Таскин (Ҳикоя)

Жумақул ҚУРБОНОВ

 

Муаллиф ҳақида:

Жумақул ҚУРБОНОВ — 1955 йили Муборак туманининг Куҳнашаҳар қиш­лоғида таваллуд топган. 1981 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг филология факультетини, сўнгра Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институтини тамомлаган. Сиёсий фанлар номзоди.

Ижодкорнинг “Қоракўз”, “Чорраҳа”, “Дард” ҳикоялар ва қиссалар тўпламлари, “Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси”, “Улуғ ҳадисшунос Муборак ал-Марвазий” тарихий асарлари, “Туркистонда миллий мус­тақиллик учун сиёсий кураш” монографияси, “Сардоба” роман-трилогияси нашр этилган.

1977-1978 йилларда “Қашқадарё ҳақиқати” газетасида адабий ходим сифатида фаолият юритиб, ўтган йиллар давомида турли масъул вазифаларда меҳнат қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Таскин

(Ҳикоя)

Қурбонали ота радиода берилаётган ҳазин қўшиқни эшитиб, кўзларини юмганча хаёлга чўмар, майин таралаётган наво унинг қалбига ҳаяжон солар, осуда кайфият бахш этиб, сокин хаёллар суришга чорлар эди. Шу пайт невараси Дилшодбекнинг қўнғироқдай овози уни ҳушёр торттирди:

— Бобожон юринг, овқат тайёр бўлди, дадажоним чақиряптилар. Ҳалиям қўшиқнинг таъсирида қалбида нозик бир туйғулар уни тарк этмаганди. Ёшинг кексалик пиллапоясига қадам қўяётганида мумтоз қўшиқларни эшитиш дилга ором бериб қоларкан. Армон бўлиб қолган ҳис-туйғулар бирма-бир кўз ўнгингдан ўтавераркан. Овқатланиш пайтида ўғли Муродилло гап очиб қолди.

— Ота, хўп десангиз якшанба куни сизни бир Самарқандга олиб бориб келсам. Мана кунлар ҳам очилиб кетди, ҳаво ҳам хуш, шу баҳонада қадамжоларни ҳам зиёрат қилсак. Айтмоқчи, яна институтда бирга ўқиган курсдошингиз Неъмат амаки билан дийдорлашиб келардингиз.

Ўғлининг бу таклифи Қурбонали отага мойдек ёқди. – Яхши бўларди, фақат имкониятингга қара. Ишларинг қолиб кетмасин, ўғлим, зиёрат, бўлса қочмас.

— Ишларимдан ташвиш чекманг. Ҳаммаси жойида. Қолаверса, ўзимнинг ҳам иш юзасидан битирадиган юмушларим бор.

Ота бош силкиб розилик берди.

— Фақат бир шарт билан, Дилшодбекни ҳам бирга олсак, — деди.

Ўғли аёли Нигорага қаради. Келин майин жилмайиб, боши билан тасдиқ ишорасини қилди.

Улар тонг билан йўлга тушишди. Дилшодбек барвақт тургани учунми, кўп ўтмай машинада ухлаб қолди. Қурбонали ота, неварасини қўлтиғига олар экан, меҳр билан унга тикилди. “Қуйиб қўйган отасининг ёшлиги”, кўнглидан ўтказди. Унинг бу неварасига меҳри бўлак, жуда зийрак. Зеро, набира бир ниҳолга ўхшайди. Бежиз бобони боғбонга, момони қўрғонга тенглашмайди. Фарзандни ҳосил, набирани эса насл де­йишади. Келин эса бир сир. Негаки келинни англаш, ичидагини билиш жуда қийин. Бежиз Амир Темур бобомиз “Ўғилларга келин танлаш давлатни бошқаришдан ҳам қийин экан” демаган экан-да. Айтишадики, агар келининг яхши бўлса, фарзандинг иккита бўлади, акси бўлса ўғлингдан ҳам айриласан. Шунга бир воқеа эсига тушди.

Ўшанда бир иш юзасидан қариялар жойлашган Саховат уйига боришга тўғри келганди. Унинг назарида бу даргоҳда ҳеч кими йўқ, муҳтож кишиларни учратаман деганди. Лекин бу ерда бошқа манзарани кўрди. “Наҳотки буларнинг ҳаммасининг фарзандлари, қаровчиси бўлмаса?!”

Саховат уйи раҳбарининг гапи уни яна таажжублантирди.

— Мени маъзур тутасиз, деди у ўйчан қиёфада. — Афсуски, бу ерда яшовчиларнинг саксон фоизидан ортиқроғининг фарзандлари бор. Келинлари сиғдирмаганидан бу ерга келиб яшашга мажбур бўлишган.

Қурбонали ота автомашинанинг рулини бошқариб келаётган ўғлига разм солди. У отасининг мумтоз қўшиқларини ёқтиргани боис, радиода классик қўшиқларни эшитиб келаётган эди. Шу ёшга етгунча на ўғли, на келини бирор марта ҳам кўнглини қолдиргани йўқ. Бу борада бирор муаммо пайдо бўлганини эслолмайди. Айтишади, ота-онасидан фахрланган фарзанд — бахт­­ли фарзанд, фарзандларидан фахрланган ота-она ўн карра бахтлидир.

Бир киши Хизр алайҳиссаломни учратиб “Мени дуо қилинг” дебди. Хизр дуо қилибди. Шундан кейин ўша киши энди фарзандларимнинг ҳақига ҳам дуо қилсангиз деб илтижо қилибди. Шунда ҳазрати Хизр “Болаларингга ўзинг дуо қил, чунки уларга мендан кўра сен яқинроқсан” деган экан.

Машинанинг тўсатдан қаттиқ силкиниши унинг хаёлларини бўлиб юборди.

Дилшодбек ҳам уйғониб кетди. У зарурат юзасидан бобосидан машинани тўхтатишни сўради. У билан бирга Қурбонали ота ҳам машинадан тушди. Дилшодбекнинг кўзи бирдан тепада қанотларини кенг ёзиб, чарх айланиб гоҳ пастга, гоҳ юқорига кўтарилаётган бургутга завқ билан ҳайратланиб тикилди.

— Бобо, бобожон, “қаранг”, бу қандай қуш?

Қурбонали ота неварасига:

— Бу қушларнинг ҳукмдори — бургут, болам.

Дилшодбек бургутга ҳавас билан тикилиб:

— Бобожон, мен ҳам бургутдек учгим келяпти.

— Албатта учасан болам, “фақат бунинг учун улғайишинг керак”, деб   неварасининг гапларидан ғоят завқланди. Шунда бургут билан боғлиқ бир ривоят эсига тушди.

Ривоят қилишларича бургут ўз полопонига учишни ўргатишдан олдин уни елкасига миндириб, юксак чўққилар устидан булутлар орасида сайр қилдирар экан. Ўзи забт эта оладиган баландликка кўтарилгач дилбандига шундай сўзларни айтаркан.

— Полопоним, мана шу баландлик мени умр бўйи интилган ва узоқ машаққатлардан сўнг етишган манзилим. Сен эса биринчи парвоздаёқ забт этдинг. Бир кун келиб қанотларинг кучга тўлганда бундан юз карра юксакроқ учишинг керак. Мен ета олмайдиган чўққиларга сен етишинг лозим. Чунки сен бургут боласисан…

Ниҳоят Самарқанд шаҳрига етиб келишди. Самарқандга кираверишдаги ҳалқа йўлдан ўтаётганда машина “пақ” қилдию бирдан тўхтаб ўчиб қолди. Ўғли машинадан тушишга улгурмасдан уни бир тўда аёллар ўраб олди. Муродилло бунга ажабланмади. Афтидан уларни олдиндан билса керак, бепарво деди:—Биз ишга олиб кетмаймиз, машина бузилиб қолди. Аёллар аста-секин машинадан узоқлашишди.

Қурбонали ота аёлларнинг мардикор бозори тўғрисида эшитган эди, лекин ҳақиқий аҳволини ўз кўзи билан кўргач, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Ичидан нимадир узилгандек бўлди. Наҳотки булар ҳаммаси ишсиз бўлса. Аёллар тўп-тўп бўлиб ўзаро суҳбатлаша бошладилар. Ҳар хил ёшдаги аёллар, ҳаммасининг қўлида тўр халта, афтидан иш кийимлари бўлса керак. Наҳотки ҳаммасини муҳтожлик етаклаб келган бўлса? Ахир бу аёллар кимнингдир онаси, кимнингдир қизи, кимнингдир опаси, синглиси, кимнингдир рафиқаси. Нозик елкаларида рўзғор ташвиши, бола парвариши тарбиясидек бу дунёнинг тоғдай залворли юкларини кўтараётган аёллар! Қурбонали ота аёллар тўпига қўшилмай алоҳида четда турган ўттиз беш-қирқ ёшлар атрофидаги жувонга кўзи тушди. Унинг юраги шув этди. Унинг юзи узунчоқдан келган, қошлари хиёл туташ, истараси иссиқ, чап ияги устида қора холи бор. Ахир у курсдоши Нодирага жуда ўхшаб кетаркан. “Тавба одам одамга ҳам шунчалик ўхшаб кетарканда. Мабодо қизи эмасмикан?” Лекин у тошкентлик эди. Аёлнинг нигоҳида маъюслик, юзида қандайдир безовталик акс этарди. Ичида алами борга ўхшарди… Қурбонали отанинг талабалик даврида мардикорлик билан бўлган воқеа эсига тушди. Ўшанда талабалар ётоқхонасидан жой ололмай ижарада туришга тўғри келди. Ижарадагилар жиззахлик Самад, самарқандлик Неъмат, қашқадарёлик Ойбек ва ўзи эди.

Самад булардан бир курс юқорида ўқирди. Шунинг учун талабалик об-ҳавосини билишда тажрибага эга. — Йигитлар — деди Самад. — Якшанба куни “ТошМИ”га бориб сабоқ олиб келмоқчиман, чўнтак ҳам ҳувиллаб қолди, стипендияни ҳам қуритдик. Талабгорлар бўлса марҳамат! Қурбон­али ҳайрон қолди. Қанақа “ТошМИ” — якшанба куни ўқиш бўлмайди-ку. Қолганлар кулиб юборишди. “Ҳадемай билиб оласан, хоҳласанг айлантириб келаман”, деди Самад унинг елкасига қоқиб. Кейин аниқлашича “ТошМИ” деб Тошкент мардикор инс­титути деб ҳазил қиларкан. Кейинчалик Қурбонали ҳам Самаднинг сафига қўшилиб, “ТошМИ” га қатнай бошлади. Айниқса, бир воқеадан кейин қанчалик моддий қи­йинчиликлар бўлмасин, қайтиб мардикорликка чиқмади.

Бир гал Тошкентнинг Назарбек ҳудудига ўра қазишга боришди. Бир соатлар ишлагандан кейин уй эгасининг қизи бўлса керак, чойнак-пиёла кўтариб, уларнинг ёнига келди. Салом берди-ю чойни қолдириб кетди. Қурбонали қизни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолди. Уятдан қип-қизариб кетди. Ер ёрилмади ерга кириб кетса! Унинг аҳволини кўриб Самад туртди сенга нима бўлди ўзи, намунча бирданига рангинг ўзгариб бўзрайиб қолдинг. Нима бало, қиз кўрмаганмисан? Ё дарров юрагингдан урдими? Қурбонали миқ этмади. Бу ўзининг курсдоши Нодира эди. Унинг ичига чироқ ёқса ёришмасди, лекин бор аламини ишдан олди. Ниҳоят, ишни тугатишди. Уй эгаси уларни дастурхонга таклиф қилди. Дастурхон ноз-неъматларга тўла, дид билан безатилган эди. Самад эса ҳайрон. Қурбонали қара, уй эгаси ниҳоятда сахий экан, шунча мардикорлик қилиб, ҳеч ким бундай мўл дастурхон ёзиб меҳмон қилмаган эди. Уй эгаси уларни холи қолдирди. Қурбонали қанча очиққан бўлишига қарамай томоғидан овқат ўтиши қийин эди. Нодира қайтиб кўринмади. Самад бўккунча еди. “Камбағалнинг бир тўйгани-бойигани”, дерди кекириб. Улар дастурхондан туришгач, уй эгаси уларни машинаси томон бошлади.   “Катта йўлга чиқариб қўйсангиз бўлди” деб қаршилик курсатишганига қарамай яшаш жойигача келтириб қўйди. Машинадан тушаётганида икковининг иш ҳақини узатди. Машина жўнаб кетганидан кейин санашса, иш ҳақи улар келишгандан икки баробар кўп эди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Самад “қандай сахий, олийжаноб одамга дуч келдик” деб севинчини ичига сиғдиролмади. Қурбонали бу сахийликлар Нодиранинг иши эканлигини англаб етганди. Қандай мард ва оқила экан бу қиз, бу ҳақда на ўзига, на курсдош­ларига чурқ этмади.

Қурбонали ота яна аёлга разм солди. Худди қуйиб қўйган Нодиранинг ўзидек эди. Бу аёлга ёрдам бергиси келди. Лекин қандай қилиб. Хаёлида зиёрат учун ажратилган пулларини унга элтиб бермоқчи бўлди. Лекин аёлнинг рад қилиши, унинг ўксик қалбини янада чўктириши мумкинлигини ўйлаб, шаштидан қайтди. Шу пайт ўғлининг “узр ота, сизни ҳам куттириб қўйдим, қайиш узилиб кетган экан, янгисини қўйдим”, деб машинага таклиф қилди. Зиёрат давомида ҳам   ҳалиги аёлнинг сиймоси хаёлини тарк этмади. Собиқ курсдоши Неъмат уни очиқ юз билан қаршилади.

— Кечадан бери унг кўзим учиб турибди, сенинг ташрифинг экан-да деб қучоқлашиб кўришди. Талабалик даврларини эслашди. Дилшодбек Неъматнинг неваралари билан ўйинга берилиб кетди. Суҳбат қизиган вақтда Неъматнинг ўғли Баҳодир келиб қолди. Неъмат ўғли Баҳодирнинг яқинда хориждан келганлигини, тўқимачилик бўйича қўшма корхона очаётганини айтиб ўтди.

Қурбонали ота бирдан хушёр тортди ва йўлдаги мардикор аёллар билан бўлган воқеани айтиб берди.

— Иложи бўлса, шу аёлларни янги очиладиган корхонага ишга олсанг. Савобга қолардинг. Албатта бу ташвишли ҳол, деди Баҳодир, бу ерда биз эркаклар айбдор деб биламан, лекин баъзида улар ҳам доимий ишлашдан бош тортишади. Масъулиятдан қочишади. Четдан келтирилаётган дастгоҳлар қиммат туради, уни ҳаммага ҳам ишониб бўлмайди. Сиз айтган аёлларни тайёрлаш керак. Майли амаки, бу аёллар ҳам бегона эмас, уриниб кўраман. Бир иложини қил ўғлим, имкониятинг даражасида, — деди Қурбонали ота хайрлашаётиб.

Орадан чамаси беш ойча вақт ўтди. Самарқанддан курсдоши Неъмат қўнғироқ қилиб қолди. Уч кундан сўнг албатта етиб келишини, ўғли Баҳодир янги корхонани ишга тушириш маросимини ўтказаётганлигини, хориждан ва ўзимиздан кўплаб меҳмонлар келишини, маросимдан сўнг собиқ курсдош­лар билан учрашув бўлиши тўғрисидаги хабарни ҳам етказди. Қурбонали ота, курсдошларини эслаб энтикди. Кўпчилиги билан институтни тугатгандан бери учрашмаган. Барчалари ўзгариб кетгандир. Нодира ҳам келармикан. Қурбонали ота албатта боришга ваъда берди. Курсдоши Ойбек қўшни туманда яшайди. Уни топиб бирга боришга келишишди. Белгиланган куни Қурбонали ота собиқ ҳамхонаси ва курсдоши Ойбек билан етиб келганида уларни Неъмат собиқ курсдошларидан бир гуруҳи билан бирга кутиб олишди. Тантанали қисм бошланди. Дастлаб корхона раҳбари сифатида Баҳодир корхонанинг ташкил этилиши ва ишловчиларга яратилган шароитлар тўғрисида гапирди. Кейин хориждан келган ҳамкор нутқ сўзлади унинг гапларини таржимон таржима қилиб турди. Тантанали қисм тугагандан кейин корхона фаолияти билан таништиришди. Кенг ва ёруғ хоналарга замонавий дастгоҳлар ўрнатилган.

Дастгоҳлар ёнида бир хил кийимда чиройли кийинишган аёллар дастгоҳларни эпчиллик билан бошқаришарди. Иш жараёнларини завқ билан томоша қилаётган Қурбонали ота бирдан тўхтаб қолди. Ўша мардикор бозорида учратган аёлни таниди. Беихтиёр ёнига яқинлашди. Синчиклаб қаради, худди, ўшанинг ўзи. Аёл атрофга қарамас, чап иякдаги холидаги дуррача ҳам ўзига жуда ярашган, завқ билан дастгоҳини, бошқарар, юзларида бахтиёрлик акс этарди. Қурбонали отанинг беихтиёр, раҳмат сенга, мингдан бир раҳмат дея лаблари пичирлади. Кечаси мириқиб ухлади. Туш кўрди. Тушида курсдоши Нодира пиёлада чой узатиб жилмайиб турганмиш.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =