Кулранг бўри

Суюндик МАМИРОВ

 

Муаллиф ҳақида:

Суюндик Мамиров — 1970 йил Ғаллаорол туманида туғилган. 1997 йил Тош­­ДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Шеър ва ҳикоялари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Шарқ юлдузи” ва “Ёшлик” журналларида чоп этилган. Ҳозирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасида етакчи мутахассис вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

 

Кулранг бўри

(Ҳикоя)

Бир кулранг бўри билан анчадан бери кўз таниш бўлиб қолганмиз. У менга яқинлашмайди, мен унга. Оралиқдаги масофага қарамай иккимиз бир-биримизни сўзсиз тушунамиз. Ўша бўри қаёққадир югуриб кетаётганини ёки инига қайтаётганини кўриб қолсам, қўлимни оғзимга карнай қилиб овоз бераман. У мени товушимдан билади. Бир дам тўхтаб, “ҳа, бу сенми, қўшни”, дегандай қараб қўяди. Қоятош ёнига кириб-чиқишидан ини шу ерда. Муҳими, қўйларимга ҳужум қилмайди, ўтга берилиб, маконига яқинлашиб қолганида ҳам зиён-заҳмат етказмайди. Бунга ишончим комил.дам қилганини одам қиларкан-да, қўй боқишга ҳам кўникиб кетдим. Аслини олганда, қишлоқдан шаҳарга, шаҳардан қиш­лоққа йўловчи ташийдиган киракаш эдим. Ким неча сўм бераркан, деб қўлига қарардим. Э, бу менга ўхшаган шахсий автомобилида киракашлик қиладиганларнинг навбат талашиб жанжаллашиши жонимга тегиб кетганди. “Ноқонуний фаолият олиб бораяпсан”, дейдиган текширувчиларнинг жаримага тортишидан роса юрак олдириб қўйгандим. Барчасига қўл силтаб, тоғу тошга чиқиб кетиб, қулоғим тинчиди. Маза, тоза ҳаво — танга даво. “Ҳой, нима қилаяпсан”, дегувчи йўқ.

Биласиз, давраларда мавзу баъзан айланиб-айланиб бўриларга бориб тақалади. Шунда бу ҳайвон ўта йиртқич, оч қолганида ҳатто одамларга ҳам ҳамла қилиши, чорвага қирон келтириши ҳақида эшитиб қоламиз.

Мени одамлар билан ҳудуди ёнма-ён тўғри келиб қолганда, биз йиртқичлигига ҳечам шубҳа қилмайдиган шу ҳайвон қўни-қўшничилик тартиб-таомилларига қаттиқ амал қилиши, ҳатто инсон билан қиёс­лаганда ҳам орқа-олдини ўйлаб, ақлли иш тутиши ҳайратга солади.

Шунга қараганда кулранг бўри ўз ризқ-насибасини узоқ-узоқлардан топиб, қорнини тўқлаб, кейин Қоратош ёнидаги инига қайтса керак, бундай дейишимнинг яна бир боиси қишлоғимизга бўри оралаганини эшитмаганман. Демак, шу атрофда ов қилмаслиги аниқ, мен тоғ адирларида бамайлихотир қўйларимни ўтлатиб юраверсам бўлади.

Кунларнинг бирида овчилар келиб, кулранг бўрини суриштириб қолишди. Улардан ҳар иккисининг авзойи бузуқ, буни елкаларига осилган милтиқ ҳам исботлаб турарди.

— Шу тоғлардан бир кулранг бўри қўшни туманга ўтиб, чорвага зиён етказаётган экан. Биз унинг изига тушганмиз, лекин жуда айёр бўлгани учун ҳечам тутиб бўлмаяпти. Қўйларни адирларда боқиб юриб, ўша бўрига кўзингиз тушган бўлса, ини қаердалигини бизга кўрсатинг.

Хўш, мен қандай йўл тутишим керак? Бўрининг инига бошлаб борайми? Йўқ, мен ундай қилмайман. Ахир, бирон ёмонлик кўрмаган бўлсам, бу инсофданмас.

— Адашаяпсизлар, бу тарафларда бўри йўқ. Агар бор бўлганида мен билардим. Инини излаш бефойда, — деб гапни қисқа қилдим.

Овчилар бир-бирига қараб қўйди. Назаримда, улар менга унчалик ишонишмади. Ниманидир яшираяпти, деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин.

— Бўрининг суробини тўғрилашга ёрдамингиз тегса, сизни қуруқ қўймаймиз. Бизга ҳам, сизга ҳам мукофот бор. Бундан ташқари, бўрининг териси, тиши, тирноғи катта пул туради. Мижозларимиз ҳам тайёр. Сотамизу уччаламиз бўлишиб оламиз.

Ҳа, мана уларнинг асл мақсади нима экан. Гап бўри йиртқич, ваҳший ҳайвон сифатида чорвага хавф солаётганида эмас, бу бир баҳона экан-да.

Шартта бурилдим-у, хайр-маъзурни насия қилиб, узоқлашиб бораётган қўйларни овоз чиқариб тўхтатдим. Шунинг баробарида итларни ҳам чақирдим.

— Бу йиртқичдан ҳеч қачон яхшилик кутма. Эртами-кечми у сенинг қўйларингга ҳам ҳужум қилади, — деб овчилар ортимда бақириб қолаверди.

Орадан неча кун ўтиб, кулранг бўрини тепада чўнқайиб ўтириб, осмонга тумшуғини чўзиб увиллаётган ҳолатда кўриб қолдим. У ҳам мени кўрди. Бирмунча вақт тикилиб турди. Яхшилаб разм солсам, гўёки овчиларга уни айтиб қўймаганим, инига бошлаб келмаганим учун менга миннатдорлик билдираётгандек эди. “Ҳа, қўшни, мендан хотиржам бўлавер. Сени ҳеч қачон сотмайман”, деб кўнглимдан ўтказдим. Бўри буни тушунгандай аста ўрнидан қўзғалиб, бир увиллади-да, тоғлар бағрида кўздан ғойиб бўлди.

Бир гал эса узоқдан Қоратош ёнида итнинг боласидек келадиган бўрибаччалар ўйнаб юрганини кўрдим. “Бўри нега йўқ бўлиб кетди, овчилар отиб ўлдириб қўйдими?” десам, хавотирим ўринсиз, бўри болалаган экан-да. Қизиқ, кулранг бўри она бўри бўлса, ота бўри қаерда? Уни мен нега умуман кўрмаганман? Балки ота бўри аллақачон овчилар тузоғига тушгандир. Билмадим, билганим она бўрига қийин. Болаларининг қорнини тўйдириш учун якка ўзи овга чиқишига тўғри келади.

Кўнглимдаги ўй бекорга пайдо бўлмаган, хавфни олдиндан сеза бошлаган эканман. Нима бўлди, нима қўйди, қўшничилик тартиб-таомиллари қаерда қолди — тушунмадим. Ўша куни мен уйга эрта қайтгандим. Адирда, қўйнинг ёнида икки ўғлим қолганди. Кечки пайт қўйларни ҳовлига ҳайдаб келишди. “Бу нимаси, бироз сабр қилишса, ўзим борардим. Кечаси ўтлатардим”, деб ҳайрон бўлдим.

— Дада, биттасини бўри олиб қўйди, — деди тўнғич ўғлим йиғламсираб.

— Наҳотки, кулранг бўри шу ишни қилган бўлса? — деб ишонгим келмади. — Ахир биз эски қадрдон эдик-ку. У қўй-қўзиларимизга сира ола қарамасди. Э, йиртқични тушуниш қийин, барибир ҳайвонлигига борар экан-да. Мен шу бўрини овчилардан асраб қолибман-а.

— Дада, қўзичоққа кулранг бўри тегинмади, — деди кичик ўғлим тутилиб. — Бўри болалари уни галалашиб, Қоратош ёнига олиб кетиб қолишди. Онасини биз кўрмадик.

Гарчи кулранг бўрига ишонсам-да, мол аччиғи — жон аччиғи деганларидек, кўнглимга шубҳа оралади: “Болалари улғайиб қолди. Энди она бўри уларнинг қорнини тўйдиришга қийналяпти. Шунинг учун ўзларини ов қилишга ўргатяпти. Дастлаб ўлжа учун менинг адирда ўтлаб юрадиган қўйларимдан маъқули йўқ. Ини ҳам яқингинада. Она бўри болаларига йўл-йўриқ кўрсатиб, ўзи бирон панада уларни кузатиб турган. Ҳа, қулай вазиятда раҳм қилмасдан, қўшничилик демасдан овчиларга инини кўрсатсам, ҳозирги аҳволга тушиб ўтирмасдим. Энди бирон чорасини топмасам, кулранг бўри ҳам, болалари ҳам қўйларимни тинч қўймайди.

Демак, овчиларга хабар бераман. Йўқ, бундай йўл тутишдан олдин кулранг бўри билан учрашишим лозим. Қани, кўрай-чи, бўлиб ўтган воқеадан кейин у ўзини қандай тутаркан?

Атай қилаётгандек, кулранг бўри менга дуч келавермади. Узоқ-узокдан кўзим тушиб қолиб, орқасидан ҳайқирганимда эса тўхтамади, ўгирилиб ҳам қарамади.

Орадан ўн кунлар ўтгач, ярим тунда ширин уйқуда ётгандим, итлар безовталаниб ҳура бош­лади. Ҳовлига “тап” этиб бир нарса тушгандай бўлди. Шоша-пиша кийиниб ташқарига чиқсам, қўра эшиги ёнида каттакон бир қўчқор қўрққанидан ичини уриб турар, тоғ томонга таниш — кулранг бўри дўлтанг­лаб чопиб кетарди. Қўчқорни қўтондаги қўйлар орасига киритиб юбордим. “Э, қўшни, қулоқсиз болаларингнинг шўхлигини, айбини тан олсанг бўлди эди. Менга товон учун қўчқор олиб келишинг шартмасди”, деб қўйдим.

Ўша кезлари айни қиш ўртаси бўлиб, қўйлар қамовда эди. Тоғнинг нариги бетидан бир чўпон ошнам от миниб, уйимизга келди. Ҳангомамиз қизиб, кулранг бўри билан бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердим.

— Бўри келтирган қўчқорни бир кўрсам майлими? — сўради меҳмон.

— Бажонидил, қўтонга юринг, кўрсатаман, — дедим.

Чўпон ошнам қўтонга кириб, қўйларни оралаб қўчқорини дарров таниди. Қулоғига қанақа эн босилганини айтди. Бундан чикди, кулранг бўри қўчқорни унинг отаридан олиб қочган экан-да.

— Сизники бўлса, узр, қайтишда олиб кетасиз, — дедим.

У унамади.

— Йўқ, олиб кетолмайман. Бўрилар жуда сезгир ва кузатувчан ҳамда ўта қасоскор бўлади. Агар кулранг бўри сиздан қўчқорни олиб кетганимни сезиб қолса борми, менинг сурувимдаги қўйларни соғ қўймайди.

Кулранг бўрини ҳамон тоғ адирларида учратиб тураман. Қўшничилик муносабатларимиз яна изига тушиб кетди. Сўнгги пайтларда кулранг бўри ўзи ҳужум қилмаганидан ташқари, бошқа бўриларни ҳам қўйларимга яқинлаштирмаслигини сеза бошладим…

Лекин кулранг бўри билан бундай илиқ муносабат сирини ўзимча кўп ўйладим. Йиртқич жондор бўлса, нима учун у менга ҳеч зиён етказмади. Аксинча, болаларининг бир сафарги қилмиши учун “товон” тўлади.

Қизиқ, аммо бу сирни тушуна олмадим…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − 2 =