Миллий мафкура ёлқини

Эрта тонгдан ишга отланган чоғимда қалбимни ажиб орзиқиш қамраб олади ва жамоам, қадрдон даргоҳ сари шошаман. Инсон — кўпнинг орасида ўзини топади. Бир-бирига яқин ниятлар маслакдошларни бирлаштиради. Чунки умумий ишимиз—мамлакатга маърифатли, баркамол, келажакни ишонч билан топшириш мумкин бўлган ёшлар, ўз дунёқарашига эга салоҳиятли кадрларни етказиб бериш. Биз зиёлилар қатламини якдил қила олган, ишимизни севдира олган, ўзлигимизни билиш ҳиссини бера оладиган куч мафкурадир.

Мафкура – руҳнинг тириклиги, ҳаётнинг асл рангидир. Инсон вужуди шу руҳ билан ҳаракатда экан, жамият мафкура билан барқарордир.

“Арпасиз от қир ошмас, ёрдамчисиз алп енголмас”, “Бир қарға бирла қиш келмас”, “Ёлғиз ғоз учмас”, “Беш бармоқ йиғилса, мушт бўлар”, каби мақоллар бежиз яратилмаган. Илгари ҳам элдан, жамоатдан ажралмасликка ундовлар мафкуравий якдиллик учун даъват ҳисобланган. Донишманд тарих гувоҳки, миллий мафкурамиз илдизлари ҳам “Дил ба ёру даст ба кор” (Баҳоуддин Нақшбанд),   “Адолат кучда эмас, куч – адолатдадир” (Амир Темур), “Ҳақ олинур, берилмайдур. Ҳар миллат ва мамлакат халқи ўзининг ҳуқуқи, дини ва сиёсатини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади” (М.Беҳбудий) каби ҳикматли фикрлар жаҳолатга қарши маърифат, ёмонликка жавобан яхшилик сингари инсонпарвар ғоялар асосига қурилган. Сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий бежиз ёзмаган:

 

Тухум ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!

 

Ҳа, инсоннинг яшаётгани — унинг руҳи, ҳаракати, онгу-тафаккури, амал­­ларидан англанади. Мафкура эса шу руҳни маърифат ва моҳият суви билан тўйинтиради, инсонийлик моҳиятини белгилаб беради.

Миллий якдиллик, бирдамлик билан Янги Ўзбекистонни барпо этаётган халқнинг тафаккури ҳам, мафкураси ҳам энди янгича.

Бугун биз асл миллий мафкура, бутун элни бир байроқ остида бирлаштиришга қодир миллий ғоя нақадар зарур эканлигини англадик. Жадид боболаримизнинг армони биз яратаётган буюк истиқбол йўлида ушалмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ “Буюк истиқболимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” деб бутун халқимизни миллий бирликка, муштарак мақсадлар йўлида бирлашишга ундади. Сўнги йилларда юртимиз тараққиёт йўлига кирди. Эл осойишталиги, одамларнинг турмушидан розилиги, бахти ва фаровон ҳаёти мафкуравий ғалабамиз бўлди.

Ўтган қисқа давр ичида кенг кўламли ишларнинг амалга ошишида асос бўлган Ҳаракатлар стратегиясининг беш тамойили ҳам халқимиз имкониятидан келиб чиқиб қабул қилинган эканки, унинг самараси яққол кўринди. “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил давлат ва жамият фаолиятининг бош мезонига айланди. Бу халқаро майдонда эътироф этилди. Мамлакатимиз биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига сайланди.

Эндиликда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди. Яъни “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва мезонимизга айланиб, миллий ривожланишнинг янги босқичи бошланди.

Куни кеча “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони эълон қилинди. Унда таъкидланадики, 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида жамиятимизни янгилаш, тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинди. Бу айтишга осон. Ўтган беш йил мамлакатимизнинг барча соҳалари учун тарихий ривожланиш, ўз-ўзини янгилаш, таҳлил этиш йиллари бўлди. Бир неча ўн йилларга татигулик ишлар рўёбга чиқарилди.

Энди келгусидаги 5 йил давомидаги улкан истиқбол режалари эълон қилинди. Буларнинг барчаси халқимиз, она юртимиз фаровонлиги йўлидаги улуғ режалардир.

Аммо дунёда турли кучлар ўртасидаги қарама-қаршилик, тинчлик ва хавфсизликка нисбатан янги-янги таҳдидлар борлиги хавотирланарли ва бу барчамизни огоҳликка ундайди.

Бинобарин, бир ҳақиқат юракларимизга таскин беради: миллий мус­тақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари, деган муштарак ғоя, умуммиллий мафкурамиз ёлқини порлоқки, ҳар қандай таҳдид ва рақобатга мағрурона қарай оламиз. Бу биз педагогларга “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси асосида ёшларимизни маънан баркамол, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашимиз учун муҳим асос бўлади.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 7 =