Ёсемитенинг сарин еллари

Ёсемите миллий паркида бўлиб, унинг хуш ҳавоси, оромбахш сабосидан  завқу шавққа тўлиш истаги қалбимда узоқ вақтдан бери  жўш урарди. Ният ижобатга айланиб, ўша таърифи етти иқлимга кетган масканда сайр этиш бахтига мушарраф бўлдим. Тоғ ҳавоси… Вужудингизга  қандайдир ўзгача ором, ҳузур бахш этади, юзингизни тароватли эпкин сийпалаб ўтгандек бўлади. Ҳа, чиндан ҳам, мусаффо ҳавонинг қадр-қиймати  ҳамма жойда  ортиб бормоқда. Ахир инсон соғ-саломатлиги у нафас олиб турган атроф жавонибнинг қай даражада шаффофлигига боғлиқ.

1

Одамзоднинг феъли қизиқ. У энг аввало, ўзи яшаб, нафас олиб турган муҳит беғубор бўлишини истайди, умр бўйи шунга интилади. Ана шундай чоғда одамнинг тоғу тошларга талпиниши турган гап. Чунки, кўнгилни равшан қилувчи ҳаво тоғ томонларда керагича топилади. Шунда ҳинд халқининг севимли фарзанди, дунё адабиё­тида муносиб из қолдирган сўз сеҳргари Рабиндранат Тагор сатрлари ёдга тушади:

Гўзалдир бу олам — тоғларнинг бағри,

Гўзалдир табиат, фаровонлик ҳам.

Гўзалдир она ер — гар қучса қаъри,

Розиман чангига бошимни эгсам.

Дарҳақиқат, бу гўзал маскан, тоғлар ўлкаси таърифи-тавсифи  ўнлаб достон, юзлаб шеър­ларга жо бўлгуси. Истасангиз баҳор кезлари ана шу тоғ сайрига ошиқинг. Ўшанда унинг жамолига, ҳусну малоҳатига бир қур назар ташлайсиз. Шунда худди тонгги сабо тароватидан хумор кўзларини пирпиратиб, эндигина уйқудан уйғонган  нозанинни учратгандай бўласиз. Сўлим ёзи соя-салқин боғу роғлари, нилгин осмони, зумрад ўтлоқлари, кузи ўзининг тўкин-сочинлиги, донишмандлиги, саховати эвазига жонларга ҳузур бағиш­лайди. Аммо ҳаммасидан ҳам қиши ўзгача. “Қор қўйнида оппоқ пахтадек, Тўдаланиб ётар оппоқ қор” (Абдулла Орипов сатри) деганларидек, тўшини пурвиқор тоғларга  бериб вазмин қадам ташлаётган деҳқон монанд вазмин, босиқ. Дунё мўъжизалари жамланган бу сарин еллар ўлкасининг ажойиб, эсда қоларли ерлари бисёр, мўл-кўл. Миллий паркда, нажот масканида унинг бокира қиёфаси топталмайди, саховатли ерлари ишдан чиқмайди, ҳосилсизликдан асраб қолинмоқда, поёнсиз ўтлоқ-яйловлари пайҳон қилинишига йўл қўйилмаяпти, уларнинг ўрни яйдоқ, тақир, яланғоч  бўлиб қолмаяпти, ўрмон, боғлари қисқармаяпти, суви ифлосланиб, ҳавоси бузилишига йўл қўйилмаяпти. Бунинг учун миллий парк ходимларидан тортиб, барча-барча жавобгар ва масъул эканликларини унутмаслик зарур. Маълумки, Америка Қўшма Штатлари, Калифорния ўлкасидаги  Ёсемите миллий паркининг донғи бутун оламга кетган. Лекин нажот маскани шуҳратини бундан-да машҳурроқ қилиб юбориш имконияти бор. У қўриқхонанинг ташриф қоғозига айланган шаршараси, дарёси, ўрмонлари, айиқ, ёввойи шер, буғу сингари ноёб ҳайвонлари ҳамда битмас-туганмас ҳайратга чулғайдиган тоғу тоши, бетакрор табиатидир.

Эрта тонг билан ажойиб ҳошияли баланд йўлдан юриб, денгиз сатҳидан тўрт минг метр баланд­ликда жойлашган тоғ тепасига кўтарила бош­ладик. Тоғдаги дара, сайҳон, ўнгир ва қалин ўрмонлар юксакликдан қараган кўзга худди турфа хил шаклда териб қўйилган гугурт қутичаларига ўхшаб кўринади. Бу манзилларда хийла сокинлик, бегоналик ҳукмрон, шамол кучи қирқилган, бўронлар ҳам камроқ. Машина секин-аста, тошбақа юриш қилиб ҳаракатланади. Сабаби, ер қалин қор билан қопланган. Қўшимчасига сирпанчиқ, йўл четларига тўсиқ қўйилмаган. Пастдаги тубсиз жар ва ўраларга боқиб, юрагинг қўрқувдан увишиб кетади. Тоғ бағрида турфа хил дарахтлар ғуж-ғуж ўсган. Бариси бўйчан, ям-яшил. Улар асл ҳолича сақланаркан. Йўлнинг адоғи кўринмайди. Ўша куни тоғ йўлида бўралаб ёғаётган дастлабки қорга дуч келдим. Қор бундан аввал ҳам бир-икки ёғиб, тез фурсатда эриб кетган эди. Бу сафар бутунлай бошқача, ўзгача. Тоғ осмонини қора булутлар қоплаб, қалин қор парчалари бўралаб урарди. Унчалик совуқ бўлмаса-да, қор ерни музлатиб, ғашингни келтиради. Ҳаммадан ёмони, теварак-атрофни кўз илғамайди. Нима қилмоқ керак? Машинани иложи борича секин ҳайдаб, йўлдан баландлик сари кўтарилиш керак. Менга йўлнинг ниҳояси йўқдай туюлди. Тезроқ манзилга етиб олсак бўларди, дедим ичимда. Ҳаво айниб, йўлни қор қоплаганида қай алпозда манзилга етиб боришни ўйлаб шерикларим ҳам изтироб чекаётганини илғадим.

Айтганча, хавфли тоғ йўлида ҳайдовчи зиғирдеккина бўлсин бўшангликка йўл қўйиши мумкин эмас.  Йўлбошловчи Эммахоним машинани ўнг­­га бурди-да, йўл четида тўхтади.  У олижаноблик қилиб, ортидаги машинани ўтказиб юбормоқчи бўлди. Бу меҳрибонлик анчайин қимматга тушди. Машина балонлари қорга сирпаниб, йўлнинг ўнг томонига тақалди-қолди. Қани энди зил-замбилдай келадиган машинани ботган жойидан силжитиб бўлса… Тахминан ярим соатча тер тўкишимизга тўғри келди. Аммо, негадир балонлар қор ичидан чиқай демасди. Аксинча, борган сари сирпаниб айланиб, қорга кўмилиб борарди. Уни йўлга ўнглашнинг имкони бўлмай  қолди. Машина ортидан зўр бериб итаришга, юрак ҳовучлаб туришдан бошқа илож қолмади. Ниҳоят уринишларимиз самара берди. Оғиркарвон уловни қор ичидан чиқариб олишга муяссар бўлдик. Эмма машинани орқага ҳайдади. Пастлик эниш бўлгани учун уловни тўхтатиб қолиш мумкин эмасди. Лекин, бу қийин ишни Эммахоним уддалади. Улов секин-ас­та юриб кетиб, барча хавотирлар ариди. Барчамиз эркин нафас олганча, “Худо бир асради” деб қўйдик.

Аслида Калифорния штатининг сўлим мас­канларидан бири ҳисобланган Ёсемите миллий паркини тоғлар қуршовидаги жаннат, деб ҳам аташади. Бу гапда муболаға йўқ. Она табиат гўзаллиги бобидаги ўз санъатини моҳирлик асносида шу ерда намоён этади. Баланд тоғлар, арратиш чўққилар бағрида қўним топган ям-яшил арча, қарағайзорлар, поёни йўқ зумрад далалару, боғу роғлар, булбуллар хониши — буларнинг бариси Ёсемитега бир бор келган одамнинг хотирасида сақланиб қолади. Жўшиб таъриф-тавсиф этилган  бу кўркам манзараларни кўриб қайтган табиат ошиғининг кўнгил олами равшанлашади. Ёсемите миллий парки анча катта ҳудудни ишғол этган. Салобатли ва маҳобатли тоғларнинг  қўйнида жойлашган. У ерга бориш учун,  боя айтилганидек, денгиз сатҳидан тўрт минг метр юксакликка кўтарилишга тўғри келади. Ниҳоят машинадан пастга сакрадим. Биз манзилга етиб келгандик. Атрофни кузатдим. Ўзимни кўкда парвоз қилаётган бургут мисоли ҳис этдим. Сўнг­­ра чуқур нафас олиб, мусаффо ҳаводан тў­йиб-тўйиб симирдим. Бир қадар баланд ва завқли товушда: “Оҳ, уфқ чизиғини, қуёшни шуъла сочиб чўғланишини кўрар кун бор экан-ку!” деб овоз бердим. Агар атроф-жавонибга, кенгликларга гир айланиб боқсангиз, чиндан ҳам гирдо-гир атроф­­да Ёсемите  тоғининг тизмалари ястаниб, бор бўйича кўзга чалинар, шундоққина баланд қоя орасидан уфқ чизиғи “тўнкарилган осмон қозони” ва шуълага кўмилган қуёш мўъжизаси бир-биридан яққол ажралиб турарди. Шу жойда бировлар учун оддий туюладиган нарсадан мўъжиза топган бахтиёр кишидек хурсанд ва шод эдим. Анчагача Ёсемите миллий паркининг тоғи пастидаги водийларини кезиб юрдим, бокира табиат қўйнидан ажралмадим. Қоялар салобатли, учи ўткир, арратиш. Пастликда улкан харсанг тошлар. Чор-ат­роф тоғлардан ва тоғлар ўртасидаги дарахтларга кўмилган бўм-бўш текисликлардан иборат эди.

Бизни Ёсемите миллий паркининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими, матбуот котиби Скотт Гедиман кутиб олди. Боғ ҳаёти билан яқиндан таништирди. Билганларини сўзлаб берди. Қизиқишимиз ортди. Мовий осмон остида қўним топган тоғлар ўлкаси табиати, набототи, ҳайвонот ва ўсимликлар олами  билан яқиндан таништирди. Саволларимизга имкон қадар жавоб қайтарди. Скотнинг уқтиришича, миллий паркнинг фахрига айланган Бридалвеил шаршараси дунёда бешинчи, Шимолий Америкада биринчи ўринни банд этади. Кўз илғамас юксакликдан, шаффоф манзилдан отилиб тушаётган  биллур томчиларни кўриш, завқланиш учун ҳар йили бу ерга тўрт миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюради. Танаси қучоққа сиғмас дарахтлар, уйдай келадиган харсанглар, оппоқ кўпик сачратиб оқаётган дарё, умуман олганда, барча-барчаси одамни ҳайратлантиради. Бизлар табиат отлиқ яратиқдан завқ туйдик, ҳайратландик. Автобусда бир ярим соат давомида миллий парк бўйлаб саёҳат уюштирдик. Табиат оройишларидан олам-олам таассурот олдик. Кўнгил оламим юксалди. Хаёлда шоир Аъзамжон Обидовнинг нажот масканида бўлган кунимиз оқ қоғозга туширган “Ёсемите қўриқхонаси” отлиғ шеъри жонланди:

Чор-атрофинг мумтоз ва жамил,

Шуурингга ботмайди қоя.

Руҳ-жонингда тантана, сайил,

Мезбонинг ҳув дилбар секвойя…

Шаршара нур кўк ёриғида,

Мунча ёниқ оқтошлар баҳси?

Кулиб қўяр шамс мийиғида,

Кўлда эрклик, тириклик акси.

Уруғингни дилга қададим,

Зўр илҳом-ла этадирман тарк.

Сендай ўссам  бўлурми, қадим

Соҳибжамол Ёсемите парк?!

Калифорния штатидаги қадимги манзиллардан саналмиш Ёсемите миллий паркининг табиати гўзал ва мафтункорлиги боис, бу ердан қизиқувчиларнинг қадами узилмаслигини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига  бойлигини кўриб ҳайратга чулғандим.

Ростдан ҳам, миллий паркда оврўполикларга ҳам улгу бўлишга арзийдиган ишлар йўлга қў­йилганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Пурвиқор, ўлмас табиат обидалари бутун жаҳонга маълум ва машҳурдир. “АҚШ Давлат департаменти қошидаги хориж матбуот маркази ва Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Вашингтондаги Меридиан Халқаро маркази томонидан ўзбекистонлик журналистлар учун АҚШнинг Калифорния штатига медиатур ташкил этилди. Ушбу ўн кунлик “Медиа Со-ор-2022” дастурида “Ўзбекистон 24” телерадиоканали, “Фермер” журнали ва Qalampir.uz сайти журналистлари иштирок этиб, океанорти мамлакатида экология, қишлоқ хўжалиги ва сув муаммолари, шамол энергетикасидан самарали фойдаланиш йўналишидаги илғор тажрибалар билан танишдилар. Шунингдек, улар Калифорниядаги иккита йирик миллий паркига ташриф буюришди. Ана шундай парклардан бири қарийб 4 минг метр баландликда жойлашган ва 300 минг акрдан ортиқ жойни эгаллаган Ёсемите миллий паркидир. Умуман, Америка Қўшма Штатларида 367 та миллий парк бўлиб, улар 80 миллион акр ерни эгаллайди. Миллий парклар мамлакатнинг  барча бурчакларида табиат мўъжизаларини ўзида акс эттирган ҳамда одамларни ром этиб келмоқда. 1916 йил АҚШ Конгресси томонидан табиатни муҳофазалаш, табиатнинг асл мўъжизаларини келажак авлодларга қандай бўлса шундайлигича етказиш, бу гўзалликдан келажак авлодни баҳраманд қилиш мақсадида миллий парклар тизими  ташкил этилган. Америка миллий паркларига ҳар йили 273 миллион саёҳатчи ташриф буюриб, ундаги бутун гўзалликлар, табиат мўъжизаларини кўриб  завқланадилар. Хусусан, Ёсемите миллий парки  жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими ва парк матбуот котиби Скотт Гедман ўзбек журналистларини паркнинг гўзал манзаралари билан таништирар экан, паркнинг қисқача тарихини айтиб ўтди. Биринчи марта Ёсемите миллий боғи 1864 йилда муҳофазага олинган. 1890 йилдан буён миллий қўриқхона сифатида муҳофаза этиладиган ниҳоятда катта ҳудуддаги Ёсемите миллий парки  ноёб табиати, қоялари, секвойя каби улкан дарахтлари, шаршара, дарёлари, айиқ, ёввойи шери, лочинлари билан машҳур. Паркда бирор нарсанинг табиийлигини ўзгартиришга ҳеч ким ҳақли эмас. Айниқса, қиш фаслида парк беқиёс тусга кирар экан. Шунингдек, қарийб 1200 квадрат миляни ўз ичига олган чуқур водийлар, катта ўтлоқлар, кенг ва адоқсиз чўл ҳудуди келувчиларнинг эътиборини ўзига тортади. Ёсемите миллий боғи Калифорнияда жойлашган. Сиерра Невада тоғларини ҳам ўз ичига олган. У ўзининг туннел кўриниши билан машҳур, баланд Бридалвеил шаршарасининг рамзий  манзараси ва Эл Капитан ва Ярим Гумбазнинг Гранит қоялари медиатур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Калифорниядаги иккинчи йирик миллий боғ ҳисоб­ланган Жошуа Три миллий парки майдони 3196 км2ни ташкил этади.

Автобусда сайр қилиб юриб, тоғлар қуршаган манзилга бориб қолдик. Арча, қарағайзордан юксакликдаги қорли чўққида лола баргагидай шуъла қалтираб турарди. Бу ажойиб шуъла кўриниши эди. Яқиндай кўринган, аслида ҳеч қандай тирик зот ета олмайдиган  уфқ айланасида гўё  қон дарёси вужудга келганди. Бу ер текислик бўлгани учун олис, қорамтир осмонда тумонат юлдузлар тунда аниқ-равшан кўрина бошлайди. Шунда мен майин елдан билинар-билинмас тебранаётган, чайқалаётган, эчки ўт, айиқ ўт, кийик ўт, отқулоқ, пидана сингари ўт-ўланларни оралаб, дарё бў­йига бордим. Бу жойга сайёҳлар  ажиб манзаралардан баҳра олиш учун тўплангандилар. Ўзимни хавотирсиз одамдек тутиб, улар билан бош силкиб саломлашдим. Жилмайиб, бош бармоғи билан михдай зўр деб ишора қилиб қўйдилар. Гарчанд пешинга яқинлашиб, соат учга занг чалаётган эса-да, атроф қорая бошлади. Қирғоқни митти, чиройлигина қизил совунак ўт-ўланлар қоплаган. Ундан озгина юлиб олиб, уларни кафтимда ишқаб кўпиртирдим. Шу тариқа юз-қўлимни ювдим. Ўзимни дарҳол тетик ва бахтиёр ҳис эта бошладим. Мен учун ҳозир, шу тобда  зулмат босаётган дунё ёп-ёруғ, нурли кўриниб кетди. Қуёш текисликдаги нурини йиғиштира-йиғиштира қарағайзор устидан арратиш чўққига чиқди. Биллур томчилардек ўйноқлаб, зарра-зарра бўлиб тушаётган Ёсемите шаршараси кўрган кўзни қувонтиради. Қизғиш, қорамтир қоялар шунчалик кўпки, қараб, санаб саноқдан адашиб кетасан. Атайлабдан теварагига қарадим ва чипор тусли харсанг тош олдига чўккаладим. Қўлимга учи ўткир тош олиб, анча  маҳалгача чипор тош тагини ковладим. Бу ердан атрофдаги чўққилар  аниқ кўриниб турарди. Шу ердан қушлар бекитган бир ҳовуч  ёнғоқни топиб олдим, Мағзи тўқ,  ширин, тотли экан. Тош билан чақиб, пок-покиза туширдим.

 2

Баъзида маймунлардек чаққонлик билан  тоғ тепасидан  пастга ёввойи шерлар тўдаси тушиб келади. Уларга ит ва бўрилар вовуллаб қўйишади. Аммо, яқинига йўлашга журъат эта олишмайди. Тоғ шерлари баҳайбат ва жундор бўлишига қарамай, қоплондек шиддаткор сакраб, бўри ва итларга чап беради. Ва бир зарб бериб уларни қулатади. Бўри ғингшиб ерга йиқилади. Бўрининг қаттиқ ўкирганидан боғ назоратчилари  уйғониб кетади. У югуриб дераза ёнига келди-да, ташқарига олазарак тикилди. Ташқари қоронғу эди. Назоратчининг бургутникидек ўткир кўзи  қора шарпаларни  аниқ ва бехато кўрди. У даҳшатга тушиб югуриб юрган  шарпаларни илғади. Унинг ҳозирги алпози важоҳатли ва бир қадар қўрқинчли эди. Бу йиртқичлар буғу гўштини хуш кўриб “чангини чиқарадилар”. Қорни очганда уларни овлайдилар. Шу аснода жон сақлаб омон қоладилар. Аммо, одам тегмаса, тегмайдилар. Иложи борича кўринмасликка ҳаракат қиладилар. Шундан сўнг ёввойи шерлар зулмат қўйнига кириб ғойиб бўлишди.

Ёсемите миллий паркидаги пурвиқор тоғлар бор бўйича қор кўрпасига бурканиб ётарди. Қалин тушган оппоқ туман худди ўчоқдан кўтарилган паға-паға тутундек бурқсиқиб тутайди. Ҳув олисда қаққайиб турган қояга ўрмалаб чиқиш мушкул. Юқорига зиналардан оёқ босиб кўтарилгунча одамнинг бўлари бўлади. Устига-устак, жар, чуқурликларга тикилсанг, юрагинг орқага тортиб кетади. Тўғри, тик ўр-жарлар бу жойнинг  ўз номи билан  тоғ эканлигини ёдга солиб, эслатиб туради. Ишқилиб, тубсизлик қаърига қулаб кетмасак бўлди деган ўй кечади  кўнгилдан. Шундоққина ёнингдан оппоқ булутлар лашкари сузиб  ўтади. Қўлинг билан тутиб олгинг келадию, аммо бунинг сира иложи йўқ. Йўлбошловчи, имиллама, жадалроқ юр деб шоширади. Уни ҳам тушуниш керак. Ёғин-сочин, қор тушмасдан  кўзланган манзилга етиб бориш зарур. Акс ҳолда ноқулай вазиятга тушиб қолиш мумкин. Бундан Худонинг ўзи асрасин. Айтганча, йўлбошловчи камгап, камсуқум одам. Ҳуда-беҳудага гап қотмайди. Аксинча, миқ этмасдан, йўл танобини тортишни маъқул кўради. Фақатгина аҳён-аҳёнда ортидан келаётган шерикларига қараб қўяди. Олдиндан, хатарли жой бор, деб бизларни огоҳлантиради. Юксак арратиш чўққига томон турнақатор бўлиб кўтарилиб бораяпмиз. Айни чоғда гап сотишнинг мавриди эмас.

 3

Қуёш булутлар орасига бекинган. Гоҳида жамол очиб, кўзни қамаштиради. Шу маҳал баланд тоғ тепасидан ўйноқлаб пастга тушаётган Бридалвеил шаршарасига яқинроқ келиб разм солдим. Худди қум-шағал барханлари оралаб, сузиб келаётган кемага ўхшайди. Чунки, улкан сув вужудга келадиган тепалик жуда олисда, шаффоф жойда! Яқин теваракда арратиш, юксак чўққилар, кўкка бўйлашган сон-саноқсиз дарахтлар қирдай бўлиб уюлиб  ётибди. Баҳайбат харсангларнинг бир қисмини ёғин-сочин ўпириб, емириб ўз домига тортиб бормоқда. Бироқ, сиз ҳақиқий саргузаштни севсангиз, дадилроқ бўлишингизга тўғри келади. Бирдан кўз ўнгингизда қуёшнинг тоғлар орасидан  мўралагани, қизғиш, олов тусида жилоланиши намоён бўлади. Бу табиат ишқибоз­лари лаҳжасида “ҳеч қаердан топиб бўлмайдигандек грация” манзараси дейилади. Аммо, биз кўриб турган антиқа, ноёб манзаранинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу ўринда сайёҳлар тилига тушган Ёсемите дарёси ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Икки томони баланд тоғлар билан ўралган, бир ёнбошини дарё суви ювиб ўтувчи бу сўлим маскан илгаридан мавжуд бўлган. Унинг шифобахш суви  ҳинду қабилаларини таъминлаб келган. Шунинг учун ҳам унинг таровати, мафтункор табиати одамларни доимо ўзига чорлаган. У ердаги ирғай, қайрағоч, сада, пальмалар оралаб ўтган сўқмоқ бўйидаги дара, ўнгир, сайҳон ва чўққилар, дарахтлар бағридан қайнаб чиқувчи зилол сувли чашмалар тўпланиб, Ёсемите дарёсининг вужудга келишига  сабаб бўлган катта сувлик  номи ҳам айнан Ёсемите, яъни грезди айи­­ғи номи билан атала бошланган. Катта-кичик жилғалар орқали пастликка интилаётган, чопаётган булоқ сувлари қалин, зич дарахтзор ўрмон адоғига етгач, шаршарага айланар, ўнлаб тош зиналарга урилиб, дарёга қўшилар, унинг гуриллаган овози бутун борлиқ бўйлаб ҳаётбахш тантанаворликнинг акс-садоси, овози бўлиб янграб туради.

Халқимизда, “Тойни чавандоз мингани яхши” деган мантиқли гап юради. Бу умрида эгарга ўтирмаган  одам ўзини ҳам, арғумоғини ҳам қийнаши мумкин деганидир. Ана шу нарсани англаб етган миллий парк масъуллари табиатдаги ҳар бир нарсани ўз ҳолича сақлаб қолишга астойдил тиришмоқдалар. Улар табиат ҳиқилдоғидан тутган панжаларини қўйиб юбормаётган ташкилотлар, саноат корхоналари  билан асло муросаю, мадора эта олмайдилар. Бундайин қусурли ишлар, келажакни ўйламасдан қуриб ташланган иншоотлар табиий муҳитга  ўнглаб бўлмас зиён-заҳмат етказувчи корхоналар ҳам АҚШда мавжуд эди. Лекин ҳаммаси “беозор” деб яшириб келинарди. Уларнинг бундай ёмон фаолиятининг пайи қирқилди. Кимларгадир тобе бўлмай, бошқаларга сўзини ўтказа оладиган  табиатни муҳофаза қилиш соҳаси  жонкуярларининг фидойилиги сабаб, Калифорния ўлкасидаги экологик  вазият бирмунча яхши, табиий олам биздагидек исталганча “хомталаш” қилинмаган. Аҳамиятлиси, миллий боғнинг ҳар қарич ери ягона назорат остида бўлади; ҳар бир дарахт, ҳатто бута ҳам, тоғу тош ҳам, ҳайвону қуш ҳам ҳисобда туради. Водийлар, тоғлар, ўрмонлар оромини бузувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларга чек қўйилди, боғу ўрмонларга изғиб кириб келувчиларнинг йўли тўсилди, булоқлар кўзи очилди, жилғалар тўлиб оқа бошлади, ҳайвонлару қушлар эмин-эркин ҳаракат қилиб, ўз кунларини кўриб юрардилар.

Ёсемите миллий паркидаги айиқнинг улкан панжалари, кулранг, қорамтир жунлари остидан кўрган одам ундан ҳайиқиши, чўчиши турган гап. Бу қудратли панжалар ўлжа олиш маҳалида, тошни ташлаб юбормаслик чоғида роса асқотади. Одатда у совуқ кунлари кун бўйи ухлайди. Ҳар ҳолда, бўрон турган маҳалида паналайдиган бир-иккита жойлари бўлади. Шулардан бири юксак дарахт коваги ичидаги ин. У шу бошпанани хуш кўради. Бўрон зўрайганда, қор кучайганда ўша ин жонига оро киради. Айиқнинг макони узра  қор уюми пайдо бўлади. Қор уюми уни совуқдан эсон-омон, соғ-саломат сақлайди. Унинг сержун пўстинидан иссиқ нарсанинг ўзи йўқ. Бу унга ҳаловатли уйқуни тортиқ этади.

Осмон. Тоғлар. Дарахтлар. Оппоқ қор ерни момиқ кўрпасига буркаган. Ёсемите миллий боғини кезиб юрганимизда, Америка Қўшма Штатларининг Огава ўлкасида истиқомат қилаётган журналист дўстимиз Дилшод Исломов телефон қилиб қолди. Омонлашдик. У саёҳат таассуротлари ҳақида сўради. Ажойиб манзаралар тасвирга олинган лавҳани Абдувоҳид ака телефон экранидан кўрсатди. Назаримда, тоғлар водийсига уюштирилган бир кунлик саёҳат хотирам “сандиғи”да бир умрга сақланиб қолади. Ўзбекистондан эканлигимизни билган гид Уэл Эли Фантана илиқ ва самимий муносабатда бўлди. У бундан анча йиллар бурун Ўзбекистонда бўлган экан. Унга дўппи кийгиздик, бирга расмга тушдик. У биз билан қадрдонлардек хайр-хўшлашди. Билишимизча, бу ўлкада ҳинду қабилалари истиқомат қилган. Боғ номи ҳинду тилидан олинган. Бу грезди айиғи маъносини англатади. Одамлар бу ерда қолиб, ҳордиқ ёзишлари мумкин. Бунинг учун тўртта меҳмонхона ишлаб турибди. Айниқса, сайёҳлар орасида Япония, Сингапур давлатларидан келганлар кўп экан. Довон йўли юксакликда, шаффоф манзил бўйлаб чўзилиб кетган. Қор қалин тушган. Музлама, сирпанчиқ. Салгина ҳуш­ёрликни йўқотсанг, сирғалиб кетасан. Бинобарин, ҳайдовчилардан ҳушёр ва чап­даст бўлиш талаб қилинади. Ер остидан қурилган йўлдан юрсанг, кайфиятинг кўтарилади. Шу аснода ёнғиндан куйиб, танаси қорамтир бўлиб қолган сон-саноқсиз дарахтлар, чақмоқ қўли билан қилинган бедодликнинг аламли ёдгорлигидай бўлиб, ўша фожиаларни эслатиб туради.

…Сафар тугагач, бошқа йўлдан қайтдик. Йўл қордан тозаланган, атрофи тўсиқлар билан ўралган. Қолаверса, текис ва равон. Энг муҳими, ҳеч қанақа хавотир-ҳадикка, юрак олдиришга ҳожат қолмаганди. Фристенга бориш йўлида тўхтаб дўкон айландик, учта наушник, битта крем ва тўрт пачка шоколад харид қилдим.  Ўн доллар бўлди. Сўнгра тамаддихонага кириб  пицца едик. Йўлбош­ловчи Эммани сийладик, меҳмон қилдик. Меҳмонхонага кираверишдаги залдаги ўриндиққа чўкиб, Эммахоним билан дилдан суҳбатлашдим. Кино санъатига меҳр қўйган қизнинг орзу-умидлари, режаларини ён дафтарчамга ёзиб олдим. Эмма боладай хурсанд бўлди. Буни одамга меҳр билан боқиб турган кўзларидан сезса бўларди.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + five =