“У КИШИ АХБОРОТ ХИЗМАТИДАН ЭКАН…”
Вилоят миқёсида ўтказилган бир тадбирда вилоятимиз телевидениеси, шаҳар-туман газеталари журналистлари ҳамда ҳокимликларнинг ахборот хизмати ходимлари билан қатнашдик. Барчамиз тадбир жараёнларини кузатиб, маълумотлар тўпладик. Айримлар онлайн ёритишга ҳам улгурди. Тадбир охирлаб, ОАВ вакиллари бир-биримиз билан вилоятдаги ишлар ҳақида суҳбатлашиб турганимизда башанг кийинган, ўқимишлиларга ўхшаб дафтар-ручка ушлаган бир одам суҳбатга қўшилди.
Барчамиз билан сўрашиб, ҳеч кимга ёқмайдиган сохта мулозамат кўрсатганидан кейин битта хунук тиржайиб олдида, савол берди:
— Сизлар қайси ташкилотдансизлар?
— Вилоятнинг турли газета-журнал журналистларимиз, шу тадбирни ёритиш таклифи киритилган, — дея сураткашимиз Аброр Эсонов ҳаммани бирма-бир бу киши мана бу газетадан, бу киши эса мана бу журналдан деб номма-ном таништира бошлади.
Буларни эшитгач, бизга ҳозирча нотаниш одам вилоятимизда шунча чиқадиган нарсалар бор эканку билмас эканмизда, дея худди “Ўткан кунлар”- даги Юсуфбек ҳожининг гапига ўхшатиш қилгандек, давом этди. — Бизнинг тумандаям қайсидир газета чиқарди.
Ҳозир номини эслолмаяпман, нима эди-я… деб бошини қашлади. Қизиққонлигим тутиб унинг ҳам иш жойини сўрадим. У оғзини тўлдириб фалон туманнинг ахборот хизматиданман, деди. Эшитиб, оғзимиз очилди. Бунинг устига хотираси ҳам “жуда зўр” экан. Сураткашимиз ҳозиргина таништиришига қарамай, яна мендан сиз қайси газетданман дедингиз, деб қайта сўради. Вилоят газетаси мухбириман дедим-у, бир-биридан қизиқ саволлар гирдобида қолдим:
— Кимнинг газети у?
— Вилоят ҳокимлигининг бош нашрини билмайсизми, дедим таажжубланиб.
— Ишга энди келдим. Буёғига секин-аста билиб оламанда. Қачонги газета ўзи? Янги чиқдими?
— Ака, бу газета 1928 йилдан буён чиқади. Ўзи бирорта газетани биласизми, дедим аччиғим чиққанидан зўрға ўзимни босиб.
— Ҳа, бўлмасам-чи. Кўп газета ва китоб ўқийман. Фақат интернетда, шунинг учун номларини эслаб қолишим қийин бўлади, деди у.
Негадир шу тобда чуқур уф тордим, юрагим сиқилди.
Шу орада сафимизга “Менинг юртим” телеканали микрафонини ушлаган синглимиз қўшилди. Уни кўриб бояги акамизга бошқача жон кирди. Ҳовлиқиб:
— Келинг, бир суратга тушиб олайлик. Телевизордагилар билан доим ҳам расмга тушиш насиб қилавермайди. Майлими, энди бир ўзим манави микрафонингизни ушлаб тушсам? Бу менинг қачонги орзуим, деб айланиб-ўргилиб ўзини суратга олаверди-олаверди. Бу ҳам етмаганидек микрафонни қаерда ясаттиргансизлар, мен ҳам ўзимга “ахборот хизмати” деб ёзилганидан тайёрлатиб оламан, деб қўшимча қилди. Буларни кузатиб турган ҳамкасблар ҳам бир-бирига қараб олди-да, оғир хўрсинишди.
Наҳот, ҳозир журналист бўлиш учун ўқиш ҳам шарт бўлмай қолди. Чунки ҳатто ўзининг ҳудудидаги газеталарни билмайдиганлар ҳам ҳокимликларда ишлаб юришса?! Битта қиммат телефондан сотиб олиб, хоҳлаган ёзувни қўйиб, микрафон ясатиб олсангиз, бўлдими? Чиройли кастюм билан “журналист”га айланасиз-қўясиз. Юришингизни ҳам шунга мослаб бироз кибор билан юрсангиз яна ҳам аъло бўлар экан. Ким сиздан “туман газетасини биласанми, вилоят газетасини биласанми?”, деб сўрарди? Интернетда канал очиб, билганингизни жойлайверасиз. Битта-яримта сўраб қолгунча чиндан ҳам аста-секин ўрганиб оларсиз. Агар ўзингизни шундай аққидек тутаверсангиз, биров бир нима сўрамаса ҳам керак.
Бу гапларда асло муболаға йўқ. Аксинча, бари ҳақиқат. Пойтахтга энг яқин Тошкент вилояти туманларида мана шундай “мутахассис”ларнинг ишлаётганидан тўғриси ачиниблар кетдим. Бошқа йўналишда ишлаганман, бироқ журналистикага эскитдан қизиқаман деган “ахборот хизмати” вакилининг кимлигини, қайси тумандан эканлигини айтардим, аммо сени газетангни билмаган фақат мен эканми, ана фалончи ҳам билмайди, пистончи ҳам билмайди деб ортиқча таъна қилишини истамадим.
Қолаверса, кузатувларим адаштирмаса, ҳозирги аҳвол шундай даражадаки, айнан ахборот хизматларига ким ўзи, аввал қаерда ишлаган ё ишламаган, маълумоти қанақа — буларнинг бари фарқи йўқдек.
Бу ҳолга қараб ё товба, дейсан-да. Нима, журналистика, ахборот хизматлари шу даражада “иккиламчи” ишга айланиб қолдимикан?
Айтганча, юқоридаги акамиз ўша куни тушган суратларини интернет тармоқларига ҳам жойлагандир. Бироқ ҳозирча кўзим тушгани йўқ. Балки бу суратни сиз кўриб қолсангиз, “қаҳрамонимиз”нинг ким эканлигини ҳам англарсиз.
Камолиддин РЎЗИМАТОВ.