“Шапканг қани?” ёки хурмонинг майизи

Ҳар бир латифа борки, унинг замирида очиқча айтилмайдиган гапнинг бошқа маъноси, яъни иккинчи мазмуни ётади.

Шунинг учун бир латифа: Бўри қуёнга спиртли ичимлик олиб кел, — деб буюрибди. Қуён ароқ олиб келса, нега қизилидан олиб келмадинг деб, бир шапалоқ урибди. Иккинчи сафар коньяк олиб келган экан, бўри нега оқидан эмас, дебди ва қуён яна шапалоқ ебди. Қуён учинчи сафар хулоса чиқариб ҳам оқидан, ҳам қизилидан олиб келибди. Бўривойнинг сўраганини чиқариб бераверибди.

Бош қашлаб қолган бўри эътирозга важ тополмай “Шапканг қани”, — деб бир шапалоқ туширган экан.

Албатта, бу ҳолатнинг иккинчи маъносини ҳар ким ўзича талқин қилиб топиб олди. Айтайлик, аёллар бўрини ёмон қайнонага ўхшатишган бўлса, давлат ишида ишлайдиганлар бошлиқнинг ёқтирмайдиган ходимига қилган муносабатини тасаввур қилаётган бўлса ажаб эмас. Хуллас, бунинг иккинчи маъносини бу ҳолда тушунганлар ҳар иккала ҳолатдаям кет, йўқол деган маънони англашгани аён.

Бироқ бу латифанинг уч, тўрт, беш дегандай бошқа-бошқа маънолари ҳам борки уларни албатта ҳар ким ҳар хил талқин қилаверади. Биз ҳам ўз ўрнида қуйидаги мисолларни келтириш баробарида, кишиларни ҳар доим ақлга ишора қилиб иш тутишга ундамоқчимиз.

Кейинги пайтда сўзлар мазмун-моҳиятини яхши англамаслик натижасида уларни ўз ўрнида қўлламаслик ёки такрор ишлатиш ҳоллари сезиларли даражада кўзга ташланиб қолди.

Келинг сал оддийроғидан бошлай қолайлик. Ўзаро сўрашувимизда “Бола чағалар қандай?”, — деган гапни кўп ишлатамиз. Лекин кўпчилигимиз иккинчи сўз чағани чақа деб тушунамиз. Чаға аслида чақа эмас, туркман тилида у бола маъносини беради. Шунинг ортидан биз бола болалар яхшими деган бўламиз ва бир мазмундаги сўзни икки шаклда ишлатаверамиз.

Худди шунга ўхшаш. “Фалончининг қудалари бошдан оёқ сарпо қилиб келибди”, — деган гап тўйлар арафасида тез-тез эшитилади ва биз сарпо сўзини кийим бош маъносида тушунамиз.

Туркий тилда бошдан-оёқ сўзи форсийда сар, по бўлади. Яъни сар – бош, по – оёқ. Демак, биз бу сўздан ўзимизга кийим-бош деган маънони берувчи янги сўз ясаб олдик. Форс тилидаги сарпо биз учун кийим-бошга айланди.

Daryo.uz сайтининг шу йил 18 март сонида “Байден Путинни “қўнхўр диктатор ва ҳақиқий каллакесар” деб атади, номли сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Албатта ўқувчилар бу ерда қонхўр сўзини қўнхўр деб нотўғри ёзибди дейишлари турган гап. Лекин бу хатоликнинг иккинчи тарафиям бор-да. Бизда форс тилидан кириб келган хун – қон, хунхўр – қонхўр, қон ичувчи золим маъносини берувчи сўзлар ҳам қўлланилади. Шунинг учун муаллиф хунхўр демоқчи бўлган бўлиши ҳам мумкин. Агар бундай бўлган тақдирдаям у қўнхўр эмас, хунхўр бўлади ва бу ҳолдаям сўз нотўғри қўлланилган ҳисобланади.

Очиғи, бу каби мисоллар яққол эътиборсизлик туфайли. Бир ҳарфнинг нотўғри қўлланиши шундай хатони келтириб чиқаради. Агар эътиборсизлик давом этса, “Кўксултон- Кўрсултон”га, “Орифхўжа – Орифжўжа”га, “жуссадор – ғуссадор”га, “одам – отам”га, “холам – болам”га айланиб сўз маъноси бузилиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун аҳли қалам сўзларни қўллашда нафақат луғатларга назар солиши, балки жуда диққат-эътиборли бўлишиям жуда зарур.

Президентимиз катта йиғилишлардан бирида мотивация сўзини қўллаб мотивация беринглар деди. Бу дегани янги ғоя беринглар дегани эди. Яъни рус тилида мотив поэмы – қиссанинг ғоя­­си бўлади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Президентимизнинг янги ғоя беринглар деб қайта-қайта айтаётгани ва буни рус тилида ҳам айт­гани бежиз эмас. Лекин кўпчилик мотивни ғоя маъносида тушунмасдан, руҳлантириш маъносида англашиб, янглишиб шу маънода қўллашни авжига олдириб юборди. Мотивация сўзини руҳлантириш деб қабул қилишаяпти. Ғоя эса четда қолиб кетяпти.

Кейинги пайтда четдан янги технология ва ускуналар кириб келиши ва улар томонидан маҳсулотлар қайта ишланиши, ишлов берилиши натижасида вужудга келган янги маҳсулотга ном бўлувчи сўзлар ясашга ҳам ҳожат туғилаяпти. Мана шундай зарурат туфайли наманганлик тадбиркор йигит “Хурмо майизи”ни яратибди. Бу ҳақда “Кун уз”да шундай сарлавҳа эълон қилинди:

“5 тонна хурмо майизини экспорт қилдик” — наманганлик тадбиркор йигит.

Очиғи ёшим олтмишга яқинлаяптики “Хурмо майизи” деган жумлага биринчи дуч келдим. Негаки фақат узумнинг қуритилгани майиз бўлса керак деб юрардим. Дарров Ўзбекистон Журналистлари уюшмасининг Сурхондарё вилояти бўлими раиси Муҳиддин Абдураҳмоновга қўнғироқ қилиб сўрадим. Хурмонинг макони Сурхондарёда, хурмо майизи қилишадими? Ёки хурмо қоқи қиладими?”

— Йўқ бизда хурмо майизиям, хурмо қоқиям қилишмайди. Менам бу сўзни биринчи эшитишим, — деди у.

Биз бу сўзни қўллаганларни айблаш фикридан йироқмиз. Балки журналист бошқа сўз тополмай шу сўзни қўллагандир. Янги технологик жараён маҳсулоти яратилган экан, уни нимадир деб аташ керак-ку. Фақат олма, олхўри, шафтоли ва қовуннинг қуритилганини олма қоқи, олхўри қоқи, шафтоли қоқи, қовун қоқи деб атаганимиз каби хурмо қоқи десак ўринли бўлмайдими деган фикрдамиз.

Чунки, ўрикнинг қуритилганини   туршак, узум­никини эса майиз деймиз. Ўрикнинг туршаги, узумнинг майизи демаймиз-ку. Қолганларини олмақоқ, шафтолиқоқ, қовунқоқ деб бир сўзда ифодалаймиз.

Шундай экан хурмо майизи демасдан, хурмоқоқи десак бўлмайдими?

Мақолага сарлавҳани бежиз шапканг қани, деб қўймадик. Боиси, бировдан бир нарсани сўраш жуда осон, аммо токи ўз шапкамизга, яъни бошимизга, ақлимизга қараб иш тутмас эканмиз, сўзлар маъносини тушунишимиз қийин бўлади. Шунинг учун бўри каби шапканг қани, дейишдан олдин, шапкам қани, — деб иш тутсак ва бошимизга, ақлимизга ишора қилсак, сўзлар маъносини англаган ва уларни тўғри қўллаган бўлардик. Шундай эмасми?

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси масъул котиби

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 15 =