Чилпиқ

Аждодларимиз ундан коинотни ўрганиш учун расадхона сифатида фойдаланган

 

СУКУНАТ МИНОРАСИ

Аму соҳиллари жуда салқин жой: тоғни эслатиб юборувчи кичик-кичик тепаликлар орасидан, қуюқ тўқайзорлардан гўё моҳир раққосдек буралиб, эшилиб, тош поёндоз устидан шошқин, шовуллаган, чопқир Амударё оқади. Соҳилга яқин манзилда, ундан хийла узоқ жойда, конуссимон тепалик қад кўтарган: бу яқинда уй, аҳоли яшаш манзиллари йўқ, пахта ва ғалла, шоли экиладиган далалар бу ердан хийла узоқ масофада.

Ўтмишда кўпдан-кўп воқеаларга гувоҳ бўлган бу осори-атиқа иккинчи, тўртинчи асрларга таааллуқли экан. Эл-улус уни “Чилпиқ” маданий ёдгорлиги деб атайди. У шаҳд-шиддат билан оқаётган Амударёнинг ўнг қирғоғида қад кериб туради. Атрофи очиқ, яйдоқ кенгликдан иборат.

 

“АВЕСТОДАГИ НАЗОКАТЛИ ТУЙҒУЛАР”

Зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авес­то”да ўта муҳим маълумотлар учрайди. Ушбу маълумотлар эса юртимиз тарихини ўрганишда асқотади. Тарихчи олимларнинг айтиш­ларича, “Авесто” да тасвирланган жойлар қадимги Хоразм, яъни Чилпиқ қалъа барпо этилган манзилга ҳар томондан тўғри келар экан. Бу далилларнинг барчаси илмий тарзда исбот этилган.

“Авесто” китобини вақти-вақти билан қўлга олиб тураман. Унинг “Вендидод” деб аталган биринчи китобида “Мен, Ахура Мазда, биринчи навбатда энг яхши жойда, Гўзал “Даитйа” дарёси соҳилида Айриан Вэжа мамлакатини ( кишвар) яратдим” деган қайд учрайди. Кўпгина олимлар “Даитйа”нинг Амударё эканлигини эътироф этишади. Чунки, “Авесто”да тасвирланган дарё Амударёга ҳар томондан ўхшайди, мос келади. Ана шу далилга таянган тадқиқотчилар “Айриан Вэжа”нинг қадимги Хоразм ўлкаси эканлигини бот-бот таъкидлаб келишади. Тағин бир гап. “Авесто”даги “У (йима) узунлиги бир хатр (тахминан минг метрча) келадиган жойга сув олиб борди”, қаерда мўл нон (буғдой), шифобахш гиёҳлар, ўсимликлар, ейишга яроқли мевалар етиштирилса, қирғоқ ер суғорилади, деган сўзларга эътибор қаратилса, бу ўринда сунъий равишда суғориш ва деҳқончилик хўжалигини юритиш тартиблари ҳақида гап бораётганлигини англаб етиш мумкин. Очиғи, бу ўзига хос назокатли, туйғуларга бой сўзларни мутолаа қилганингда қадимда аждодларимизнинг маънавий дунёси, тафаккур дои­раси, сўзлаш оҳанги гўзал ва сермаъно, сержило бўлганлигига амин келтирасан. Негаки, “Авесто” ҳар доим юксак ғоялардан бири бўлган ватанпарварликни, ўз тупроғига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатни тараннум, мадҳ этиб келади.

“Шуҳрати номи билан у кенг бесарҳад,

Узунликда барча сувларга баробар.

Шу заминда оқиб турувчи ва

                                          ҳам қудратли…

Ҳукарйа чўққисидан бошланиб

Верукаша денгизига қўйғувчи…”

Ушбу гўзал шеърий сатрларни мен “Авес­то”нинг “Яшт” китобидаги бешинчи бобида Ардвисур Анахитага бағишланган мадҳиясидан (шундай сўзлар бор) олдим. Рос­ти, Анахитанинг бу таърифида айнан Амударё тилга олинганлигини кўриш мумкин. “Авесто”даги ҳаёт ва саховат дея таърифланган сувликка яқин жойлашган “Чилпиқ” қалъаси бекорга айнан дарёга яқин жойда барпо этилмаган.

…Катта йўлдан, яъни Нукус шаҳри марказидан жанубга — Беруний туманига қараб қирқ уч чақиримча йўл босдик. Узоқдан ўттиз беш, қирқ метрча келадиган конуссимон тепалик чўққисида қад керган, мағрур “Чилпиқ” қалъаси кўзга ташланди. Ҳайдовчи йигит улов рулини ўша томонга бурди. Уловдан тушиб, пиёда тепаликка кўтарилдик. Мана узунлиги йигирма метрдан ортиқ, етмиш бешта зинанинг ён томонларида ҳам қадимда деворлар бўлган. Қалъа бўй-басти билан мана-мен деб савлат тўкиб турарди. Бу обиданинг эни бир юз ўттиз, бир юз эллик метрча, баландлиги ўттиз беш, қирқ метрча келиб қолади. Айлана шаклида. Синчиклаб қараган одам, ушбу осори-атиқани қадимги римликлар, юнонлар, ҳиндлар, шумерларнинг ибодатхоналарига ўхшаш эканлигини билиб олса бўлади.

* * *

…Элнинг айтивуча, зардуштийларнинг диний маросимларини адо этишга мўлжаллаб барпо этилган масканда сукунат, сокинлик ҳукмрон. Пастликда дарё сувининг ялтираб оқиши кўзга ташланади…

 

СИТОРАЛАР ЖИЛВА ҚИЛАР САМОДА

Қоп-қоронғу, зулмат ҳукмрон бир тун. Осмонда сон-саноқсиз юлдузлар жимирлайди. Синчиклаб қарасангиз, улар сизга кўз қисаётгандай гўё. Хуллас, кўк тоқида минг-минг­лаб ситоралар азал-азалдан одамзодни қизиқтириб, сеҳрлаб келади. Ана шу ҳолат инобатга олиниб, “Чилпиқ” қалъасидан аждодларимиз коинотни ўрганиш учун расадхона сифатида ҳам фойдаланишган. Мазкур далилни ҳақиқатга яқин эканлигини, Марказий Осиё меъморчилиги тарихи бўйича кўпгина тадқиқотлар олиб борган таниқли олим С.Бўлатов аниқ ва ишонарли тарзда исбот этган. Чиндан ҳам бу жой азимути эллик саккиз даража бўлган астрономик асбоб-ускуналарда қаҳратон қишда кун билан туннинг тенг­лашиш пайти, қуёшни тутилишини кузатиш учун ҳар жиҳатдан қулай экан.

Буни қаранг, бир маҳаллар, атоқли олим Абу Райҳон Беруний бобомиз, ўзининг синчковлиги билан Қиёт билан Гурганч, яъни ҳозирги Беруний тумани билан Урганч шаҳри оралиғидаги кузатув жойи айнан “Чилпиқ” қад керган жойнинг ўзига тўғри келишини айтганди. Бу маълумот олимнинг қатор асарларидан ўрин олган.

Олим С. Бўлатовнинг бир оёғи “Чилпиқ”қалъасидан узилмади. Ҳаттоки, айрим тунларни шу манзилда бедор ўтказди. Тунлари осмондаги сон-саноқсиз ситоралар ҳолатини кузатган кунлари ҳам кўп бўлди. У ниҳоят Чилпиқ бизнинг бебаҳо, топилмас, маданий ёдгорлигимиз деган қатъий қарорга келди. Дарвоқе, ўша кезлари маҳаллий аҳоли, яъни деҳқонлар,чорвадорлар тадқиқот ишлари олиб борилганда, ўзлари адо этмоқчи вазифаларни шунга қараб бажарганлар.

 

ДАРАХТ ТОШГА АЙЛАНДИ

“Чилпиқ” қалъа тарихи олимларни узоқ вақтдан бери қизиқтириб келади. Шунинг учун улар илмий тадқиқотлар, кузатишлар олиб боришдан чекинаётганлари йўқ. Икки минг олтинчи йил. Осмонда мезонлар учиб юрарди. Ҳаво илиқ. Бу маҳал қадимшунослар “Чилпиқ” қалъа остонасида игна билан қудуқ қазишдек машаққатли юмуш яъни археологик қазишма ишлари билан банд эди. Шу пайт қўл билан ишлайдиган лапатка қаттиқ бир жисмга урилади. Қарашса, узунлиги бир метру ўттиз икки сантиметр, белбоғи тўқсон сантиметр ва оғирлиги икки юз килограммгача келадиган ноёб тошёғоч қолдиғи. Синчковлик билан, тикилиб қаралса, ўт-оловда ёнмайдиган, жигарранг мармар тошдек, қаттиқ, занглаб қолган дарахт бўлаклари. Ажаблантирадиган жиҳати шундаки, топилма атрофидаги тош парчаларида ўсимлик ва япроқ излари қурт-қумурс­­қа уяларининг излари асл ҳолича, яхши ҳолатда сақланиб қолганлиги эди. Тўғри, табиат беқиёс сир-синоатларга сероб. Зилзила, тоғ ва ер кўчкиси, сув тошқини, қум босиши сингари табиий офатлар туфайли орадан бир неча миллион йиллар ўтиши оқибатида ўсимликлар тошкўмирга, торф, гил ёки нефть қоришмасига айланиши бор гап. Аммо дарахтнинг ҳарсанг тошга айланиши табиатда ниҳоятда камёб ҳодиса ҳисобланади. Бунинг турган битгани ажойибот ва мўъжизанинг ўзгинаси-ку. Дарахт тошларининг ёши беш, етмиш миллиондан кам эмас, балки олтмиш беш, етмиш миллиондан кам эмасдир.

 

ВУЛҚОНЛАР ИЖОДИ

Агар Беруний туманидан, Нукус томон (катта трассадан) бораверсангиз, то “Чилпиқ” қалъасига етиб боргунга қадар вулқонлар отилиши натижасида пайдо бўлган тоғсимон тепаликларга, қорайиб чўккан баъзи бир ҳайвонлар шаклини эслатадиган улкан тошларга ҳам кўзингиз тушади. Қачонлардир табиатда вулқон отилиши натижасида эриб пластинкага айланган темир парчасини кўрганингизда, табиат ишига, унинг ижодкорлигига қойил қоласиз. Биз турган конуссимон қадимий “Чилпиқ” тепалиги ана шундай вулқонлар тошиши натижасида Ер юзида пайдо бўлган. У сўнгган ( қадимий ўлик) вулқон ижоди эканлигини айтиб ўтмоқчимиз холос. Аслида “Чилпиқ” қалъа атрофидан ёғоч ва темир парчалари бу маконда қачонлардир вулқонлар фаол, мавжуд эканлигидан далолат беради.

Зардуштий аждодларимиз ўт-оловни азиз, муқаддас билиб, унга сажда қилишган. Улар ер остидан чиқиб турган олов қолдиқларини беҳад эъзозлаб, ўн саккиз, йигирма метрли бўлган, деворли, айланасимон “Чилпиқ” тепалигини бунёд этиб, қалъа барпо этганлар. Илмда Нурота тоғ тизмалари Султон Увайс тоғлари билан ер остидан туташган деган қараш мавжуд. Бунда чиндан ҳам ҳақиқатни кўриш мумкин. Умуман олганда, “Чилпиқ” қалъа­сидан икки юз чақирим жанубий шарқда осмонга олов пуркаб турган тепалик “Уч ўжоқ” (ҳозирда унга Саримой деб ном беришган) ўртасида илғаб бўлмас масофада яқинлик, узвийлик, боғлиқлик бордай назаримда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Қорақалпоғистон заминида қад керган “Чилпиқ” қалъа вулқонлар ижоди маҳсули бўлган сон-саноқсиз тошлар, “Уч ўчоқ” тепалиги, дарахтнинг тошга айланиши дунёнинг сир-синоатли, мўъжизаларга бой эканлигини англатади. Қолаверса, мазкур табиат ёдгорликлари “Аёзқалъа”, “Тупроққалъа”, “Гулдирсин”, “Ёмпиқалъа”, “Мазлумхон сулув” саройи каби кўҳна обидалардан, тарихий ёдгорликлардан ҳечам кам эмас. Қолаварса, Чилпиқ рамзи Қорақалпоғистон Республикаси гербида ҳам муносиб жой олган. Хуллас калом, “Чилпиқ” ёдгорлиги атрофлари обод этилса, одамларни қадами аримайдиган гўзал бир ошёнга тезроқ айлантирилса деган таклифимиз ҳам йўқ эмас. Зеро, ўтмишга, аждодлари яратган обидаларга эътиборли бўлган халққина мангу барқ урган дарахтдек гуллагуси, шиғил-шиғил мева бергусидир.

…Дарё шовуллайди. У ҳар замонда тепаликда қад керган “Чилпиқ” қалъаси томонга кўз қирини ташлаб қўяди. Назаримда она дарёнинг шу биргина боқиши, нигоҳи обида кўнг­лини тоғ мисоли кўтаради. У бир-биридан ширин, тотли хаёлларга шўнғиб кетганлигини билмай қолади.

Улуғбек ЖУМАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =