари даври бўлди. Журналистлар учун тақиқланган мавзулар қолмади, фикрлар ва қарашлар турлича кўриниш олди. Сўз эркинлиги реал тушунчага айланди, берилган имкониятлардан фойдаланиш учун маъмурий тўсиқлар олиб ташланди. Журналистларнинг ўз позициясини билдириши учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказилди. Бунда ахборот ва ижодий фаолият эркинлигига бўлган ҳуқуқ мустаҳкамланди, ушбу меъёрларни бузувчиларга нисбатан эса жавобгарлик кучайтирилди.

Ушбу жараённинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимизда жадал суръатлар билан шаффоф, ахборотлашган жамият шакллана бошлади. У эса табиийки, замонавий шароитларда “янгича” деб аталувчи ОАВ — сайтлар, ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги майдончалар, видеохостинг-платформалар учун қулай муҳит яратди.

Шу билан бир қаторда, рақамли медиа-маҳсулотнинг жадал ўсиши шароитида аввалги, анъанавий оммавий ахборот воситаларининг келажаги фаол муҳокама қилина бошлади. Ҳатто интернет ва ижтимоий тармоқлар кенг ривожланаётганидан келиб чиқиб, матбуот, яъни босма нашрларга эҳтиёж борми, деган фикрлар ҳам айтиляпти.

Бундай қараш машҳур “Мос­ква кўз ёшларга ишонмайди” фильмида телеоператор бўлиб ишлайдиган йигитнинг “Телевидение ривожланса, кинозаллар ва театрларга ҳожат қолмайди” деган фикрини эслатади. Ваҳоланки, у хато ўйлаганини биз кўриб турибмиз. Тўғри, кинозаллар ва театрлар аввалгидек гавжум эмасдир, бироқ уларга ҳамон эҳтиёж бор.

Шу нуқтаи назардан матбуот­дан, яъни босма нашрдан узилиш каби ҳис-туйғуларга берилиш мантиққа сира тўғри келмайди. Аввало, у ҳали ўз функцияларини бажаришга — жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқиш, одамларнинг ижтимоий ва сиёсий онгини юксалтириш, фаоллаштириш, фикрлаш, танқид ва таҳлил қилиш сало­ҳиятини оширишга хизмат қилиш кучига эга. Қолаверса, матбуот жамиятнинг юзи, ойнаси демакдир.

Интернет бугун қанчалик оммалашмасин, ҳали ҳамма ҳам ундан тўлақонли фойдаланиш имконига эга эмас. Жамиятда ахборотни анъанавий ОАВдан олишни маъқул кўрувчи инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Бунинг устига, электрон ОАВ ва веб-сайтлар, мессенжерлар хабарларни тез тарқатса-да, матбуот воқеалар ривожини, мазмунини, моҳиятини шарҳлаб беради. Бу билан аҳолининг ижтимоий-сиёсий саводхонлигини оширишда катта роль ўйнайди.

Мутахассислар фикрича, инсоннинг мия фаолияти маълумотни электрон доска ва мониторларга қараганда қоғоз воситалари, хусусан, газета, журнал ва китоблардан ўқиганда кўпроқ ҳамда самаралироқ қабул қилади. Нур таратмагани боис газета ва журнал ёки китоб саҳифаларига узоқ вақт қараш, уларни синчиклаб ўқиш, сақлаб қўйиш ва керак бўлганда яна кўз ташлаш қулай.

Қолаверса, ҳар қандай матбуот нашри тарихнинг бир бўлагига айланади. Йиллар ўтиб, келажак авлод маълум бир давр ҳақида маълумот олмоқчи бўлса, шубҳасиз, ўша пайтда чоп этилган газеталарга мурожаат қилади. Шу орқали замон нафасини, ҳароратини ҳис этади.

Бас, шундай экан, муштарийларнинг диққатини жалб қилишда матбуотнинг ролини аниқлаш, яъни бугунги шароитда у қандай стратегияни эгаллагани, ўз олдига қандай мақсад қўйгани ва қайси йўлни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаши ўта муҳим.

“Босма нашрлар учун олтин аср

бошланмоқда”

Буюк Британиянинг “Daily Mail” газетаси журналисти Сью Пиртнинг қуйидаги ўхшатишига эътибор беринг: “Мен учун янги газетани ўқишга тутинган пайтим худди театрда ҳали парда очилмай туриб, оркестр куй чала бошлаган лаҳзаларни эслатади. Ичкарида, саҳнада сени нима кутаётганини билмайсан, лекин миянгни сен ҳеч қачон ўйламаган кўп­лаб ғоя ва фикрлар забт этишига ишонасан”.

Ташбеҳ жуда аниқ, шундай эмасми? Журналист фикрича, матбуот ўқувчини ўзидан — ўз фикрлари, ўй-хаёллари ва муаммоларидан чалғитишга қодир. “Шуни сездимки, деб ёзади у, рақамли формат билан “ўзини овунтириб юрган” одамлар секин-аста газета ва журналларга қайтишади”.

Таассуфлар бўлсинки, бизнинг жамиятимизда шундай ҳолат юзага келдики, тобора кучайиб бораётган ахборот “шовқини” орасида рақамли муҳитда кундан-кун урчиётган тиниб-тинчимас “бақироқлар”нинг овози эшитиляпти, холос. Улар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда юз бераётган воқеаларни менсимай, барча босма маҳсулотлар — газета, журналлар ва ҳатто китоблар керакми, деган шошқалоқ хулосалар чиқаришга шошилмоқдалар.

Бундай қарашларнинг бемаънилиги, ҳақиқий ҳаётдан жуда узоқлиги ҳақида кўп тўхталиб ўтишга ҳожат йўқ. Балки бу гап-сўзларни айтаётганлар табиий ландшафти турли-туман бўлган Ватанимизнинг энг олис қишлоқларида ҳам интернетдан аъло даражада фойдаланиш имкони мавжуд, деб ўйлашар. Лекин бошқаларда, ҳатто пойтахт Тошкент марказида ҳам интернет тезлигини мегабит/секундларда эмас, мегабит/соатларда ўлчашга тўғри келиши мумкин. Бундан ташқари, смартфон ва компьютерлардан фойдаланмайдиган кишилар қатлами ҳам мавжудлигини унутмаслик лозим.

Айни шу пайтда биз ривожланган, деб ҳисоблайдиган мамлакатларда (уларнинг кўпчилиги ўз фуқароларининг саводхонлиги, билими туфайли ривожланган!) матбуот ўзининг тикланиш даврини кечирмоқда. Британиялик медиа­эксперт ва қатор нашриётлар асосчиси Жереми Лесли бўлса, босма нашрлар — газета ва журналлар учун олтин аср бошланмоқда, деб ҳисоблайди. Европа ва Америкада босма нашрларнинг адади секин-аста кўпаймоқда, Осиёда эса — ниҳоятда ортиб кетди. Технологиялар ва тараққиёт даражаси энг юқори ҳисоб­ланувчи Японияда одамлар бир нечта босма нашрларга обуна бўлишади. У ерда газеталар миллионлаб нусхада чоп этилади.

АҚШда 2020 йили кундалик газеталар адади иш кунларида 24,3 миллион нусхани, якшанба кунлари эса 25,8 миллион нусхани ташкил этган. Шубҳасиз, бу нашрларнинг рақамли аудиторияси ҳам ортиб бормоқда. Американинг 50 та етакчи газетаси сайтларига бир ойда ўртача 13,9 миллион киши ташриф буюради. Ваҳоланки, бу сайтлардан маълумот олиш текин эмас.

Хўш, бизда-чи? Ўзбекистон Давлат статис­тика қўмитаси маълумотларига кўра, 2011 йилда мамлакатимизда 637 та газета чиққан. 2021 йил 1 январига келиб, улардан 366 таси қолган. Чоп этилаётган газеталарнинг сони деярли 2 баравар камайган. Бу ҳали “адад” деб юритиладиган бошқа бир муҳим кўрсаткич эмас, у расмий статистикада келтирилмаган. Бу рақамлар бўйича эса йўқотиш жуда катта…

Бозор рельсларининг асоси мустаҳкамми?

Ўтган ҳафтадаги энг ёрқин воқеа — Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлди. Ундаги воқеалар ривожини кузатган ҳар бир киши, бироз бўлса-да, иқтисодчига айланди, десам, хато қилмайман. Чунки анжуманда мамлакатимиз учун жуда муҳим мавзулар муҳокама қилинди.

Бизнинг мамлакатда бизнес юритишни хоҳловчи инвесторларни кўпроқ инфратузилма ва унга боғлиқ омиллар қизиқтирди: хомашёни қаердан олиш керак, уни ва тайёр маҳсулотни етказиб бериш қандай бўлади, давлат ҳалол рақобатни кафолатлайдими, солиқ ва божхона имтиёзлари-чи?

Сармоядорлар шуни яхши билишадики, ҳар қандай ишни ташкил қилиш учун муайян шарт-шароитлар мавжуд бўлиши лозим. Айни замонда босма оммавий ахборот воситалари дуч келган қийинчиликлар муҳокама қилинар экан, “экспертлар” ва шу масалага масъул амалдорлар томонидан биттагина умумий таклиф берилди, яъни “бозор рельсига ўтиш”. Бироқ бу рельс ниманинг устига қўйилади, деган савол очиқ қолиб кетди. Қанақа асос ҳақида сўз боряпти, дейсизми? Газетани обуначиларга етказиб бериш хизмати ҳеч қанақа талабга жавоб бермайди, газета сотиладиган киоскалар сони эса камайиб кетди. Қоғоз нархлари, солиқ ва божхона тўловлари эса алоҳида мавзу.

Соҳа ривожи ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда, таҳририятларнинг моддий-иқтисодий имкониятларини янада ошириш, уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш масаласини ўйлаш керак. Зеро, эзгу ғоялар тарғиботи, маънавият, инсон онги ва қалби учун кураш жабҳаларига айримлар оғиз кўпиртириб ёқлаётган шафқатсиз бозор механизмларини тўғридан-тўғри жорий этиб бўлмайди.

Айниқса, бугунги интернет асрида ҳар қандай ахборотга бир зумда деярли текинга эга бўлаётган инсонлар олди-қочди гап-сўзлардан холи, жамият равнақига хизмат қиладиган ғоялар, таҳлиллар акс этган нашрларни чўнтагидан пул сарфлаб, сотиб олиб ўқиши амримаҳол бўлиб қолди. Шу боис, газета-журналларни чоп этиш, уларни тарқатиш ва ўқувчиларга ўз вақтида етказиб бериш тизимини қайта ислоҳ этиш — замон талабидир!

Бундан ташқари, интилишларимиз, яъни мамлакат миқёсидаги, умуммиллий ва глобал даражадаги мақсадларимиз ҳақида чуқур ўйлаш вақти келди. Хўш, энг ўқимиш­ли мамлакат бўла оламизми? Ё бизга шундайи ҳам “бўлаверадими”? Ўзимизни энг билимга интилувчи мамлакат, деб таништира оламизми? Умуман, биз жуда фахрланадиган ота-боболаримизга муносиб бўлиш, ҳеч йўқса, улар ортидан эргашиш қўлимиздан келадими?

Мамлакатимизда ва бутун дунё бўйлаб ўрнатилган буюк мутафаккирларимизнинг ҳайкалларига бир эътибор беринг-а. Дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган бу улуғ зотлар қўлида китоб ёки қоғоз ўрами билан тасвирланган. Негаки, улар нафақат ушбу шахсларга қўйилган ҳайкал, балки чуқур илмий ва фалсафий меросдан, айнан қоғозда акс этган СЎЗ ҚУДРАТИдан дарак берувчи ёдгорликлардир.

Бугунги кунда бутун дунёда энг долзарб бўлиб турган масала — маърифат масаласи. Дунё­даги борки талатўплар замирида ҳам айнан маърифатсизлик турибди. Маърифат — илм дегани, маърифат — маънавият дегани. Маърифат, аввало, мутолаадан бошланади. Ҳатто энг ривожланган давлатлар ҳам бугун маърифатга қайтадан мурожаат қилаётгани бежиз эмас. Буни, масалан, Францияда ҳам яхши анг­лашади. У ерда ёш авлодни маърифатли қилиш устида иш олиб борилади. Мамлакатда газета ва журналларни чоп этиш, тарқатиш борасида давлат субсидиялари белгиланган. 2009 йилдан бошлаб эса   давлат ташаббуси билан ёшларни кундалик газеталарни ўқишга жалб этиш бўйича махсус дастур амалга оширилди. Ушбу акция ноширлар билан ҳамкорликда олиб борилди ва 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун газеталарга йиллик бепул обуна тақдим этиш йўлга қўйилди.

Уч йилдан сўнг ҳайратланарли натижа кузатилди. Яъни лойиҳада иштирок этган — уйларига етказиб берилган бепул газета ва журналларни ўқиб улғайган ёшлар орасида кенг дунёқарашга эга, илм-фаннинг барча соҳасига қизиқувчи, қобилиятли йигит-қизлар сафи сезиларли даражада кенгайди. Демак, Франция ҳукумати катта маблағлар сарфлаб бўлса-да, эзгу мақсадга эриша олди.

Яқинда бир газетада Германиядаги аэропортлардан бири, чамаси Кёльн шаҳридаги аэропорт ҳақидаги мақолага кўзим тушди. Унда саёҳатчининг таассуротлари ҳикоя қилинган. Муаллиф унга энг ҳаяжонли дақиқаларни аэропортдаги газета сотиладиган дўкон тақдим этганини баён этган. Бутун иншоот бўйича энг ажойиб бўлим — мегакиос­канинг узунлиги 20 метр бўлиб, унда турли йўналишларга тегишли юзлаб даврий нашрлар сотилар экан. Хўш, биз ҳам немислар каби кўп ўқийдиган халқ эканимизни аэропортданоқ намойиш эта оламизми?..

Америка Қўшма Штатларида газеталар нафақат аэропорт, балки меҳмонхона, ресторан, университет, ҳатто кўчаларда тарқатилади. Туркияда газеталар катта-кичик савдо нуқталарида кўринарли жойларга сотиш учун қўйилган. Европанинг Прага, Варшава шаҳарларида ҳар 400 — 500 кишига ўртача битта газета дўкончаси тўғри келар экан. Хўш, Тошкентда-чи? Пойтахтимиз фаст-фудлар сотиб олиш мумкин бўлган дўкончалар сони бўйича бу шаҳарлар билан тенглаша олар, балки. Минг афсуски, киоскалар сони бўйича эмас…

Маъно-мазмунга тўла қоғоз

Матбуот ўзининг тўрт асрлик тарихи давомида юксалиш ва таназзул босқичларини босиб ўтган. XX асрга келиб, у ўзининг янгиликлар “монополисти” сифатидаги мақомини йўқотди. Лекин ўзгаришларга мослаша олиши туфайли кўплаб инсонлар учун ахборот манбаи ва ҳамсуҳбат бўлиб қолди.

Ўзбекистон матбуоти ҳам айни пайтда трансформация жараёнини бошидан кечирмоқда. Аудиториянинг диққатини жалб қилиш бўйича рақобатнинг кучайиши таҳририятлар фаолиятида катта ўзгаришларга олиб келди. Газета саҳифаларида воқеалар ҳақидаги тезкор хабарларга камроқ ўрин ажратилиб, танқидий-таҳлилий мақолалар ва шарҳларга, репортаж ва суҳбатларга алоҳида эътибор берилмоқда. Уларда эксклюзив материаллар, кузатувлар натижаси ва масалани ўрганиш бўйича материаллар чоп этиляпти.

Мана, кейинги йилларда газеталар шаънига гўёки “танқидий мақолалар кам”, деган айбловларни қўйиш давом этиб келяпти, лекин бу — инерция холос. Ҳозир мамлакатимизда чиқадиган ҳар қайси газетани варақлаб кўринг: унда энг долзарб муаммолар ҳам дадил ёритилаётганига гувоҳ бўласиз. Фарқи шундаки, бу объектив нуқтаи назардан қилинади, асло “хайп” учун эмас. Газеталардаги мақолалар республика ва маҳаллий даражадаги раҳбарлар эътиборини у ёки бу масалага қаратиб, одамларга адолатни тиклашда ёрдам бергани тўғрисида жуда кўп ва хўп мисоллар келтириш мумкин.

Президентимиз янги Ўзбекистоннинг янгича ислоҳотлари асосий йўналишларини ҳаётий мисоллар ва далил-исботлар билан асослаб, таҳлил қилиб, изоҳлаб берар экан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини ҳамда ошкораликни энг муҳим устувор йўналиш сифатида алоҳида таъкидлаб ўтади. Шу нуқтаи назардан, бугун ўзбек матбуоти ҳадик ва лоқайдликни ортда қолдириб, фаол позицияни эгаллаётганини ишонч билан айта оламиз. Айрим газеталар бу йўлдан илдам бормоқда. Буни кўрмаслик, сезмаслик мумкин эмас. Эркин ва теран фикрлайдиган, ҳаётни ҳаққоний ва холисона ёритаётган газеталар ва журналистлар сафи тобора кенгайиб боряпти.

Матбуот ахборотнинг сифати, келтирилган далиллар ҳаққонийлиги, фикрлар пухта ўйланганлиги каби ижобий имкониятларини ишга солиб келяпти.

Ҳақиқат музейдаги экспонат сингари ноёб нарсага айланган бир даврда газеталар, агар ўзининг анъаналарига содиқ қолса, ёлғондан чарчаган аудитория кўзи ўнгида медиаиндус­трияни реабилитация қилишга қодир. Бутунжаҳон газета ва янгиликлар ассоциа­цияси (WAN-IFRA) маълумотига кўра, сайёрамиздаги катта ёшли аҳолининг 40 фоизи ҳар куни айнан газета ўқишни давом эттирмоқда.

Ахборотни айнан қоғоз кўринишидаги манбадан олиш, айниқса, ўқимишли, мулоҳазакор қатлам, зиёлиларнинг қисматидир. “The New York Times” колумнисти Нелли Боулзнинг фикрича, рақамли мулоқот ўз аҳамиятини йўқотмоқда. Одамларнинг бевосита учрашуви, суҳбати ҳамма интиладиган жараёнга айланмоқда. Ана шу анъаналар ўз вақтида “Роспечать” компаниясининг соҳавий маърузасида қайд этилган. Унда келтирилишича, газетанинг қоғоз версияси ҳар қандай мамлакатда сифатли босма нашр ҳисобланиб, элита маҳсулот сифатида энг илғор қатламга мўлжалланган ва имкони борича узоқ вақт, идеал шароитда эса — ҳамиша чиқиб туриши лозим.

Шубҳасиз, матбуотнинг кўп асрлик анъаналари ва замонавий қадриятлари янги Ўзбекистон учун муҳим ва зарур. Негаки, мамлакатимизда очиқлик курси эълон қилинди, маърифат эса энг асосий қадриятлардан бири, дея белгиланди. Бироқ   бу соҳага муносабатни ўзгартириш, ўзаро ҳамкорлик механизмларини ислоҳ қилиш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва инфратузилмани тубдан янгилаш талаб этилади.

Бунга сарфланадиган харажатлар, албатта, ўзини оқлайди, чунки улар амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти ҳақида хабардор қилиш, бу йўлдаги қийинчиликларни ҳал этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга, маърифатга йўналтирилган.

Муаммолар ва ечимлар

Таниқли журналистлардан бири газетани “ҳар кунги мўъжиза” деб атаган экан. Қўшимча қилиб айтиш мумкинки, ана шу “мўъжиза” катта жамоанинг машаққатли меҳнати билан яратилади. Мақолани тайёрлаш, таҳрир қилишнинг ўзи етарли эмас. Босқичма-босқич бу матн саҳифага жойлаштирилади, қайта ўқилади. Газетанинг навбатдаги сони ярим тунда чоп этиш учун рухсат берилиб, имзоланади. Босмахонада бўёқ берилади, тайёр маҳсулотга айланади. Шундай қилиб, кун панорамасини ўзида жамлаган газетанинг янги сони ўқувчи қўлига етиб боради. Босма маҳсулотда воқеа-ҳодисалар лента каби айлантирилмайди, кўз ўнгимизда реклама билан қоришиб кетган ҳолда клип сингари ўтиб кетмайди. Унда мамлакатимиз ҳаётининг йилномаси қайд этилади. Босилиб чиққан фактларга ҳар доим қайта мурожаат қилиш, улар бўйича яна мулоҳаза юритиш мумкин. Бунда ҳис-туйғулар тағин жонланади ва ёдда қолади. Газета шуниси билан ҳам “мўъжиза”дир.

Шу нуқтаи назардан, газета ва журналлар мазмунини янада бойитиш энг муҳим ишлардан биридир. Албатта, журналистика кенг тафаккурни, заҳматли меҳнатни талаб этадиган касб. Бу касбнинг нонини ейишга қарор қилган инсон шунчаки бехато ёзишни ўрганиб олиши етарли эмас. У ҳамиша одамлар ташвиши билан яшаши, жамиятдаги муаммоларни худди ўзиникидек қабул қилиши керак. Уларга нисбатан фаол позицияда бўлиши лозим. Бундай кадрни тайёрлаш эса осон бўлмайди. Шу жиҳатдан мамлакатимизда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилгани айни муддао бўлди. Энди бу олий ўқув юртида таҳсил олаётган талабаларни таҳририятларга яқинлаштиришимиз, “Устоз — шогирд” анъаналарини йўлга қўйиб, уларнинг амалий кўникмаларини бойитишимиз керак. Бунинг учун, аввало, журналист кадрлар тайёрлаш ишида янги тизим жорий этиш зарур. Хўш, бу қандай бўлади?

Маълумки, ҳозирги кунда ёш журналистларимизда ихтисослашув масаласи кўнгилдагидек эмас. Масалан, иқтисодиёт мавзуини ёритадиган журналист иқтисодиётни, маданият мавзуини ёритадиган журналист маданият соҳасини яхши билмайдиган ҳолатлар кўп учраяпти. Шу боис журналистика соҳасига нафақат шу касбга ўқиган ёшларни, балки бошқа йўналишларда ўқиётган, бироқ журналистикага иқтидори бўлган олий ўқув юрти талабаларини ҳам жалб этиш мумкин. Улар ўзлари ўқиган йўналиш бўйича етарли билимга эга бўлади. Ўша соҳани таҳлил қила олади. Мақола ёзиш кўникмаларини шакллантиришга эса таҳририятларнинг ўзи ёрдам бериши мумкин. Бунинг учун таҳририятда бепул ўқув курслари ташкил этиш етарли бўлади.

Мисол тариқасида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятида ўзбек, рус ва инглиз тили курслари, турли олий ўқув муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар учун “Журналистик маҳорат мактаби” ташкил этилганини келтириб ўтиш мумкин. Ходимларнинг билимларини ошириш, соҳага ёш авлод кадрларини тайёрлашда бу ишлар яхши самара кўрсатди. Бундай маҳорат мактаблари нафақат бизнинг таҳририятимизда, балки бошқа таҳририятларда ҳам ташкил этилган ва ўзининг ижобий самарасини бергани бор гап.

Олий таълим муассасасида талаба назарий билимларни олади, лекин амалиётни фақатгина кундалик газета таҳририятида ўтайди, у ерда ёзишни ўрганади. Қолаверса, журналист учун зарур бўлган касбий сезги, интервью олиш маҳорати, далилларни таҳлил қила олиш каби кўникмалар шаклланади. Энг асосийси, фактларни текшириш, танлаб олиш ва ўқувчига ишончли маълумотни тақдим этиш, масъулиятли бўлиш — ана шу хислатлар ўзлаштирилади. Таҳририятлар ана шу анъаналарни давом эттириши учун қўшимча рағбат яратилиши керак.

Юртимизда номдор газеталардан тортиб, прокуратура ва суд, маҳаллий ҳокимлик органлари, турли вазирлик ва қўмиталар, сиёсий партиялару турли уюшмалар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва ҳоказолар муассислигидаги газета-журналлар узоқ йиллардан бери нашр этилади. Аммо сўнгги йилларда муассислар ўз нашрларига етарли эътибор бермай қўйгани ҳам айни ҳақиқат. Таъкидлаш керакки, аввало, ҳар бир нашр — муассисининг минбари. Буни муассислар жуда яхши англайдилар ва бу минбардан истаганча фойдаланади. Моддий ва маънавий кўмакка келганда эса панжа орасидан қарайдилар. Акси бўлганида, юз минглаб аъзоларига эга бўлган сиёсий партияларнинг нашрлари ва бошқа йирик муассислари бўлган газеталар кам нусхаларда чоп этилмасди.

Очиғи, газеталаримизнинг ададини кескин кўпайтирмасак, кўзлаган мақсадга етишиш қийин бўлади.

Бинобарин, матбуот жамиятнинг юзи экан, соҳанинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш заруратдир. Биринчидан, матбуот бугунги Ўзбекистон учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шу боис унга бўлган муносабат, матбуот билан ишлаш шакллари ва механизмлари тубдан ислоҳ қилиниши шарт. Нашрлар ўз муассисининг тарғибот воситаси ҳисобланади. Қолаверса, газета чоп этиш харажатлари муассисни жуда қийин аҳволга ҳам солиб қўймайди. Бунинг учун бюджетдан алоҳида маб­лағ ажратилса, вақти келиб бу маблағлар нафақат ўзини оқлайди, балки иқтисодий жиҳатдан фойда келтиришни ҳам бошлайди. Чунки газетага реклама берувчилар кўпаяди.

Иккинчидан, давлатимиз раҳбари томонидан маънавият, маърифат масаласига эътибор кучайган бир шароитда   мутасаддилар одамларнинг эҳтиёжини ўрганиши шарт. Аҳолини қандай газеталар, қайси мавзулар қизиқтириши, халқни матбуотга қайтариш йўллари ҳақида фикр юритиш вақти келди.

Учинчидан, газеталар таннархини камайтириш масаласи ҳам ўта муҳим. Ҳар қандай нашрда асосий маблағ учта нарсага сарфланади: хориждан қоғоз импорт қилиш, газетани босмахонада чоп этиш ва уни обуначига етказиб бериш. Демак, босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашда шу учта йўналишга эътибор қаратиш керак. Масалан, қоғоз импортида божхона имтиёзларини белгилаш, босмахоналарга газеталар чоп этиш харажатларини бюджет қўшимча даромадлари ҳисобидан қисман қоплаб бериш, газеталарни сотиш ва етказиб бериш механизмлари, усул ва кўринишларини такомиллаштириш заруратини ҳаёт тақозо этиб турибди.

Газеталар чиққан куниёқ ўқувчилар қўлига тўлиқ етиб бормаса, барча уринишлар бекор. Ахборот тез тарқалаётган бир кезда газеталар баъзи ҳолларда ҳафтада бир марта етказиб бериляпти, баъзида эса ўз ўқувчилари қўлига умуман етиб бормаяпти. Натижада аҳоли ўртасида газетага обуна бўлишга қизиқиш йўқолмоқда. Бунинг устига газета киосклари тармоғи ҳам кескин қисқариб боряпти.

Бунинг олдини олиш учун почта тизимини таҳлил қилиб чиқиш ва ўтган йилларда йўқотилган матбуот тарқатиш тизимини қайта тиклаш, етказиб берилмаган газеталар учун почта ходимларининг жавобгарлигини белгилаш, газета киосклари тармоғини кенгайтириш керак. Матбуот тарғиботи қўллаб-қувватланиши, тизимда имтиёзлар жорий этилиши зарур. Ҳозирги кунда газеталар обуначиларга ўз вақтида етказиб берилмаётган бўлса-да, почта хизмати учун катта маблағ талаб этилмоқда. Бу эса обуна нархининг ўсишига сабаб бўляпти. Аслида почта бўлимлари обуна мавсумида газеталар тарғиботи билан жиддий шуғулланиши, обуначилар сонининг ошиши ҳисобига рентабелликни таъминлаши лозим.

Мазкур муаммо ечимида яна бир йўл шуки, газеталарга давлат субсидиялари ажратилса, таҳририятлар ривожланган давлатлардаги каби газетасини тарқатиш учун ўз транспорт воситасига эга бўлади. Бу, аввало, узоқ қишлоқ ва шаҳарларда газета ҳамда журналларнинг обуначилар қўлига ўз вақтида тезкорлик билан етказиб беришга хизмат қилган бўларди.

Тўртинчидан, газеталарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналистларни рағбатлантириш масалаларида ҳам ўзаро боғлиқ бўлган кўплаб муаммолар мавжуд. Масалан, қўшимча қиймат солиғининг жорий этилиши таҳририятларнинг моддий аҳволига жиддий таъсир қилди. Бу борада оммавий ахборот воситалари учун имтиёзлар белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунингдек, газеталар чоп этиш салоҳиятига эга бўлган босмахоналар тармоғида рақобат муҳитини яратиш лозим.

Матбуотнинг роли ҳақида сўз юритилар экан, бу ўринда гап қандайдир тарғибот-ташвиқот ҳақида эмас, балки одамларнинг дунёқарашини шакллантириш, уларнинг онгида мустақил фикр уйғотиш ҳақида бормоқда. Чунки ҳозирги даврда, халқаро майдонда турли сиёсий манфаатлар тўқнашаётган мураккаб бир шароитда фақат ўз фикри, ўз ҳаётий позициясига эга бўлган халқ ва жамият енгилмас кучга айланиб, келажагини ўз қўли ва ақл-заковати билан қуришга қодир бўлади. Шу нуқтаи назардан, миллий матбуот юртдошларимизни давлат қурилиши, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳадаги ислоҳотлар, мамлакатни демократик жиҳатдан янгилаш жараёнларидан хабардор қилиш билан бирга Ўзбекистон манфаати ҳар биримиз учун бирламчи эканини доимо англатиб турувчи асосий воситадир.

Ўзбек матбуоти шонли тарихга эга. Сўнгги бир юз эллик йилдан ортиқроқ вақт давомида мамлакатимиз ҳудудида юз берган барча муҳим воқеа ва ҳодисалар газеталар саҳифаларида муҳрланган. Миллатимиз зиёлилари халқимизни айнан газеталар орқали тараққиётга етаклаган. Модомики шундай бўлгач, биз мана шундай кучли ахборот воситасини қадрлашимиз, унинг янада ривожланишига йўл очиб беришимиз керак. Балки шунда яна юртдошларимиз, каттаю кичик раҳбарларимиз ҳар кунини газета ўқишдан бошлайдиган, ёшларимиз қўлида фақат гаджетлар эмас, газета-журналлар, китоблар ҳам кўтариб юрадиган бўлишар…

Давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан, маърифат ва маънавиятга катта эътибор қаратилиб, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида қатъий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган янги Ўзбекистонда бу орзуларнинг ҳам амалга ошиши муқаррар.

Ўткир РАҲМАТ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − eleven =