“Аълочи” иккичилар

Биласизми кўпроқ қандай ўқувчилар ота-онасига устозидан шикоят қилиб боради? Ўқишга умуман қизиқиши бўлмаган, танбал ва ландавур, безори ўқувчилар. Улар учун ўзларига ўхшаган яъни, улар нима қилса-да, нима бўлса-да бир тийинлик иши бўлмайдиган, бефарқ ўқитувчилар ёқади. Қўйиб берсангиз ўқитувчи эрталаб дарсга кирса-ю, столига синф журналини қўйиб, ҳозир келаман, жим ўтириб туринг­лар деб дарс тугагунга қадар келмаса-да, нима дедингиз?

Ҳой, манави китобни ўқиги-и-н деб қаттиқроқ гапирса борми, “устозим мени тенгдошларим ичида дўқ-пўписа қилиб, камситди”, деб дунёга жар солади. Ҳа, бу аниқ. Ўша куннинг эртасигаёқ устоз бечора ўша ўқувчи билан бўлган воқеа ҳақидаги, телеграмда тарқалган видео учун бутун Ўзбекис­тон халқи олдида жавоб бериб турибди-да. Бундай ўқувчиларга бирор-бир қўшимча адабиёт, ўқувчилар газетаси ёки журналларидан бирини тутқазишни-ку айт­май қўяверайлик. Давлатимиз конституцияси неча бобдан иборат эканлигини билишмаса-да, “мажбурий обуна” деган гапни жуда яхши билишади бу хумпарлар.

Нимасини айтасиз, мактабда мана шундай, текканга тегиб, тегмаганга тош отиш учун келадиган ўқувчилар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Қизиғи, телбанинг ишини Худо ўнглабди деганларидек, мана шундай ўқувчиларнинг айримлари кейинчалик қандай қилиб (жуда қизиқку-я) не­ажабки яхшигина лавозимларда пайдо бўлиб қолишадими-ей. Жуда ғалати-а? Одам доим ҳам бир хил туравермайди-ку, ақли кириб ўзгаргандир-да демоқчимисиз? Зора шундай бўлса, қанийди. Аммо бугун ўша курси минган “арзандалар” худди кечагидек “Газета-журнал нимага керак?”, “Китоб ўқиш нимага керак?” деб билағонлик қилишмоқда. Бундоқ олиб қарасак, уларнинг гапи ҳам бир томондан тўғридек кўринади. Нега десангиз, бу каби одамларнинг шу кунларга етиб келишига газета ва журналларнинг, китобларнинг умуман “кераги” бўлмаган-ку, ахир. Аммо…

Улар ўзига керакли ахборотни, турли маълумотларни интернетдан олади дейсизми? Қандай ахборот керак ўзи уларга? “юқори”дан берилган топшириқларни обдон ўқиб, ўрганиб, тўла-тўкис бажаради деб ўйлайсизми? Ахир, бундайлар азалдан ўзини қийнамай, “озод” яшаб ўрганган одамлар-ку!

“Замон-замон – бизнинг замон, даврон бизники” деб айтиладиган қўшиқ бўлармиди? Бўларди. Лекин барибир саводсизлик, маънавиятсизлик, билимсизлик ва нодонлик ҳукм сурар экан, у ким бўлмасин, кун келиб, ўз кучини кўрсатади, самарасини беради. У бошлиқ ташкилот, корхона ёхуд боринки бирор ҳокимлик бўлсин, кун келиб, аҳволга маймунлар йиғлайди. Энг ёмони ва энг ачинарлиси бир пайтлар ўқитувчилари ачиниб “3” қўйган аслида баҳоси ғирт “2” бўлган нодон қолдирган “мерос”дан қанча одам жабр кўргани қолади. Ана шунисига йиғлагинг келади-да.

Камол ҚАЙСАР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =