Экран орқали асабни қақшатманг!

Бугунги кунда аҳолининг кўпчилик қисми ҳар куни, айниқса дам олиш кунларини телевизор қаршисида турли кўнгилочар кўрсатувлар намойишини муштоқлик билан кутишади. Айниқса, кекса ёшдаги инсонларимиз бунга кўп вақтларини сарфлашади. Ўзбекистон телевидениесининг деярли барча каналларида кейинги пайтларда турли касалликларга шифо бўлувчи биологик фаол қўшимчалар “дори”ларнинг рекламалари ва улар ҳақида ёлланган мутахассисларнинг фикрлари кўпчиликнинг асабига тега бошлади.

Айниқса, “Гуанжоу” клиникасини мақтовчи роликлар томошабиннинг шунчалик асабига тегадики, гўё саломат юрган одамни ҳам касал қилишгача ундашаётгандек! У ерда, яъни рекаламада иштирок этаётган касалларнинг клиника ҳақидаги мақтовлари ёки ўзларининг орттирган касаллигию, бу ердан олган давоси ҳақидаги беўхшов мусиқа ортидан сўзлашлари томошабиннинг асабларини қақшатади. Ёшгина жувоннинг гап-сўзларини эшитиб, хотин-қизларимиз шунчалик дардчил ёки ҳамма аъзолари шикаст­ланганмикан деб, ўйлайсан. Унинг барчани шу клиникага “лутфан таклиф этиши” эса янада ўтиб тушади.

Эътибор қилинг, мана миллионлаб юртдош­ларимизга нима дейилмоқда:

“Гуанжоу”—зўр! Сизларнинг ҳам бу ерга келишингизни таклиф қиламиз!”

Астаҳфируллоҳ! Сизлар ҳам касал бўлиб, шу шифохонага келинглар, деяптими?

Ахир, ўзи коронавирус ҳамманинг тинка-мадорини қуритгани етмайдими, энди яна “Гуан­жоу”га бориб ётсинми ҳамма?!

Яхшими, зўрми, касалхона — касалхона. Бу жой бир дам олиш сиҳатгоҳи ёки театр эмаски, ҳаммани таклиф қилсанг.

Нима бўлаяпти ўзи? Шунча одам, минг-минг ходим ишлайдиган Миллий телерадиокомпа­нияда хато, ғализ кетган гапларни ўзгартирадиган, таҳрир қиладиган, қўпол қилиб айтсак, кўриб берадиган наҳотки бирор киши топилмаса?! Ё пулини олгандан кейин нима бўлса ҳам, шу рек­лама тайёрлаб узатилса, бўлдимикан? Бу ёқда 35 миллионли халқ-чи, уни ким ўйлайди?

Бундан ташқари, ўзининг хасталиги, ҳатто геморойи кўп азоб беришини бутун халқнинг олдида гапираётган отахонларни кўриб, тавба деб юборгинг келади. Андиша қаёқда қолди, отахон?

Айниқса, турли биологик фаол қўшимчаларини реклама қилиш эса бундан ўтади. Айни, кўрсатув ёки бадиий фильмлар намойиши, спорт мусобақалари намойиши орасида кўрса­тувни узиб томошабинни 10-15 минутлаб бир маҳсулотни эртаю кеч намойиш этиши, истеъмолчининг асабларини ўйнатиш кимга керак бўлиб қолди. Ёки бундай клиникаларнинг маблағлари Алибобонинг хазинасидек уюлиб ётибди-ми? Бу кимларнингдир манфаатини кўзлаб қилинаётган ғалати бир “режа”га ўхшайди.

Таниқли журналист Бахтиёр Ҳайдаровнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан: “ТВ соҳасининг куни “Гуанжоу…”га қолдими? Бачканалик ҳам эви билан-да! Пул учун шунчалик паст кетиладими? Кап-катта эркак томошабинларга кўзини лўқ қилиб: “мен грижа, простатит …” деб гап бошласа, асаб ўйнайдиган бўляпти. Рекламаям шунчалик бемаъни бўладими? Бу—пул учун халқ, маънавият, ахлоқ, қонун-қоида — барисига тупуриш…га ўхшайди! Қолаверса, мусулмончиликда ўз дардини элга дастурхон қилишдан қайтарилади…

— Бир танишим инсульт олганди. Ўн кун даволандим бир чақалик фойдаси тегмади,—деди. Реклама шунчалик сохта бежалганки, “ҳозироқ қўнғироқ қилинг” деганига бало борми? Дорини бепул етказармиш. Қайси каналга қарасанг дорилар рекламаси авжи таронаси. Гўёки, ўзбек халқи дорисиз яшаса, умри узиладиган даражада хунук ҳолат,—деб ёзади ўз изоҳида таниқли ижодкор Ўроз Ҳайдар.

— Бу реклама роликларини кўриб анча одам асаб ёки қон босими касаллигини орттириб олиши аниқ, бундай клиникалар пул ишлаб топишнинг антиқа усулини топишган, ҳар бир нарсада меъёр бўлиши керак, — дейишади, журналистлар Очил Тоҳир, Гулчеҳра Умаровалар ҳам ўз изоҳларида.

Мақсадимиз танқид қилиш эмас. Ҳамкасбларимиз тўғри тушунсин. Миллий телевидениемизда яхши ўзгаришлар ҳам йўқ эмас. Яхши, мазмунли ва савияси юқори кўрсатувлар, шу жумладан реклама роликлари ҳам мавжуд. Аммо… бу борада камчиликлар жуда етарли. Яна бир масала: ўйлаб кўринг, биз газетада эълон қилинган, айтайлик, ўтган ҳафтада чоп этилган мақолани нега бу ҳафта яна бошқатдан чоп қилмаймиз? Ахир, уни кимдир ўқиса ўқиди, ўқилмаса четга ташлаб қўйди. Бу ҳол тушунарли.

Аммо ТВ каналларида битта кинони ҳар ҳафта такрор-такрор бериш бу одатий ҳолга айланди. Бир пайтлар ТВда “Кўрсатувлар дастури” деган тушунча бор эди. Ҳатто ҳамма “Программа” сотиб олар эди. Ҳозир ҳам шу нарса яъни ҳафталик теледастурлар тайёрланадими, йўқми, одам билмай қолди. Агар шундай бўлса, наҳотки, қайси канал, қайси кўрсатув ё кинони бераётганига бирров қараб қўйилмаса?

Бир замонлар бир кинофильм бир-икки йилда бир бор намойиш этиларди. Одам соғиниб кўрарди. Ҳозир эса “Қайнона” фильмини ёки “Дада”ни ҳар ойда, ҳар икки ҳафтадаям қайта-қайта кўриб ўтираверасиз. Савол туғилади, нимабало кино етишмайдими, шу пайтгача дунёда миллионта кино ишланган эмасми? Ё, саралаш, намойишга тайёрлаш учун эринчоқликми бу?!

Рекламалар… рекламалар. Бу нафақат Ўзбекистон Миллий телерадиоканалларида берилаётган рекламалардагина эмас, хусусий телеканаллар ҳам асло пеш эмас.

“Соса-Соlа” ичимлигининг рекламасини кўриб, очиғи, шу ажойиб ичимликни сира ичгинг келмайди. Унда: шаҳар, қайси бир марказий хиёбон. Бир соқолли ўспирин деворга суяниб, худди банги (минг узр) сингари турибди. Сўнг бир дона кичик шишали колани очади-ю, ютоқиб сипқоради. Шундан сўнг бу ичимлик унга шундай “таъсир” қиладики, у эшилиб-эшилиб бир нимабало ҳаракатларга тушиб кетади…

Ё алҳазар! Шундай ичимликларни миллий руҳда, кайфиятни кўтарадиган тарзда тайёрлаш ҳам мумкин-ку! Ёхуд фақат қанақадир “ажнабий” руҳ бўлиши керакми?

Тарбияли, маънавиятли киши “Э, рекламангдан” дейди-да, аҳвол шу бўлгач.

Томошабиннинг асосий вақти беўхшов рекламалар кўришга сарфланишини эса қўяверинг. Аслида, ҳар бир тижорий роликлардан томошабинни бездириш эмас, жалб қилиш санъатини қачон эгаллаймиз?

Ҳикматуллоҳ ҚОДИРОВ,

“Hurriyat” газетасининг

реклама ва маркетинг бўлими мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + six =