Юрт тараққиётига дахлдорлик туйғуси (Медиафорум: тажриба ва маҳорат мактаби)
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар самараси матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Жорий йилнинг 25-30 март кунлари Навоий вилоятида ўтказилган “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусидаги
I республика медиафорумида Янги Ўзбекистон медиамаконида миллий журналистика анъаналари ва замонавийлик тамойилларини уйғунлаштириш муҳокама марказида бўлди. Анжуманда бугун оммавий ахборот воситалари олдида турган долзарб вазифалар, ечимини кутаётган масалаларга янгича ёндашув, журналистика соҳасида тўпланган тажриба ва давр талаблари хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мазкур медиафорумда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июнда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида журналистларнинг малакасини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, тажриба алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда минтақавий семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олдига қўйилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Дарҳақиқат, кейинги беш йилда миллий журналистикамизда рўй берган ўзгариш ва янгиланишларни илгари тасаввур этиб ҳам бўлмасди. Айни пайтда соҳа ва унинг вакилларига кенг эркинликлар берилиши журналистларда замон билан ҳамнафас бўлиш, бир қадам олдинда юриш ҳисси ва масъулиятини оширди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан қўллаб-қувватлаши ОАВ вакилларига куч-қувват ва илҳом манбаи бўлиб келмоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоийда вилояти ҳокимлиги, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусидаги I республика медиафорумида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлардан 102 нафар ОАВ вакили иштирок этди ва телевидение, радио, матбуот ва интернет нашрлари тўлиқ қамраб олинди. Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача Уюшма томонидан бундай кенг кўламли медиафорум ўтказилмаганди.
Дарвоқе, нуфузли анжуман учун буюк мутафаккир номи билан аталувчи вилоят танланганининг ўзиёқ барчамизни тўлқинлантириб, қалбимизга чексиз ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди. Қолаверса, Навоий вилояти мамлакатимизда нафақат ҳудудий жиҳатдан, балки иқтисодий салоҳияти бўйича ҳам энг йирик вилоятлардан бири ҳисобланади.
Беш кун давом этган медиафорум иштирокчилари вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик ишлаб чиқариш объектлари, саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Хусусан, Навоий машинасозлик, 7-гидрометаллургия заводларидаги ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда мазкур саноат кластерларидаги энг замонавий техника ва қурилмалар журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Ишчи-ходимлар, мутахассислар билан мулоқотда бўлиб, бугунги кун қаҳрамонларини кашф этишди.
Дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири — “Мурунтов” кони, очиғи, журналистларни ҳайратга солди. Мазкур кон олтин захираси бўйича ХХ аср мўъжизаси сифатида тан олинган. Бугунги кунда узунлиги 4,3 километр, кенглиги 3,2 километр, чуқурлиги 650 метрни ташкил этувчи коннинг тепасида туриб кузатиш форум иштирокчиларига бағишлаган таассуротлар ҳақида узоқ гапириш мумкин.
Иқтисодий салоҳияти юксак ҳудуд саналган Навоий вилоятида маданий-маърифий масалаларга, айниқса, оммавий ахборот воситалари равнақига алоҳида эътибор қаратилаётгани эътирофга молик. Бугун вилоятда 32 та босма нашр, хусусан, 30 та газета, 2 та журнал, 1 та телевидение ва радио ҳамда 10 га яқин интернет сайтлар ва телеграм каналлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 34 та корхона, ташкилот, муассасаларнинг ахборот хизматлари фаолияти самарали йўлга қўйилган.
Медиафорум доирасида ўтказилган тадбирларда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор Қувондиқ Санақулов, вилоятдаги бошқарма ва корхоналар масъуллари иштирок этгани мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган медиа соҳаси вакилларига, журналистларга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Медиафорум иштирокчилари “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ таркибидаги “Металлург” санаторий-профилакторийсида саломатлигини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда бир-бири билан ижодий мулоқот қилиш, шунингдек, спорт мусобақаларида беллашиш имконига ҳам эга бўлишди.
Ҳар жиҳатдан юксак савияда ташкил этилган ушбу медиафорумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, уюшманинг Самарқанд вилояти бўлими раиси Фармон Тошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, таниқли журналист Расул Кушербоев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, ЎзЭОАВМА Бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Ishonch”—“Ishonch-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов, “XXI asr” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов, “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти профессори Муҳаммаджон Қуронов сингари эл таниган ижодкорлар соҳа истиқболига оид долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этди.
Навоий вилояти нафақат иқтисодий салоҳияти, балки кўплаб тарихий қадамжолари билан ҳам одамларни ўзига жалб этади. Медиафорум дастурига кўра, ОАВ вакиллари Кармана туманидаги Мавлоно Ориф Деггароний масжиди ҳамда Қосимшайх Азизон меъморий мажмуасини зиёрат қилишди, ушбу қадамжоларнинг юртимиз тарихида тутган муҳим ўрни хусусида янада кенгроқ маълумотларга эга бўлишди.
Давлатимиз раҳбарининг эътиборида бўлган яна бир ҳудуд — Нурота тумани ва “Чашма” мажмуасига уюштирилган саёҳат ҳамда мазкур ҳудуднинг кейинги йилларда тубдан ўзгараётгани форум қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Форум доирасидаги тадбирлар марказий ва ҳудудий давлат ва нодавлат ОАВ, хусусан, “Ўзбекистон-24”, “Менинг юртим” ва бошқа телерадиоканалларда, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “XXI asr”, “Ишонч”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Hurriyat” каби марказий газеталарда, “Uza.uz”, “Daryo.uz”, “Кun.uz” сингари катта аудиторияли интернет нашрлари ҳамда “Facebook”, “Телеграм” каби ижтимоий тармоқ саҳифаларида кенг ёритилди. Эътиборли жиҳати, медиафорум билан боғлиқ материаллар бир қанча хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинди.
Медиафорум якуни бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланишига эришилди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Навоий вилоятида ўтказилаётган республика медиафоруми анъанавийлик касб этиб, эндиликда ҳар йили икки маротаба — баҳор ва кузда ўтказиладиган бўлди.
Бундай анжуманлар ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ОАВ вакилларини яқиндан таништириш, журналистларнинг назарий билим ва маҳоратини ошириш, бугунги глобаллашув ва ахборотлашган жамият шароитида журналистлар олдига қўйилаётган талаблар ва тамойиллардан воқиф бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини беради. Уларни бир эзгу мақсад йўлида жипслаштиради.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 март куни пойтахтимизда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимидаги нутқида оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилганлигини таъкидлади.
Биз ишонч билан айтамиз: журналистлар берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, жонажон Ўзбекистонимиз бугуни, эртаси ва ёруғ келажаги учун сидқидилдан хизмат қилади. Оммавий ахборот воситалари ходимлари юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини қалбларига жо этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари, одамлар онгидаги ижобий ўзгаришларни кенг ёритади, Ўзбекистон ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши учун юксак мақсадларни кўзлаб истиқбол сари интилаётганини дунё аҳлига ҳам намоён этади.
Инсон қадри улуғланган юртимизда журналистлар якдил ва ҳамфикр бўлиб, эзгу мақсад йўлида Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшади, матбуот том маънода жамият кўзгусига айланади.
Олимжон ЎСАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси раиси