Абадий садо
Абдулла Орипов билан замондош эканлигимиздан фахрланмоғимиз лозим. Бир пайтлари шоир китобларини пештахта остидан сотиб олганмиз. Мутолаа қилганда, кўзимиздан беихтиёр узилган томчи ерни “тебратиб” юборган десак, муболаға бўлмас. Мудроқ шууримизга ойдинликнинг тафтини улашган аъшорлари қалбимизнинг боқий мулкига айланган. Бир куни ёзувчи Назар Эшонқул билан хиёбон четидаги йўлак бўйлаб кетаяпмиз. Кузнинг тафтсиз қуёши дарахт шохларига чирмашиб, онасини йўқотган боладай бежо ва ранги сўнариб боқади. Чинорнинг юрак шаклидаги барглари ҳавода ўйнаб оҳиста ерга қўнади. Бир текис қатор экилган сентябрь гулларининг ачимсиқ ва ёқимсиз ҳиди ҳавода муаллақ ўтириб қолган. Кимдир унутиб қолдирган ва бирор қўл тегмаган сарғайган мактуб каби сарғимтил хазонлар оёғимиз орасида инграгандай бўлаверади.
Беихтиёр Назарга гап қотаман:
– Абдулла ака етмишни уриб ҳам биздан тиниқроқ шеърлар битаяпти. Ҳали-ҳамон қалби навқирон.
– Аллома шоирга Аллоҳдан чексиз заковат ато этилган-да. Заковатнинг кучи бу.
– Белинский ҳақ экан. Инсон шуурида туғилган асар умрбоқийлик касб этишига ишондим.
– Ҳа, заколикнинг қудрати илоҳийликдан.
Йўлма-йўл юриб қурган суҳбатимиз асносида Абдулла аканинг бир шеъри атрофида ўз мулоҳазаларим билан ўртоқлашгим келди. Бу мақолани “Абадий садо” деб ҳам номладим.
Турғунлик даврининг энг мудроқ фаслида ўзбек адабиётида “халқчилликнинг уқувсиз куйчиси эмас, балки чинакам санъаткори” (В. Белинский) сифатида Абдулла Ориф майдонга келди. Унинг оташларга йўғрилган поэзияси маънавий бўшлиқни қалб пафоси билан тўлдирди. Асрий қатқалоқлик эркин фикр тажассумида ҳаётбахшликка юз бурди. “Титроқ юлдуз каби музлаган шуур”да замонамиз қурамалиги, яъни замонасозлик муддатини ўтаган махфий қўлёзмадай куйдирилди. Соф туйғулар пўртанаси ақлий жунунлик ва ҳавойи эҳтирослар пуфагини сидириб ташлади. Шоирнинг “Куз хаёллари” шеърини пичирлаб ўқийман:
Қорайганда узоқ тоғларнинг қори,
Боғларга чўкканда оқшомги туман,
Совуқ куз елидан жунжикиб, нари –
Очиқ айвон остин этганда маскан.
Дўстгинам, хаёлан қучаман сени,
Хазон даврасида кутаман сени.
Ҳолат ойдин. Аммо дўстни хазон даврасида кутиш шеър муҳибини ҳайратга солади. Нега, нега деган савол акс-садодай тўлқин ҳосил қилади. Шеърнинг иккинчи олтилигида ҳам табиат манзараси бетимсол чизгиларда мавжланади. Шоирнинг муддаосини учинчи олтиликда яққолроқ сезишга жазм этасиз ва муяссар бўласиз.
Нимани хоҳлайман? Истагим нима?
Чангалзор шовқинин тинглаб тураман.
Япроқлар бандида кезган жимгина
Маъюс ва безовта кузни кўраман.
Унинг қўшиғида, унинг оҳида,
Сезаман одамзод қалбин гоҳида.
Ногаҳоний оловли туғён музлаган томирларингда хурофий шовқинга эмас, илоҳий завққа рағбат, бедор туйғуга майл уйғотади. Ҳар қандай шовқинда яланғочлик бор. Шовқин – қофиябознинг шақилдоғи, у туйғулар жунунини тўнглатади, эҳтирослар эркини вазнсизликка мубтало этади. Эрксизлик ва залолат шовқини инсоний умид қотилидир. Япроқлар бандида жимгина кезган безовталик (маъюслик ҳам!) оҳида одамзод қалбини сезиш – бу яшашга берилган ҳуқуқдир. Аслида, ҳаёт – чекланмаган имтиёз.
Унга бари бирдай ҳаёт ва ўлим,
Гўёки кекса чол сўнгини ўйлар.
Ва секин силкитиб қаҳрабо қўлин,
Кўрганин-билганин бирма-бир сўйлар.
Бир ҳикмат ўқийман хазонлардан мен:
“Яшагину, бироқ япроқ бўлма сен”.
“Қаҳрабо қўл” – топилма. Чолнинг қўли қурушқоқ, қаҳрабо тус. Чолни кузга муқоясалаш айни кесишмаган чизиқдай аниқ таассурот қолдиради. Хазон – йўқликдан нишон, унинг шитирида сўлғинлик гиряси ўрлайди, мунг савқида эса ҳаёт моҳиятининг хоссасини кўрамиз. Шоир қалби улуғ бир ҳикматни англади: “Яшагину, бироқ япроқ бўлма сен”. Бу – қалб иқрори.
Мангу яшилликнинг маскани қайда,
Қайдадир хазонни билмаган баҳор?
Нечун у ҳовлиқиб оққувчи сойда,
Чавандоз умрининг қайтмас сеҳри бор?
Нечун уйғонади қайтадан баҳор,
Нечун инсон умри бўлмагай такрор?..
Шоир яшилликнинг мангу масканини инсон қалбидан ахтаряпти. Қалб иллатлардан тозаланмас экан, ундан хазонрезгиликка рўйхуш бермас кўклам манзил тополмайди. Мангу адашади. Қалб баҳоригина инсон руҳиятини бедорликка чорлайди. Инсоннинг ўзи мамлакат. Унинг ҳукмдори ҳам, қули ҳам унинг ўзидир. Ҳаёт – буюк мураббий. Инсон ҳаёт таълимини ўрганиш, ўзини англаш баробарида ўз “мамлакати”га эгалик ҳиссини уйғотади ва ўрнатади. Турғунлик даврининг яланғочлиги, одамлар шуурининг нурсизлиги шоир ҳаловатини жунбушга келтиради. Шоирни кузнинг хаёлидан кўкламнинг нашъаю нағмасини топиш, унинг ҳукмдори бўлиб қолишга даъват этган урғу ҳам шундандир. Шеърда икки қутб мавжудлиги ушбу хулосани туғдиради. Бу – менинг фикрим. Ҳайқириб, ҳовлиқиб оқаётган сойдан чавандоз умрининг қайтмас сеҳрини англаган шоир муножотида дилтанглигу бедорликка сафарбар этган туйғу бурғусини беҳуда чалмаяпти. Инсон умри такрорланмаслиги шоирни қаттиқ ўйга солаяпти. Инсон ана шу такрорланмас умри давомида ўз баҳорини топа оладими ё йўқ? Умр такрорланмайди, баҳор уйғонгувчи. Умр ва баҳор муштараклиги мавжуд эмас экан, инсон ҳаёти хазонрезгиликка маҳкумдир. “Шоир файласуф эмас, мусаввирдир. Унинг манзара ва тасвирларидаги ҳамишалик мавзу “шуҳратга тўла ижод” – беҳудуд ва ранг-баранг ҳодисаларга тўла оламдир. Поэзия кўнгилга образлар билан сўзлайди ва ундаги образлар ибтидоси табиатнинг барча жузъий ҳодисалари ва шакллари қурилишида товланиб турган гўзаллик ифодасининг моҳиятидир”. Бу– Белинский талқини. Буюк мунаққид излаган образ юқоридаги мисраларда қуйма тарзида ўз ифодасини топган.
Мени саволларга кўмар дафъатан,
Хазоннинг тақдири, сўнгги шовқини.
Кўзимга кўринар умрим қайтадан,
Гарчи сурмакдаман баҳор шавқини.
Гарчанд йигит ёшим яшнаб турса ҳам,
Кексалик қисматин ўйлайман шу дам.
Нақадар болдек тотли мисралар! Хазоннинг тақдири шоир хаёлида “шовқин” солаяпти. Шоир шовқинда эмас, баҳор шавқида умрининг қайтадан ҳадди-ҳисобини ўлчаяпти. Нега яна йигит ёши яшнаб турса ҳам, кексалик қисматини ўйлаяпти? Кексаликда қалб навқиронлигини сақлаб қолиш ҳар кимнинг ҳам чекига тушавермайди. Ҳаёт чархида чархланавериб, жисмоний ва руҳий қувватига дарз кетган киши дунё маломати юкидан қалб мажруҳлигига йўлиқиши баъзан тасаввуримизга келавермайди. Ана шундай дамда…
Шу дам туйғуларга тўлади кўнглим,
Титраб тарашлайман қаламим учин.
Тонг ҳам ёришади, эй менинг умрим,
Бунчалар тезликда чопасан нечун?
Хазонлар шошади, шошаман мен ҳам,
Дўстим, ҳузуримга шошиб кел сен ҳам!
Хазон инсон умрини қадам-бақадам таъқибга олади. Умрнинг тезоблиги хазон шошқалоқлигига ўзаро кесишмайдиган чизиқ тортади. Булар қандайдир бутунликнинг маълум эҳтиёт қисмларга эҳтиёжини оширади. Бу техник таъриф эмас. Шоирни титраб қалам тарашлашида ҳам яшашга чорлов бор. Чорловдан ҳикмат туғилаяпти. Шоир ўз қалб кечинмалари орқали давр руҳининг маҳзунлигини аниқ чизгиларга жо қила олган. Абдулла Ориф ушбу шеърни 21 ёшида битган. Бу– шоирда туғма истеъдоднинг белгиси. Бу йўлда неча кўйлак йиртиб, қуш қўнмас муштдек “тепалик”ка эришолмаганларнинг сони мингта. Савқи табиийликнинг қудрати ҳам шунда-да! Ҳа, ноёб истеъдодлар ҳамиша, ҳар даврда бармоқ билан санагудай даражада камёб учраган.
Рус танқидчиси Белинскийдан ранжимаган ҳолда чин шоирни ҳақиқий файласуф деб атагим келади. Буюк файласуф Пифагор шоирликнинг уч қутби, яъни бастакор, рассом ва файласуф умумлашмасидан мавжудлигини эрамиздан аввалги асрларда инкишоф этган эди. Мана шу нуқтаи назардан қараганда, муҳим уч қутб Абдулла Орипов ижодида ягона нуқтада бирлашган. Лекин инсоният кечмишида шундай бир давр бўлдики, шоир шеъриятида куй сеҳри, мусаввир мўъжизакорлиги, донишманд заковати баробар ўзи яшаётган даврнинг фарзанди эканлиги ҳақидаги энг тўғри ҳақиқат ҳам ўз аксини топмоғи лозим эди. Абдулла Орипов шеъриятидаги “бу бешафқат ҳақиқат–барчамиз дунёда ягона Ватан–Ўзбекистон фарзандлари эканлигимиз” бутун-бутун авлодларни тарбиялади. Шу ўринда яққол айтиш шартки, маънавий-руҳий замонида ҳам Абдулла Орипов шеърияти инсон манзараларининг моҳир наққоши сифатида адабиётга тамал тошини қўйди. Ватан ва инсонга муҳаббат туйғуси олий мақом кўринишини олди. Ҳар бир юртнинг табиати тилсимотдир. Турфа мўъжизалар куйига ҳамоҳанг. Шоир инсонни дунёга шамолдек келиб, шундоқ кетишини англаган ҳолда ўзининг боқий камолини ўз шеъриятида олдин кўра билди.
Қанча шамолларга юзимни бурдим,
Улардан эсдилар турфа хил нафас.
Уларда гоҳ қайғу, гоҳ шодлик кўрдим,
Тўхтамай ўтдилар бари ҳам бирпас…
Фақат қайғулардан сен ўзинг холи,
О, юртим шамоли, юртим шамоли.
Шоир шеъриятида инсон изтироби рангин ташбеҳларда тобланди, чексиз фароғат бахшида этгувчи ҳикматларда юксак жозиба касб этди. “Еллар ҳам уйғонди ишқалаб кафтин”, “Увада камзулда биллур тугмадай, “Булутлар ортидан боқади юлдуз”, “Минорлар эмас бу – фалакка қасам”, “Чўнтакдан тўкилган тангалар мисол, Шуълалар ўйнайди супа учида”, “Борлиқ ҳам мисоли ўйчан мусаввир – Нақш этмиш деразанг узра саволлар” каби шаффоф мисраларда қалб гўзаллиги, ҳаётга ташналик, инсониятга раҳнамолик, Коинот тартиботини бузишга уринувчи ёвуз кучларга қарши кураш, нафосат ва фасоҳат чаманларига муштараклик туйғусини улуғлашни ҳар бир шеърда учратасиз ва ҳайрат гирдобига чўмасиз.
Абдулла Орипов шеърияти ҳақида фикр юритиш бизни башар мавжудлигининг сирли-синоатли, жозиб ва тилсимли дунёсига бошлаб боради. Бу изланишда инсон ҳаётига тегишли қалб ва тафаккур, хаёл ва тасаввур, идрок ва заковат дунёсининг энг теран жиҳатлари билан рўбарў келасиз. Зеро, бу шеърият –ҳаёт маёғи бўлиб, абадиятдан садо эканлигини янада чуқурроқ ҳис этасиз ва қувонасиз!
Ўроз ҲАЙДАР