Бир балоси бўлмасa…

Даврий нашрлар ривожига тўсиқ бўлаётган айрим муаммолар ҳақида

 

Кўпчиликнинг дилидаги,   тилидаги гапни айтсангиз, эшитганнинг,   ўқиганнинг   қулоғига қўрғошиндай   қуюлади. “Hurriyat”нинг шу йил 4-сонида 80 ёшдан ошган зиёли   отахоннинг “Матбуотга қайтмасак бўлмайди” сарлавҳали мақоласини   ўқиган ҳар бир ҳақиқий   зиёли газетхоннинг “яраси янгиланди” десак, муболаға бўлмас.

 

Касб тақозоси ва хизмат   юзасидан ҳар ойда уч-тўрт   туманда бўламан, турли тоифадаги одамлар билан суҳбатлашишга тўғри келади.

…Ташкилот раҳбари қандайдир йиғилишга кетган экан.   Ходимлардан бири ўтириб туринг, ярим   соатдан сўнг бошлиқ   келади, деб жой   кўрсатди. Вақт ўтказиш   учун   ўриндиққа жойлашиб,   сумкамдаги газета- журналларни олиб   варақлай бош­ладим. “Ҳали   шу нашрлар чиқаяптими?!   “Ўзбекистон адабиёти ва   санъати”, “Шарқ юлдузи”ни кўрмаганимга, ўқимаганимга чорак аср   бўлди-ёв”, — деди ўзини   бўлим бошлиғиман, деб   таништирган ташкилот ходими. Унинг   бу гапи юрагимга пичоқ санчгандек бўлди… Мана,   бир “зиё­ли”нинг аҳволи!

Куюнчак отахон айтганларидек, бир томондан   матбуот нашрларини жойларга етказиб берувчи, обуна билан шуғулланувчи мутасадди ташкилотларда кўпгина   штатлар қисқариб кетганлиги ва   давр чиғириғидан ўтган   иш тизимидан воз кечилганлиги соҳани инқироз ёқасига   олиб келди. Хусусан, Сурхон   воҳасининг вилоят марказидан 200-250 чақирим узоқликда жойлашган чекка   қиш­лоқларига борганимизда   вақтли нашрларнинг ойнинг бошида   чиққан сонлари ойнинг   охирида зўрға етиб бораётганлигига бир неча марта   гувоҳ бўлганман.

Хўш, ойлаб газета- журнал ололмаган одам обуна бўлишдан нега безмасин! Ҳатто туман   марказларига матбуот нашрлари бир ҳафта кечикиб боради. Бунга шахсан ўзим гувоҳ.

Ўқувчилик   давримни яхши эслайман, қиш­лоғимизда мулла Бойқобил   деган қария почтачи   бўларди. Шанба, якшанбага қарамасдан   уйма-уй газета-журнал, хатларни   тарқатиб юрарди. Раҳматликнинг доимо тароқи хуржун ортилган эшак миниб         қишлоғимизга келиши биз болалар   учун ҳақиқий байрам бўларди. Чунки ўша   тароқи хуржундан чиқариб бизга ҳам газета-журналлардан   берарди. Бугунги ривожланган   давр­­да эса қиш­лоқ аҳли, айниқса, ёшлар почтачи деган терминни билишмайди ва ундай вазифани бажарадиган   одамни танимайди ҳам. Ўзим яшаётган “Дарбанд” маҳалласида 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.   Лекин суриштириб газета-журнал оладиган бирор хонадонни тополмаганим жуда-жуда алам   қилди.

Бир пайтлар телевизорда, радиода эрталаб марказий матбуот   нашрларининг қисқача шарҳи   бериларди. Нега энди мамлакатимиздаги ўнлаб теле ва радио каналлари   кеча-кундузи куракка турмайдиган миллатимизга, маънавиятимизга ёт, бемаъни шоуларни, рекламаларни намойиш   этиб, тингловчи ва   томошабинларнинг юрагини безиллатгунча, ҳар куни марказий нашрларнинг   шарҳини бериб борса, асакаси кетармиди?! Ахир газета-журналлар шарҳи ҳам “иссиққина” янгилик, ҳам огоҳлик, ҳам   маънавият, ҳам маърифат, ҳам   маданият эмасми? Буни ҳамма жон   қулоғи билан тинглайди ва кўради. Наҳотки, бир-икки дақиқалик   матбуот шарҳини   Ўзбекистондай бой мамлакатда бепул   эфирга бериш имкони бўлмаса-я!

Очиғи, азбаройи жоним   ачиганидан бу гапларни айтаяпман. Баъзи бир марказий   нашрларни қўлга олсангиз,   ўқийдиган   нарсанинг ўзи   йўқ, савияси, ўқувчига дас­турхон қилиб қўйган мавзу   ва муаммоси ҳатто туман   газетасидан пастроқ. Шундай экан,   кимдан ўпкалайсиз?! “Бизники   ижтимоий-сиёсий нашр”, деган баҳонангиз, ортиқча. Бунинг устига-устак, йиллик обунангиз бир   миллион сўмдан ортиқ. Ўқувчи дегани — оддий халқ. Ўқувчига эса ўқишли, сифатли ва арзон нашр керак!

Матбуот — ойна! Ойнада ҳамма нарса боридай акс этади. “Башаранг   қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”, деган   мақол бежиз айтилмаган. Ойна   ҳеч нарсани яширмаслиги   керак! Буни — шаффофлик ҳам дейишади.   Шу маънода муҳаррирда, журналистда жасорат ва холислик бош мезон. Биз — миллий матбуот   вакиллари ана шу ойнанинг хира   бўлишига, ғубор босишига, чанг қоплашига йўл   қўймаслигимиз лозим. Чунки ойна хира бўлса, ҳамма   нарсани хира кўрсатади. Қани таҳририятнинг,   журналистнинг ўша мажлис, анжуман, воқеа ва ҳодисотга муносабати, таҳлили, таклифи! Шундай қилинганда газетхон, гап бу ерда экан-да, деган хулосага келади ва жон-жон, деб ўқийди!

— Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига раҳмат, мени обуна қилишган экан. Ўша мақолани   мен ҳам ўқидим. Ҳечдан кўра,   кеч бўлса ҳам миллий   матбуотимиз ривожидаги энг оғриқли ва долзарб муаммони қаламга олибди, — дей­ди Қумқўрғон туманидаги Хўжақишлоқда яшовчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, матбуот фахрийси   Олимжон Усанов. — Агар ўчириб   ташлашмаса, бу борада бир-иккита   фикрларим бор.

Биринчидан, газеталарнинг   адади ачинарли ҳолга келишида журналистлар ҳам айбдор. Чунки кейинги йигирма- йигирма беш йил ичида соҳага мутахассис бўлмаган “ижодкорлар”, ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун   қўядиган “журналистлар” кўпайди. Оддий   халқ блогер билан журналистни ажрата олмай қолди   ва матбуотдан кўнгли анча совиди.

Иккинчидан, у почта бўлсин, у “Матбуот тарқатувчи” бўлсин, матбуот нашрларини ўз вақтида етказиб бериш тизими   мутлақо яроқсиз бўлиб қолди. Душанба куни   чоп этилган газетани беш-ўн кундан кейин қўлга олишга ҳожат ҳам   қолмайди.

Учинчидан, миллий   матбуотимизнинг бундай ночор   ҳолга келишида муассис   ва муҳаррирлар ҳам айбдор. Баъзи   нарсаларни кўриб ҳайрон қоламан, жисмоний тарбия   ўқитувчиси, ҳисобчи, йўл қурилиши   муҳандиси, олибсотар савдогарларни бош муҳаррир этиб тайинлашган. Уларни бу   лавозимга мен қўймаганман, муассис қўйган! Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Бундай муҳаррирлар ёнига   ўзига ўхшаш “ижодкорлар”ни тўплашади. Улардан   нима кутиш мумкин?! Наҳот буни туман, вилоят ҳокимлари ёки бошқа муассислар билишмайди,   англашмайди…

Беихтиёр бир эски мақол эсга тушади: “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?!”

Устоз журналистнинг куюниб айтган гап­ларида катта дард   бор. Жадид боболаримиз бундан бир аср олдин бежиз миллатни огоҳлантириб   қўймаганди. Мафкурага, маърифатга, тарбияга ва маънавиятга нописандлик алал оқибат фожиа   ва таназ­зулга олиб   келади. Ўрни келганда яна бир   гапни айтмасак бўлмас. Бу муаллифнинг   ҳуқуқи ва услуби.   Илгари   зеҳни ўткир   ўқувчилар ўзлари узоқ йиллар   ўқиб келган нашрларда мақола ёки   ижодий намуналарга имзо   қўймасада, услубидан кимники эканлигини билиб оларди. Демоқчимизки, бугун кўпгина туман, вилоят, республика нашрларини варақласангиз, имзолар ҳар хил   қўйилгану, лекин бошдан охиригача бир киши ёзгандек, зерикарли, илиги йўқ, қўпол қилиб айтганда, “ўлик” гаплар. Тўғри, кўпчилик   икки томчи сувдек бир хил ёзишга, бир хил фикрлашга, яъни якрангликка   ўрганиб қолган. Аммо   бунчалар ҳам эмас-да! Бу   ўша даргоҳда ишлаётган масъул ходимлар, ёки муҳаррирлар ҳамманинг   ёзганини ўзининг “темир   қолипи”га солганлигини кўрсатади. Бутун бошли газета бир қолипда ёзилгандан сўнг уни   ўқигилиги қоладими? Албатта, таҳрир қилиш керак,   лекин таҳрир катта масъулият,   билим, юксак савия талаб   қиладиган   ижод   санъатининг бир тури эканлигини ҳам унутмаслик лозим.

— Биз наҳотки шу   даражага етиб   келдик, — дей­ди   Музработ туманидаги 48-сонли мактабнинг тарих ўқитувчиси   Вазира Жўраева. — ўша   мақолани мен ҳам   ўқидим. Энг нуфузли   газета “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг 1000 нусхада чиқиши   ачинарли ҳол. Оддий деҳқон, чорвадорни   қў­йинг!   Агар Ўзбекис­тондаги шоирлар, ёзувчилар, драматурглар, адабиётшунос олимлар, китоб чиқарган ижодкорларнинг учдан бири ўқиганда ҳам адади ўн мингдан ошарди. Мамлакатимизда 10 мингдан   ортиқ мактаб, минг-минг­лаб адабиёт ўқитувчилари, юзлаб кутубхоналар, адабиёт ва маданият кошоналарида хизмат қилаётган зиёлиларимиз бор-ку?! Бу энг   катта фожиа! Буни ҳеч   қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди.

Бугунги муҳаррир ҳам ижодкор, ҳам тадбиркор, ҳам   ишбилармон бўлиши керак. Мен ижодкорман, берсанг ейман,   урсанг ўламан, қабилида   иш кўриш замонлари аллақачонлар ўтиб кетган.   Жойи   келганда муҳаррирлар жамоаси   билан энг чекка қишлоқларга, туманларга, вилоятларга   чиқиб, ижодий-амалий учрашувлар   қилишса, халқнинг фик­рини, истак-таклифларини ўрганишса, ўқувчи ҳам, обуначи ҳам кўпаяди. Бу амалда исботини топган   усул. Муҳаррир ҳашаматли хонада мансаб курсисида ғоз керилиб   ўтириш билан газетанинг мазмуни, мавзуси яхшиланмайди, адади   кўпаймайди. Муҳаррирнинг кунда   ишхонага келиб кетиши, фақатгина расмий мажлисларга қатнашиши матбуот, газета учун жон   куйдиришини билдирмайди.

Бизнингча, энг   муҳими, таҳририят ва   газета тақдирини ҳал қиладиган нарса қу­йида. Буни қирқ йиллик газетачилик фаолиятимдан келиб чиқиб   айтаяпман. Кимнидир ёмонламоқчи   эмасман, воҳадаги туманлардан бирида бўлганимда ташкилот   раҳбари жиғибийрони чиқиб   ҳасратини тўкди: “Мантиқни   қаранг, жамоамизда 80 киши   ишлайди. Ҳокимият вилоят газетасига   160 та, туман газетасига 120 тага обуна   бўласан, деб кўз очиргани   қўймайди. Ҳали ўз соҳамизга   тегишли қанча газета – журналлар бор. Фалон газетани ўқийсан,   деб ходимларимни мажбур   қилолмайман-ку?!” Бечора ташкилот   бош­лиғи   катта раҳбарга   қарши чиқолмайди, эртасини   ўйлайди.

Тўғриси, ҳар   йили шу машмаша, шу   саҳна такрорланади. Барча даврий   нашрларнинг тақдири қуйида — ҳокимлар, бош­қарма бошлиқлари   истаги ва топшириғи   билан ҳал бўлади. Танлаш, эркин   обуна деган нарсалар аллақачонлардир луғатдан, таомилдан чиқиб   кетган. Ҳамма жойда хўроз   бир хил қичқиради. Буни “мажбурий-ихтиё­рий” дейсизми, “ихтиёрий-мажбурий” обуна   дейсизми, ўзингизга ҳавола! Хуллас, замона зўрники,   томоша кўрники, деб   шуни айтадилар-да! Бу муаммоларни, маш-машаларни ҳал қилиш муҳаррирларнинг, журналистларнинг қўлидан   келишига кўзим етмайди. Бу   муаммо ва маш-машаларни қонун доирасида ҳукумат миқёсида ҳал этишдан бошқа   чора йўқ, деб   ўйламан.

Сафар ОМОН,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − four =