Уйқудаги Қонунбек ёки биз кўз тиккан паҳлавон

Рус адиби Салтиков-Шедриннинг “Паҳлавон” деган эртаги бор. Баба Яга кампир азамат бир баҳодирни туғади. Боқиб парваришлайди. Ботир йигит ўсиб, куч-қувватга тўлиб, тоғдай азамат бўлади. Бир кун қуюқ ўрмонга кириб кетади. Йўлида бир улкан эманни илдизи билан ердан суғуриб, отиб юборади. Бошқа катта эманни бир уриб, чўрт иккига бўлиб ташлайди. Кенг ковакли учинчи бир эманнинг ичига кириб ётиб ухлаб қолади.

Паҳлавоннинг хурраги теварак-атрофни тутади, ҳатто ваҳший ҳайвонлар ҳам ўрмонни айланиб ўтар, қушлар бу яқиндан учиб ўтмас экан. Бошқа мамлакатлардаги ғанимлар паҳлавоннинг ҳайбатидан ҳайиқиб қолишиб, босқин қилишдан тийилишади. Эли-юрти, баҳодиримиз роса ётиб ухлаб, кучга тўляпти, уйғонса, юртимиздаги барча бало-офатларни даф этади, деб умид қилади. Чунки юртда ёмонлар кўпайиб, яхшилар озор топаётган экан-да. Аммо ёвлар қарасаки, паҳлавон ўз одамларига ҳам бир мисқол яхшилик қилмай, неча йил ўтса ҳам, ётиб ухлаяпти. Юрт оқсоқоллари тўпланиб, паҳлавондан ёрдам сўрашга қарор қилишади. Паҳлавон эса уйғонмайди, бир жойда тошдай ётаверади.

Тоқатлари тоқ бўлиб, эман каваги яқинига бориб қарашса, теваракни бадбўй ҳид тутиб кетган. Нега десангиз, Паҳлавон шу ётганича ўлиб қолган экан…

Салтиков-Шедрин домланинг бу эртаги рамз-­ибрат маъносига тўлиқ. Бир иш қилишга киришмай, шайланиб ёта-ёта, фурсатни бой бериш мумкин.

…Минг таассуфлар бўлсинки, бизнинг умид юлдузимиз бўлган бир паҳлавонимиз ҳам 30 йилдан ошдики уйқудан турмайди, биз эса уйғатолмай ҳалакмиз.

Бу уйқучи паҳлавон ким ўзи, оти нимайди, деяётгандирсиз? Унинг оти – Қонунбек, зоти шарифини ҳам қўшиб айтадиган бўлсак – “Давлат тили тўғрисида”ги қонундир.

Бола, муштдеккина бўлса ҳам, соғлом туғилсин экан. Йўқса, ботинидаги иллатларни йўқотиш маҳол бўларкан. Яъни, андишалиликкина эмас, серандишалилик, кераксиз “андишалилик” ҳам Қонунбекнинг қонида бор эди. Бошқа давлатларнинг қонуни қонунга ўхшаб шарт кесса, бу шўрлик чайналиб тура берар эди.

Қаранг, бошқа қўшни давлатларнинг тил тўғрисидаги қонунларида серҳадик, майинлик йўқ – уларда қонун руҳи ва услуби устувор:

Арманистон: “Арманистон Респуб­ликасининг давлат тили – арман тилидир, бу тил республика ҳаётининг барча соҳасида амал қилади. Арманис­тон Республикасининг расмий тили – арман адабий тилидир. Арманистон Республикаси арман тилининг мамлакат ташқарисида яшайдиган арманлар ўртасида сақланиши ва тарқалишига кўмаклашади”.

Тожикистон: “1. Тожикистон Респуб­ликасининг давлат тили тожик тилидир. 2. Тожикистон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурдир”.

Озарбайжон: 1. Озарбайжон Республикасининг давлат тили озарбайжон тилидир. Озарбайжон Республикасининг ҳар бир фуқароси давлат тилини билишга мажбурдир. 2. Озарбайжон тили давлат тили сифатида мамлакат ҳаётининг барча сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, илмий ва маданий соҳаларида фойдаланилади. 3. Озарбайжон Респуб­ликаси давлат тилидан фойдаланишни, уни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришни таъминлайди”.

Қозоғистон: “Қозоғистон Республикасининг давлат тили қозоқ тилидир. Давлат тили давлат бош­қаруви, қонунлар, суд юритиш, иш юритиш тили бўлиб, бутун давлат ҳудудида ижтимоий муносабатларнинг барча соҳаларида амал қилади. Давлат тилини билиш ҳар бир Қозоғистон Респуб­ликаси фуқаросининг бурчидир”.

Кўрамизки, қонунлар – қонундай. Тили ҳам, руҳи ҳам. Бироқ бизнинг Қонунбекнинг пешонасига эса бошқачароқ тақдир ёзиб қўйилган эди:

“1-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Бироқ бу “қалтис” гап учун кейинги беш моддада роса “узр” сўралади:

“2-модда. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши Республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди.

3-модда. Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгилаб берилади. Тилнинг Қорақалпоғистон Республикасида амал қилишига боғлиқ масалалар, Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Ушбу Қонун тилларнинг турмушда, шахслараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди.

Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

4-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади.

Фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади.

5-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилида фаолият кўрсатадиган, миллий гуруҳлар зич яшайдиган жойларда эса – уларнинг тилларида фаолият кўрсатадиган мактабгача тарбия болалар муассасаларини ташкил этиш таъминланади.

6-модда. Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахсларга таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Ўзбекистон Республикаси давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам умумий, ҳунар-техника, ўрта-махсус ва олий маълумот олишни таъминлайди.”

Товба, товба! Яъни, биз-ку, қонун чиқариб қўйдик, мана, аммо сен кўнглингга келганини қила бер, дегандай бир гапга ўхшаб қолгандайми?

Оқибатини эса кўриб турибмиз – саводсизлик, савиясизлик. Буни яшириб, йўғимизни оширгандан кимга фойда?

Ота-оналар ўғил-қизларини рус тилли мактаб­ларга бера бошлади. Бунга уларнинг лотин ёзувидан бехабарлиги, аммо рус тилини яхши билиши бир сабаб бўлса, ажаб эмас. Ахир, боласининг дарсини назорат қилиш истаги бор-ку, уларда. Оқибат, неча ўн минг қоракўз ўзбек фарзанди аллақайси бир чет элда эмас, Ўзбекистоннинг ўзида, пойтахти азим Тошкентда она тилисини қўйиб, ўзга тилда таълим-тарбия олаётибди, мана натижа!

Илм-фан қайси тилда ривож топса, ўша миллат ўсади. Ажабки, 35 миллион нуфуслик маррани ҳатлаб ўтган Ўзбекистон аҳолисининг қарийб саксон фоизи ўзбек бўлгани ҳолда, бизда илмий нашрларнинг анчагина қисми рус тилида тайёрланади ва чоп этилади. Чунончи, Фанлар Академияси институтларининг асосий журналлари – русча. Ҳатто “Ўзбекис­тонда ижтимоий фанлар” – “Общественние науки в Узбекистане” журнали ҳам деярли 90 фоиз рус тилида. Эллик йиллар муқаддам бутун ўзбек халқининг севимли нашри бўлган “Фан ва турмуш” журналини бугун варақласангиз, ярми русча, ярми ўзбекча бўпкетганини кўрасиз. Ҳатто… “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали ҳам ҳар бир мақола охирида рус ва инглиз тилларида “резюме” беришга ўтиб олди. Фаннинг турли тармоқларига, шунингдек, тиббиётга, техникага, технология ва ҳоказоларга бағиш­ланган асосий илмий журналлар ўзбек тилида чиқмаса, бу фанларга оид терминология она тилимизда шакллантирилмаса, ўзбек илм-фани қаёқдан тараққий этсин? Бу ҳолда, биз бир жойда депсиниб тура верамизгина эмас, тобора ортга қараб кетамиз. Чунки бошқалар олдинга интилишяпти. Буларни ўзбекчалаштириш, ўзбек илм-фанини ўзбекча асосда тараққий топтиришга ҳаракат қилиш ўрнига, Давлат тилини ривожлантириш департаменти бутун кучи-ғайратини лотин ёзувига ўтишга, давлат хизматчилари учун лотин ёзувига ўргатадиган пуллик курслар очишга бериб, толиқиб ҳам қолаётир. Ҳолбуки, биздан бошқа ҳеч бир мамлакатнинг давлат тили ҳақидаги қонунида миллий ёзувнинг қайси шаклида иш юритиши белгиланмаган, чунки лотин ёзувига ўтиш — давлат тилини ривож­лантиришга мутлақо алоқаси йўқ нарса.

1990 йиллар бошида очилиб, бир неча йил катта ишларни бажарган Тил қўмитаси ёпилгач, кўп ишлар ўлда-жўлда қолиб кетди. Унинг ўрнига таъсис этилиши белгиланган Тил комиссияси эса ўз оти билан комиссия – ҳар замонда бир йиғилади, биров бу ерда маош олиб ишламайди, бирон режали ишни бажармайди ва ҳеч кимда бу борада ҳеч масъ­улият йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва тил сиёсатига дахлдор (аслида ҳамма дахлдор бўлиши керак эмасми?) ташкилотлар эса аввало, она тилимизнинг ўз она юртимиздаги ўрни учун қайғуриши лозим.

Ҳар бир мамлакатнинг кўзгуси ҳамма замонларда ҳам ўша юртнинг пойтахти бўлган. Энди тилимизнинг давлат тили мақомидаги амалий ифодаси Тошкентда қай аҳволдалигига қарайлик-да, хулоса қилаверайлик: бугун айтайлик, қайси банк идорасига кирманг ё қай бир бинога, кўчага қараманг, ажнабий сўзлару, атамаларга тўлиб тошган. Биз қаерда яшаяпмиз ўзи? Шунчалик ҳам байналмилаллик бўлар эканми?!

Тўғри, халқлар дўстлиги яхши, муҳим, керак, шарт, лекин бу дегани ўз тилингга беҳурмат бўлавер дегани   ҳам эмас-да. Мана айтинг, Россиянинг Москва шаҳрида қанча одам, қанча миллат вакиллари яшайди ёхуд Лондон ё Ригаю Таллиндаги бирорта идора, кўчаси пешлавҳасига ўзбек ё тожикча битилган жойни топиб кўринг-чи! Нега, нега шу оддий ҳақиқатни сира англагимиз келмайди, кимдан бунча чўчиймиз ўзи?! Қолаверса, ўзбек давлатчилигининг асосида ўзбек тилининг туриши ҳеч қандай баҳсга, иккиланишга ҳожат, асоснингда бўлиши мумкин эмас!

Ҳали Совет давлати ҳукмрон пайтида ўзбек эли ўз иродасини намоён этиб, она тилини давлат тили деб белгилаган эди. Аммо шиддат ва шаштимиз бундан нарига ўтмади – алпонг-талпонг қадам ташлаган Қонунбек паҳлавонимиз сал ичкарига кириб борар-бормас, хуррак отиб ухлашга тушди, эсизки, хурраги ҳам пасайиб бораётир. Яқинроқ бориб қараб, ҳолидан хабар олайлик, юзига сув сепиб бўлса ҳам уйғотиб олайлик, ишқилиб… Сўнг парвариш қилиб, оёққа турғизиб олмасак бўлмайди.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 15 =