Ўқилмаган тарих
Тўрт тарафда бепоён қуруқ чўл энлаб ётарди. Қумнинг юмшоқ, бахмалдек товланиб ётган зарралари қуёшда жимирлаганича кўзни тиндиради. Табиат яратган афсонавий ҳайвонларни эслатиб юборувчи уюм-уюм қум тепаликлар одамни сал бўлмаса ютиб юбормоқчидай бўлади. Иссиқ, гаримсел шамол лабни қуритади.
Қадимда Қизилқум саҳросига қадам босишган карвонлар салқин кечалари йўл босиб, кундузлари серсув қудуқлар бўйида тўхтаб, ором олганлар. Оғзи каттагина қудуқдан шўр, таъми бир оз тахир сув олиб, ичишар, туяларини суғорар, мешларга захира ғамлаб олишарди. Чўли-биёбонда, ялангликда ҳар бир қудуқнинг, оби ҳаётнинг қадри баланд. Аслида улкан ва чеки поёни йўқ Қизилқумда ҳар бир манзил, гўша “қудуқ”, ёки “булоқ” сўзлари билан номланиб келинган. Қўсқудуқ, Терибулоқ, Ўрисқудуқ. Керизбулоқ, Томдибулоқ, Жонбулоқ…
Олис Томдининг қуш учса қаноати, одам юрса оёғи куядиган бепоён, ҳад-ҳисобсиз ҳудудида Аёқудуқ деган манзил бор. Эли чорвадор. “Аёқудуқ”нинг асл маъноси охирги қудуқ деган мазмунни англатар экан. Қайсидир йили хизмат сафари билан Аёқудуқда бўлган эдим. Ўшанда қаттиқ, беқарор шамол эсиб турарди. Изғирин кўз очирмасди. Бу шамол охир-оқибат кучли ёмғирни келтиради деди чорва билимдони. Унинг айтгани тўғри чиқиб, ёмғир савалай кетди. Эртасига чорва билимдони Абдумалик оға каминани чўлдаги тоққа бошлаб борди. Бу кичик тоғ Нурота тоғ тизмаларининг Қорақалпоғистонга қадар чўзилган бўлакларидан бири эди. Қаршимда кичик тоғлар мағрур қад кериб турар эди. Аёққудуқ овулидан унча узоқ бўлмаган мазкур тоғ тизмаси гарчанд унча баланд бўлмаса-да, аммо бир кўркам эди. Айнан ўша тоғ дараси тепалигида талай қабртошларга кўзим тушди. Улар хийлагина катта эди. Мармар тошга форс ёзувидаги битиклар ёзиб қўйилган эди. Бу эса шаҳардан олис чўл ҳудудларида ҳам аждодларимизнинг ўқилмаган, қўл урилмаган тарихи сероблигини рўй-рост кўрсатар эди. Гап энди ана шу эронийлар юртимизга бостириб келган даврдаги хазинани ланг очишда қолган. Бунда Эрон шоҳи Кир юртимизга бостириб келганидан қолган ёдгорлик бор. У тарихга қизиқувчиларга олам-олам қувонч бахш этади. Бундан буёғига шундай ноёб манзилларига ҳам тез-тез саёҳат уюштириб турилса нур устига нур бўлур эди.
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист