Шахс, жамият, ахборот: оқилона чора излаб?..

Таниқли сиёсий шарҳловчи Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим” эссесидаги қуйидаги лавҳа ғоятда нозик мавзуга дахлдорлиги билан эътиборни тортади:

“Президент Шавкат Мирзиёев иш бошлаган илк кунларда сўз эркинлиги ва ижтимоий тармоқларнинг “жиловини бўшатиш” ҳақида мунозаралар қизиган пайтларда кўпчилик қатори, очиғи, мен ҳам хавотирланганман. Негаки ичкаридаги аҳволдан ҳаммамиз яхши хабардор эдик. Ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва маиший муаммолар бир-бирига ўрин бермас даражага келган эди. Шундай бир паллада ўнлаб йиллар давомида ОАВ учун деярли ёпиқ бўлган жамият одамларга ўз фикрини очиқ баён қилиш ҳуқуқини бериши гўёки дамбанинг тиқинларини бирваракайига бўшатишдай гап эди. Шундай бўлди ҳам. Ижтимоий тармоқлар одамларнинг чақириқлари, баёнотлари ва адолат сўраб ёзаётган номаларига тўлиб кетди”.

Мавзу шунинг учун ҳам нозикки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий этилган ахборот сиё­сати мамлакат миқёсида бошланган кенг қамровли ислоҳотларнинг марказий ўқи – умуртқасини ташкил этади. Зеро, биламиз, ахборотдан ҳоли биронта соҳа, тармоқ йўқ. Вазирликлар, ҳокимликлар ва идоралар, ҳатто бирорта фуқаро ҳам ахборот майдонидан четда, ташқарида эмас. Балки тирик инсон борки, ахборот унинг ҳар нафаси, лаҳзаси, фикр-зикрида мавжуд. Сиёсий шарҳловчи ҳақ: давлатимиз раҳбари энг тўғри ва шу билан бир вақтда энг оғир йўлни танлагани эндиликда ҳеч кимга сир эмас.

Оммавий коммуникация жозибаси

Замонавий эркин жамиятнинг бирламчи белгиси фуқаролар ўртасида қанчалик шаффофлик муҳити яратилганида ўз ифодасини топади. Бундай муҳитда шахс ва халқ ҳаётига, жамиятга дахлдор маълумотлар очиқлиги таъминланади, юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида истаган фуқаро истаган ахборот майдонида ўз қарашларини, фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин баён этади, ўртоқлашади, ўрни келса, баҳслашади. Бундай жараён илм-фанда, амалиётда “оммавий мулоқот”, “оммавий коммуникация” истилоҳларини олганига кўп йиллар бўлди. “Оммавий коммуникация” тушунча сифатида кенг оммалашиб улгурди.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда тобора чуқурроқ қарор топа бораётган “оммавий коммуникация” муҳити Ўзбекистон учун ўтмишда бўлмаган нодир, уникал тарихий воқеадир. Шу билан бир вақтда, тан олиш керакки, мамлакатимиз миқёсида, дейлик 35 миллионлик аҳоли иштирокида кечаётган оммавий мулоқот жараёнини ҳар жиҳатдан кузатиш-ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш осон ва жўн иш эмас. Лекин давр ўзгаришлари, замон янгиланишлари ана шу жўн бўлмаган, аслида ғоятда мураккаб жараённи атрофлича ўрганишни, таҳлил этишни ва албатта тегишли хулосалар чиқаришни тақозо этади. Чунки, такрор таъкидлашга тўғри келса, биз назарда тутаётган оммавий мулоқот омиллари, белгилари яқин ва олис келажакдаги муаммоларга тайёр туришда, улар ечимини олдиндан бартараф этиш чораларини излашда жуда-жуда асқотади.

Маълумки, матбуот оммавий мулоқот воситаси сифатида кашф этилган, шундай бўлиб қолди ҳам. Хусусан, маданийлашган жамиятларда кундалик газеталарнинг аҳамияти эрталабки нонуштадан-да аҳамиятлироқ бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Янгиликлар, хабарлар, уларга доир муносабатлар, саволлар ва жавоблар ва ҳоказо мақолалар ютоқиб ўқилган, кундалик ҳаёт учун зарур йўл-йўриқлар газеталардан олинган.

Кимнинг ким эканлиги, кимнинг қайси масала юзасидан муносабати, нуқтаи назари қандайлиги газета саҳифаларида чоп этилган материалларда оммалашган. Жамиятда оммавий коммуникация шу тарзда “нафас” олган, яшаган, шаклланган.

“Газета” исмли оммавий мулоқот воситаси кундалик турмушнинг ажралмас бўлагига айланган. Газетасиз жамият бўлиши мумкинлиги соғлом ақл эгалари тасаввурига сиғмаган.

Газета! Яна бир карра газета!

Дунёда ҳозирги тушунчадаги газета яратилганига тақрибан 400 йил бўлмоқда, ўтган замонлар ичида газетанинг қиёфаси, йўналиши, ранг-туси ўзгарса ўзгардики, унинг моҳияти, ҳикмати, сеҳри-жозибаси ўзгармади. Газета ўзининг шапалоқдек саҳифасига бу ёруғ оламнинг бутун маҳобатини, бутун кечмиши, ҳайратлари, қувончу изтиробларини сиғдириб келмоқда. Ҳар қандай миллий газетада миллатнинг таржимаи ҳоли мужассам топганидек, бутун дунё газеталари башарият тарихининг кўзгуси, солномаси ўлароқ юз, минг йиллар сақланишига, келгуси авлодлар томонидан ўқилишига шак-шубҳа йўқ.

Шахсан ўзимдаги болалик чоғларимда орттирган одатим ҳали-ҳануз ўзгармади – ўқишли мақола чиққан газета саҳифасини кўзимга суртгудек ардоқлайман, қирқиб олиб, бисотимда сақлайман. Қарашларим ўзгаришига туртки берган мақолаларни қайта-қайта ўқийман, доно-зукко фикр-мулоҳазаларини ёзган муаллифларни устоз-мураббий қаторида ҳурматлайман. Назаримда, энг аянчли манзара – ўқилмай қолган газета, варақланмаган журнал, чанг босган китоб! Эътибор қозонмаган газета-журналдан мен, ҳа, шахсан ўзим узр сўрашга тайёрман!

Газета – дастурхонимдаги ҳалолдан-ҳалол ноним, ризқим, бурдаси-урвоғи-да увол бўлишига йўл қўёлмайман!

Газетани талотўп асримизнинг олашовур йилларида ҳам, ахборот оқими шиддатли тус олган бугунги кунларда ҳам оммавий мулоқотнинг бош воситаси, минбари деб ҳисоблайман. Комил ишонч билан айтаманки, дунё­даги ҳеч бир ахборот, мулоқот воситаси газетанинг ўрнини боса олмайди. Ҳеч қачон! Ҳамиша ўз ўрнимни одамни, жамиятни, оламни газетасиз ўзгартиришга умид боғлаганларнинг умидлари бесамардан-бесамар ва пучдан-пуч эканлигини исботлашга ҳозиру нозир инсонлар сафида деб биламан!

Ўзбек миллий газета журналистикаси улкан тарихий йўлни босиб ўтган. Жадид боболар даври, шўролар истибдодининг жончиқар йилларидаги газетачилигимиз парвозини қўя турайлик,   мустабид мафкура замонларида ҳам газета журналистикаси баҳолиқудрат халқ манфаати йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилди, заҳмат чекди. Озмунча соҳа заҳматкашлари азиз умрларини қаламнинг мўрт ва кескир учига бахшида қилиб ўтдиларми?!

Бир фикрни ўртоқлашиш ўрни келди.

Журналистика ҳамиша ҳукмрон мафкура қўлида қўғирчоқ бўлиб қолади, у замонасозликка маҳкум соҳа деган тушунчалар бор. Оғир ботади албатта, бироқ, бундай қарашлар бир жиҳатдангина асосли. Аслида журналистика шу қадар қудратли, шу қадар ўзига хос сеҳрли, мўъжизаларга бой ижод туридирки, у ҳар қандай мустабид-қонхўр-баттол “об-ҳаво” шароитида ҳам ҳур, эмин-эркин сўз айтиш имконини топа билади. Бу – журналис­тиканинг стихияси, журналистика табиатининг ботиний қонунияти! Унинг ҳужайраси ғурур, нафсоният, ҳаққониятга ташналик, ҳаётбахш ўжарлик, тўғри сўзга фидойилик туйғуларига тўйинган. Дунёқараши, тафаккури, ҳаё­тий мезонларида собит бўлган журналистика ҳам, журналист ҳам асло кимнингдир ёки ниманингдир қўлида қўғирчоқ бўлиб қолмайди, буни ўзига эп кўрмайди. Итальян тилида “чақа пул” деган маънони англатгани билан газета шу қадар мўъжизакор ахборот воситасидирки, у дунёни ағдар-тўнтар қилиб юбориш, башариятни гуллаб-яшнатиш, темир сандиқларидаги миллиардларини санаш­­га фурсати етмайдиган калондимоғларнинг ҳам тақдирини ҳал қилиб қўйиш қудратига эга!

Доно халқимиз “Қаловини топса” деган тагдор ҳикматли иборани журналистика учун, журналистлар учун ўйлаб топган, кашф этган. Ҳам сўз санъати, ҳам маҳорати, ҳам чексиз “қаловини топиш” имкониятидан баҳраманд ижод тури бўлмиш журналистика ўз тийнати-табиатидаги мавжуд салоҳ­иятининг барини, биринчи навбатда, газета орқали шахс, жамият ва ватан манфаати йўлида сафарбар қилади.

Жонсаракларимиз

Тўкин-фаровон яшашни орзу қилмайдиган одам йўқ, жамият йўқ. Тирик жон борки, орзу-ҳавас етовида яшайди, меҳнат қилади, ҳаёт манзилларининг янгиланишларини кўзлайди. Янгиланишларнинг ҳеч бири эса ўз-­ўзидан амалга ошиб қолмайди, балки уларнинг бари фикр-мулоҳазалар, машваратлар, баҳс-мунозаралар маҳсули ўлароқ ҳаёт синовидан ўтади, воқеликка айланади.

Оммавий коммуникация муҳити жамият аъзоларининг барини машварат майдонига чорлайди: “Марҳамат, кимда қандай фикр, таклиф, тавсия мавжуд?” деган савол даъваткор кучга айланади. Одамларни фаолликка ундайди, дахлдорлик туйғусини кучайтиради. Оммавий мулоқот муҳитининг жозибаси, сеҳри, сурури ҳам шунда. Аммо-лекин жамият ҳаётини салгина ўзгартириш, унга озгина бўлсин, янгича қиёфа исташ у-уҳ, нақадар машаққат, нақадар мураккаб, нақадар масъулиятли?!

Ҳаётий тажрибаси катта одамлар оз эмас, лекин жамият миқёсида фикр­лаш, яъни жамиятнинг, қолаверса, Ватаннинг корига ярайдиган даражада мулоҳазаларини ўртоқлашадиганлар, тан олиш керак, у қадар кўп ҳам эмас. Қалам тебратиш маҳорати эса нисбатан жуда-жуда озчиликка насиб этади.

Ўйлаб кўрайлик, нима учун оддий публицистик мақола ёзиш лаёқати камдан-кам кишиларгагина насиб этади? Яхши ва ўхшатиб ёзиш-чи?..

Яхши ёзадиган одам ёмон фикрламайди. Бежиз фикрламайди. Беҳуда фикрламайди. Умуман, оммавий мулоқот жараёни йўлга қўйилган жамиятда биринчи навбатда ФИКР, ҒОЯ қадрланади, улуғланади, ардоқланади. Фикр улуғланган масканда инсон улуғланади. Давлат раҳбари инсон қадрини улуғлаш ғоясини илгари сураётган Ватанимизда мана шундай жамият қарор топмоқда.

Ҳеч бир оммавий ахборот воситасини камситмаган ҳолда тан олиш керакки, жамият корига ярайдиган салмоқли фикр аввало, газета саҳифаларида оммалашади. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ, жамиятимиз ҳаётининг турли мавзу-муаммоларига бағишланган бири-биридан салмоқли, ижтимоий салмоғи юкли мақолалар газеталаримизда мунтазам чиқиб турибди. Зиёли жамоатчилигимиз эътиборига, ва албатта, кенг газетхонлар оммаси олдига бир саволни кўндаланг қўяйлик: мунтазам чоп этилаётган ана шу мақолаларнинг муаллифлари кимлар? Улар қандай инсонлар?

Иброҳим Ғафуров, Қудратилла Рафиқов, Акмал Саидов, Аҳмаджон Мелибоев, Эркин Аъзам, Абдусаид Кўчимов, Қиём Назаров, Виктор Алимасов, Нарзулла Жўраев, Зуҳриддин Исомиддинов, Муқимжон Қирғизбоев, Қутлибека Раҳимбоева, Мансур Бекмуродов, Абдухалил Маврулов, Абдураҳим Эркаев, Умид Арслонбеков, Умид Бекмуҳаммад…

Номлари зикр этилган муаллифлар қандай фикр-мулоҳазаларни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўймоқдалар? Не мақсад-муддаоларда илгари сурмоқдалар?

Халқимиз, ватанимиз равнақи йўлида ҳаловатидан воз кечган жамиятимизнинг илғор ва фаол зиёлилари булар. Ҳеч бир муболағасиз айтишни истардимки, бу сингари мунаввар зотларимиз ҳар қандай манаман деган халқнинг, давлатнинг етук, кўзга кўринган, фахри-ифтихорига сазовор бўлишга лойиқ олим-уламо инсонлардир. Таъна ёки миннатга йўймайлик, ўз она халқимизнинг бағрида, халқимизнинг нон-сувидан тотиниб вояга етган, камолга етишган бу каби зиё­­ли азизларимиз жонажон она диёримиз миллий маънавий-интеллектуал муҳитининг ардоқли фарзандлари, керак бўлса, маънавият жангчилари ҳисобланадилар.

Қулоқларимизни динг қилайлик, Қодирий ҳазрат айтмоқчи “кўзларимизни тўлдириб-тўлдириб” ўқиб, уқишга талпинайлик.

“Олимнинг жамиятдаги ўрни шундаки, – деб ёзади устоз Иброҳим Ғафуров, – у ҳеч қачон масала қўймай ва масала ечмай туролмайди. Масала қўйиши ва масала ечиши билан олим жамият томонидан тан олинади ва ўз наздида ҳам, ўз вазифаси, аъмолини оқлайди”. Бошқа бир ўринда устоз бугунги замондошларимиз тарбияси, истиқболи учун минг йиллик ўзбекона ҳаё, латофат, фаросат туйғулари қанчалар кони фойдалигини уқтиришга жазм этади. Ота-боболаримиздан маънавий мерос ёмбиси янглиғ дид-фаросат туйғуси “соғлом фикрга олиб боради” дея қайғуради. Халқимиз тийнатидаги азалий-миллий туйғуларимиз қатларида нақадар битмас-туганмас ижтимоий куч-қувват яширинганлигини ёдга солади.

Жўн гаплар эмас булар, узоқ йиллик ҳаёт тажрибасининг сара мевалари.

“Ёзувчи мардум, – деб ёзади Эркин Аъзам, – “ўзидан ортганда”, кўнг­лидагини ошиғич изҳор этиш эҳтиё­­жи пайдо бўлганда публицистикага қўл уради. Зеро, қўлига қалам тутган инсон авваламбор жонсарак одам, у “оламни, одамни тўкис кўриш истагида куйиниб-койиниб қалам тебратади”.

Биз ҳар бир муаллифимиз мақолаларидан истаганча иқтибослар келтиришимиз мумкин, уларда баён этилган, ўртага ташланган масала ва муаммолар юзасидан истаганча мулоҳазалар юритишимиз мумкин, лекин, ҳамма гап ана шу жонсаракликда, оламни ва одамни тўкис кўриш истагида, янада муҳими, қўйилган масалалар жамиятимиз, жамоатчилигимиз томонидан қанчалик тан олинаётганида, эътибор топаётганида.

Бонг уриш пайти келмадими, дегинг келади баъзан: қўлига қалам тутган жонсарак бир ватандошимиз, замондошимиз жамиятга, жамият аъзоларига қарата сўз, фикр айтмоқда. Бир фойдали фикр, бир ғоя, бир таклиф бошқа фикрларга туташиб кетармикан деган, бошқа муҳтарам фикр эгаларини, масъулларни мушоварага чорлармикан, пировардида сўз амалиётга кўчармикан, деган покиза ниятларда қалам тебратмоқда.

Соғлом оммавий мулоқот орзуси

Оммавий мулоқот жараёнининг бирламчи бош бекати барча онгли инсонларнинг фикрловчи, фикр изҳор этувчи субъектга айланишида бўлса, сўнгги ниҳоятда муҳим бекати изҳор этилаётган фикр-мулоҳазаларнинг керакли манзилларга етиб бориши, уларга қулоқ тутилиши, уларнинг қабул қилинишидадир.

Ёш, бошловчи публицистлардан бири “Hurriyat”да эълон қилинган мақоласига “Тинглашни ўрганиш маданияти” дея сарлавҳа қўйди. Ғоятда жиддий муаммо бу. Оммавий мулоқотда айта олиш, ёза олиш, муносабат билдириш қанчалик муҳим ва аҳамиятли бўлса, оммага қарата айтилаётган фикрни тинглаш маданиятининг аҳамияти ундан оз эмас.

“Одамни тинглай билиш ҳам жуда катта одамгарчилик, – дейди Иброҳим Ғафуров. – У юрак ва онгнинг тарбиясидан дарак беради”.

Нимасини айтасиз! Айни пайтда бизда тинглай билиш маданиятини катта ижтимоий одоб мақомига кўтариш вазифаси устида жиддий бош қотиришимизга тўғри келмоқда. Шикоятлар, мурожаатларга амалий ечим топиш нечоғли осон эмаслигини ҳаёт кўрсатмоқда, лекин айтилган сўзга қулоқ сола билиш ўзганинг дардига ҳамдард бўлиш экан, бундай муносабат оммавий мулоқот маданиятининг муҳим шарти ҳисобланар экан, унинг буткул эътиборсиз ташлаб қўйилишига зинҳор тоқат қилиб бўлмайди.

Ҳаётда юз бераётган воқеалар юзасидан баҳсли, танқидий қарашлар келиб чиқиши табиий ҳол. Бундай муносабатлар матбуотда ёритилмоқда. Лекин муносабатга муносабат билдирилмаса-чи? Қулоқ солинмаса-чи? Бундан ким ютади? Ким манфаат кўради?

Жонкуяр, фаол олим Зуҳриддин Исомиддинов “Hurriyat” газетасида чоп этилган “Нури ўчган икки зиё маскани” сарлавҳали мақоласида ёзишича, 2002 йили Республика илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси, 2011 йили Миллий китоб палатаси оптималлаштириш баҳонасида Миллий кутубхона таркибига қўшиб юборилди. Тўғри бўлганми? Мутлақо йўқ, демоқда муаллиф. Ўзбекистондек мус­тақил, қолаверса, Ренессанс чўққиларини кўзлаётган мамлакат илм-фани мазкур икки муҳимдан-муҳим муассаса бўлмай туриб ўйланган-кўзланган марраларга қўл чўза олмайди.

Ҳалим Саидов “Ҳалокат остонасидаги миллат зиёхонаси” мақоласида мактаб кутубхоналари шошилинч ёрдамга муҳтожлигидан жар солмоқда. Бироқ…

Эътибор берайлик: муаммо кўндаланг қўйилмоқда, лекин уни ким эшитади? Ким бу ҳақда қайғуради?

Ёки, мамлакатимиз бўйича транспорт воситалари иштирокида юз бераётган фожиали ҳолатлар юзасидан қатор газеталарда ўнлаб чиқишлар қилинди. Таассуфлар бўлсинки, ҳатто мана шундай аянчли мавзуларга доир мулоҳазалар ҳам ҳавога совурилаётганига ақл бовар қилмайди. Наҳотки, мутасадди идоралар, вазирликлар, тегишли масъулларга етиб бормаётган бўлса, куюнчаклик билан ёзилган газета мақолалари?! Газета ўқишмайдими ёхуд газетада босилган мақолаларда баён этилган ташвишли ҳолатлар нафақат муайян муаллифнинг, балки халқнинг дарди, ташвиши, фиғони эканлигини ҳис этишмайдими?!

Бундай ҳолдан адабиётшунос олим Сувон Мели қаттиқ ташвишланади. Шундай ёзади у: “Агар танқидий мақолалар ёзилиб, чоп этилса-ю, унга биров нима деяпсан демаса, мутасадди ташкилотлар танқид қилинган масалалар бўйича чора кўрмаса… Бу энди жуда ёмон, ва ҳатто давлатчилигимиз учун хавфли ҳолат”.

Узоқ йиллар Тошкент вилояти “Турон” кутубхонасида хизмат қилган Феруза Нуриддинова даставвал 1918–1950 йилларда нашр этилган газета ва журналлар саҳифаларида эълон қилинган мақолалар библиографияларини китоб ҳолида нашрдан чиқарди. Сўнгра ХХ асрнинг 30-йилларигача бўлган даврда республикамизнинг етакчи газеталари бўлган “Иштирокиюн”, “Қизил байроқ”, “Туркистон” ва “Қизил Ўзбекистон” газеталарининг 1918–1930 йиллардаги сонларида эълон қилинган мақола ва хабарларнинг изоҳли библиографиясини алоҳида салмоқли китоб ҳолида жамлаб, чоп эттирди. Озмунча меҳнатми? Бу заҳматли меҳнат маҳсулидан ким ва кимлар манфаат кўрадилар?

Табиий, илм-фан кишилари, тадқиқотчилар, тарихнавислар ва ҳоказо.

Тарих фанлари номзоди, Наманган давлат университети доценти Бахтиёр Исоқов “Манфаатлар мувозанати муаммоси” номли салмоқли асарида шахс, жамият, давлат ўртасида кечадиган серқатлам муносабатларда мувозанат муаммоларини атрофлича таҳлил қилган. Асар   маълумотларга, қарашларга, кузатувларга, мунозарага чорловчи қизиқарли масалаларга бой. Муҳими – ниҳоятда фойдали!

Бу йўналишда тадқиқот олиб борадиган мутахассислар кўп эмас бизда, китоблар-ку, ниҳоятда оз. Шундай экан, нима учун бундай машаққатли меҳнатлар эвазига яратилаётган ақл-идрок мевалари мамлакатимиз илмий-маърифий жамоатчилигининг диққат-эътиборига тушмаслиги, улар катта илмий-маърифий воқеага айлантирилмаслиги, тарғиб қилинмаслиги керак?!

Ўйлаб қоласан киши.

Эътибор қилинг, муҳтарам газетхон, бирон ўринда деярли бирор муассаса, вазирлик, ҳокимлик ёки шунга ўхшаш идора шаънига таъна ёғдирилмаяпти (бу буткул бошқа масала), чунки гап соғлом оммавий коммуникация шароитида жамиятда фикр айланиши ҳақида бормоқда. Жамият аъзоларининг соғлом фикр алмашиши яхлит, табиий ва давомли жараёнга айланиб кетмаётгани ҳақида бормоқда. Фикрни қадрлаш туйғуси яхлит тизимга айлангани сайин жамият онгли мулоқотлар йўлга қўйилган, тараққиётнинг юқори босқичларига кўтарилаётганидан далолат берувчи жамиятга айланмоқчи, деган эзгу орзу-ният изҳор қилинмоқда.

Мана шундай улкан орзулар йўлида пешқадамликни қўлдан бермаслиги муқаррар бўлган газета аянчли аҳволга тушиб қолгани эса давримизнинг фавқулодда бошоғриқларидан бири бўлиб қолмоқда.

Таназзул “таржимаи ҳоли”

Босма нашрлар, хусусан, газеталар аҳволи тобора орқага кетаётгани кўплаб мақолаларнинг бош мавзуси бўлиб турибди. “Қўқон садоси”нинг жарангдор овози сўниб бормоқда?!”, “Муборак ҳаёти”нинг ҳаёти сўндими?” сингари мақолалар шаҳар, туман газеталари аянчли аҳволга тушиб қолаётганидан бонг урмоқда. Аҳмаджон Мелибоев куюнчаклик билан дам матбуотнинг “Қудратли ва таъсирчан восита” эканлигини бот-бот ёдга солаётган бўлса, дам “Матбуотимизнинг келажаги кимларга ва нималарга боғлиқ?” дея оғриқли саволларни кенг жамоатчилик муҳокамасига ташламоқда. Журналист Ҳусан Эрматов шу кунги газеталаримизнинг “Ўқувчисини излаётган матбуот” даражасига тушиб қолганидан ташвишда. Шунингдек, вазирлик даражасидаги бир қатор муассисларнинг матбуотга муносабат борасидаги нўноқликларини очиқ-ойдин фош этар экан, “Шу боис, мен жамиятни газеталарга қарши қўйган кимсаларни маънавият ва маърифат кушандалари дегим келади” дейишгача бормоқда. Норқобил Жалил журналистларимизга журъат ва жасорат етишмаётганидан нолиса, Мусулмон Намоз матбуотимиз жамиятнинг кўзгуси бўлолмаётганидан ёзғирмоқда. Жасоратли тележурналист Гулмира Мусажонова журналистларимизни ҳақиқатни айта олмаган тақдирда ҳеч бўлмаса ёлғон ёзмасликка даъват қилмоқда. Акбар Товмуродов эса “Бугунги матбуот “тўртинчи ҳокимият”ми?” дея масалани ниҳоятда кўндаланг қўймоқда.

Таъкидлаб қўяйлик, мазкур муаллифлар қайсидир хориждан келиб қолган эмас, балки ўзимизнинг одамлар, жамиятимиз фаоллари, муҳаррирлик мақомига эришгунга қадар кўп-кўп кўйлак йиртган, оқ-қорани таниган жамият кори билан шахсий манфаа­­ти қоришиб кетган зиёлилар, қолаверса, уларнинг ҳеч бири ўз дардини достон қилаётгани йўқ – жамиятимизнинг, миллатимизнинг манфаатлари йўлида жонфидолик кўрсатмоқдалар. Ачинарли жойи шундаки, ана шу холис ва юракдан ситилиб чиқаётган нидолар, оммавий мулоқот маданияти ва талабларига мутлақо зид ўлароқ деворга айтилганчалик таъсир кучига эга бўлмаяпди.

Соғлом ва тийрак оммавий коммуникация орқали жамият равнақини йўлга қўйиш кўзланаётган давлатда бундай ҳолга мутлақо тоқат қилиб бўлмайди.

Бир қатор туман ва шаҳар газеталари очиқдан-очиқ тугаб бораётганини “Hurriyat” мухбири А.Пардаев “Босма нашрларнинг эртаси борми?” мақоласида рақамлар билан кўрсатиб ўтди. Бир қанча марказий нашрлар кейинги йиллар давомида фаолиятини тўхтатди. Бундай аҳволнинг маънавий асорати алоҳида масала. Кадрлар талофати, тажрибали ва маҳоратли қалам аҳлининг ишсиз қолиши яна бир алоҳида масала. Асоратларни яна санашда давом этиш мумкин албатта. Лекин савол туғилади: бу инқироз қачон, нимадан бошланди? Қай тарзда давом этди?

Тан олиш керак, Ватанимиз мус­тақиллигининг дастлабки икки-уч йили бир қадар матбуотимиз эркин нафас олди. Сўнгра, босқичма-босқич ислоҳотлар бошланиб кетди. Жамиятда эркин фикрни барқарорлаштиришга қаратилган ислоҳотлар матбуотга эмин-эркинлик бахш этиш ўрнига унинг қўл-оёғини боғлаб қўя бошлади. Соҳага доир қонунлар қабул қилиниши, оммавий ахборот воситалари сон жиҳатидан кўпайишига мафтун бўлган ҳолда журналистиканинг туб ақидалари унутилаётгани, бой берилаётгани ҳақида лом-мим дейишга йўл қўйилмади. Ҳаёт ҳақиқати билан матбуот ҳақиқати ўртасида жарлик вужудга келди.

Биргина мисол. 1997 йилда амалда бўлган иккита қонунда “Журналистик текширув” моддаси бор эди. Ушбу модда аксарият газеталарда рукн сифатида қабул қилинди. Унинг остида меҳнаткашларни қийнаган энг долзарб ва анча-мунча илдиз отган муаммолар таҳлилий чиқишлар орқали жамоатчилик эътиборига ташланди. Яъни, газетхонларнинг манфаатлари газеталар орқали ҳимояга олинди. Бу ҳол узоқ давом этмади: дастлаб “Журналистик текширув” моддаси битта қонундан олиб ташланди. Бунинг устига, “Журналистик текширув” рукни “Журналист суриштируви” кўринишини олди. Кейинроқ эса бунинг ҳам баҳридан ўтилди.

Оқибатда журналист текшируви олиб боришга лаёқатли бир қатор қалами пухта, кўпни кўрган, тажрибали журналистлар “чиқит”га чиқарилди.

Яна бир мисол. Азал-азалдан бош муҳаррирлар томонидан бош мақола ёзиш тажрибаси мавжуд. Тўғри, мафкура ноғорасига ўйнаб ёзилган мақолалар оз эмас. Лекин куннинг долзарб муаммоси ҳақида ўз қарашларини ўртоқлашишга қаратилган шахсий муносабатларга тоқат қилмадик. Бош мақолада бош муҳаррирнинг шахси бўртиб кўринишини истамадик. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тафаккур”, “Ташкентская правда” газеталарида мунтазам босилаётган ва кенг ўқувчилар оммасини жалб этган бош мақолалар тақа-тақ тўхтатилди.

Мен “Таҳририятга юборилган хатларга жавоб берилмайди” деган огоҳлантиришлар кўпайганини журналистларимизнинг жиддий хатоларидан бири деб ҳисоблайман.

Ҳозирда “сариқ матбуот” деган лақаб орттирган нодавлат-кўнгилочар нашрларнинг кўпайиши (Абдулла Қодирий “қора матбуот”, Эркин Аъзам “арзонгаров матбуот” деб ном берган) журналистларимизни ҳам, газетхонларимизни ҳам чалғитиб қўйди. Аввало, енгил ўқилиши билан, иккинчидан жуда кўпчилик оммада “газета ўқияп­ман-ку” деган алдоқчи тасаввур туғдиргани билан.

“Мажбурий обуна” деган иборадан “Мажбурий меҳнат”дан қўрққандек қўрқув пайдо бўлди. Очиқ айтиш жоиз бўлса, “Тўртинчи ҳокимият” вакиллари ҳали ҳаётда кўпни кўрмаган, мамлакат миқёсида раҳбарлик қилиш ҳадисини олиб улгурмаган бир вазирнинг ниҳоятда чаласаводлик ва саёз ўйлаши оқибатида чиқарган “амр-фармони”нинг нотўғри эканлигини етарлича исботлай олмадилар.

Обуна барҳам топгани етмагандай, хусусан, вилоят ва туманларда газета киосклари тизими издан чиқди, почта хизмати аввалги мавқеини йўқотди.

Ҳаётда ҳар қадамда истаганча муаммолар қаторлашиб ётган бир пайт­­да танқиддан қарийб воз кечилди. Бу газеталаримизнинг обрўсини мутлақо тушириб юборди. Неча ўн йиллар мобайнида эришилган ишонч, ихлос бой берилди.

Санаб ўтилган объектив ва субъектив сабаб-оқибатлар етмагандай ахборот технологиялари майдонида юз бера бошлаган янгиликлар босма нашрларимиз, босма журналистикамиз осмонидаги қора булутларни ҳаддан ташқари қуюқлаштириб юборди.

ОАВ ва ОКВ: улоқ кимнинг қўлида?

Пича назариядан сўз очиш мавриди келди.

Азал-азалдан оммавий ахборот воситалари деганда, журналистика деганда асосан газета, журнал тушунилган. Сўнгра бу ибора радио-тележурналистикани ҳам ўз қавми қаторига қўшиб олди. Тахминан 2000 йиллардан интернет оммалаша бошлади. Интернет-газета, веб-сайт, электрон-нашр таомилга кирди. Очиғи, бундай ўзгаришларга ишонгандан кўра ишонмаганлар кўпчиликни ташкил этарди. Бироқ ахборот технологиялари мўъжизалари ўз кароматини кўрсатишда давом этди. Ўзгариш шиддати шу қадар юқори эдики, анъанавий журналистика тобора очиқ тус олаётган замонавий рақобатга бардош беролмай қолди. Мана, ХХI асрнинг биринчи чорагида интернет имкониятлари, уяли телефон мўъжизалари дунё ахборот майдонига эга чиқиб турибди! Биз 150 йил мобайнида ўзлаштирган, ўрганилган “Оммавий ахборот воситалари” (ОАВ) тушунчаси торлик қилиб қолди ва унинг ўрнига “Оммавий коммуникация воситалари” (ОКВ) атама сифатида саҳнага чиқди. Янги ОКВ қадимдан яшаб келаётган ОАВни ҳам ўз оғушига тортиб кетмоқда.

Афсонавий Маршалл Маклюэн ҳар бир янги оммавий ахборот воситаси янги-янги авлод вакилларини имтиҳондан ўтказади, деган эди. Ҳозирда дунё аҳолиси, жумладан, ватандошларимиз анъанавий ва интернет журналистика имкониятлари қиёсида синовдан — имтиҳондан ўтмоқда.

Шу ўринда, муҳтарам соҳа эгалари, айниқса, фан докторлари шаънига нордонроқ гап айтишга тўғри келади: салкам 25 йилдан буён кўз ўнгимизда юз бераётган эврилишлар келтириб чиқараётган қийинчиликларга нега эътибор қилинмади? Нима сабабдан тегишли кузатувлар, таҳлиллар ва улар билан боғлиқ тавсиялар ишлаб чиқилмади? Анъанавий журналистикамиз ва журналистларимиз юзма-юз келиши мумкин бўлган муаммоларни беталофот ўтказишга тааллуқли йўл-йўриқлар олдиндан оммалаштирилмади?..

Саволлар, муаммоларга ечим топилади албатта, бунга шубҳа йўқ. Фақат жиддий изланиш, амалиётчилар билан бирлашган ҳолда мавжуд интеллектуал кучларни сафарбар эта билмоғимиз керак.

* * *

Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, мус­тақилликка эришишдан кўра мус­тақил яшаш чандон оғирроқ, машаққатлироқ экан. Бу ҳол шахс, жамият ва ахборот тизимидаги жараёнларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Эҳтимол, муаммоларнинг кўплиги ҳам ҳар кун-ҳар соатда курашиб яшашга ғурур, сурур бағиш­лар. Муҳими, ҳар қандай муаммо олдида бўш келмаслик, балки дадиллик, ва албатта онгли-интеллектуал оммавий коммуникация мақомига кўтарилаётган якдиллик сари дадил интилиш. Зеро, ақл-идрок ила бирлашиш кўзланган ғалабани яқинлаштириши муқаррар.

Хуршид Дўстмуҳаммад,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

филология фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + twelve =