Қалбингизни “ўқийдиган” тешиктош

Эл-улус орасида “Нобакор, ёлғончи ва ноҳалол кишилар тош орасидан ўта олмайди” деган қараш ҳали ҳам мавжуд.

… Офтоб нурлари кўзни қамаштириб, кун ботардаги қиррадор чўққили тоғларга етди. Фалак тоқида етилиб ғарқ пишган анор бандидан узилиб тушди-ю, арратиш чўққиларга санчилди. Анор мевасидан сизиб чиққан қип-қизил, қондек шарбат уфқни бўяди-қўйди. Бу маҳал Тешиктош бағри узоқ-яқиндан келган одамлар билан тўлди. Кўз илғамас саҳнга эга, теп-текис бағрикенг ушбу тепаликнинг шундоққина қаршисида икки юз эллик тоннача келадиган улкан харсанг тош кўзга чалинади. Қизиғи, тошни ўн яшар бола ҳам бемалол тебрата олади. Ундан наридаги водийни сон-саноқсиз антиқа тошлар водийсига бемалол менгзаш мумкин.

Водий қўним топган Нурота тоғ тизмасининг жанубий тармоқларидан бири Оқтоғ номи билан аталади. Денгиз сатҳидан роппа-роса икки минг метр баландликда жойлашган тоғнинг узунлиги етмиш, эни салкам ўн чақиримни ташкил этади.

Айниқса, жанубий ёнбағирдаги ғаройиб табиат обидаси — Сангижумон интрузив-гранит массивининг довруғи етти иқлимга етган. Унинг антиқа шакл ва кўринишдаги тошлари одамни оҳанграбодек ўзига жалб этади.

Бу масканнинг тарихи узоқ. Ушбу тоғ икки юз саксон миллион йиллар муқаддам ер қаъридан кўтарилган суюқ ва қайноқ магматик жинслардан пайдо бўлса-да, ўз вақтида ер қобиғини ёриб чиқа олмасдан тахминан икки юз эллик минг йиллар аввал маълум чуқурликда қотиб қолган деб ҳисобланади. Бошқа тахминларда эса бу ердаги жинслар бундан ўн минг йил илгари юзага чиққан, деган фикр­­га келинади.

Қимирловчи тошнинг жанубида яна бир баҳайбат гранит тошга дуч келдик. У узоқ ўтмишда Сангижумон ( қимирлаб турувчи тош, ҳажми 75-80 куб метрга, оғирлиги 250-270 тоннага яқин ушбу харсанг шунчалик енгил тебранадики) билан туташиб, яхлит қояни ташкил этганлигини кўриш мумкин. Қоялар орасида эса айланма йўллар бор. Ундан ўта туриб осмонга қарасангиз, ўзингизни ўн беш, йигирма метрлик қудуқ ичида тургандек ҳис этасиз.

“Чилдирматош”, “Қизил эгартош”, “Элчибой дўкон”, “Тегирмон тош”, “Кобра” каби турли кўринишни инсон ёдига солувчи ноёб табиат обидалари сангижумон кўркига-кўрк бағишлайди. Унинг тарихи кўҳна афсона ва ривоятларга қоришиб кетган.

… Осмонда жинқарча читтак куйлайди. Баҳор шамоли эса чечаклар бошини худди меҳрибон она мисоли оҳиста силайди. Бундайин меҳрибонликдан унинг қалбида қувонч ҳисси барқ уради. Аслида Хатирчининг тоғли Сагижумон қиш­лоғидаги Тешиктош сайли сайлгина эмас у зиёратгоҳ, нажот истаб келганларга умид қўрғони ҳам эди. Бу манзилга эл омонлиқ-сомонлиқ кунини нишонлаш ҳамда ҳалолликларини, тўғриликларини, ҳақгўйликларини намойиш этиш учун келишади гўё.

Йигирманчи асрнинг ўн бешинчи йилларига қадар бирор-бир одам ушбу маросимга чиқмай қолса, унинг ва хонадоннинг ҳалоллигига, тўғрилигига шубҳа пайдо бўлар, бир йил давомида рўй берган барча бахтсизликларнинг бош сабабкори у деб билинар, бу даҳшат ва фалокатдан у хонадон соҳиблари қишлоқдан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлар эди. Тўғри, бугун ярамас бидъатлардан воз кечилган, бироқ эл орасида “Тешиктош” орасидан ноҳалол, нобакор, ножоиз кишилар ўта олмайди. Бунақаларни у дарҳол кўтариб уради. Фақатгина андишали кишилар, фавқулодда дилбар ва хуштаъб кишилар, саховатпеша, ҳиммати баланд, хосиятли, истеъдодли, ҳамиятли, ор-номусни барча нарсадан юқори қўядиган кишиларгина ўзига хос синов, имтиҳон, чиғириқдан оппа-­осон, соғ-саломат ўтиб кетаверади” деган қараш мавжуд. Тағин тош билан боғлиқ ривоятлар эл орасида сақланиб қолган. Мана улардан бири.

… Қиш кунларининг бири эди. Деҳқон эрталаб туриб қараса, оғилхонадаги қозиққа боғланган ҳўкизи йўқ. Деҳқонни бир кишидан шубҳа-гумони бор эди. У ҳақида қозига маълум қилди. Қози эл-улусни бир жойга йиғади. Унинг мақсади адолатни қарор топтириш эди. Бунинг учун жабрланувчи ҳамда ўғирликда гумон қилинаётган кимса боботош остидан сирғалиб ўтиши талаб этиларди. Буни дастлаб деҳқон бошлаб беради. Албатта, у тош остидан эсон-омон ўтади. Навбат гумондаги кимсага етганида, у орқага тисарилади, кўзлари аланг-жаланг бўлганича, чўчиб кетган кўйи, тош яқинига оёғи тойиб йиқилади. Уч-тўрт давангир йигитлар уни қўлтиғидан кўтариб турғизади. Шунда у тилга кириб, “Мен гуноҳимга, айбимга тўлиқ иқрорман. Бериладиган ҳар қандай жазога тайёрман” деди-да ўғирлигини айтди-қўяди. Маълум бўлишича, ўғри тешиктошнинг “қисиб қолиши”дан қўрқиб, бу ишга юраги бетламаганди. Ўғри ниҳоят энди бу шармандаликда яшаб бўлмайди деб қишлоғидан бош олиб чиқиб кетади. Қиссадан ҳисса шуки, Тешиктош адолатни, ҳақиқатни қарор топтиришда одамларга яқин дастёр бўлиб хизмат қилган экан.

Эл одати ва удумига кўра юқоридаги пастликда шарқираб оқаётган тиниқ ва зилол сувли сойда покланиб, ялангоёқ чиқиларди муқаддас тошга. Хаёлимни, бирдан чўққи соқолли, нуроний чолнинг — ўтишни бошланг, марҳамат! — деган жарангдор овози бўлиб юборди. Шундан сўнг одамлар бирин-кетин, тизилишиб тешиктош айланасидан навбати билан ўта бошлади. Негадир то ҳанузгача тешиктошни қисиб қолиши одамни гуноҳга ботганлигига ишора деб қаралади. Ҳозир ҳам одамлар бу одатдан воз кечмаган.

Рости, улкан тош остидан ўтишга чоғланар эканман, менинг ҳам кўнглимда андеккина ҳадик-хавотир бўлганини яширмайман. Аммо тешиктош остидан ўтишни уддаладим. Шу чоғ боя­­ги мўйсафид олдинга чиқиб, Тешиктош­­га яқинлашди ва унинг шундоққина пас­тидан жой олди. Ва “Иқболингиз баланд бўлсин, болам!” — дедида узоқ дуо қилди. Чол келувчиларни ана шундай алқайди. Бу вақтда пастликдаги кенг саҳнда тантана давом этар, қўшиқ ҳам, бахшилар айтишуви ҳам, лапарлар ҳам авжида эди. Косибларнинг, кулолларнинг бозори чаққон эди. Кўклам қуёши билан, ҳавоси эл-улусни ўзигача меҳрибонлик билан бошини силашга ошиқарди гўё.

… Ҳар баҳор эшик қоқиши билан, Сангижумондаги Тешиктош эсга тушади, этим сесканади. Қани энди нопок, қинғир ишларга қўл уриб, гуноҳга ботаётган кимсалар ўша Ҳазрат бобо тош тешиги ичидан бир-бир ўтказиб олинса-ю, ҳақиқатда нобакорлари сиқилиб қолса деганга ўхшаш ҳадик кўнглимда кечаверади. Айтганча, то ҳанузгача Тешиктош қад кериб турган Хатирчидаги Сангижумон водийси эл-улуснинг, хорижликларнинг муқаддас зиёратига айланиб улгурган.

Улуғбек ЖУМАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + sixteen =