Бизни қандай “қўлга олишди?”

Ёхуд халқпарвар милиция ходимлари оддий одамлар билан қандай гаплашади?

 

Бугунги кунда чекка ҳудудларни қўйинг, пойтахтимизда ҳам хизмат вазифасини ўтаётган милиция ходимларининг ҳам тиббий ниқобларсиз фаолият олиб бораётганига анча бўлди. Метроларда, кўчаю, одамлар гавжум бўлган хиёбонларда, бозорларда тиббий ниқобсиз юрган фуқаролардан ниқоб тақиш­лари сўралмай қўйилди ҳисоб. Мана шундай вазиятда одамларда, демак, ниқоб тақиш ёки тақмаслик “ихтиёрий” бўлиб қолибди-да деган хулоса келиб чиқиши табиий. Аммо ҳамон бу тартибга амал қилиш қатъий талаб этилаётган ҳудудлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани.

Очиғини айтсам, шу туманда туғилиб ўсганлигим боис бу ерга кўп бораман. Ахир азиз ота-онам, барча яқинларим шу маконда. Бир ой бормасам соғиниб қоламан. Аммо ҳар гал борганимда тушунарсиз ҳолатларга дуч келавераман. Гапни очиқроқ давом эттирадиган бўлсам, Ёзёвоннинг марказий кўчаларида гоҳ-гоҳида пайдо бўлиб қоладиган милиция ходимлари одамларни тиббий ниқобсиз ҳаракатланаётганлиги учун жаримага тортаётганликлари ҳамюртларимнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда. Норозиликнинг асосий сабаби нимада дейсизми?

Карантин қоидаларига амал қилиш сўралаётган экан, нега бозорларга киришда антисептик воситалар қўйилмаган? Сотувчилардан нега тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш­лари доимий равишда талаб этилмаяпти? Ҳокимлик томонидан ўтказилаётган тадбирларда нега ҳамманинг ниқобда бўлиши ҳамда оралиқ масофани сақлашлари сўралмаяпти? Лекин кўчада ниқобсиз одамларни “ов” қилиш тўхтамаяпти. Аслида милиция ходимларининг асосий мақсади нима? Чиндан ҳам биринчилардан бўлиб коронавирус қайд этилган бу туманда касаллик яна кенг тарқалишининг олдини олишми ёки асосан мавсумий ишда ишлайдиган ва ишсизлик сони юқори бўлган ёзёвонликлардан кўпроқ жарима ундиришми?

—Вазият бироз яхшиланди деб бепарво бўлиш ярамайди. Буёқда янги штамплар пайдо бўляпти деган гаплар бор. Майли, буни тушунамиз. Бироқ жарима ёзаётган ходимларнинг ўзи нега карантин қоидаларига амал қилишмайди? Нима учун уларнинг ўзлари фуқаро билан оралиқ масофани сақлаб гаплашмайди? Интизом низоми бў­йича ўзини таништиришини-ку айтмай ҳам қўяверайлик. Ашаддий жиноятчи билан муомала қилаётгандек жеркиб гапиришади. Бундай ҳолатлар қайтарилавергач босиқлик билан тушунтириш олиб бориб, фуқарони тўғри йўлга тарғиб қиладиган, чинакамига халқ суянчиғи бўладиган милициялар фақат телевизорда бўлар экан деган фикрнинг келиб чиқиши аниқ, – дейишмоқда бугун кўп­лаб ёзёвонликлар.

Яширмайман, ниқоб тақмаганлигим учун бундан бир икки ой бурун туман марказида, Ёзёвон шаҳарчаси участка нозири мени ҳам “қўлга олди”. Биринчи сўзиданоқ “сен” деб гап бошлаши асабимни бузган бўлса, бурни-бурнимга тегар даражада яқин келиб, елкамни туртиб гапириши ортиқча эди. “Сал муомала билан гаплашайлик ўртоқ лейтенант, интизом бўйича аввал ўзингизни таништириб, қайси қоидани бузганлигимиз ҳақида маданиятли одамга ўхшаб тушунтирсангиз, Худога шукур, тушунадиган одаммиз” дейишимни биламан, қўли пешонасига етар етмас “чест” бериб, аввалгидан ҳам баландроқ овозда дўқ уриб “Отим Ҳаётбек, фамилиям Хайитов, центр участкавойи десанг ҳамма танийди. Шундай гаплашиш керакми сен билан”, дея ўдағайлаб кетди. Расмийлаштирилган жарима қоғозига эса юқорида келтирилганидек, тиббий қўлқопсиз фойдаланиб келаётган ўзининг ручкасида имзо чекишга мажбур қилди. Майли, бу бўйича ҳеч қаерга даво қилмадим. Катта кўчада ёқамдан тортқилаб, хизмат хонасига олиб кирганини ҳам босиқлик билан ҳазм қилдим. Расмийлаштирилган жарима суммасини ўша вақтнинг ўзида участка нозирига бердим. У ҳам жарима қоғозининг орқасига “жарима шу вақтнинг ўзида ундирилди”, деб ёзиб қўйди. Аммо бу бўйича милиция ходимининг маданиятсизларча муносабати хусусида туман ички ишлар бўлими ёки вилоят ИИБ раҳбариятининг муносабати қандай бўлишига жуда қизиқяпман…

Шу ўринда яна бир гап: бир неча ой аввал Тошкент шаҳри, Бектемир туманидаги ижарада турадиган уйимизнинг дарвозаси олдига ўзини билмас даражада ароқ ичган бир аёлни ташлаб кетишибди. Ёки унинг ўзи шу ерга келиб қолган. У аёлнинг юзига сув сепиб ўзига келтирмоқчи бўлдик. Натижа бермади. Ноилож, милицияга хабар бердик. Етиб келган икки ходим, бу аёлнинг шахсига аниқлик кирита олмагач, ўзаро тортишиб кетишди. Бири хизмат хонамизга олиб борайлик деса, бошқаси абгор ҳолатдаги (мастликдан қайд қилган ва кийимига пешоб қилган) бу ҳуши ўзида бўлмаган аёлни машинасига чиқаргиси келмасди. Милиция ходимларининг узоқ тортишуви уни тез тиббий ёрдам ходимлари олиб кетиши билан якунланди, яъни халқ посбонлари барибир бу “алкашка”ни машиналарига чиқармаслик йўлини топишди.

Яна бир воқеа: каминага ўтаётган йил давлат бюджетига жарималар билан кўўўп фойдам тегадиган йил бўлди-да ўзиям. Қиш бўлганлиги учун гриппнинг бошланиш аломатлари сезила бошлаган, мен билан Мир­обод тумани, Фурқат маҳалласи, Эски саракул кўчаси, 111-уйда ижарада турадиган ўртоғим иккимиз тунов куни ярим тунда дори излаб кўчага чиқдик. Қарангки, 24 соат ишлайдиган дорихоналарнинг кўпи соат 22:00 дан ўтар-ўтмас аллақачон ёпилганди. Узоқроқ жойдан бўлса ҳам барибир дори топиб қайтамиз деб пиёда йўл олдик. Фақат… ўзимизча эрмак учун озиқ-овқат дўконидан “семичка” сотиб олдик ва айнан мана шу бошимизга бало бўлди. “Семичка”ни қирсиллатиб, 10-15 қадам юрганимизни биламиз, осмондан тушгандек пайдо бўлган милиция ходими “Сизлар экология қоидаларини буздинглар” деб, у билан боришимизни айтди. Биз 1-сонли профилактика инспектори бўлмиш, катта сержант Фозилбек Бойназаров билан йўл-йўлакай қаерда ўқишимиз, яшашимиз ҳақида суҳбатлашиб, уларнинг хизмат хонасига бориб қолганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Назорат ўтказиш пунктига яқинлашар эканмиз, эшик олдида сигарет чекиб турган, бошқа милиция ходимларининг бизга бошқача нигоҳ билан қараганини сездик. Ўзимизни ўқимишли деб юриб, маданиятсизлик қилиб қўйганимиздан рости жуда хижолат бўлдик. Айб ўзимизда эди, кўчада писта чаққанимиз рост.

Ичкарига киргач, бир оғиз ҳам савол бермадик. Улар томонидан сўралган исм-фамилиямиз, туғилган кун, ой, йилимиз ҳамда доимий яшаш жойимизни маълум қилдик. Улар ҳам бизга сизлаб муомала қилишди ва ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИнинг 161-моддаси яъни “Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузишда” айбли деб топиб, “чиройли” қилиб, жарима ёзиб беришди. Бир томондан бироз кўнглимиз оғриган бўлса, бир томондан хурсанд бўлдик. Боиси, шаҳримиз озодалиги ҳаммамизнинг ишимиз, тушунамиз.

Ҳа, айтганча ўша кунги ички ишлар ходимларининг саводхонлиги ҳам анча “юқори” экан. Ўз исм-шарифимни ҳарфлаб икки марта айтиб тургандим, лекин   ёзишда роса хато қилишган экан. Ҳатто менга ёзилган далолатнома ўртоғимга, уники эса менинг телефонимга юборилибди. Касаллиги ҳам ёдидан чиқиб кетган ўртоғим “семичка чаққанга ҳам жарима ёзадими, ахир биз кўчага бир уюм чиқиндини ташлаб кетганимиз йўқ-ку”, деб хуноб бўлади. Бироқ қоида­бузарликнинг катта-кичиги бўлмайди. Буни муҳокама қилиш ҳам бизга эмас. Буларни ўқиб бошқалар ўзлари учун етарли бўлган хулосани чиқарса бўлгани.

Қолаверса, мақсад Янги йил остонасида юқоридаги мулоҳазаларни газетхонлар эътиборига шунчаки ҳавола қилиш ҳам эмас. Элу юрт осойишталиги учун фидойиларча хизмат қилиб юрган милиция ходимлари орасида ҳамон зўравон феъл-атворли, ўз юртдошларига беписанд муомала қиладиганлар кам эмас экан. Ахир, фарғоналик аниқроғи, ёзёвонлик милиция ходими ҳақида бежиз тўхталмадик. “Ким бўлсанг ҳам аввало одам бўл, муомала отангнинг қулими” деб айтишади кексалар. Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига буям бир мурожаатда. Улардан тегишли муносабат кутиб қолишга ҳақлимиз.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =