Тарихини билмаган ўзлигини унутади

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

“O‘zbekiston tarixi” телеканали директори:

— Бугунги телевидение кечагисидан фарқ қилади. Бугун янгиликлар кўзгусидан журъат билан гапираётган журналист шижоати ўзгача, мақсад ва муддаоси аён, тили бурро, қўрқуви йўқ. Муаммоларни очиқ айтиш бор, раҳбарларга халқни қийнаётган масалалар ечимини сўраб микрофон тутиш бор, жавобни рандалаш йўқ, вазиятни борича олиб чиқиш бор. Фидокорона меҳнатнинг рағбатлантирилиши ва эътироф этилиши эса ижодкор аҳлига янада улкан ишонч ва қанот бағишлайди. Шу маънода, бундай юксак мукофот одамга жуда катта масъулият ҳам юклайди. Ўйлайманки, бу эътироф бугун журналистларга, қолаверса, илм аҳли, зиёлиларга бўлган эътибордир.

Президентимиз ташаббуси билан “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг ташкил этилгани эса чин маънода тарихий воқеа бўлди. Негаки, тарихини чуқур билмаган халқнинг миллий ўзлиги ҳам ҳаминқадар бўлади. Шу боис аждодлар меросини татбиқ этиш, оғзаки ва ёзма манбаларни ёш авлодларга етказиш, мозий ҳақиқатларини намоён қилиш ҳамиша долзарб вазифалардандир.

Телеканалимиз 2019 йилнинг 1 сентябридан ўз фао­лиятини бошлади. Ўтган қисқа вақт мобайнида мавжуд 5 та: “Ўзбекистон тарихи”, “Илмий-оммабоп телефильмлар”, “Археология ва музейлар”, “Жаҳон тарихи ва цивилизацияси”, “Тезкор дубляж” муҳарририятлари томонидан қатор кўрсатувлар тайёрланиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келинмоқда.

Хусусан, 90 дақиқа мобайнида   жонли тарзда эфирга узатиладиган “Тарихий савол” ток-шоуси, кўрсатувлар дастуридан мунтазам ўрин олган “Аслида қандай?..”, “Ибтидо”, “Этно”, “Мавзу”, “Тақдимот” сингари кўрсатувларда юртимизнинг кўҳна ва бой тарихи, анъаналари, аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган илмий, маданий ва маънавий ҳиссалари, уларнинг ҳаёт йўли тарихий воқеа-ҳодисалар мисолида кенг очиб берилмоқда. Шунингдек, ушбу кўрсатувлар халқимиз тарихига тааллуқли ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган муҳим масалалар, муаммолар бў­йича зиёлилар, кенг жамоатчиликни очиқ муҳокамага чорламоқда. Бошқача айтганда, телеканал тарихчи олимлар, тадқиқотчилар ва ёшларнинг чинакам минбарига – “мунозара майдони”га айланиб улгурди.

Ундан ташқари, буюк ватандошларимиз — олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, саркардалар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли, қаҳрамонлиги ва авлодларга қолдирган бой мероси ҳақида “Буюк Темур”, “Буюк юрт алломалари”, “Навоий ҳайратлари”, “Сулола”, “Очун” номли кўрсатувлар ташкил қилинди ҳамда мунтазам эфирга бериб борилмоқда.

Бундан ташқари, айни дамда илмий-оммабоп шаклдаги “Ўзликка йўл” мегалойиҳасига қўл урилди. Унга бутун маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимлар жалб қилинмоқда.

Юртимиз тарихини кенг оммага тарғиб этиш, ички ва ташқи сайёҳлик муҳитини кенгайтириш мақсадида “Бир ўлка тарихи”, “Бир экспонат тарихи”, “Саёҳатнома”, “Муборак масканлар” каби лойиҳаларнинг кўримлилик даражасини ошириш ва уларни кенг интернет платформасига ёйиш масалаларида жадал ишлар йўлга қўйилди.

Яна бир гап. Бугунги кун томошабинининг халқчил, ихчам телемаҳсулотга бўлган талабидан келиб чиқиб академиклар, адабиёт ва тарих илми дарғаларининг қисқа, аммо ўткир, залворли 3-4 дақиқалик фикрларини ўз ичига олган “Гапнинг очиғи…” лойиҳаси кўпчилик телетомошабинларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари оҳангида бугун ҳар бир кўрсатувда айтилаётган мулоҳазалар холис, ҳаққоний ва чуқур таҳлилларга асослангани ҳолда кенг жамоатчиликни фикрлашга ундамоқда. Бу эса мамлакатимиз тараққиётида миллий телерадиокомпаниянинг ўрни ва ролини кўрсатиб бермоқда, десак хато бўлмайди. Шунингдек, бундай ижодий жараёнлар, ўз навбатида, бугунги давр тележурналистикасининг ўзига хослиги, тараққиёти ва юксалиш жараёнларини белгилашга хизмат қилмоқда.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =