Қадрдонлар даврасида…

самарқандлик журналистлар илк бор қўшни давлатга велосаёҳатга чиқишди

 

Тожикистонга сафаримизнинг ўзига хослиги шундаки, биз бу сафар қўшни давлатга саёҳатни велосипедда амалга оширишга қарор қилдик. Чунки юртимиздаги расмий оммавий ахборот воситалари ижодий ходимлари ичида бу лойиҳамиз илк халқаро велотур ҳисобланади. Шу билан мазкур турдаги саёҳат оммалашиши, ҳам саломатлик ҳам, икки давлат ўртасидаги туризм ривожи учун ўзига хос янги йўналишнинг пайдо бўлишига туртки бермоқчи бўлдик.

Велотур вилоят Матбуот уйидан старт олиши белгиланди. Онлайн харита — Google maps дастури бу жойдан Сўғд вилояти Панжикент тумани марказигача 65 километр эканини кўрсатади. Аммо биз йўл-йўлакай қатор ҳудудлардаги диққатга сазовор жойларга кириб, кичик-кичик лавҳалар тайёрлашни режалаштирдик. Шунингдек, велотур давомида Сўғднинг ҳам қатор масканларида бўлиш кўзда тутилган эди.

Велосаёҳат уюштириб жойлардан турли репортажлар тайёрлаш борасидаги режамизни нафақат таҳририят, шу билан бирга вилоят ҳокимлиги, спорт бошқармаси, вилоят велоспорт федерацияси ҳам қўллаб-қувватлади. Жумладан, саёҳатнинг қўшни давлатдаги қисми тоғлар орасида давом этиши кўзда тутилгани учун велоспорт федерациясидан икки дона энг чидамли ва қулай велосипед ажратиб берилди.

Дастлаб, велосипедда кичик масофаларга синов учун саёҳатлар уюштирдик. Ва сафарга тайёр эканимиздан сўнг, шу йилнинг 6 апрель куни вилоят Матбуот уйидан халқаро велотурга йўл олдик.

Самарқандга муносиб велойўлаклар керак

Мамлакатимизда ички туризмни, велоспортни ривожлантириш ҳам долзарб ҳисобланар экан, велойўлаклар назоратига жиддий қараш керак экан. Тўғри, вилоятимизда, хусусан, Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ туманида кейинги йилларда бундай йўлак­лар анча масофада, жуда чиройли ва қулай шаклда барпо этилди. Аммо афтидан, ҳозирча, бу вело­йўлакларга муносабат барчамизда тўла шаклланиб улгурмаган.

Мисол учун, “Самарқанд-сити”ни “Сиёб бозори” билан боғловчи бениҳоя чиройли (Уста Умар Жўрақулов) кўча қурилган. Замонавий ечим, тўрт томонлама қатновга мўлжалланган кўчада пиёдалар манфаатлари ҳам ҳисобга олинган. Аммо айрим “бойвучча”лар янги бозор яқинида йўлакни ҳовлисидан кўчага чиқувчи мулк сифатида тасарруф этмоқда. Уларнинг уйи яқинидан пиёда ёки велосипедда ўтиш учун йўлнинг автомобиль қатнов қисмига ўтишга тўғри келади.

Сафаримиз давомида энг осон босиб ўтган ҳудудларимиздан бири — Тойлоқ туманининг кириш қисмидан марказигача бўлган йўл дейиш мумкин. Чунки бу йўлнинг бир томонида тўлиқ велойўлак қурилган. Қатнов қисмидан 1 метрлик майсазор ажратиб турган йўлакда ўриндиқлар ва чиқинди ташлаш қутилари ҳам жойлаштирилган. Ҳатто велосипед қўйиш жойлари ҳам бор. Аммо яна ўша гап: бу йўлак­ларда ҳам бир неча жойда “тадбиркор”лар йўлакларни эгаллаб олаётгани кузатилади. Ўнлаб ҳолатларда одамлар машиналарини велойўлакка қўйиб кетганини эса айтмасак ҳам бўлар…

Нима бўлганда ҳам Самарқандда велойўлаклар қурилаётганини фақат олқишлаш мумкин. Фойдаланишдаги камчиликлар фикримизча вақт масаласи. Дарвоқе, аҳоли сони энг кўп бўлган Ургут туман ҳудудида ҳам худди шундай йўлаклар қурилса велотуризм ривожи учун жуда яхши иш бўларди.

Йўлдаги зиёрат

Велосаёҳат давомида Тойлоқ туманидаги Имом Доримий зиёратгоҳига ҳам кириб ўтдик. Маълумотларга кўра Имом Доромий ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларидан ўн уч ёш катта бўлган.

Улар айни бир вақтда, яъни IX асрда ҳадислар билан астойдил шуғулланганлар. Шу боис, бу иккала буюк муҳаддис бир-бирларини шахсан билганлар. Ҳатто, айтиш мумкинки, улар ўзаро яқин илмий ҳамкорликда бўлган. Бу фикримизга далил тариқасида тарихчи Шамсуддин Заҳабийнинг “Сийар аълом ан-нубало” номли асарида келтирилган қу­йидаги маълумотни кўрсатиш мумкин: “Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф шундай деган: “Бир кун устоз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Шу пайт устозга бир мактуб келтирдиларки, унда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг вафоти (у Имом Бухорийдан атиги бир йил олдинроқ – 869 йилда вафот этган) ҳақида хабар қилинган экан. Бу нохуш хабардан устоз чуқур қайғуга ботиб, бошини қуйи эгдилар. Бир муддатдан кейин бошини кўтариб, кўзлари лиммо-лим ёшга тўлган ҳолда ҳасрату ғамгинлик билан: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” оятини айтиб: “Сенинг тирик бўлишинг учун дўстлар ҳаммаси жонларини фидо қилишга тайёр эдилар-ку”, – деб юзларига дуои фотиҳа тортдилар”. Мана шу мухтасар лавҳадан ҳам кўриниб турибдики, Имом Бухорийнинг аллома Имом Доримийга нисбатан эҳтироми чексиз бўлган.

Туманнинг “Наққошон” маҳалласидаги худди шу манзил ёнгинасида жойлашган минг йиллик тутлар ҳам фикримизча эътиборга молик. Мазкур ноёб дарахтлар ҳозирги кунда давлат муҳофазасига олинган.

Чегарадан ўтишда муаммо йўқ

Мазкур манзиллардан чиққанимизда аллақачон кун ярмидан оққанди. Шу сабабдан, кеч тушмасидан Тожикистон чегарасигача етиб олишга қарор қилдик. Қўшни мамлакатга етгунга қадар бир неча марта тўхтаб нафас ростлашга тўғри келди. Божхона пос­тига етиб борганимизда соат аллақачон 21:00 дан ошганди.

Чегарадан ўтиб-қайтиш ҳақда икки оғиз. Аслида Панжикент ва Самарқанднинг қатор туманлари аҳолиси, айниқса, Ургут, Тойлоқ туманларида икки давлат фуқаролари ўртасида қариндош-уруғчилик қадимдан давом этиб келади. Айни вақтда ҳам икки томондан қуда-анда бўлганлар оз эмас. Аммо узоқ йиллар давомида биз асосан чегарадан ўтиб қайтиш қийинчилиги ҳақида эшитиб келганмиз.

Мана шу қийинчилик биз велотур иштирокчиларининг ҳам миямизга ўрнашиб қолган экан. Озроқ ҳадик, “ўтказишармикан” деган ўй билан божхона чегара постига кириб бордик. Йўқ, ҳар икки томон назорат ўтказиш постида ҳеч қандай муаммо йўқ. Тадбиркорлар, сайёҳлар, хуллас, истаган одам ўтиб-қайтиб турибди. Ўзимизникилар “яхши бориб келинглар” дея кузатган бўлса, қўшниларимиз “Хўш омадед” дея кутиб олишди.

Чегара постдан ўтгач, Панжикент шаҳрига қадар тахминан 20 километр масофада асосан ўзбек маҳаллалар экан. Аммо Панжикентда ҳам тил бў­йича муаммо йўқ — қайси самарқандлик тожик тилини оз бўлса ҳам билмайди дейсиз?

Очиғини айтганда, Панжикентга етган заҳоти меҳмонхонага жойлашиш тадоригини қилдик. Ҳар ҳолда шунча масофага велосипедда бориш осон эмас экан. Оёқларимизда толиқиш яхшигина билинаётганди. Шаҳар марказидаги меҳмонхонага кириб бордик.

Дарвоқе, шаҳарга кеч етиб борганимиз учун сўмни валютага айирбошлаш имкони бўлмади, банклар ёпиқ. Меҳмонхонада бизга тўлов 100 сомоний эканини айтгач (бизнинг пулда 100 минг сўм) вазиятни тушунтирдик. Меҳмонхона ходими телефонда бошлиғи билан гаплашгач, сўмда ҳам бемалол тўлов қилишимиз мумкинлигини айтди. Ростини айтганда, бу бизга ғурур бағишлади.

Панжикентдаги очиқ осмон остидаги музей

7 апрель куни тонгда олдиндан режалаштирган манзилимиз — Кўҳна Панжикент тарихий шаҳар харобаларини кўришга йўл олдик. Велосипедда тахминан ярим соатлик йўл, хуллас, “бир қир нарида”…

V-VIII асрларда гуллаб-яшнаган мазкур шаҳар ўрни ҳозирда очиқ осмон остидаги музей кўринишида ҳимояга олинган. Маҳаллий аҳолига кўра, бу шаҳар қадимги Суғд давлатининг муҳим шаҳарларидан бири бўлган.

Шу ерлик одамлар шаҳар ўрнидаги қолдиқ деворларни кўрсатаркан, бизга тушунтира кетди: “мана бу деворлар ўрнида олдин карвонсарой бўлган, бу ерда одамлар яшаш уйи, ҳимоя девори…” Бир ярим минг йиллик шаҳар деворлари оралаб сайр қиларкансиз рўпарангизда қадимий шаҳар хаёлан тикланиб,   сизни олис мозийга томон етаклайди.

Тушдан сўнг Панжикент кўчаларини кездик, туман газетаси таҳририятида, туризм ташкилотида бўлдик. Очиғини айтганда, бинолар архитектураси билан ҳозирги Панжикент қайсидир маънода 90 йилларни эслатди бизга. Аммо аксарият кўчалар равон, уларда асосан хориж машиналари, онда-сонда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар учрайди.

Бозорлардаги нархлар бизникидан кескин фарқ қилмайди. Бир дона нон бизнинг пулда 1000-3000 сўмгача, гўшт 65 000-75 000 сўм. Ёғ ва тухум биздагидан бироз қимматроқ. Айтганча, тухум ва бир қатор бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини айрим тадбиркорлар Самарқанддан олиб бориб сотишаркан.

Кечқурун, ифтор вақти Панжикент кафеларида ҳам одам гавжум. Икки хил овқат, яхна ичимлик ва салатлар учун 50 000 сўмдан тўладик.

Саразм — ЮНЕСКО муҳофазасида

Сафаримизнинг иккинчи куни дастлаб Саразм тарихий ёдгорлигида бўлдик. Бу масканда ўнлаб қазишмалар очиқ ҳолда сақлангани боис қадимий бино ва иншоотлар билан танишиш имконияти бор.

Саразм ёдгорлиги Зарафшон дарёсининг тоғлар орасидан кенг водийга чиқиш жойида, Ойимкўл ёнида жойлашган. Айрим олимларга кўра, “Саразм” атамаси суғдча “саризамин”, яъни “ернинг бошланиши”, “воҳанинг бошланиши” демакдир.

Ёдгорлик ясси тепачалар кўринишида, 100 гектарга яқин жойни эгаллаган. Унда 1976 йилдан тадқиқот ишлари бошланган. Археологик тадқиқот натижалари бу ерда қадимий деҳқончилик, ҳунармандлик изларини аниқлаган. Шунингдек, бу ерда қадимий бинолар қолдиқлари, турар жойлардан тортиб қаср ва маданий бинолар эътиборингизни тортади. Айниқса, сопол, балки металл ва тошдан ясалган буюмлар, олтин безак, феруза кўзли зийнатлар ҳам ҳудудни ва шу ердаги музейни томоша қилишга арзийди. Мазкур маскан 2001 йилда Саразм ёдгорлиги тарихий-археологик қўриқхонаси, деб эълон қилинган ҳамда ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Куннинг иккинчи ярмида Сўғднинг энг баҳаво жойларидан бири — маҳобатли тоғлар орасидаги Еттикўл туристик масканига йўл олдик. 45-50 километр масофанинг тенг ярми мураккаб тоғ йўлларидан иборат. Тор йўлнинг бир томони баланд тоғ бўлса, иккинчи ёни қўрқинчли жарликдан иборат. Ҳар иккиси ҳам бошни айлантиради. Шунинг учун йўлнинг ярмини машинада босиб ўтишга тўғри келди.

Еттита кўлнинг ҳар бири иккинчисидан маълум бир масофада жойлашган, 500 метрдан – бир неча километргача. Тўртинчи кўлдан ўтгач сўраб суриштириб, оз сонли уй-меҳмонхоналардан бирига жойлашдик. Ажаб, олис ва машаққатли тоғ йўли устида жойлашган меҳмонхона анчагина замонавий ва саришта. Ҳудудда ҳаво анча салқин, шунинг учун сайёҳлар асосан ёз ойларида ташриф буюради. Бош­­қа вақтда эса бу кўлларни сокин маскан дейиш мумкин.

Муҳим томони шуки, Зарафшон дарёсининг асосий биринчи ирмоғи Искандаркўлдан бошланса, яна бир ирмоғи мана шу Еттикўлдан бошланади. Сув еттита кўлдан бирин-кетин чиқиб Зарафшонга бориб қуйилади.

Бу кўлларга етиб борганимизда аллақачон кун ботган эди. Қайтиш имконсиз, тун ярмигача тоғлик тожик дўстлар билан суҳбат қурдик. Ҳатто шу ерларда ҳам аксарият аҳоли ўзбек тилини озми-кўпми тушунади. Ҳар икки кишидан биттаси ҳеч бўлмаса бир марта Самарқандга келиб кетган.

Сафарнинг учинчи куни деярли йўл билан ўтди. Велосипедда Суғдиён шаҳри, ундан кейин қатор қиш­лоқлар оралаб Панжикентга, ундан эса Жартепа божхона постига қарийб кеч тушганда етиб келдик.

Сафардан олган энг асосий хулосаларимиз: қўшни давлатда биз, ўзбекистонликларни қаттиқ ҳурмат қилишаркан. Йўлда учраган одам борки қаердан эканимизни билгач, чой таклиф қилади, меҳмон қилгиси келади. Жуда кўплаб панжикентликларнинг Самарқандда узоқ ёки яқин қариндошлари, ҳеч бўлмаганда дўстлари бор. Ким билан гаплашсангиз, албатта чегаралар очилганидан хурсанд эканини айтиб ўтади.

Бизда ҳам шундай кечинмалар. Муҳими, ўзимизни ўзга юртда юргандек ҳис қилмадик, таниш чеҳралар, ўхшаш табиат, тарихий муштараклик, хуллас, ҳаммаси ўзимиздагидек. Хоҳ уловда, хоҳ пиёда борманг, қўшни давлатда қадрли меҳмон бўласиз, қадрдонлар билан кўришасиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Ёқубжон МАРҚАЕВ,

“Зарафшон” мухбирлари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =