Лолақизғалдоқ

ёки Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳақида билган ва   билмаганларимиз

 

Улуғ тарихий, ижтимоий ҳодисалар ўз одамларини – ўз шоирлари, ўз сиёсатчилари, ижодкор фидокорларини яратади. Муҳаммад Юсуф худди истиқлол учун яратилгандек эди. У худди Маҳтумқулига ўхшарди. Шеърлари озод халқ орзулари билан туташиб кетган эди…

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, давримизнинг улуғ зиёлиси — Иброҳим ака ҳақ: дарвоқе узоқ йиллар биз учун самимий дўст ва сийли оға бўлган оташин шоир Муҳаммад Юсуфнинг шахсиятида ҳам, шеъриятида ҳам кўркам Копеттоғнинг турнакўз булоқларидан, азим Атрек ва Гургон дарёларининг зилол ирмоқларидан сув ичган файласуф шоир Фироғийнинг тақдирига ўхшаш тафсилотлар, қисматига ўхшаш қирралар бор эди. Бу биринчи навбатда инсон қадри учун сўз орқали кўтарилган исёнда кўринади. Буюк туркман файласуфи беадад армон билан:

Хуш қолинглар, энди, дўсту ёронлар,

Ишонманг, барчадан ўтар дунё бу.

Чора топмадилар ўтган валийлар,

Барчанинг бошига етар дунё бу.  

– деб ёзса, орадан роппа-роса 200 йил ўтгач, унинг ўзбекистонлик забардаст издоши:

Донони хўрлаб тўймаган,

Ҳоли жонига қўймаган,

Шайтон билан ошиқ ўйнаган,

Пихини ёрган дунёсан.

– дея хитоб қилди. Гўзал, тўқ, тинч ҳаётга интилган лирик қаҳрамоннинг изтироби ҳар иккала банддаги орзуда аён кўзга ташланади. Навоийнинг нидосига, Фузулийнинг фарёдига, Тагорнинг туғёнига уланади. Ва ўтли қалам соҳиби ёғду ва қайғуларга қоришган йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида туриб ушбу шафқатсиз хулосага келади:

Менинг йўлим узун армон,

Ўзим довон, ўзим карвон,

Мени саҳро тушунгайдир,

Сен, эй сарбон, тушунмайсан.

Яшириб нима қилдик: аслида биз билган шоир Муҳаммад Юсуф ва биз билмаган шоир Муҳаммад Юсуф бор эди. Биз билганимиз кўз ёшу илтижоларга ишонмайдиган пойтахт шаҳарнинг бир чеккасида жимгина ишлаб, жимгина ижод қилиб, дастлабки шеърларини газета-журналларга бериб-бермай юрган далли-девона шоир. Билмаганимиз ўзининг ижодини кўз-кўз қилишдан кўра камтарликни кўпроқ хуш кўрган 25 яшар азамат йигит. Эсимда: айнан ўша кунлари “Ёшлик” альманахининг бир сонида иккитагина шеъри суратсиз берилгану бўлғуси рафиқаси Назира Саломованинг шеърлари сурати билан берилган эди. Гап суратда эмас, адабиёт майдонига қараб қадам ташлаётган навқирон шоирнинг ички маънавий оламида эди. Унинг ўзи бу ҳақда очиқчасига шундай ёзади:

Менинг ҳақимдаги ғийбатлар ёлғон,

Ихтиёр ўзимда бўлса қанийди…

Инсон ўз орзуларининг қанотларини кенг керади. Аммо ҳамиша ҳам унинг изми, ихтиёри ўзида бўлмайди. Бу бевосита Муҳаммаджон акага ҳам, унинг атрофидаги яқин дўстлари – Абдунаби Бойқўзиев, Ғулом Фатҳиддин, укалари – Яҳё Тоға ва менга ҳам тегишли эди. Абдунаби ака Ленинградга, Яҳё жўрам Москвага ўқишга кетди. Ғулом эшон Риштонга, мен Элликқалъага туман газетасига ишга кетдик. Менинг кетишимнинг сабабларидан бирини 43 йилдан кейин ошкор қилмоқчиман. Гурунгларимиздан бирида Муҳаммаджон ака “Менга Шуманайдаги мактаблардан биридан иш топиб бера оласизми?” деб пичирлаб сўради. “Ҳаракат қилиб кўрайлик!” дедим. Эртасига поч­тамтга борсам, туман газеталаридан тузуккина қалам ҳақи келган экан. Ўша куни кечқурун Нукусга учиб кетдим. Бир йўлини қилиб Хўжайлига етиб олдим. Бекатда талаба йигит билан танишдим. Эрталаб Киров номидаги давлат хўжалигининг “Мойлиўзак” деган бўлимига, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети филология факультети толиби, берунийлик дўстим Рус­там Худойберганов пахта тераётган далага бордим. У бизнинг Киров номидаги жамоа хўжалигига қўшни “Правда” колхозида яшарди. Ҳали пионер пайтимиздан бир-биримиз билан ҳазиллашардик. “Мана, “отиз” (дала – муаллиф изоҳи) тўла қиз. Қайсинисини танлайсан?” деб кулди. “Ҳа, қиз танлашга келдим!” дедим. Муҳаммаджон аканинг илтимоси ҳақида оғиз ҳам оча олмас эдим. Тушга яқин туман маориф бўлимига бордим. Масъул шахс “Рус тили ўқитувчиси керак. Лекин бир ярим минг километр узоқда туғилган одамнинг бу ерга ишга келишини райкомга, обкомга қандай тушунтирамиз?” деди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, Тошкентга қайтдим. Оғамга минг хижолат бўлган кўйи вазиятни тушунтириб, қўриққа туманга кетдим.

Ҳар замонга бир замон дейдилар. Орадан 14 йил ўтгач, пойтахтга қайтиб, “Туркистон” газетасига ишга кирдим. Кейин “Қишлоқ ҳаёти”га, сўнг­­ра “Халқ сўзи”га ўтдим. Оғам азиз дўсти Сирожиддин Саййид билан “Тошкент оқшоми”да ишлаб, 1985 йили “Таниш тераклар”, 1987 йили “Булбулга бир гапим бор” китобларини чиқарди. Бора-бора Муҳаммаджон ака ҳаёти ва ижодининг юлдузли онлари бошланди.

— Бахт нимадир, эй одам?

— Бахт бир бурда қора нон.

деб ёзган ва “Тош шаҳрида уйи болохона” бўлган шоир оғамга пойтахтнинг нуфузли “Пушкин-Салор” мавзесидан шинам тураржой ажратилди. Беназир ижоди учун 1996 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. 1997 йили Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари бўлиб сайланди. 1998 йили Халқ шоири унвони билан тақдирланишидан ташқари Ўзбекистон Рес­публикаси ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тугатди. Бироздан сўнг Чиноздан Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлди. Кетма-кет китоблари чоп этилди. 1999 йили Тўлепберген оға, Абдулла ака ва Муҳаммаджон аканинг саъй-ҳаракатлари туфайли каминаи камтарин ҳам уюшма аъзоси бўлдим. Бир куни “Уголок” кафесида қовурилган товуқ тановул қилиб ўтирганимизда оғам менга жиддий тикилиб, “Спорт ҳомийларидан бири ҳузурига таклиф қиляпти. Абдулла ака билан бормоқчиман. Нима дейсиз?” деди. “Ўзингиз биласиз, оға!” дедим. Ўша ҳомийлик эвазига шахсий автоулов – “Тико” харид қилди. Қатор теран мазмунга эга шеърлари тароналарга айланиб, муҳим давлат тадбирларида ижро қилинди. Уларда мус­тақиллик остонасида турган ўзбек халқининг энг эзгу орзу армонлари, изтироблари, интилиш­лари яққол ифода этилган эди. “Ўзбекистон”, “Ватаним”, “Халқ бўл, элим”, “Талабалар мад­ҳияси”, “Ўзбекнинг аёллари”, “Ўзингдан қўймасин, халқим” каби давр даъватига менгзаган шеърлари миллионлаб қалбларга муҳрланди:

Эрк водийси – заҳматларга сийловдир бу,

Той қоқилиб от бўлгувчи яйловдир бу,

Ранж чекмасанг нурли,

                                нурли тонглар қайда,

Синовдир бу, балки буюк синовдир бу.

Бош кетса ҳам қайтма энди сўзингдан-а,

Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдан-а.

Ҳақиқатан ҳам янги аср бўсағасида ўзбек адабиёти бўстонида гужумдек гуркираб Муҳаммад Юсуф феномени пайдо бўлди. Бу асло муболаға эмаслигининг тасдиғи тарзида ўша бўстоннинг тўрт азим чинори, тўрт нафар қаҳрамон адиб­ларнинг хулосаларини келтирмоқчимиз. Атоқли адиб Саид Аҳмад “Кейинги пайтда бирорта шоир Муҳаммад Юсуфдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган эди” деса, ардоқли устозимиз Эркин Воҳидов “У биринчи қадамиданоқ юрт осмонида баланд парвоз қилгувчи, юракларга қанот бергувчи шеърияти билан элнинг оғзига тушди” деб эътироф этдилар. Мустақил мамлакат давлат мадҳияси муаллифи, азиз устозимиз Абдулла Орипов эса “Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст-оғайниси бисёр ижодкорни кўрмаган эдим” деб ёзди. Алломалар алломаси Озод Шарафиддинов “Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб келганини адабиётимиз сезмай ҳам қолди. Аммо у тезда, ҳаммани ҳайрон қолдириб, оғизга тушиб кетди” деб тан олди.

26 апрель – Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Шу сана арафасида кўпчилигимиз атоқли шоирни эслаймиз, эсдаликларимизни қоғозга туширамиз. Мени ҳайрон қолдирадиган жойи шундаки, бу кезлар умри бино бўлиб Муҳаммаджон ака билан бирор марта учрашмаган одамларнинг ҳам илҳоми “тўлиб-тошади.”

Энди ўз мавзуимизга қайтайлик. Оғамиз ҳаёт чоғи у билан кўп йиллар бир кулчани иккига бўлиб еган, бир жойда бирга ишлаган қадрдон дўс­ти, айни кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раи­си, Халқ шоири Сирожиддин Саййид “Устозлар изидан, сафдошлари билан ёнма-ён Муҳаммад Юсуф ҳам, таъбир жоиз бўлса, ўз шеърлари билан нурли кўприклар солиб, янги ёруғ йўллар очишга муваффақ бўлди.” деб ёзганида бир неча карра ҳақдир. Зотан бир қанча муаллифлар ёхуд адабиётшуносларнинг шоир адабий меросини адабиётимизнинг умумий боғидан айро ҳолда тавсифлашга, ортиқча баҳо беришга уринишини тўғри деб ҳисобламайман. Биз учун ҳазрат Навоий, ҳазрат Бобур, ҳазрат Огаҳий ҳам, оташнафас шоирлардан Чўлпону Усмон Носир, Ғафур Ғулому Ойбек, Миртемир ҳам, Жуманиёз Жабборов, Маъруф Жалил, Чўлпон Эргаш, Йўлдош Эшбек, Асқар Қосим ҳам, Зулфия, Саида Зуннунова, Ойдин Ҳожиева, Уллибиби Отаева, Назира ас-Салом ҳам бирдек қадрлидир.

Оғир тошни сув оқизиб кета олмайди. Кези келганда йигирманчи аср ўзбек адабиётига оид антологияларни, қўлланмаларни қайта тайёрлаш зарурати борлигини таъкидламоқчимиз. Айтайлик, беш марта қайта нашр этилган “Ўзбек адиб­лари” номли китоб профессор Собир Мирвалиевнинг беқиёс меҳнатидир. Бешинчи нашрда унга профессор Нуъмон Раҳимжонов ҳам катта улуш қўшдилар. Аммо ушбу ноёб нашрда ўтган асрнинг ўрталарида поэзиямизда юлдуздек порлаган шоирлар – “Эрон осмони остида” туркумининг муаллифи Мамарасул Бобоев ва Ўзбекистон Шўролар республикаси мадҳияси авторларидан бири Темур Фаттоҳ ҳақида бирор оғиз сўз йўқ. Ёинки турли авлодга мансуб сўз усталаридан Илёс Муслим, Жуманиёз Шарипов, Ўткир Рашид, Раъно Узоқова, Ёнғин Мирзо, Эътибор Охунова, Теша Сайдалиев, Душан Файзий, Низомжон Парда, Ошиқ Эркин, Нилуфар, Максим Карим, Иброҳим Дониш(рўйхатни узоқ давом эттиришимиз мумкин) асарлари ҳар қандай антологияни безамайдими? Безайди. Биз бу мулоҳазани фақат келгуси ишларни кўзлаган ҳолда билдиряпмиз.

Муҳаммад Юсуф феномени ҳақида гап кетганда унинг юртдоши, Халқ шоири Тўлан Низомнинг қуйидаги хулосаси ёдга келади: “Сатрлар қуйма, сўзлар халқона, фикрлар тиниқ, ҳароратли.” Гап шундаки, сўз заргари поэзиямизга Ҳалима Худойбердиева, Тилак Жўра, Азим Суюн, Мирпўлат Мирзо, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон ва бошқа қатор истеъдодли шоирлардан иборат қудратли авлоднинг ортидан кириб келди. Лекин у ўзидан бир кўйлакни олдин тўздирган Мирпўлат Мирзо таъкид­лаганидек, “шу давр жаҳон шеъриятидаги турли оқимлар, тажрибалар, кескин эврилишларга эргашмасдан китобийликдан йироқ, халқ қалбига яқин” шеърлар битди. Шоир ижодининг ўзига хос олмос қирралари ана шунда мужассам:

Менинг кимлигимни

Билмайди ҳеч ким.

Мен бир ғалатиман,

Мен – алоҳида.

Кийиклар қонини

Келади ичгим,

Чаённи чайнагим

Келар гоҳида…

Шоир шахси билан лирик қаҳрамон ички олами барча замонларда адабиёт илмини ўйга солган. Юқоридаги сатрлардан келиб чиқиб таниқли мунаққид Умарали Норматов “Шоирнинг лирик қаҳрамони ғаройиб шахс” деган хулосага келиб, унинг ижодида “жаҳон янги шеърияти нафаси” ва “янгича шеърий тафаккур” эпкини пайдо бўлганига ишора қилади. Иккинчи атоқли мунаққид Абдуғафур Расулов эса “Шоир шеърияти – мукаммал вужуд: унда ҳар бир аъзо, асаб толаси, қон қатраси, киприкдан тирноққача аниқ вазифани бажаради.” деб ёзади. Учинчи тажрибали мунаққид Сайди Умиров шоир шеърларининг тавсифига “Табиий ва самимий, жозибадор ва мафтункор, таъмли ва тотимли, содда ва теран, халқона ва мардона” деган метафораларни қўшади. Учала устознинг муносиб издоши Адҳамбек Алимбеков эса шоир ижоди ҳақида тугал монография ёзиб, уни “Латиф шеърият” деб номлади. Асар адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.

Муҳаммаджон ака “Тошкент оқшоми” газетасида ишлаганида мақолаларига “Мақсад Яхшиев” деган имзони қўярди. Мен у пайтлар “Оқшом”га, устоз Ўткир Ҳошимов ва Насриддин ака Муҳаммадиевнинг ёнларига тез-тез бориб турардим. Газетани варақлаб, ўша имзони кўрардиму ичимда мақсади яхши инсонларга ёндошишдир, деган хулосани чиқарардим. Кейинчалик бунга кўп бора ишонч ҳосил қилганман. Дастлабки давр­­да Муҳаммад Юсуфни кечқурунлари 41-15-86 рақамли телефондан топиш мумкин эди. Ундан бу рақамни олганману бу кимнинг уйи деб сўрамаган эканман. Қўнғироқ қилсам:

— Эшитаман, муллака! Ким керак? – деди салобатли овоз.

— Менга Муҳаммаджон ака Юсупов керак эдилар!

— Шоир Андижонга кетган эди. Сиз ким бўласиз?

— Қорақалпоғистонлик таниши бўламан.

— Ие, Нукусга борсанг, иним Жўлмирзага салом айт. Иттифоқ ёзувчиларининг биринчи съездида бирга қатнашганмиз!

Телефон-автоматнинг гўшагини қўйдиму бошимга биров гурзи билан ургандай бўлди. Шу тоб фазодан учар тарелка тушса-ю, мени Марсгами, Юпитергами, олиб кетса, у қадар ажабланмаган бўлардим. Менинг хаёлимда шўро ёзувчиларининг биринчи қурултойида иштирок этган ўзбек адиблари кўп йиллар аввал яшаган деган фикр бор эди. Қўнғироғимга жавоб берган одам мени роса лақиллатди, деб ўйладим. “Қорақамиш ½” бекатида автобусдан тушсам, шоир Турсун Али картошка харид қилаётган экан. “Қаердан келяпсиз?” деди. “Муҳаммад Юсуф турадиган уйга қўнғироқ қилувдим…” Чайналаётганимни кўриб шоир “Трубкани Назир Сафаровнинг ўзи олдими?” деди. Қотиб қолдим. Наҳотки, Турсуной Охунова ҳақида асар ёзиб, кейин машина теримидаги кўзбўямачиликка қарши чиққан адолатли ёзувчи, “Наврўз” романининг муаллифи билан гап­лашган бўлсам-а. Кейин билсам, шоир кўпинча ана шу отахон адибнинг хонадонида, Бутлеров кўчаси, 17-уйда бўлар экан. Кўп ўтмасдан оғам қуйидаги сатрларни қоғозга туширди:

Термуламан, изларидан жим,

Боқиб кўзим толиб кетади.

Трамвайлар сени ҳар куни

Бодомзорга олиб кетади.

Тез орада Назир ота Муҳаммаджон аканинг энг яқин дўстларидан бири Абдунаби Бойқўзиев билан бирга бир-икки кило коньфету қанд-қурс кўтариб, Киров, ҳозирги Юнусобод тумани, Бодомзор мавзесидаги Боксёрлар кўчаси, 59-уйга совчиликка боради. Эшикни очган уй соҳибига:

— Ғайбулла Тожиддин ўғиллари ўзингиз бўласизми? – дейди.

— Қадамингизга ҳасанот! – дейди профессор Ғайбулла ас-Салом ва ошхона тарафга қараб буюради. – Чой дамла, қизим!

Шу тариқа ўша қиз яъни Назира ас-Салом Муҳаммаджон акага оқила рафиқа бўлиб, 18 йил ширин чойлар дамлаб, бири-биридан гўзал қизларни дунёга келтирди. Мана, 21 йилдирки, азиз оғамнинг хотирасига эҳтиром бажо этиб келмоқда. Зиғирча бўлса ҳам миннат қўшмаган ҳолда айта оламанки, шу кунгача мен кеннойимизнинг ҳурматини жойига қўйиб келмоқдаман. Давлатимиз раҳбари шоирнинг оиласига Яккасарой туманидаги Юсуф Хос Ҳожиб мавзесидан шинамгина ҳовли берди. Янги хонадонда Назира опа ва фарзандларининг бир қанча қувончли кунларида иштирок этдик.

— Аллоҳнинг бандаси пешонасига нелар ёзилгани билолмас экан, – дейди шоирнинг рафиқаси, истеъдодли шоира, Муҳаммад Юсуф жамоат фонди раҳбари Назира ас-Салом.

— Тошкентнинг Навоий кўчасидаги кўпчиликка маълум 30-уйда, “Ўқитувчи” нашриётида ишлар эдим. Тушликка чиқаётганимизда бино йўлагида қорачадан келган, озғингина, истараси иссиқ, сочлари жингалакка мойил, кўзлари чақнаб турган йигит соат неча бўлганини сўради. Айтдим. У бир лаҳза кўзларимга тикилди-да, майин жилмайиб ўртоқлари ёнига кетди. Кейинчалик эшитсам, ўшанда дўстларига “Фалакнинг гардиши қай томонга айланишини билмадиму мен айнан шу қизга уйланаман” деган экан. Тез орада тўйимиз бўлди. Фарзандлар туғилди. Неваралик бўлдик. Ўзлари Билол деб исм бердилар ва шу номда шеър ёздилар, мен чинорман, сен ниҳолсан, дедилар. У шеърда мени кўролмаслар кўп, нишларини аямасдан санчадилар, деган сўзлар ҳам бор. Начора, ҳаёт шундай экан, қийналдик, қоқилдик, қад тикладик. Бунда раҳматлик отам, йирик таржимашунос, фан доктори, профессор Ғайбулла ас-Салом бизга қўлқанот бўлдилар. У киши Хатирчида оддий оилада улғайиб халқимизнинг атоқли олими мақомига эришдилар. Фалокат оёқнинг остида бўлар экан: Муҳаммаджон ака ўзимизнинг автоуловимизда телевизоримизни тузаттириш учун телеательга олиб кетаётиб автоҳалокатга учрадилар. Тошкент тиббиёт инс­титути клиникасида узоқ даволандилар. Унинг оёққа туришида машҳур тиб олими, профессор Дамин Абдураҳимович Асадовнинг хизмати катта бўлди. Авариядан хабар топган таниш-билишлар Тошкентга оқиб келди. Муҳаммаджон ака клиника палатасида шеър ёзиб, “Халқ сўзи” мухбири Озод Ражабовга берган интервьюсига қўшдилар. Сўнгги марта Қорақалпоғистонга кетганларида ҳам тоблари йўқ эди. “Сафарга бормасам бўлмайди!” деб туриб олдилар. Унга ва оиламизга чексиз мурувват кўрсатган ўша табаррук тупроқда оламдан ўтганини эса фақат Аллоҳнинг иродаси деб биламан!

Йўломон йўл, эломон эл қидиради. Энди Халқ шоири ҳаётининг сўнгги чоғларига холис тўхталишни лозим деб топдик. Чунки Муҳаммаджон ака — Муҳаммад Юсуф ҳаётининг айнан шу даврига оид ёзилган эссе, мақола, ёдномаларнинг ҳаммаси ҳам унча ҳақиқатга тўғри келмайди. Авваламбор Муҳаммад Юсуф ўша кезда Элликқалъага шунчаки боргани йўқ. Мен у пайтлари “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарининг Қорақалпоғистон бўйича мухбири эдим. Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси, “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталари, Қорақалпоғистон ҳукумати Элликқалъада шеърият байрами ўтказиш бўйича меморандум имзоланди. 2000 йилнинг 12 июнь куни Ёзувчилар уюшмасининг “Мустақиллик майдони” метро бекати, Тошкент зарбхонаси ёнидаги биносида, раис Абдулла Ориповнинг кабинетида Муҳаммад Юсуф   иккимизга қарата:

— Мени яхши биласизлар. Ёлғон гапиришни ёмон кўраман. Мен аслида Элликқалъага шеърият байрами деб эмас, у ердан чиққан табибга қизимни кўрсатиш учун бормоқчиман! – деди.

— Қачон жўнамоқчисан? – деб сўради Абдулла ака.

— Эртага!

— Унда менинг Рухсора қизимни ҳам олиб кетинглар. Қорақалпоқни кўрсин!

13 июнь куни Муҳаммад Юсуф Нукусга учиб кетди. 14 июнь куни Абдулла ака бошчилигида 15 кишидан иборат гуруҳ самолётга чиқдик. Самолёт ўрнидан қўзғалганида иллюминатордан ташқарига қарасам, аэропортга кечикиб келган шоир Азим Суюнга кўзим тушди. Шеърият байрамида Қорақалпоғистоннинг ўша кезлардаги раҳбарлари Тимур Камолов ва Аминбой Тожиевлар иштирок этишди. Тадбир юксак савияда ўтди. Ўшанда “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталари Бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов “Тадбирга беш нафар Халқ шоири келибди. Агар бир нафар Халқ шоири келганида ҳам тарихий воқеа бўлган бўлар эди!” деди. Ҳақиқатан ҳам байрамга 5 нафар Халқ шоири – Абдулла Орипов, Жуманиёз Жабборов, Омон Матжон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф келган эдилар.

Эртасига Тупроққалъа ва Аёзқалъани зиёрат қилганимизда Абдулла ака “Бугун менинг кўз ёшларим ичимга оқяпти. Чунки улар қувонч кўз ёшларидир. Мен бундай топ-тоза, яп-яқин ва мовий осмонни биринчи марта кўришимдир. Саҳрога қаранг, Биз бу саҳрони шунчалар гўзал деб ўйлаганмидик?” деди. Халқ шоири Усмон Азим “Абдулла ака! Илтимос, шу саҳрони менга совға қилинг!” деди ҳазиллашиб. “Ортингдан Бойсуннинг дашти эргашган эди. Бу саҳрони ҳам эргаштира қол. Бердик сенга. Маъқулми?” деб Қорақалпоғис­тон ҳукумати раисининг муовини Татлимурат Атамуратовга қаради. Татлимурат оға бош силкиб, кулиб юборди. Абдулла ака билан Тимур Камолович Тошкентда ёнма-ён яшардилар. Бир кун олдин “Кечқурун уйда, Нукусда кутаман!” деган эдилар. Абдулла ака билан Ҳанифа опа бир машинада, Муҳаммад Юсуф билан мен иккинчи машинада Нукусга отландик. Меҳмондорчилик авжига чиқди. Бир пайт Тимур Камоловичнинг ёрдамчиси кириб, менга “Сизни Тошкентдан сўрашяпти” деб шаҳар телефонининг гўшагини берди. Масъул ходим “Устозингизни тез аэропортдан жўнатинг. Эрталаб Душанбега учадилар!” деди. Қўл ювадиган хонада соқолини қиртишлаётган Муҳаммад Юсуф: “Нима гап?” деди. “Юқори”нинг топшириғини айтдим. Ўша оқшом устозни, Ҳанифа опани, Муҳаммад Юсуфни “АН-24” бортигача кузатдим. Кейинчалик Тўрткўл тумани ҳокими, Қорақалпоғистон ҳукумати раиси бўлган Турсунбой Тангриберганов (у пайтлари иссиқхона директори эдилар) берет кийиб бортда ўтирган экан. “Сиз ҳам кетяпсизми?” деди. “Йўқ!” дедим. Кулимсираб қўйди. Қаҳрамон шоирга эҳтиром шу қадар юксак эди. Самолёт бортида Абдулла акага “Ибройим оғага саломингизни, узрингизни айтаман!” дедим. Устоз жилмайиб қўйди. Ва Ибройим оға билан ўша йилнинг 9 сентябрь куни ўша пайтлари катта идорада ишлаётган Аҳмаджон Мелибоев билан бирга келиб Нукусда, Бердақ номидаги театрда “Маманбий афсонаси” муаллифининг 70 йиллигида қатнашганида учрашди. Ва юбилей минбаридан туриб “Агар дунё халқларининг рамзий паради ўтказиладиган бўлса Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақнинг ортидан Тўлепберген ва Ибройим юрган бўларди!” деди. Бу беқиёс баҳо гулдурос қарсаклар билан олқишланди.

Шеърият байрамидан сўнг Муҳаммад Юсуф Элликқалъага ҳар ойда бир келадиган бўлди. Эҳтимол унинг бу ташрифлари ўн, йигирма, балки ундан ҳам кўп йиллар давом этган бўларди. Фақат ўша машъум авария уни тўшакка михлади. 2001 йилнинг 25 июлига мўлжалланган мамлакат ёш ёзувчиларининг “Ақчакўл илҳомлари” республика анжумани олдидан уюшма раисининг ҳузурида кенгашиб олдик. Тоби йўқлигига ишора қилсак, оғам Абдулла акага: “Устоз! Бу ёш ёзувчилар анжумани. Вазифамга кўра мен бормасам қандай бўлади?” дедилар. Менга қарата: “Янгибой оға! Ёмғир шаррос қуйиб турганида Тошкент вилоятига бориб, тарғибот ишига қўшилганингиз ёддан чиқдими? Сизлардан мен учун самолётга сарф-харажат лозим бўлмаса, борганим маъқул эмасми?” деди. Қайта эътироз билдиришнинг иложи бўлмади. Тангри таолонинг олдида адолат юзасидан қайд қилишимиз керакки, ўша чоғлари энди куртак отаётган миллий “шоу-бизнес” муҳити азиз оғамнинг феъл-атворига оз бўлса-да таъсирини ўтказган, саноқли кунлардан кейин “Зарафшон” ресторанида муаллифлик кечаси ўтказилиши ҳақида афишалар осилган эди. Ёш адиб Абдуқаюм Йўлдошев сценарий ҳам ёзган эди. Оғамнинг ўша давраларга кириб бориши унинг халққа кенгроқ танилишига йўл очиб берган бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса у чоғлари ҳам, ҳозир ҳам “шоу-бизнес”да иймонли, эътиқодли инсонлар жуда кўп бўлган ва бўлади.

“Ақчакўл илҳомлари” тадбирига уюшма раиси билан бирга вилоят бўлимлари масъулларидан Тўлан Низом, Тошпўлат Аҳмад ва бошқалар борди. Ҳабиб Саъдулла, Хосият Бобомуродова ва ўзи бошқа соҳада ишлайдиган шоир оқсоқол узрли сабабларга кўра самолётдан қолиб кетишди. Ўша оқсоқол бир неча марта “Муҳаммаджон менинг ўрнимга самолётга чиқди. Агар мен учганимда у омон қолар эди!” деб ёзди. Бу бутунлай нотўғри. Биринчидан, Муҳаммад Юсуф Олий Мажлис депутати бўлгани учун парламент аъзоларига доимий сақлаб қўйиладиган ўринда учди. Иккинчидан, Хосият опанинг қўлида чиптаси бўлгани учун унинг ўрни ҳам бўш эди. Учинчидан, Аллоҳнинг суюкли бандаларимиз, сўнгги нафасимиз қаерга муҳрланганини ёлғиз Яратган Эгамнинг Ўзигина билади. (Аллоҳнинг амри экан: буюк мусаввир Ўрол Тансиқбоев 1974 йилнинг 18 апрелида, буюк давлат арбоби Шароф Рашидов 1983 йилнинг 31 октябрида Қуйи Амударё воҳасида дорилбақога йўл олдилар) Тўртинчидан, Муҳаммад Юсуф дастлабки икки кун, икки кечада соғлигига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган нарсалар истеъмол қилгани йўқ. Буни аниқ биламан. Айниқса ҳозир шов-шувга ўч жаноблар ёзиб юрган қимрон ҳақида сўраганида ҳозирги ҳолатида унга мумкин эмаслигини айтганимда “шубот” тўла косани ўрнига қайтариб қўйган эди. Бешинчидан, ўша авария асоратидан тўлиқ халос бўлмагани учун минбарда туриб анжуман ғолиблари рўйхатини ўқиган чоғларида нафаси етмасдан йиқилди. (Бу ҳол сафарга отланишимиз арафасида Тошкентда ҳам юз берган эди). Олтинчидан, ўша кейинчалик ўз номига қўйилган академик лицей аудиториясида йиқилганида маҳаллий врач Худойберган Каримбердиев шоирнинг тилини танглайидан тортиб олиб шифохонага жўнатганидан кейин Муҳаммад Юсуф ўзига келгану касалхонадан чиқиб кетган. Анжуман ғолибларини мен эълон қилиб, уни ёпганимиздан кейин менинг уяли телефонимга устоз Тўлепберген Қаипбергенов қўнғироқ қилиб: “Биз Халилла Давлетназаров билан Бўстон шаҳрига кириб келдик. Қаерга борайлик!” деди. Мен “Ботаника боғига боринглар. Тушлик учун ўша жойга борамиз!” дедим. Борсак Тўлепберген оға машинадан тушиб, боғ биноси зинасидан юқорига кўтарилаётган экан. У ерда Тўлан ака, Тошпўлат ака ва хонанда Гулбаҳор Эрқулова турган эди. Бир пайт эшик очилиб, Муҳаммад Юсуф чиқиб келса бўладими? Аввал Тўлепберген оға билан, кейин Халилла оға билан қучоқлашиб кўришди. Аммо шу пайт аудиториядаги аҳвол қайта такрорланди. Оғам ҳушидан кетганча яна йиқилди. Яна шифохонага элтиб, Тошкентга, Назира опага қўнғироқ қилдик. Рафиқаси етиб келди. Шоир уч кеча-ю уч кундуз ажал билан олишди. Ажал кенгашиб келмас ва унинг йўли чилнинг қадамидан ҳам қисқа бўлар экан.

Орадан йиллар ўтди. Шоир таваллудининг 50, 60 йиллик саналари давлатимиз томонидан кенг миқёсда нишонланди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Андижонда шоир номида ижод мактаби очилди. Ижод мактабининг очилиши, унда давлатимиз раҳбарининг иштироки Назира опа учун чексиз ҳаяжон бахш этди. Хиёл қон босими ошибди. “Дархон” мавзеси ва Ирригация институти яқинидаги респуб­лика ихтисослаштирилган кардиология марказига кўргани борсам опанинг кайфияти баланд. “Акангизнинг руҳи шод бўлди, Янгибой. Юртга ҳам, юртнинг Эгасига ҳам беадад раҳмат!” деди. Истеъдодли адибалар Ёқут Раҳимова, Ўктамхон Холдорова келишган экан. Ёзувчилар уюшмасидан Фароғат Худойқулова ҳам кириб келди. Назира опанинг юзлари ёришди. Ахир бундай оқибатли юрт қаерда бор?

Мен Муҳаммад Юсуф туғилган уйда бир неча бор бўлганман. Ҳаётлигида ҳам, оламдан ўтганидан кейин ҳам онаизори билан суҳбатлашганман. Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Муҳаммад Юсуф биринчи бор Элликқалъага раҳматлик табиб Тўхтабой ака Болтабоев ҳузурига келган эди. Иккови роса чиқишиб қолдилар. Кейин мен Муҳаммад Юсуфни юзлаб километр­гача теп-текис, аммо ёвшан ўсган тақирларга олиб чиқдим. Тоғлик жойларда ўсган одамга бу алоҳида экзотика. Бир неча чақирим пиёда юрдик. Яйради шоир. “Ўша Абдулла акамнинг кабинетидаги сўзимни унутинг!” деди. Ана ўшанда оғам ҳали соппа-соғ эди. Қимиз ичиб бир ёшлик тўқлининг ҳил-ҳил пишган гўштини тўрт одам еб қўйган эдик. “Сиз Қорақалпоқ фарзанди бўлдингиз. Мен энди Андижон фарзанди бўламан!” дедим ҳазиллашиб.

Бир йигитнинг орқасидан қирқ йигит отга минади. Муҳаммад Юсуф ўз вақтида қатор сўзи ва ўзи бутун навқирон ижодкорларнинг бошини силади. Бир қанчаси бугунги адабиётимиз иқлимини белгилаб турибди. Бирисининг номини келтирсак, иккинчиси, иккинчисиникини қайд этсак, учинчиси хафа бўлиши тайин. Устознинг ҳам, сафдошлари ва шогирдларининг ҳам мағзи тўқ асарлари юксак дидли китобхонга пешма-пеш етиб бормоқда. Ҳар баҳор оғамнинг қадимий Мингтепа заминидаги, киндик қони томган Қовунчи қўрғонидаги сўнгги манзилида қизғалдоқ очилади:

Мендан нима қолар:

Икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб,

Бир уюм тупроқ.

Одамлар ортимдан

Нима деса дер,

Мен сени ўйлайман,

Ўзимдан кўпроқ,

Лола, лолажоним,

Лолақизғалдоқ!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =