Отаётган янги тонглар

Ватанимизда, жонажон Ўзбекистонимизда янги тонглар ота бошлади. Халқимиз улкан тараққиёт, янгиланиш сари қадам қўяётган тарихий ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, юртимизни энг ривож­ланган мамлакатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, янги жамият қуришдек улуғвор мақсадлар билан яшамоқда.

Юртбошимиз юқорида таъкидлаганимиз “Янги Ўзбекис­тон стратегияси” асарида шундай ёзади:

“Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало, илм-маърифат, юксак маданият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолатга ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.

Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!”

Яратганга шукурки сўнгги 5-6 йил давомида мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз кундалик ҳаётида теран ўзгариш­ларни ҳис қилиб яшамоқда. Бу ўзгаришларда “Таълим ва тарбия — бешикдан бошланади” деган ҳикматли сўз асосий мезон, ўлчов вазифасини ўтаяпти десак янглишмаймиз.

Маълумки, Ватан ҳар бир инсоннинг ўзи туғилиб ўсган, тақдири ва тарбиясига асос бўлган она маконидир. Шу боис, ягона замин, ягона Ватан, ягона тақдир тушунчаси кўпгина миллатларга хос бўлиб, халқ қудратини бирлаштиради.

Шу боисдан Ватанни она деймиз, она юрт, она-Ватан деб ардоқлаш, унинг муқаддаслигидан севгидан далолат беради. Зеро, Ватанга муҳаббат туйғуси инсонга она сути билан сингир экан, қалбда камол топиб, улғайиб боради.

Ҳар бир инсон умри давомида ўзини Ватан тараққиётига дахлдорлигини юракдан ҳис этиб яшайди. Бу дахлдорлик эса унинг яхши тарбия топиши, илм олиши, ўз ишини, касбини ва бурчини садоқат билан бажаришидан бошланади. Миллатимизга хос бўлган азалий хусусиятлардан бирини айтиш мумкинки, ўзбек йигити учун Ватани — ғурур ва шаън, ор-номус, диёнатни англатса, ўзбек аёли учун юрт тушунчаси биринчи ўринда — оила, фарзандлари вояга етаётган ота маконни ифода этади.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини   соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Дарҳақиқат, кишининг ўз халқига бўлган садоқати ва фидо­йилиги Ватанини ҳимоя қилиши, халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ҳам менгзалади.

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, авваламбор, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони асосида   “Ёшларни Ватанга садоқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш” вазифаси бугунги кунда барча зиёли қатлам вакиллари олдига катта масъулият юкламоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли асарида: “мен Янги Ўзбекистонни – обод ва фаровон, демократик мамлакатни, Учинчи Ренессансни барпо этишда педагоглар, профессор-ўқитувчилар, ижодкор зиёлиларни энг катта куч, таянч ва суянч, деб биламан”, дея таъкидлайди.

Шу боис, бугунги кунда зиёлиларнинг ёшлар тарбиясидаги, уларнинг Ватанга садоқат, ислоҳотларга дахлдорлик, Ватанпарварлик фазилатларини шакллантиришдаги роли янада ошиб бормоқда.

Айтиш керакки, Учинчи Ренессанснинг “тўрт узвий халқаси” дея эътироф этилган мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларда фаолият олиб бораётган зиёлиларнинг энг биринчи вазифаси ҳам — Она Ватанга содиқ, юртпарвар, халқпарвар ёшларни тарбиялаб беришдан иборатдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги янгиланиш­лар ва тарақққиёт самараларини бутун дунё эъти­роф этмоқда. Барча соҳа ва тармоқлар ислоҳотга юз тутди. Энг муҳими одамлар тафаккури ўзгарди, ҳаётга муҳаббати ошди, бугунги ва эртанги фаровон ҳаётига юксак умид уйғонди. Олиб борилаётган оқилона ва одилона давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини англаб етган юртдошларимиз эса мамлакатимизда олиб борилаётган эзгу ишларга улуш қўшишга интилмоқдалар, эл юмушига енг шимармоқдалар. Бунинг замирида чинакам ватанпарварлик туйғуси яққол намоёндир. Бу улуғвор туйғу – она тупроқ ҳимояси, шаъни ва ори йўлида фидокорлик, шахсий манфаатларни четга суриб, умумманфаат учун нимадир уддалай олиш, ўз юрти учун бетаъма ва беминнат яхшилик қилиш инсонга энг тотли ҳузурни бахш этади.

Ватанпарвар халқ, миллатпарвар ёшлар ўз-ўзидан шаклланмайди. Қон-қонимиз, вужудимиздаги отамерос хислатлар билан бирга, уларга сингдирилаётган миллий-маънавий тарбия уларни камолга етказади. Тарих зарварақларига назар ташлайдиган бўлсак, бугунги ёш авлод учун чинакам ватанпарварлик тимсолига айланган сиймолар ҳаёти, уларнинг Ватан ва эл тақдири, тараққиёти, тинчлиги, маърифати, маънавияти йўлида кўрсатган улкан фидойиликлари тарбия учун муносиб тарихий мактабдир.

Буюк боболаримиз Амир Темур, Бобур мирзо, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубролар, маърифатпарвар жадид авлодларимиз Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Фитрат, Беҳбудийлар – ёшларимиз учун миллий ўзликка муҳаббат ва Ватанга садоқат борасида ҳақиқий тимсолдир. Айнан жадидий қарашлари, Ватанпарварлиги учун тазйиққа учраган, олис Сибирь ўлкасидаги азоблар ичра ҳам “халқим”, “юртим” дея мағрур бош кўтарган Усмон Носир, маърифатсизлик ва адолатсизликка қарши руҳий исён кўтара олган Қодирийни уйғотган, унинг номини авлодларга ардоқли қилган, улардан бугунги ёш авлодга қолдирилган маънавият қадрият ҳам айни ватанпарварлик эмасмиди?

Имом Муҳаммад Ғаззолий ҳазратлари шундай деган эканлар: «Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир”.

Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳарни, бутун юртни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади. Албатта Ватан шаънини турли кўринишларда улуғлаш мумкин. Аммо қайси соҳада бўлмасин, холис ва самимий, ҳалол хизмат қилиш, қалбан садоқат ўти билан ёниш ҳар бир инсон учун олий бурчдир.

Таъкидлаш жоизки, Ватан ишқининг чўғи —бизнинг эътиқодимиздан аланга олади. Аслида, юрт фаровонлиги ва қудратига камтарона ҳисса қўшаётган кекса-ю ёш ўз она элига, она юртига дахлдорликни инсониятга ҳам дахлдорлик деб баҳолайди, яъни одамийлик борки, ватансеварлик ҳам тирикдир.

“Ватан таркин бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.”

Агарда улуғ Навоий шоҳ байтларининг моҳия­тини англайдиган бўлсак, мутафаккир “Ватанни тарк айлаш” деганда ундан жисман ўзга маконга чиқиб кетишнигина эмас, танаси Ватан ичида бўлатуриб, унга руҳан бегона бўлиш­ликни, яъни жамиятда бўлаётган воқелик­лар, ислоҳотлардан ўзини четга олиш, ҳамиша ўз юртига нимадир бериш эмас, ундан нимадир олишга уриниш, лоқайдликни назарда тутади. Бу эса Ватандан ташқарида бахт ва ҳаловат исташдан ҳам ачинарлироқдир.

Бугун Янги Ўзбекистоннинг янги даврини яратаётган эканмиз, халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбига ватанпарварлик туйғусини сингдириш, нафақат, илмли, юксак салоҳиятли, балки, она юртига наф келтиришни, унга муносиб фарзанд бўлишни олий мақсад деб билган ёшларни тарбиялаш улуғвор аҳдимизга айлансин. Бу эса фақат таълим муассасасида эмас, оилада, маҳаллада, бутун жамият ичида адо этиладиган вазифадир.

Ҳозирда Фарғона давлат университетида юздан ортиқ жаҳон чемпионлари, халқаро танлов ва анжуманлар совриндори бўлган етакчи ёшлар билим олишаётган бўлса, уларнинг барчаси мамлакат бераётган имконият ва эътиборга ўз фуқаролик позицияси, соғлом тафаккури, илм-фан, спорт, санъат, ижодда эришаётган ютуқлари билан жавоб қайтармоқдалар. Бу эса она юрт олдидаги масъулиятни ҳис этиш демакдир. Улардаги бу ҳаракат, бу масъулият биз устозларни қалбларимизни яйратади, меҳнатимиздан рози қилади.

Биз Ватан байроғини баланд тутган ўғлонлар, юрт тинчлиги учун жонфидо бўлган баҳодирлар, халқнинг маънавияти ва маърифати ривожига бўлган фидойилардан куч оламиз. Ўзига эмас, элга барака сўрайдиган оталар, “Кўпнинг дуосини олсин, Ватанини рози қилсин” дея фарзандлар улғайтирган оналар шу юртнинг файзидир. Аслида шу заминда уриб турган ҳар бир юрак эгаси ота маконининг хурсандчилик кунларида ҳам, синовли дамларида ҳам у билан бир бутун эканлигини теран англаб, унга тоабадга дахлдорлик туйғуси билан ёнса, шу замин гуллайверади, юксалаверади.

“Биз олий таълим тизимини янги сифат босқичига кўтариш, олий ўқув юртлар тизимини янада ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, пировардида илм-фаннинг йирик ўчоқларига айлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси мутассил ошириб борилади”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг юқоридаги сўзлари ҳам таълим-тарбия, илм-фан ва маънавият-маърифат соҳасига, айниқса, олий таълим тизимига юксак эътибори, ғамхўрлигидан далолатдир.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + ten =