Ҳақ сўзнинг қадри ошмоқда

Мамлакатимизда кўтаринки руҳда нишонланган Жаҳон матбуоти эркинлиги куни “Халқ сўзи” — “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси учун унутилмас онларни туҳфа этди, десак, муболаға эмас.

Таҳририятимиз “Олтин қалам” XVI миллий мукофоти учун халқаро танловда босма оммавий ахборот воситалари йўналишида биринчи ўринга муносиб кўрилганидан беҳад қувондик. Айни пайтда бу эътироф­­ни барча жабҳада янгиланаётган Ўзбекис­тоннинг демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида собитқадамлик билан дадил олдинга интилаётганининг яна бир яққол ифодаси сифатида қабул қилдик.

Дарҳақиқат, бугун Президентимиз томонидан жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, плюрализм, ҳурфикрлиликка кенг шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган кўламдор оқилона сиёсат медиа соҳасига ҳам том маънода янгиланиш нафасини олиб кирди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Бу борадаги энг муҳим ютуқ шуки — жамиятимиз “ёпиқлик муҳити”дан қутулиб, янги Ўзбекистон пойдевори айнан эркинлик ва адолат тамойиллари асосида барпо этилмоқда.

Соҳадаги ижобий ўзгариш­ларнинг инъикосини куни кеча “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан эълон қилинган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилгани мисолида кўриш мумкин.

Бугун “ёпиқ” мавзунинг ўзи қолмаган. Ҳар ким ўзи истаган оммавий ахборот воситасида, ижтимоий тармоқларда эркин фикр билдириши, таклиф ва мулоҳазаларини ўртага ташлаши мумкин. Қонундан четга чиқилмаса, ўзганинг ҳуқуқлари бузилмаса бўлгани, барча йўллар очиқ.

Бундай очиқлик, шаффофлик замони, ўз ўрнида, бир томондан, медиа оламида ўзаро рақобатни кучайтирса, иккинчи томондан, оммага сўз айтиш масъулиятини янада оширяпти.

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари жамоаси ана шундай масъулиятли даврда, фақат ва фақат ҳалол меҳнат, тинимсиз изланиш, соғлом рақобат туфайли ўз ўрнига эга бўладиган бир шароитда зиммасидаги шарафли вазифани уддалашга баҳолиқуд­рат ҳаракат қилмоқда. Ўз қадриятларига содиқ қолган ҳолда собитлик билан олға интилмоқда.

Газеталаримиз давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётини акс эттирувчи кўзгуга айланган. Саҳифалардан ўрин олаётган ҳар бир материалда кун нафаси, ҳаёт ҳақиқати уфуриб туради. Содда қилиб айтганда, ҳақ сўзнинг, халқ тафаккурининг минбарига айланган.

Айниқса, кейинги беш-олти йилда “Халқ сўзи” ва “Народное слово”нинг мазмун-мундарижаси бутунлай ўзгариб, мамлакатимизда бошланган тарихий янгиланишларнинг фаол тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди. Креатив фикрлар, танқидий ва таҳлилий ёндашувлар билан халқ орасига янада кенгроқ кириб борди.

Парламент нашри сифатида “Депутат фикри” ва “Сенатор минбари” каби рукнлар орқали қонунчилик жараёнларининг муҳим қирраларини, парламент аъзоларининг позиция ва муносабатларини қаламга олиб келмоқда. Масалан, нашрларимиз орқали ўқувчиларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ўқишлар пайтида қонунлар қандай такомиллаштирилаётганидан хабардор бўлиб бориш, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланганидан сўнг уларнинг сўнгги версияси билан танишиш имконига эга.

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” — турли шов-шувлар, олди-қочди материалларни ёритувчи нашрлар эмас. Балки инсонларни фикр-мулоҳазага чорлайдиган, тафаккурини чархлайдиган, билим ва маънавиятини бойитишга ҳисса қўшадиган газеталардир.

Муштарийларимиз “Мамлакатимизда иқтисодий ўсишга қандай эришилмоқда?”, “Қандай омиллар сиёсий ва ижтимоий барқарорлик кафолати бўлиб хизмат қилаётир?”, “Қисқа вақт ичида таъсирчан натижаларга эришишга нима имкон бермоқда?” каби саволларга таниқли сиёсатчилар, зиёлилар, турли соҳалар олимлари, эксперт ва мутахассисларнинг жавобларини айни шу нашрлардан ўқиб, билиб бормоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Ана шу ҳаққоний талаб таҳририятимизнинг барча ходимларидан нафақат профессионал билим ва кўникмаларни, кучли фуқаролик позициясини, балки бугуннинг нафасини ҳис этиб, янгича ишлашга интилишни ҳам талаб қилади. Аксинча бўлиши мумкин эмас.

Бундан кейин ҳам мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ўзгариш­ларни объектив ёритиш билан бир қаторда ҳукумат идоралари ва жамоатчилик эътиборини жойлардаги долзарб муаммоларга жалб қиламиз ва барча даражадаги раҳбарларни ушбу муаммоларни ҳал этишга ундаймиз.

…“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси давр руҳи ва талабидан келиб чиқиб, иш услубини ўзгартириб бормоқда. Газеталар дизайни ва сарлавҳаларда креативлик кўзга ташланмоқда. Тезкорлик билан янгиланадиган веб-сайтимиз, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларимиз саҳифаларида замон руҳи ўз аксини топаётир.

Энг муҳими, ҳар бир материалда мамлакатимизнинг миллий манфаатлари ва воқеа-ҳодисаларга объектив ёндашув устувордир.

Аммо булар ҳали етарли эмас. Фао­лиятимиздан қониқиш ҳосил қилишга асло ҳаққимиз йўқ. Аксинча, келгусида мавзулар қамровини янада кенгайтириб, ўқувчиларимиз талаб ва истакларига ҳамоҳанг фаолият кўрсатишимиз зарур. Воқеликларни ёритишда тезкорликни ошириб, одамларни ташвишга солаётган ўткир муаммою камчиликларни янада дадил қаламга олиш галдаги устувор мақсадларимиздан бири бўлиб қолади.

Ўткир РАҲМАТОВ,

“Халқ сўзи” – “Народное слово”

газеталари Бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 2 =