Олий таълимнинг истиқболли қадамлари

ёки тизимни янги сифат босқичига кўтариш, замонавий билим ва технологияларни эгаллаган ҳар томонлама етук авлодни етиштириш борасидаги муҳим вазифалар хусусида

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида таълим-тарбия   масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ушбу мукаммал асарнинг “Адолатли ижтимоий сиёсат” деб номланган бобидан ўрин олган “Таълим ва тарбия: янги имкониятлар” сарлавҳали мақолада кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида жамики соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилаётгани, бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор, консепциялар ва дастурлар қабул қилингани тилга олинади. “Яқинда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради”,—дейди Президентимиз.

Дарҳақиқат, Юртбошимиз асарида таъкидланганидек, таълим ва тарбия аввало, бешикдан бошланади, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Халқимиз эса ҳамиша устозларни эъзозлаб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб келган.

Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “кўп йиллар давомида ўқитувчига эътибор борасида сўзимиз бошқа, ишимиз бошқа бўлиб келди. Оқибатда соҳа ходимлари гўёки кераксиз ва ҳимоясиз қатламга айланиб қолди. Бундай ножўя ишлар нафақат таълим сифатига, балки соҳа ходимларининг ўз касбига бўлган муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Қанчадан-қанча тажрибали ўқитувчилар дили оғриб, севган касбини но­илож ташлаб кетганини ҳам биламиз.”

Бу аччиқ ҳақиқатлар нафақат ўрта-махсус таълим, балки олий таълимга, илм-фан билан машғул бўлган барча тизимларга ҳам тааллуқли эди. Чунки турли ҳашарлар, кўчаларни тозалашдан тортиб, пахта йиғим-теримига оид бир неча ойлар давом этадиган мажбурий ҳашарлар билан нафақат талаба-ёшлар, балки ҳар бир олий таълим даргоҳининг раҳбарларидан тортиб, ўқитувчилари, бутун жамоаси банд бўлар эди.

Ўқитувчи-педагогларга тўланадиган иш ҳақи — маошларнику гапирмаса ҳам бўларди. Бугун эса бари бошқача.

Бундай аҳволни бугун ҳатто онгимиз ҳам қабул қилмай қолди. Чунки шахсан муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан таълим соҳаси, жумладан, олий таълим соҳасида мисли кўрилмаган янги босқичга қадам қўйилди.

Мамлакатимизда янги олий таълим муассасалари, жумладан, хорижий университет ва институтларнинг филиаллари ташкил этилиб, уларнинг сони 200 тадан оширилди.

Мамлакатимизда олий таълимнинг аҳамияти ортиб бораётгани ва унга қўйилаётган янги талаб­лар эса олий таълим муассасаларининг ўз фао­лияти стратегиясини қайта кўриб чиқиш заруратини туғдирмоқда. Олий таълим муассасасини ривожлантиришнинг янги доктринасида асосий роллардан бирини уларнинг инсон капитали эгаллайди, бу эса ходимлар, докторантлар ва талабаларнинг билим, кўникма ва ижодий қобилиятларини ўз ичига олади. Таклиф этилаётган ёндашув инсон капиталини бошқаришни олий таълим муассасасининг инновацион ривожланишининг умумий стратегиясига киритиш имконини беради.

Ҳозирги вақтда дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий тузилманинг янги турига — постиндустриал ёки ахборот жамиятига ўтиш билан тавсифланади, бунда юқори маълумотли ва ижодкор инсон шахсининг роли катта, яъни янги билимларни яратиш, уларга бўлган талаб беқиёс ортади. Таълим даражаси, ижодкорлик ва мотивация ҳар бир шахс, ташкилот ва умуман жамиятнинг капиталига айланди. Таълим ва илмий хизматларнинг жаҳон бозори жадал ривожланмоқда, бунда олий таълим муассасалари етакчи иштирокчилар бўлиб қолмоқда, шу билан бирга уларнинг роли ва иш шароитлари доимий равишда мураккаблашиб бормоқда. Расмий равишда нотижорат ташкилотлари мақомини сақлаб қолган таълим муассасалари молиявий ресурслар учун рақобатлашишга, ўз фаолиятини диверсификация қилишга ва тижорат компаниялари сифатида амалда ишлайдиган ўқув, илмий ва инновацион мажмуаларга айланишга мажбур. Дунёда ва мамлакатимизда олий таълимнинг аҳамияти ортиб бораётгани ва унга қўйилаётган янги талаблар олий таълим муассасаларнинг ўз фаолияти стратегиясини янада ривожлантириш заруратини туғдирмоқда. Айнан шу масалаларни ўзи ичига олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 24 декабрида иккита муҳим қарорлар қабул қилинди. Бу қарорлар олий таълим тизимини ва ҳар бир ректорни янги тадбиркорлик типидаги олий таълим муассасаларнинг концептуал моделлари (“жавобгар”, “лойиҳага йўналтирилган”, “инновацион”, “тармоқ”, “виртуал” олий таълим муассаса ва бошқалар) қўллаган ҳолда олий таълим муассаса ўқитувчилари ва ходимларини тижорат муваффақиятига йўналтиради, янги ресурсларни излашга, янги бозорларга кириш вазифасини қўймоқда.

Олий таълим муассасаларнинг инновацион фао­лиятига таъсир этувчи асосий омилларга қу­йидаги омиллар киради:

– турли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан уларнинг фаолиятини норматив жиҳатдан тартибга солиш ва назорат қилиш;

– турли манбалардан молиялаштириш ҳажмлари, таркиби ва муддатлари;

– ҳар бир олий таълим муассасасида тўпланган инновацион салоҳият;

– тадқиқот маҳсулотлари истеъмолчилари (жамоат, бизнес) билан ўзаро ҳамкорлик стратегияси;

– бошқарувнинг қабул қилинган моделлари ва механизмлари, менежерларнинг малакаси.

Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги, хорижий ва етакчи олий таълим муассасалари тажрибаларидан, инновацион стратегиялар билимлар иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, олий ўқув юртларининг ўрганувчи ташкилот сифатида ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиши, ходимларни янада ўз-ўзини ривожлантириши ва уларни янги билимлар яратишига ундашга қаратилган бўлиши шарт. Олий таълим муассасасини ривожлантиришнинг янги доктринасида уларнинг инсон капитали асосий роллардан бирини эгаллайди, у профессор-ўқитувчилар таркиби, тадқиқотчилар, олий таълим муассасаси раҳбарияти, маъмурий ва таълим-тарбиявий ёрдам ходимлари, докторантлар ва талабалар, докторантларнинг билим, кўникма, ижодий қобилиятларини ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да олий таълим жараёнларига рақамли технологиялар ва замонавий ўқитиш усулларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, коррупцияга қарши курашиш, муҳандислик-техник таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар улушини ошириш, кредит-модуль тизимини жорий этиш, ўқув режаларида амалий кўникмаларни оширишга қаратилган мутахассислик фанлари бў­йича амалий машғулотлар улушини ошириш бў­йича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шубҳасиз, яшаш тарзини жумладан, мутахассис кадрларнинг шаклланиши муҳитини, олий таълим сифатини яхшилаш XXI асрнинг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади. Глобаллашув шароитида таълим ва фан тизимини ислоҳ қилиш кўплаб муаммоларнинг ечимини белгиловчи омил ҳисобланади ва айнан шу сабабли, касбий таълим сифатининг юқорилиги билан характерланадиган таълим моделлари кўпайиб бормоқда.

Таълим масаласи жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган. Кўпчилик давлатларда глобал рақобат шароитидаги янги талабларига жавоб берувчи, мослашувчан таълим тизимини яратишга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Булардан асосий мақсад олий ўқув юртларининг ва ўқув дастурларининг мослашиш имкониятларини кенгайтириш бўлиб, улар академик ва ташкилий тузилмаларни ислоҳ қилиш, инфраструктурани, таълим методлари ва технологияларини янгилаш, педагогик жараённи такомиллаштириш, ўқитувчилар таркиби ва фаолият сифатини яхшилаш орқали амалга оширилмоқда.

Маълумки, иқтисодиёт ривожида ортда қолиш хавфи асосан самарали таълим моделини яратмаган давлатларга хосдир. Демак, билимларга асос­ланган очиқ фуқаролик жамиятини, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилган иқтисодиётни қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўяр эканмиз, энг аввало мамлакатимиздаги таълим тизимини фаол тарзда такомиллаштириб боришимиз зарур.

Билимлар жамиятида умр бўйи таълим олишнинг асосий мақсадига эришиш (шахснинг ижодий салоҳиятини умр бўйи бойитиш) фақат кластерли ёндашув шароитида мумкин. Таълимни ривожлантиришнинг ҳозирги тенденциялари таълим хизматлари бозорини тартибга солишнинг илғор услубларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Таълим сифати муаммосини долзарблигининг ички сабаб­лари — бу инновацион юксалиш, менежментни ҳудудийлаштириш, таълимни тижоратлаштириш, уни минтақалаштириш ва демократлаштириш орқали қўшимча равишда таълимга ижобий таъсир кўрсатади. Таълимни табақалаштириш ва индивидуаллаштириш интеграцион жараёнларнинг зарурий шарти бўлиб, улардан бири таълим кластерларининг шаклланиши ва ривожланиши ҳисобланади.

Албатта, бугунги кунда таълим хизматлари конъюктураси бозори билан меҳнат бозори конъюктураси тўлиқ мос келади дейиш қийин. Бу таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси тизимни такомиллаштирувчи янги механизмни яратишни тақозо этади. Шунга кўра Ўзбекистон шароитида таълим сифати билан боғлиқ амалга оширилаётган чуқур ўзгаришлар энг аввало, таълим тизими билан бир қаторда саноат ишлаб чиқаришни ривож­лантиришда ҳам ўз аксини топмоқда. Бу ўринда ишлаб чиқариш корхоналари ва таълим муассасалари ўртасида ўзаро боғлиқлик ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишда хорижий ҳамкорликларни ошириш учун чет тилларни ўқитиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланмоқда ва бу Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ҳам ўз аксини топган.

XXI аср фан ва юқори технологияларнинг шакл­ланиш давридир. Ҳозирги вақтда рақобатбардош жамиятни барпо этиш ва ҳаётий фаровонликни шакллантириш кўп жиҳатдан илмий тадқиқот ва инновацон ишланмалар кўрсаткичи ва ҳолатига боғлиқдир. Бу ўринда шуни қайд этиш жоизки, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривож­лантириш иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни белгилаб беради.

Табиийки, бунда қатор саволлар пайдо бўлади: таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини қандай амалга ошириш мумкин ва унинг самарадорлиги қанақа бўлади? Таълим ва фан ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни ишлаб чиқариш ҳамда олий таълим билан интеграциясининг алгоритми қанақа? Ишлаб чиқариш жараёнини илмий жараённинг ажралмас бўлаги сифатида ташкил қилиш мумкинми? Креатив таълимни ўзи нима?

Соҳа манбалари асосида шуни қайд этиш мумкинки, мамлакатни ривожлантириш билан боғлиқ ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқани ташкил этиш ва бошқаришни таҳлил қилиш механизми, назорат ва баҳолаш имкониятлари бўлган. Олий таълим тизимида эса ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини боғлиқлигини ўрганиш, замонавий илмий билимларни қўллаш, ҳамда илмий ва амалий методлар асосида иш жараёнини ташкил қилиш учун ҳар бир мутахассислик бўйича маълум фанлар комплекси танланган.

XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб фан ва техниканинг гуркираб ривожланиши билан ахборот оқимининг шиддатли ўсиши кузатила бошланди. Олий таълим тизимида эса билим олиш ҳажми ва ўқитиладиган фанларнинг сони таълим мазмуни ҳамда ўқитиш методларининг такомиллашиб боришига нисбатан кескин ортиб борди. Таълимни экстенсив ривожлантириш ресурслари йўқолиб, олий таълимда интенсив тарзда ўқитиш технологияларини яратиш муаммолари юзага кела бошлади. Одамларнинг ҳаёт тарзи жуда тез ўзгарди, янги маданий коммуникатив шароитлар шакл­ланди, одамлар ва ижтимоий институтлар ўртасида янги дунё­қараш ҳамда муаммолар юзага кела бошлади. Фан, бошқариш маданияти, мутахассислик каби ғоялар билан аралашиб кетди. Натижада ўзининг маданий коммуникацияси ва нуфузига эга бўлган анъанавий илмий мактаблар ва олий таълим жамият, профессор-ўқитувчилар, ота-оналар ва талабаларнинг ўзини ҳам қониқтирмай қўйди. Таълим тизимида ўзига хос тарзда инқироз пайдо бўлдики, бу таълимдаги классик ғоялар ва таълим модели инқирози бўлди. Бу инқироз таълим жараёнини жамият ҳаёт тарзининг ўзгариши билан таълим тизими, унинг мақсади, мазмуни ва ўқитиш технологиялари ўртасидаги узилишни юзага келтирди. Фанда жиддий инқироз юзага келди. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бошқаруви тузилмаси ўзгарди. Бозор иқтисодиётига ўтиш тузилмаси фан-таълим тузилмасини бозор иқтисодиёти асосида ташкил этиш иқтисодиётни ўсишини таъминловчи тизимни шакллантира олмади. Инновацион ривожланиш стагнациясининг юзага келиши кўпгина давлатлар бошқаруви олдига таълим жараёнини ислоҳ қилишнинг оптимал моделини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бунда инновацион иқтисодиёт талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш муаммоси энг асосий вазифа сифатида жой олди.

Фан ва таълим интеграцияси тизимидаги ўзгаришларни ҳамда юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизими билан боғлиқ ҳолда хорижий тилни ўқитишда тизимли ёндашув механизмларини яратиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Ривожланишнинг кластерли модели кўпгина давлатлар сиёсатида ўз ўрнини топган, яъни ушбу жараён кўпгина ривожланган давлатларнинг таълим тизимида алоҳида аҳамиятга эгадир. Мисол учун, Америка Қўшма Штатлари кластерлари ва кластер сиёсати назарияси амалий фаолият тадқиқотларига йўналтирилган. Рақобатбардош­ликни оширишга қаратилган Буюк Британиянинг ёндашуви ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги қиймат занжири ва маҳаллий кластерларни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратади. Скандинавия мактаби бир нечта концеп­цияларни, хусусан миллий минтақавий инновацион тизимларни ва минтақалар учун иқтисодий иқтисодиётни ривожлантириш билан машҳур ҳисобланади. Учала назария ҳам, мамлакат ва минтақанинг рақобатбардошлигининг асосий мезонларини аниқ таърифламайди, аммо меҳнат унумдорлиги, экспортдаги улуш, умумий бандлик, менежмент ва таълим сифати каби кўрсаткичларни таъкидлайди. Шунингдек, кўпгина давлатларда ҳам кластерли ёндашувларга асосланган минтақавий аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олган ҳолда, бунга алоҳида эътибор берилиши баён этилади. Айрим тадқиқотчилар гуруҳининг хулосасига кўра эса кластерли ёндашувларга асосланган фаолиятнинг миллий аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилади. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, Ўзбекис­тон шароитида кластерли ёндашувларга асосланган фао­лият етарли эмас. Айниқса, кластерли ёндашувларга асосланган таълим тизимининг йўлга қўйилиши ижтимоий ва иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунга ўхшаш ҳолат, яъни кластерли ёндашувларга асос­ланган фаолият Австрия, Дания, Испанияда ҳам маълум бир минтақада шаклланган.

Мамлакатимиз ва жамиятимизнинг замон талаблари даражасида ривожланишини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади.

Юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш зарур. Маркетинг ва лицензиялаш хизматлари талаб даражасида эмас. Бу мамлакатимиз илмий-инновацион маҳсулотларини амалиётга кенг татбиқ этишда яққол сезилмоқда.

Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди. Янги технологияларни жорий қилувчи корхоналарга имтиёзлар ва преференциялар бериш илм-фанга инвестиция киритадиган корхоналар сони сезиларли даражада ошишида муҳим аҳамият касб этади.

Мавжуд илмий салоҳият ва маблағларни иқтисодиёт тармоқларининг буюртмалари ва муайян муаммоларни ечишга қаратилган энг муҳим устувор тадқиқотларга йўналтириш зарур.

Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувларида илгари сурилган таклифлар, жумладан, замонавий технопарклар, Академиклар шаҳарчасида эркин иқтисодий ҳудуд мақомига эга бўлган Инновацион марказ ташкил этиш бўйича ташаббуси илмий-тадқиқот институтлари, таълим муассасалари ва саноат корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш, соҳага маҳаллий ва хорижий инвесторларни кенг жалб этиш имконини бериши илм-фан аҳли томонидан алоҳида таъкидланди.

Ўтган 5 йил мобайнида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган 35 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 8 та қарори қабул қилинди. Фанлар академияси таркибидаги 9 та илмий-тадқиқот институти қайта тикланди, қатор илмий муассасалар қайта тузилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион Ривожланиш вазирлиги, Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси фаолияти ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янги ҳақиқий аъзолари (академиклари)нинг сайлови бўйича ташкилий ишлар олиб борилиб, Фанлар академияси аъзолари сайлови ўтказилиб, академиклар қаторига ёш салоҳиятли олимлар қўшилди.

Юқоридаги мулоҳазалардан фикр юритадиган бўлсак, ҳар бир олий таълим даргоҳининг олдида ниҳоятда улкан вазифалар, мажбуриятлар турибди. Нафақат таълим-тарбия сифатини ошириш, балки бугун дунёнинг энг ривожланган таълим муассасалари тажрибасини ўз миллий таълим тизимимизнинг қадриятларига хос жиҳатларини олиб такомиллаштириш замон талаби бўлиб қолмоқда.

Давраларда гоҳо: “Ўрта Осиё олий таълим жаб­ҳаси билан Европа олий таълим соҳаси орасида қандай тафовут бор?” деган савол ўртага ташланади. Бу саволга атрофлича жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан. Чунки, 1999-2001 йилларда Германия Федератив Республикасининг Гамбург – Харбург техника университетининг магистратура босқичида таҳсил кўрганман. Маълумки, Германия — Европанинг энг ривожланган мамлакатларидан биридир. Шарқда Польша ва Чехия, жанубда Авс­трия ва Швейцария, ғарбда ва шимолда Франция, Бельгия, Нидерландия, Дания каби давлатлар билан чегарадош диёрни кўҳна қитъанинг уриб турган юраги дейишимиз керак.

Немислар ҳар бир лаҳзани ҳисобга олиб фаолият кўрсатадилар. “Вақтинг кетди — нақдинг кетди” мақоли уларнинг дунёқарашига кўпроқ мос келади. Айни даврда бундан йигирма йиллар муқаддам кўрганларим серқуёш Ўзбекистонимизда ҳам жорий этилмоқда.

Авваллари институт ва университетларда, образли қилиб айтсак, домлалар гўё “монолог” ўқир эдилар. Талабаларда ягона фикрга қарамлик ҳиссиёти ҳукм сурарди. Мустақил мулоҳаза юритиш деярли кўзга чалинмасди. Ҳозирги кунда эса маъруза матни билан танишган талаба домлага ўзини қизиқтирган мавзуларда саволлар беради, у билан баҳслашади, фаразларини илгари суради. Шу аснода мустақил шахс бўлиб етишади.

Домла аудиторияни бошқара билиши лозим. Агарда у дастлабки ўн-ўн беш дақиқада одатдаги гапларни такрорлайверса, талаба “йўқолиб қолади”, зерикади, аудиторияга қайтишни хоҳламайди. Шунинг учун профессор-ўқитувчилар дарснинг   дебочасидаёқ талабани ўзига торта билиши даркор. Унинг биринчи жумлалари сирлилиги эвазига тингловчини қизиқтира билсин. Германия, хусусан, Европа олий таълими ана шундоқ услуб­ларга асослангани боис бизнинг эсимизда қолган.

Буюк адиб Абдулҳамид Чўлпон бундан саксон йиллар аввал “мутараққий” яъни, “тараққий қилган миллат” атамасини ишлатган экан. Ёзадики: “… Германия суръат билан ютади. Суръат машина билан ҳосил бўлади. Германия биздан неча баробар кичик, одами бизнинг учдан биримизча ҳам келмайди! Аммо бир қарич ери темир йўлсиз, тош йўлсиз эмас.” (Чўлпон. “Кеча ва кундуз”. Тошкент, 1995. 141-бет). Романнинг яна бир жойида: “… Герма­нияда Ҳамбург шаҳарларига бораман. Тери, мўйна, маҳаллий саноат молларини ўтказаман. Дунё­нинг пулини топаман” деган сатрларни қўллабди. Бу гаплар асарда гавдалантирилган жадид тилидан айтилмоқда. Қаранг, 1930 – йиллардаёқ Европа мамлакатларидан илм-фан, техника, саноат жабҳаларида кўп нарсаларни ўрганиш мумкинлиги таъкидланган экан. Айни бугунги кунимизда ўша ғоялар воқеликка кўчмоқда.

Тошкент кимё-технология институти кимё, нефт-газ ва озиқ-овқат, қурилиш материаллари саноати жабҳалари учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлайдиган таянч олий таълим муассасасидир. Институтимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 6 майдаги Фармонига биноан собиқ Тошкент политехника институтига тегишли кимё­вий технология ва муҳандислик технологияси факультетлари негизида ташкил қилинган. Даргоҳимизда 5 факультет, 22 кафедра ( шундан 17 таси мутахассислик кафедралари), 436 нафар ( 375 нафари — асосий штатда, 61 нафари — ўриндош) профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Мазкур мутахассисларнинг   45 нафари фан доктори (DSc), 123 нафари фан номзодлари (PhD). Булардан ташқари институтимизда 90 дан ортиқ таянч докторантлар, 5 нафар докторантлар таҳсил олишмоқда. Жами талабалар сони 7194 нафарни ташкил қилади. Шулардан 4403 нафари бакалавр босқичида, 696 нафари магистратура босқичида ўқишяпти. Сиртқи бўлимда 2095 нафар талаба илм-фан кўникмаларини эгалламоқдалар. Кейинги даврларда Қозоғистон, Россия, Беларусь, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Дания, Италия, Испания, Австрия, АҚШ каби кўп­лаб давлатларнинг олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Шунингдек, Германиянинг “Технологияларни бошқариш” таълим мутахассислигини серқуёш Ўзбекистонимизда жорий қилмоқчимиз.

Хитойнинг Нанкинг кимё-технология университети билан ҳамкорлик ўрнатилиши асносида халқаро илмий – тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиш, қўшма таянч-докторантура, илмий стажировкаларни амалга ошириш ҳуқуқлари қўлга киритилди. Шунингдек, Жанубий Кореяга тегишли EURASBRAIN қўшма корхонаси билан меморандум имзоланди. Меморандумга биноан корхонада Целлюлоза ва қоғоз технологияси ўқув лабораторияси ташкил этилиши асносида бакалавр, магистр, докторантлар ва кафедра профессор-ўқитувчилари илмий изланишлар олиб боришлари учун ҳамма шарт-шароитлар муҳайё қилинади, ҳамкорликда илмий ишлар воқеликка кўчирилади.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири шундаки, ўтган йилнинг ёзида Венгриянинг Дебрецен университети билан меморандум имзоланди. Меморандумга асосан ҳамкорликда ўқув ва илмий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, биотехнология, биокимё соҳаларида илмий лойиҳаларни бажариш, бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бў­йича қўшма таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрлаш масалалари режалаштирилди. Ушбу маълумотлардан ойдинлашадики, илм даргоҳимиз жаҳоннинг энг тараққий этган, бой тажрибага эга бўлган олий ўқув юртлари билан “тил топишишга” киришмоқда.

Манбаларда қайд этилишича, Дебрецен университети тарихи 1538 йилга бориб тақалади. Дастлаб Дебреценда Калвинистлар коллежи очилган. Муассаса бир неча бора ўзгартирилади ва қайтадан ташкил қилинади. Дебрецен университетлари негизида 1912 йилда биринчи институт очилади. Бу — олис тарих, албатта. Ҳозирги ҳолати 2000 йилда воқеликка кўчади. Чунончи, Кошут номидаги қиш­лоқ хўжалиги, тиббиёт ва табиий фанлар университетлари муштарак бўлиб шу алпозга келадилар. Айни замонда университетда агрономия, санъат, стоматология, иқтисодиёт, тиббиёт, информатика, ҳуқуқ, мусиқа, фармацевтика, табиий фанлар ва технологиялар, жамоат саломатлиги, муҳандислик, педагогика каби факультетлар мавжуд. Университет кутубхонаси ҳажми бўйича Венгрия кутубхоналари орасида иккинчи ўринда туради. Мазкур кутубхонада олти миллиондан ошиқ китоблар мавжуд.

Дебрецен университетининг Тошкент кимё-технология институти билан меморандум имзолашини мозий цивилизацияларининг мевалари дейишимиз мумкин. Чунки, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимги даврлардан эътиборан   кимё-технологияларга оид тармоқлар тараққий этиб келган. Жумладан, сиркачилик ва виночилик ҳам ана ўша жабҳаларга мансубдир.

Кимё-технология—қотиб қолган фан эмас. Турлича ташаббуслар, дастурлар асносида янгича лойиҳалар жабҳа олади. Жамоа илмий фаолияти кимё, нефть-газ ва озиқ- овқат саноатининг долзарб муаммоларининг турли йўналишларида олиб борилиб, бу ерда маҳаллийлаштириш дастурига ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотларнинг технологияларини ишлаб чиқишга эътибор қаратилади.

Жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари тажрибаларига суяниб айтиш жоизки, кичик инновацион корхоналарни ҳам, йирик компанияларни ҳам қўллаб-қувватланиши баробарида кўплаб ижобий натижаларга эришмоқ мумкин. Дунёда фан–таълим — ишлаб чиқариш интеграциясининг узвийлигини таъминлаш ҳамда барпо этишнинг ягона модели мавжуд эмаслиги маълум. Ҳар битта мамлакат ўз шароитларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодий тараққиёт моделини танлаб олган. Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида ҳам инновацион иқтисодиётга ўтиш масаласи қисқа вақт мобайнида амалга оширилган эмас. Бу жараён вақт ҳамда кўплаб тажрибаларни тақозо қилади, албатта. Камина “Олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кластерли ёндашувлар асосида инновацион ривожлантириш” номли китобимда имкониятим даражасида ўша муаммоларни таҳлил этишга ҳаракат қилган эдим. Китоб дебочасида шундоқ дейилган: “Аксарият ривожланган мамлакатларнинг таълим тизими амалиёт билан узвий боғланган, олий таълим муассасалари дипломлари халқаро миқёсда тан олиниши билан аҳамиятлидир. Бу халқаро таълим бозорида рақобатбардошлилик кўрсаткичлари билан эътироф этилади. Бугунги кунда нуфузли олий таълим муассасаларида тайёрланадиган юқори малакали мутахассисларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига жалб қилиниши бевосита уларнинг тизимли ва энг муҳим масалаларни ечими бўйича фикрлашлари, ахборот оқимини қайта ишлаш ва олий таълим муассасаси (ОТМ) да олган билимларини ишлаб чиқаришда қўллай олиш кўникмаларига эга эканлиги билан баҳоланади. Шунга кўра бугунги кунда юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлашда олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мақсадли, яъни кластерли ёндашувлар асосида инновацион менежмент тизими механизмларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ” ( Б. Ш.Усмонов. “Олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кластерли ёндашувлар асосида инновацион ривожлантириш”. Тошкент, 2020. 3-бет). Чунончи, кимё-технология тармоқларига оид илмларни талаба назария ҳамда амалиёт уйғунлигида эгалламоғи даркор. Бинобарин, даргоҳимизда ишлаб чиқариш корхоналари билан икки тарафлама фойдали шартномалар тузилмоқда.

Мисолларга мурожаат қилсак. “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ва 19 та ёғ-мой корхоналари билан лицензия шартномалари тузилган. Шартномаларга биноан талабалар аудиторияда эгаллаган билимларини амалиётдаги ифодасини кўрадилар. Шунингдек, институтимизда иккита инновацион, бешта амалий ва битта тижоратлаштирилган тайёр ло­йиҳалар воқеликка кўчирилмоқда. Ке­йинги икки йил мобайнида саккизта ихтирога Давлат патенти берилган, ўттиз тўртта ЭҲМ дастурлари гувоҳномаларга лойиқ кўрилган. Демакки, бугунги талаба келажакда профессор бўлади, академик бўлади. Мен талабаларга ҳамиша шу гапларни айтиб, руҳлантириб юраман.

Жорий йилнинг 27- 31 март кунлари мобайнида Туркияда ўтказилган халқаро анжуманда қатнашиб келдим. Ўрта Осиё мамлакатларидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари вакиллари иштирок этишгани анжуманга ўзгача файз киритди. Биз шу аснода Швеция, Португалия, Литва, Латвия давлатлари вакиллари билан фикр алмашдик. Бу фикрлашувлар фаолиятимизда ижобий ўзгаришлар ясаши муқаррар.

Кейинги беш йилликдаги ислоҳотлар миқёси кенг. Шулардан бири мамлакат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилаётганидир. Ана ўша рўйхатга Тошкент кимё- технология институти ҳам киритилган. Мазкур ўзгаришлар эса биринчи навбатда талабаларнинг илм чўққиларини эгаллашларига моддий ҳамда маънавий рағбат сифатида асқотади.

Янги Ўзбекистонимиз кимё-технология жабҳаси бўйича жаҳонда олдинги ўринларга чиқиши учун профессор-ўқитувчилар, талабалар, тадқиқотчилар ўзлигини, салоҳиятини фан йўлига бағишлашлари, “қолиплардаги тушунчалар”дан чекинишлари лозим. Қарс икки қўлдан чиқади, деган нақл ана ўша жараёнга ғоятда мос тушади.

Президент Шавкат Мирзиёев “Мен Янги Ўзбекистонни — обод ва фаровон, демократик мамлакатни, Учинчи Ренессансни барпо этишда педагоглар, профессор-ўқитувчилар, ижодкор-зиё­лиларни энг катта куч, таянч ва суянч деб биламан. Уларнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб беришни Президент сифатида ўз бурчим, деб ҳисоблайман”, дея ёзади “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида.

Ўйлайманки, бундай катта меҳр, эътибор учун юртимизнинг барча таълим-тарбия вакиллари, фидойи зиёлилари жавобан бор кучи, билими билан Президентимизга, халқимизга камарбаста бўлиш виждоний бурчга айланмоғи керак.

Ботир УСМОНОВ,

Тошкент кимё-технология

институти ректори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =