Ижтимоий тармоқ илмоқли қармоқми?

Рост-да!!! Обуначилар сафига қўшиш учун қандай илмоқлардан фойдаланишмаяпти, қандай ноқобилликлар қилишмаяпти дейсиз. Тасаввур қилинг: электрон нашрда таъзияси эълон қилинган инсон икки кундан кейин “тирикман”, деб интервью беряпти?! Қолаверса, қайсидир давлатдаги, фамилияси ўхшаш “қариндош”ларингиздан қайта-қайта “мерос қолган”лиги тўғрисида хабарлар келяпти. Онлайн курсларга олдиндан пул тўлаб чув тушиб қолганлар бўляпти. Кунда-кунора “шок хабар” рукни билан қайсидир таниқли инсоннинг сурати остига ёзилган турли бўҳтон ва уйдурмаларни айтмайсизми? Қизиқиш билан кириб борсангиз умуман бошқа нарса чиқиб турса?! Каналига (э, қанча-мингдан!) аъзо қилиш мақсадида шу каби эгри йўллардан фойдаланаётганликларини кўриб бир жаҳлингиз чиқса, бир кетган вақтингизга ачинасиз. Хўш, бундай ёлғонларга алданаверган одамнинг интернет саҳифаларига, ундаги яхши-ёмон хабарларга ишончи қоладими?  

Яхшиликка чорловчи   аудио ва видеолар ҳам йўқ эмас, шу боис, интернетдан қандай фойдаланиш ҳамманинг ўзига боғлиқ, ҳар кимнинг танлов ихтиёри ўзида, дейишимиз ўринлими?

Телеграмдаги қайсидир каналда беҳаё видеолар жойланган, бошқасида эса электрон шаклдаги бадиий ёки илмий адабиётлар. Қайси бирида “просмотр” кўпроқ бўлади? Ҳали балоғатга етмаган ёш ўғил-қизлар кўриши мумкин бўлмаган каналларга “18+” белгиси қў­йилган, деб ўзимизни овутсак нечоғли тўғри? Улар чиндан ҳам мана шундай тақиқ белгисини кўриб бундай уятсиз каналларга кириш фикридан қайтадиларми?

Тармоқларда тарқатилаётган айрим материаллар ҳақида сўз кетганда дарров “сўз эркинлигига таҳдид”, “цензура”, “соғлом рақобат бўлиши керак”, “тақиқлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди” қабилидаги гаплар билан ўзларини оқламоқчи бўлишади.

Ёлғон ва асосланмаган уйдирма хабарни тармоқда кенг оммага тарқатиш одамларда ишонч­сизлик ва лоқайдлик   кайфиятига сабаб бўлишини англашимиз учун руҳшунос-мутахассис бўлишимиз шарт эмас! Маҳаллага бўлажак келин ёки куёвини сўраб-суриштириш мақсадида келганларга айрим   ғаразгўй ва ҳасадгўй қўшнилар томонидан нотўғри, ёлғон маълумотлар берилиши натижасида қанчадан-қанча ёшларнинг тўйи бекор қилингани ҳолатлари кам эмас. Бу ўринда ҳам тўйни бузиш учун танлаётган куёвингиз ундай, келинингиз бундай қабилидаги нохолис гап-сўзларни тарқатилгани сабаб бўлмаяптими? Ҳолбуки, муқаддас китобларда бир фосиқ хабар келтирса, у келтирган хабарни текширмай туриб, ишонмасликка ва кейин хижолат тортиб қолмасликка чақирилади. Ўзим гувоҳ бўлган воқеалар мисолида айтадиган бўлсам бугун интернетдаги кўплаб тармоқлар ёлғон хабарларни тарқатиш бобида жуда “фаол”ликка эришдилар. Мулоҳазаларимиз қуруқ иддао бўлиб қолмаслиги боис бир воқеани мисол келтирмоқчиман:

Август ойида ижтимоиий тармоқларда: “UzChasys” фаралар ишлаб чиқарувчи заводда ёнғин бўлаётгани акс этган видео “Съёмка қилинг, ҳаммани қақшатгани учун куйяпти” деган изоҳ билан тарқатилди. Бироқ орадан бироз фурсат ўтгач, айнан ана шу заводдаги ёнғинга доир яна бир хабар пайдо бўлди. Унда “UzChasys” фара заводида юзага келган ёнғин аслида мазкур заводнинг чиқиндихонасидан тасвирга олингани маълум бўлди. ФВВ ёнғинни бартараф этишган. “Ахлатхонадаги ёнғинда ҳеч кимга зарар етгани йўқ ва ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этишди…” дейилади заводдаги асл ҳолат баён қилинган хабарда. Ана сизга “профессионал” изоҳланган “рўй-рост” ҳамда “ошкоралик” билан баён қилинган тезкор маълумот.

Булар билан танишган ҳар бир одамнинг хаё­лига ижтимоий тармоқлар корхона, ташкилот ва муассасани ёки исталган инсонни ёлғону бўҳтон воситасида бадном қилиш мумкин бўлган воситага айландими деган фикр келиши мумкин. Бу каби қабиҳликни амалга ошириш учун эса озгина гина-кудурат, ҳасад ёки қасд қилишнинг ўзи кифоя қилади. Қаердадир тас­вирга олиб нотўғри талқин қилиб тарқатсангиз қанча одам текшириб кўради-ю, қанчаси шундай хулоса чиқариб қўя қолади. Ахир “хабарчи” бўлиш учун ҳеч қанақа билим, малака ёки диплом шарт эмас. Сўнгги русмдаги телефони бўлса етарли. Кейин эса “билмабман”, “англамабман” қабилида узрхоҳлик қилиш   ҳолатлари юзага келади. Ана шу   кейинчалик “англаб етиш” ва “пушаймон” бўлишгача ўтган вақт мобайнида ҳалиги ёлғону бўҳтон ва балки туҳматлар кутилганидек, дунёга тезкор тарқалиб, минглаб, юз минг­лаб фуқароларнинг онгу шуурига таъсирини ўтказишга улгуради ва воқифларга ўзининг ғоявий хуружини, таъсирини ўтказиб бўлади.

Айтмоқчимизки,   кенг оммага аллақандай асоссиз маълумотларни тарқатиб, ғоявий таҳ­дидга сабабчи бўлиш баъзилар ўйлаганидек, оддийгина “билмасвойлик” эмаслигини қачон англаб етамиз?! Омма психологиясига ишончсизлик, ноумидлик ва норозилик   кайфиятини сингдиришнинг оқибати ҳеч қачон хайрли бўлмас!

Аслида тарқатилаётган ҳар қандай ахборот бу – маҳсулотдир. Маҳсулот бор жойда албатта, истеъмолчи ҳозиру нозирдир. Бозордан ёки дўкондан сифатсиз ва саломатлик учун зарарли бўлган, қалбаки маҳсулотни мувофиқлик сертификатига, яроқлилик муддатига эътибор бермай харид қилиб, истеъмол қилсак,   ҳаётимизни жиддий хавфу хатарга қўйган бўламиз.

Демак, ижтимоий тармоқлардан эҳтиёт бўлиб, уларнинг илмоқли қармоғига тушиб қолмаслик лозим!

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,

XV “Олтин қалам” халқаро кўрик-танлови совриндори.

Наманган шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 8 =