Эзгу ниятлар ёр бўлса…

Сўнгги беш йил ичида Марказий Осиё муҳити буткул ўзгарди. Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган яхши қўшничилик тамойили, қатор ташаббус ва изчил амалий қадамлар нафақат минтақавий барқарорлик муҳитини яратди, балки республикалараро иқтисодий-савдо алоқаларни янги поғонага кўтарди. Гуманитар соҳада эса янада оламшумул ишлар амалга оширилди, қон-қариндошлар дийдорига муштоқ инсонларга дарвозалар очилди, бир-бирларини йиллар давомида кўрмаганлар дийдорлашдилар, чегаралар кўнгилларимиз каби бир-биримизга очилди. Шунингдек, самолёт ва автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Бу тарихий ўзгаришлар адабиёт, санъат ва журналистика соҳасинида четлаб ўтмади…

Бу борада Ўзбекистон ва Тожикис­тон Республикалари орасидаги янгича дўстона ва қўшничилик муносабатлардан кўп-кўп мисоллар келтириш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари кунлари ўзбек журналистлари бир қатор хорижий давлатлардагидек, Тожикистонда ҳам ўзбекистонлик фуқаролар ушбу муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирокидан мунтазам репортажлар   тайёрлаб эфирга узатишди. Ўнлаб нафар тожик журналистлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимизнинг туристик имкониятларига оид материаллар тайёрлашди ва ҳоказо.

Эндиликда журналистика соҳасидаги ҳамкорлик ришталаримиз янада мустаҳкамланади. Эзгу мужда, 5 май куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи ўртасида   ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумнинг асосий мақсади дўстона муносабатларни янада мус­таҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашиш учун журналистлар делегацияларини уюштириш ва пировардида журналистика соҳасида амалий таж­рибалар алмашилиб, биргаликда халқаро конференциялар ва матбуот анжуманлари ўтказиш, пресс-турлар ташкил этилади. Ўзаро келишилган иш режасига мувофиқ ҳар икки томоннинг йирик тадбирлари, медиафорумлар уюштирилади.

Икки томондан журналистлар малакасини ошириш ва ходимларни қайта тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, ўтказиладиган ўқув семинарларида қатнашиш учун тажрибали журналист ва экспертларни ўзаро қўллаб-қувватлаш назарда тутилмоқда.

Таассуротларга бой бўлган меморандум имзоланиши доирасида ҳамкасблар икки давлат ўртасидаги дўс­тона алоқалар бардавом бўлишини, ўзаро ҳамкорликдан эзгу ишларни кутишаётганликларини таъкидлашди.

—Энг муҳими эса мазкур меморандум томонларга журналистлардан таркиб топган делегацияларини бир йилда камида бир марта ҳамкор томон мамлакатига ижодий сафарларини уюштиришни назарда тутади,—дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров.—Тажриба алмашишга қаратилган бундай ташрифлардан мамлакатлар ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши, икки давлат раҳбарлари келишуви асосида амалга оширилаётган ишлар самаралари билан танишиш ва ўз юрти оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда ёритиш каби мақсадлар кўзда тутилган.

Ўзаро ҳамкорлик икки давлатнинг оммавий ахборот воситалари орасидаги муносабатларини янада юксалтиришга замин яратиши шубҳасиз.

Меморандум имзоланиши маросимидан аввал эса кўп сонли қалам аҳли ва тожикистонлик меҳмонлар ҳузурида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўзбек журналистикасининг бугунги ҳолати ва вазифалари хусусида тўхталиб ўтар экан, касбдошларимиз учун Ўзбекистон раҳбари   томонидан сўз эркинлиги учун яратилган имкониятларни таъкидлаб ўтди. Куни кеча 16- маротаба шукуҳбахш муҳитда ўтказилган “Олтин қалам” танлови ҳам бу ғамхўрликдан далолат беради. Айтиш жоизки, икки йилдан буён бу нуфузли танловда тожикистонлик ҳамкасбларимиз ҳам фаол қатнашиб, мукофотларга муносиб деб топилмоқдалар.

Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода бу кунларга икки давлат раҳбарлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевларнинг оқилона сиёсати, сиёсий шижоат ва иродалари шарофати ўлароқ муяссар бўлганликларимиз албатта журналистларга катта имкониятлар эшигини очганини таъкидлади ва бу борада қўлга киритилган бир қатор муваффақиятларни мамнуният билан тилга олди. У Ўзбекистонда қатор вилоятларга сафар қилган чоғида тожикзабон аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишганини алоҳида тилга олди.

Ҳа, икки давлат раҳбарларининг эзгу ниятлари ёр бўлса, халқларимиз янада жипслашади, муштарак мақсадлар сари интилади.

Бу ҳақиқатни Тожикистон Журналистлари иттифоқи раиси Зинатулло Исмоилзода ҳам ўз сўзида мамнуният билан таъкидлар экан, имзоланган ҳамкорлик меморандуми нафақат журналистларимизнинг борди-келдиси учун, балки тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш, малака ошириш каби жиҳатларни ҳам қамраб олишини қайд этди. Кейинги йил “Олтин қалам” танлови учун Тожикистон томони ҳам ўз номинациясини таклиф қилишини айтди.

Дўстона ва ижодий муҳитда ўтган мулоқот ниҳоясида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси О.Ўсаров бир қатор тожикистонлик ва Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган журналистларга, жумладан, “Олтин қалам” танловида “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материал учун” номинацияси ғолиби ( 2-ўрин) Ўринбой Усмонга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонини топширди.

Ҳа, Ўзбекистон — очиқ мамлакат, очиқ мамлакатда сўз ҳам эркин, очиқ мамлакат ҳамкорлик учун беназир майдон, бебаҳо имконият. Янги Ўзбекистон яхши қўшничилик тамойилини изчил ҳаётга татбиқ этар экан, қардош республикалар журналистлари ҳам буни эътироф этмоқдалар. Шундай экан, икки дўст, қардош давлат ижод аҳли ҳам эзгу ҳамкорлик йўлида хизмат қилишда кўнгиллари ҳам очиқ.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − five =