Топар ойи

Фаррух Жабборов

Муаллиф ҳақида:

Фаррух Жабборов — 1985 йили Жиззах вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети (бакалавр 2007), Ўзбекис­тон Миллий университети журналистика факультети (магистратура 2012),   Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти фольклор бўлимини (таянч докторантура, 2018) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2006 йили “Hurriyat” мус­тақил газетасидан бошлаган. Ҳозирда oyina.uz маънавий-маърифий портали бош муҳаррири.

 

Топар ойи

(Ҳикоя)

Қовоқхонанинг чиркин деразасидан чорраҳага тикилиб ўтирибди. Сарғайиб юнги тўкилган телпаги четидан оқ оралаган жингала сочлари тошиб чиққан. Ранги униққан чопони ҳам қоқсуяк елкасини яширолмайди. Қора совуқда тўнглаган шуури билан ташқарини кузат­япти. Узоқдан уч бола яқинлашиб келади. Шаҳардан тўлиб-тошиб қайтаётган таксилар, шоша-пиша бозорликларини тушираётган одамлар… Бўш халтасини қунт билан тахлаб, қўлига маҳкам ушлаганча шаҳарга шошаётганлар машинани зумда тўлдиради, киракаш иши юришаётганидан ишшайганча рулни чапдастлик билан ортга буради. Қишлоқнинг тўкилиб қолган “Нек­сия”ю “Дамас”лари ёнида янаям ярқираб аллатовур автомобиль тезлигини ҳам пасайтирмай тупроқ кўчага қайрилади; гарчи қора қиш бўлса-да, бир томчи ёғин ёғмагани боис йўл чангиб қолади. Юкхонасидаги катта сунъий арча шохлари силкиллаб боради…

“Каримбой келди…” – шишадошининг тили айланмай ғўлдирашидан ташқарига маъносиз қараб ўтирган Эгамқулнинг хуши ўзига қайтади, ўрнидан ярим туриб, машина ортидан қарайди: бўйнини қийшайтириб, дераза ойнасига юзини тираб, ғубор ичра йўқолиб бораётган автомобилни нигоҳи билан тутиб қолмоқчи бўлади. Жойига ҳорғин чўкар экан, қўшни дўконга кириб кетаётган болаларига кўзи тушади. Тўнғичи – қиз, онасининг малла тивит рўмолини кампирларга ўхшаб белигача айлантириб ўраб олган. Уч ўғли бултур суннат тўйига амма-холалари олиб келган чопончаларини кийиб, опасига эргашган. Уларнинг калтариб қолган кийимларига қараб, йиллар тез ўтаётгани ҳақида ўйлайди беихтиёр. “Ҳа-а, олдиқ” деган гапдан хаёли тарқайди. Дастурхонга қарайди. Шиша бўшаган, ялтираб турибди. Улфатлар ҳар қанча авайламасин, ароқ ҳам, газак ҳам охири адо бўлди. Ҳаётга аччиқ қилгандек аччиқ-аччиқ ичаётганлар турли ёшда – бировининг мош-биринч соқоли чала олинган, иккинчиси эса ҳаётнинг илк зарбаларига ожиз келган, кейингиси қирқида қариган… барини юзларидаги захиллик, кўзларидаги сўниқлик муштарак оламнинг одамлари эканини англатиб туради.

Баланд пештахта ортидаги жувон тузлама бодринг тўғраш билан банд, ҳар замонда кунда-шунда мижозларига қараб қўяди: бугун байрам, ҳамма уйда тўкин дастурхон, текин ичкилик бор – буларнинг ароқхонада ўтирганидан ажабланади. Шўринг қурғурларни қишлоқда кимдир ёлчитиб меҳмон қилишигаям ишонмайди.

Улфатлар қадаҳ сўзи ҳам айтиб ўтирмасдан, лаби учган пиёлаларни азот кўтариб, ҳавода тўқиштирган бўлади-да, охирги томчисигача сипқариб, ликобчадаги тузлама бодринг бўлакларини ҳидлаб, жойига қўяди. Газакни еб қўймаслик олтин қоидага айланган бу даврада.

Ялтироқ зарлар илиниб, ёрқин рангларда Янги йил безаклари чизилган ойнаванд дўкон ичида келган-кетганга халақит бериб тўрт бола уймалашмоқда. Сармаст ота эса қўшни қовоқхонада ўтириб, хотини фарзандларини байрам дастурхони учун нимадир харид қилгани юборган бўлса керак деб ўйлаяпти. Лекин пулни қаердан олди экан?

Уч ҳамтавоқ унга сўзсиз тикилиб ўтирганидан билдики, ароқ олиш навбати етибди. Чўнтак эса бўш. Сотувчи жувонга рўпара келиш азобини иложи борича ортга суриш учун юзини ташқарига бурди. Сархуш онгининг тўзиган қазноқларида аллақандай хотиралар ғимирлай бошлади.

Мактабни битириш арафаси: орзулар осмон, юрак­лар чаппар уради. Кўнгилда борини айтиш палласи. Қишлоқнинг тор муҳитида бундан кейин имкон бўлмайди. Йигит-қиз учрашмоғи мушкул. Дуркунгина Санамойга ҳеч бир синфдош йигит кўнгил ёролмайди. Шунда Эгамқул ниманидир илтимос қилади. Қиз ўйланиб туриб: “…сенга йўқ дея олмайман…” дейди. Бундан рост дил роз бўлурми, бундан ошкор изҳор бўлурми?! Қисқа сўзлашувга гувоҳ ғайир кўзлар, ғайир кўнгиллар… тезда икки кабутарнинг севги афсонасини оламга достон қилади. Қўрч йигитлардан умидвор бўй қизлар Санамой эгалик бўлганидан шодмон тарқатади бу хабарни. Санамойдан бунақа ширин гап эшитиш тугул, бир нигоҳ ташлашига маҳтал ўсмирлар илк қадаҳини кўтаради ўша куни.

Шеригининг турткисидан ўзига келиб, пештахта ортидаги жувонга тикилди. Ўшал дамлардан қолган қадрдон нимадир қидирди. “Сенга йўқ деб бўлмайди” изҳори худди йигирма йил аввалгидай ҳозир ҳам кўка­йини куйдириб ўтди. Куч берди. Оёққа қалқди. Яқинлашиб борди-ю, юзма-юз келганида шашти қайтди. Бўм-бўш чўнтакларини кавлашга тушди. Аёл ҳам биларди, зотан, унинг ҳемириям йўқлигини. Графинга юз грамм ичкилик қуйиб узатди, бир ликобча тузлама берди. Бу ёнга кўз остидан қараб ўтирган мижозларнинг сармаст онгида йигирма йиллар аввалги севги афсонаси ғимирлаб қолгани ва бу нигоҳларида акс этганини туйиб, қаршисидаги эркакдан ижирғанди. Эгамқул эса ўшал ширин дамлардаги ширин ваъдани, аччиқ ҳаётидаги биргина тотли хотирани, қоронғи кўнглидаги ягона ёниқ шамни юз грамм ароққа алмашиб юборганидан ори қўзиди.   Графинни зарб билан ерга уриб, чилпарчин қилгиси келди – на чора, кўпнинг ризқи…

Шишадошлар кафтларини бир-бирига ишқаб шош­қин қарши олди. Уларнинг жонланиб қолган хатти-ҳаракати шовқинига сотувчи аёлнинг “Болаларингга қарасанг, бўлмайдими?!” деган сўроғи сингиб кетди. Лекин Эгамқулнинг миясини пармалай бошлади. Пиён отанинг ночор болалари дўконда ширин таомларга мўлтираб юрганини бутун олам билганида ҳам бунчалик таъсир қилмас эди. Хаёлан хотинини сўкди. Сабр қилиб ўтирса бўлмасмиди? Каримбойдан қарзини ундириб, ҳали бозордан тўлиб-тошиб борарди-ку!

Ҳамтовоқлар ҳомийнинг ҳурматини жойига қўйиб, алоҳида эътибор кўрсатдилар. Ҳамма қўлидаги қадаҳни ундан сўнг кўтаришини эълон қилди. Эгамқул ғолиб саркарда янглиғ пиёлани бир зарбда бўшатди. Муҳаббатини мана шу дадарларга ичириб юбораётгани алам қилди. Даст ўрнидан туриб, гандираклаб кўчага йўналди. Дўкондан қуруқ қўл билан чиқаётган болаларига ҳам қайрилиб қарамай, анови аллатовур автомобиль кетган томонга юрди. Қизи фаросатли, укаларини дарров панага олди. Отам уришмасин, дедими, ё…

Ўзига ўзи ғўдраниб борарди. Кузнинг салқинида бадани жунжикиб қанча ишлади Каримбойникида. Ана бераман, мана бераман билан қарзини ҳалиям узган эмас. Пулни байрамга яқин ундирсам, яхши-да, ҳозир харжлаб қўяман, кейин Янги йил файзсиз ўтадими, дея аввалига кўп қичамади. Аввалги ҳақини тўламай туриб, яқинда яна чақириб ишлатди. Одамлар уялмайдиям, а?! Бу кўнмаса, бошқаси топиларди барибир. Шунинг учун таранг қилмади. Бойни қарз қилиб қўяверайлик-чи, дея ҳазиллашиб, ундан ўзини баланд ҳис этди, танти ҳис этди. Тонг демади, тун демади – тиндирмади. Орада бойбичча ҳам “Ановини уйтмабсан, мановини буйтмабсан. Байрамга нозик меҳмонлар айтилган, уялиб қоламиз бу туришда”, деб каттасинди. Ҳай деди. Пул одамни гапиртиради-да…

Ҳозир бораман-да, шартта башарасига айтаман, деб ўйлади. Берсанг – бер, бермасанг… Нима дейман? Бермасанг… бермасанг… Худога солдим, десамми? Йўқ, хотинча бўлиб қолади. Кейин, қарзимни қайтиб сўролмайман ҳам. Сеникида ишлагунча далада пахта терсам бўлар экан, ҳарна, уч-тўрт сўм… дейман. Буям аёлча гап. Ҳеч инсофинг борми, Каримбой?! Инсофи бўлса, шунақа қилармиди? Қандайдир таъсирлироқ гап топиши керак-да… Бировнинг ҳақи буюрмайди … – чоллар айтади бунақа насиҳатни. Тешиб чиқсин… – энди буниси кампирларники. Уфф… Ўз ҳақингни талаб қилишдан оғири йўқ экан ҳаётда. Айниқса, одамнинг сурбетига учрасанг.

Мана, бола-чақанг билан маишат қилиб ўтирибсан, меникилар эса оч-наҳор… Ҳа, болаларини қўшса, ҳар қандай инсон эрийди. Кўнгли ияди. Лекин бу суллоҳ “Оилангни менинг фамилиямга ўтказ, ўзим боқволаман!” дейишдан ҳам тап тортмайди. Ҳе, энангни…

Қўшқаватли кошонанинг салобати босди. Тили айланмай қолди. Ўйлаб келган гапларини унутди. Имтиҳонга тайёрланмаган талабадай мум тишлади. Нақшин дарвоза олдига боришга ҳам ҳоли етмади. Неча марта умидсиз қайтганларини эслади. “Эллик грамм камлик қилди-да, бўлмаса ёриб ташлардим ҳаммасини…”.

Ортида интиқ болалари, олдинда… забт этиб бўлмас қалъа. Судралиб бориб, қўнғироқни босди. Бир гал дарвозани тақиллатганида бойбиччадан эшитадиганини эшитган. Нима эмиш, бўёғи кўчар эмиш. Қиш­лоқидан олиб, қишлоқига солган. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, отанг кимчи, энанг кимчи, ўтириб кетингни чимчи! Хўпми? Болалигингда бурнинг оқиб юрганида ўзим ёқангга артиб қўярдим-ку, Оқмирза аравакашнинг қизи?!

Дарвоза ортида қувноқ ғимирлаш сезилди. “Келишди!” дея аёлнинг шип-шип қадам товуши яқинлашди. Ҳали эшик очилмасидан унинг қандай тўмпиллаб келаётганини тасаввур қилди… Гулгун чеҳрага қараб бу ҳам илжайди. Аммо қошлар бирдан чимирилиб, кўзлар ўқрайиб, ялмоғиз башарага айланди. Бунақасини биринчи учратиши. Лолу ҳайрон. Каримбой баланд равоқли пешайвонда турибоқ вазиятни илғади. Янги меҳмонларга пешвоз чиқмоқчи бўлиб ташқарилаган эски қўноқларни яна ичкарига бошлади. Эгамқулнинг кўзлари шу томонда қолди.

– Байрамдан кейин келсин, дедилар! – хотин ҳали унинг муддаосини эшитмасданоқ жавобини берди, эшикни юзига ёпди. Эрига маслаҳат ҳам солмади. “Ҳе… анови ипирисқи… Одамларнинг яхши кунини бузишга уста булар…” – арзимас нарсадек изоҳ бера-бера узоқлашди бойбиччанинг саси.

Қўнғироқни яна босишга журъати етмади. Эллик грамм камлик қилди-да. Орқа дарчасидан кириб борсамикан? Меҳмонларининг олдида изза қилсами? Шеригинг олақарға бўлса, титганинг гўнг бўлади. Бунинг қўноқлари ҳам гўрмиди. Бурқсиган кабоб тутунига эргашиб Каримбойнинг ташқи чорбоғига ўтди. Дастёр йигит чўғ елпиб ўтирарди. Бир-икки қўл олган, ширингина бўп қолган.

– Ҳа, ака?

– Каримбойнинг бериши бор эди, байрам куни келинг, деган, – паст кетгиси йўқ эди ҳамон. Яна, бу ўзига ўхшаб хизматчи тоифадан бўлса.

Тўқиштириб ичгани улфатга муштоқ эканми, йигит уни хуш кутиб олди. Қалин ғўлани курси ўрнида ташлади. Стол тортмасига бекитган ароқдан олиб, икки пиёлага қуйди.

– Қани, бир нима денг, ака!

Индамади.

– Биз алкаш эмасмиз-ку, гапирмай кўтарадиган. Ха-ха-ха!

Эгамқул қўлидаги пиёла билан ишора қилди: “Ўзингдан бўлсин!”. Дастёр ортиқча мулозамат кўрсатмади.

– Оғамнинг ишлари янаям юраверсин. Қози поччаларни ҳам чиройли кузатиб олайлик… Куч-да улар, тиқ деганни тиқади, йўқот деганни йўқотади… Каримбойнинг пуллари, нима дейди, мўл бўлсин, бизгаям томиб турсин… Қани, олдик.

Қип-қизил помидордан бир бўлагини газак қилди.

– Шунинг атрофида доим гирдикапалаксан. Ҳа­қингни ажратиб ололасанми?

– Қаёқда… – энди икки ҳамшиша ҳамҳасрат бўлди. – Пайтини пойлаб, фойдаланиб қоламан. Бозорга юборади янга, ўн сўмлик нарсани ўн икки сўмга олдим, дейман. Машинани тузатишга обораман, пулидан қа­йираман. Кўчада у-бу кимнинг иши бўлса, оғамнинг танишлари орқали битириб бериб, соққасини чўнтакка ураман. Шунақа-да, э…

Йигит шишадан яна ғўлқиллатиб пиёлаларга қуйди.

– Мени ҳозир хотини… мегажин ҳайдаб солди. Эллик грамм камлик қилганди-да, бўлмаса йиртиб ташлардим.

– Йўғ-е, жанжал билан ким барака топибди. Жон-жон деб жонини олган яхши. Одам ўзини ҳеч унутмаслиги керак. Мана, мен шашликнинг қиймасидан ўтиннинг орасига яшириб қўйдим. Болаларим тишининг кирини сўриб ўтирмайди-ку, тўғрими?

Эгамқул беихтиёр ғўла ғўлага, новда новдага ажратиб чиройли тахланган ғарамга қаради. Дас­тёрнинг иш услуби жўялидай туюлди.

– Байрам куни… болаларнинг олдига бўш қўл билан қайтишни айт, – гапириш оҳанги ялинчоқ чиқди, худди ўмарилган гўштдан умидвордай.

– Нега қуруқ қайтаркансиз?! – Тантилиги тутди унинг, ўзининг уйида бўлганида шу хотамтойликни қилармиди-йўқми, худо билади. – Манови партия­­ни меҳмонларга киргизворай, жиянларгаям тўртта шашлик қўйиб бераман.

Лаганга кабобларни дид билан тахлади. Сихларнинг қорайиб қолган учини оппоқ сочиқча билан артди. Шипиллаб дарчадан ҳовлига кириб кетди.

Бу бўлса, пиёлани бўшатди. Яна тўлдириб қуйди. Йигит оғзи қулоғида чиқиб келди.

– Оғамнинг танишлари куч-да, – шиша бўшаб қолганини пайқади. – Бунинг ҳам изини ўчирамиз, – деб ғарам ортига отиб юборди. Тўрт сих кабобни қўрага қўйди. Жизиллаб сели оқиб, тутай бошлади. Шу пайт дарча очилиб, болакай кўриниш берди. Одамга беписандлик шугинада ҳам бор-а.

– Ичганингизни айтаман дадамга.

– Ия, биз сен билан келишволганмиз-ку, баҳор келса, варрак ясаб бераман, – машҳур фильмдаги гап билан уни калакалади. Кенжатойга эса бу таклиф қизиқ туюлди.

Икки улфат пиёлаларни бўшатиб, стол тортмасига яширди. Дастёр қизариб пишган кабобларни лаганга олди, манови бўшанг қишлоқдошимга қандай қилиб бериб юборсам экан, деб ўйланиб турган эди, болакай бир шашликни ейишга чоғланди. Эгамқул ғайришуурий тарзда илкис туриб, унинг қўлидан сихни тортиб олди. Кенжатой ариллаб қолди. Аммамнинг калишидай ланг очилган оғзидан ҳали чайнаб улгурмаган гўшт бўлаги пастга тушди. Дас­тёрнинг кўзи олазарак. Зум ўтмай, Каримбой чиқиб келди. Буни кўриб, таъби тирриқ бўлди.

– Ҳа, кучинг шу болага етдими?

Эгамқул тишланган кабобни лаганга қўйиб, қарздори қараб юрди:

– Отасигаям етади кучим, – шундай дея мушт дўлайтган эди, бойнинг дағдағасидан қўли муаллақ қолди.

– Ур-Ур! Умрингни қамоқда чиритаман. Болаларинг эшикма-эшик сарғайиб ўтади, – ғазабини янаям сочмоқчи бўлди: – Ҳурлиқо хотининг… қўлма-қўл айланади! – худди олдиндан ёдлаб олгандай изма-из кучайтириб борарди ҳақоратларини.

Эгамқул кузнинг замҳарир кунлари ўзи қуйган бетон йўлакда даҳшатли хавфни сезган ожиз қуён каби оёқларини тапиллатиб, қўлларини силкитиб қолаверди. Каримбойнинг тумшуғига тушуролмади. Шарт ортга бурилиб, лагандаги тўрт кабобни намойишкорона кўтариб ҳайдади. Ҳақининг бир қисмини бўлса-да, айириб олгандек ҳис этди ўзини.

Болалари эса учинчи ё тўртинчи марта дўконга қайтиб борган эди. Бир-биридан мазали ва ширин тортларга мўлтираб турарди. Кенжаси раста ойнасига қўлини теккизиб, худди ширинлик ялагандай оғзига солди. Сотувчи отахон кўз қири билан қараяпти. Буни пайқаган қиз “Дадам пул олиб келса, мана шунисини сотволамиз”, деди астагина, укачаси хаёлан ялаб қўйган тортни кўрсатиб. “Отаси ичиб-сичиб юрибди, болаларининг аҳволи эса бу”, дея кўнглида раҳм-шафқат туйғуларини уйғотаётган сотувчини бошқа харидорлар чалғитди. Бугун олармон кўп, савдо зўр.

Қоронғи тушиб, кўча-кўйни маст-аластлар сурони тўлдирганида қишлоқнинг бир четидаги лойсувоқ уйда опа ва уч ука камтаргина байрам дастурхонига йиғилди. Аёл биттагина сариқ олмани юпқа арчиб, болаларига майда-майда тўғраб берди. Пўчоғини ўзи еяётган эди, улушини паққос туширган кенжаси мўлтайиб қаради, “Шийинми?” деб сўради. Онанинг оғзидаги пўчоқ ҳам тала-тала бўлди.

Аёл эри аллақайдан топиб келган, совиб мойи тўнг­лаган кабобларни дастурхонга қўйди. Сих учидаги куйган, кўмир тутунидан қорайган жойларини ажратиб, қолганларини жужуқларига улашди. Қизи “Аям ҳам есин”, демаганида уч гўрсўхта ўғил куйиндига ҳам эга чиқармиди.

Ота эса ўзини ухлаганга солиб, сархуш ётибди. Гоҳ кўзи илинади, гоҳ хаёллар қийнаб ингранади. Болалар қорни қовзаниб, нафси ҳартугул қониб, кўчадаги гулхан атрофида қийқириб ўйнаётганларни деразадан томоша қилади.

– Бугун тунда қорбобо келади, яхши болаларга совға беради, – дейди қизалоқ укаларига.

– Аясининг шашлигини еб қўймаганларгаямми? – деб сўрайди катта укаси.

– Менга мошинча керак эмас, торт керак! Кат-тасидан, – қулочини ёзиб кўрсатади кенжа. – Мана бундай. Йўқ, мана бу-ундай, – кенг очилган қўллари ҳатто ортига ҳам букилиб кетади. Барибир кўнгли тўлмайди. Акасининг қулочи кенгроқ туюлади. – Ака, сиз кўрсатинг…

– Йўқ, менга шашлик олиб келсин, – дейди ўртанча ўғил.

– Тишланмаганиданми? – деб сўрайди кенжатой.

Аёл эрининг оёғини уқалаб, йиғлаб ўтиради. Эгамқул эса…

Эртасига қишлоқ кеч уйғонди. Худди бир йил уйқуда ётгандек ҳамма карахт эди.

– Эгамқул! Ҳо, Эгамқул! – чақирган товушдан аёл уйғониб, эрини туртди. Унинг боши лўқиллаб оғрирди. Иссиқ ўрнидан туриш ёқмади. Келган одам ҳам жуда тирриқ экан, ҳеч кетавермагач, чопонга ўралиб ташқарилади. Атрофи девор билан тўсилмаган яйдоқ ҳовли. Сотувчи отахон қўлида торт билан айвонга яқинлашиб қолган эди. Эгамқул ажабсиниб анграйганидан салом берган-бермаганини эслолмайди ҳам.

– Янги йил қутли бўлсин!

Эгамқул чақирилмаган меҳмонга ҳайрон-ҳайрон боқди. Қўлидаги ширинлик… Шунинг ўрнига эллик грамм бўлсамиди, бошоғриққа зап ярарди-да.

– Болаларингга, – деди чол. Хижолат бўлмай олсин деган ўйда ўзича тушунтирди: – Энди бунга ит ҳам қарамайди. Байрам ўтиб бўлди.

– Пулини… – деди Эгамқул.

– Ҳе… топар ойида берарсан, – уни хижолат қилмай, тезроқ кетишга шошилди дўкончи.

Отанинг қора тўни ортидан икки ўғил мўралади. Бир-бирига қараб илжайди. Ютинди.

– Каримбой мендан қарз. Каттагина қарзи бор, – маҳобат қилди Эгамқул. – Шуни ундиришим билан келинингиз олган майда-чуйданинг ҳам пулини етказаман.

Чол тортни болаларга тутқазиб, кўчага қараб юрди. Эгамқулга эса эллик грамм камлик қилиб турарди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =