Шифокор нега адабиётни билиши керак?

Куни кеча юртимизда таълимни назорат қилиш комиссияси инс­титутимизга келди. Таълим сифатини ҳар бир йўналишларида текшириб танлов фанларига гал келганда институтимизда бошқа тиббиёт институтларидан фарқли равишда дарс жадвалида “Бадиий адабиётда тиббиёт” фанини кўрган текширувчи бу фанга қизиқиб кафедрага чиқдилар. Албатта, на Вазирлар Маҳкамаси, на Олий таълим қарор ва фармойишларида “қўйилсин!”, “ўқитилсин!” деб белгиланмаган фан ҳақида тушунчага эга бўлиб, унинг мақсад ва вазифаларига қизиққан комиссия аъзоси календарь режамизни кўргач ва биз билан суҳбатлашгач фаннинг зарурлигига асло шубҳа қолмади.

Ҳақиқатдан “адабиёт атомдан кучли …”, деганда Абдулла Қаҳҳор минг бор ҳақ эдилар. Адабиёт йиғлатади, кулдиради, киноя қилади ва охир-оқибатда таъсир қилади. У бизларни ёмон бўлишга йўл қўймайди, у тўғри йўл танлашимизга ёрдам беради. Ушбу фанни дарс жадвалида кўришни орзу қилганимда менинг ҳаётимда бир савол чарх урар эди: “Биз бўлажак шифокорларимизни қандай бўлишини хоҳлаймиз?” Албатта билимли, албатта меҳрли, албатта ҳамдард. Фикримча, биз тавсия қилаётган дарс давомида ўтаётган соҳавий бадиий асарлар биз тарбиялаётган шифокорлар айнан шундай бўлиши йўлидаги энг катта кўмакчи ҳисобланади. Табобат отаси бўлмиш ибн Синонинг буюк табиблиги билан биргаликда шоир ва адиб бўлганлиги бунинг исботи.

Маълумки, руҳшунос мутахассислар томонидан бадиий адабиёт инсонларни яхши фазилатлар билан бойита оладиган, атрофдагиларга нисбатан эътиборли ва меҳрли бўлишига ёрдам берадиган соҳа эканлигини исботловчи кўпгина тажрибалар ўтказилган. Уларда бадиий адабиёт кўпгина ғаройиботларни яратиш хусусиятига эга эканлиги ҳақида хулоса амалий жиҳатдан тасдиқланган.

Жумладан, хайр-саховат ишларида иштирок этиш истаги, фаол фуқаролик позицияси, зўравонлик ҳиссининг камайиши ва ҳоказо.

Маҳорат билан тасвирланган асар қаҳрамонлари бизни ушбу воқеа ичига чуқурроқ киришга мажбур қилади. Биз мутолаа жараёнида қаҳрамон аҳволи қандай экан, деб хаёлдан ўтказамиз ва маълум вазиятга тушган персонажнинг ўзини тутишини кузатамиз ва айнан шу вазиятда ўзимизни қандай тутишимиз мумкинлиги билан таққослаймиз. Ёки бу вазиятни идрок этиш муҳимлигини кўз олдимизга келтириб, истиқболдаги ҳаракатларимизни тасаввур қиламиз. Бу (бошқа инсон кўзи билан келажакни тасаввур қилиш) ўзгаларни тушуниш учун бажариладиган машқларни эслатади.

Шунинг учун канадалик руҳшунос Кит Оутли бадиий адабиётни: “Онгимизни машқ қилдирувчи тренажёр”, — деб атайди. Бадиий адабиёт мутолааси бош миямизнинг у ёки бу соҳасини фаол­лаштиради. Мутолаа ёрдамида биз биров учун қайғуришни ўрганар эканмиз, бадиий адабиёт китобхонлари илмий-ҳужжатли асар китобхонларидан кўра яхшироқ ижтимоий кўникмага эга дея оламизми? Бир синовда иштирокчиларга шундай вазифа топширилади: ҳаммага иккитадан кўз ифодаланган суратлар берилади. Топшириқ эса тақдим этилган суратдаги кўз ифодаси ва юз мушакларидан китобхоннинг қандай ҳис-ҳая­жонга тушишини кузатишдан иборат. Китобхонларга танлаш учун бир неча вариантлар тақдим этилади: уялиш, айбдорлик ҳисси, хаёлпарастлик, хавфсираш. Бир қарашда, кўзлардаги фарқни аниқлаш қийин эмасдек туюлса-да, аммо бу вазифа анча мушкул кечади. Мазкур вазифа натижаси эса шундай якунланган: бадиий адабиётни кўпроқ ўқиганлар юқори натижага эришган.

Демак, бадиий адабиётни кўп мутолаа қилувчиларнинг ижтимоий билим орттириш қобилиятлари ҳам юқори, яъни улар бошқалар нимани ҳис қилиб ўйлаётганликларини яхшироқ англашади. Руҳшунослар тажрибасига кўра, бадиий адабиёт мутолааси давомида мия фаоллигининг кучайиши инсонда бировлар нима ўйлаётгани ҳақида мулоҳаза юритганда фаоллашадиган соҳаларда рўй берар экан. Калифорния университетида роман мутолаа қилувчилар бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунишади, аммо бу уларни яхши фазилатлар эгасига айлантирадими ёки йўқми, деган саволга жавоб топиш учун тажриба ўтказилган. Бунда тадқиқотчилар ҳаммага таниш усулни қўллашган. Бехосдан бир нечта ручка ва қаламларни тушириб юборган киши бўласиз, сўнг сизга ёрдамга ким келишини кузатасиз. Ушбу топшириқда иштирок этувчилардан вазифани бажаришдан аввал бошқаларга ҳамдардлик даражасини белгиловчи саволларга жавоб беришни илтимос қилишади.

Кейин қисқа ҳикоя ўқилади ва бу ҳикоя уларга қандай таъсир қилганлиги ҳақида бир қатор саволлар берилади. Масалан, ўқиган роман қаҳрамонини қандай тасаввур қилади? Ҳикояни ўқиб тугатгач персонажлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш истаги борми? Эксперимент ташкилотчилари бошқа хонадан нимадир олиб келишмоқчи бўлишади ва шу онда 5–6 та ручкани бехосдан тушириб юборишар эди. Натижада,   ҳикоядаги қаҳрамонга ҳамдард бўлиб, ҳаяжонга тушган китобхонлар ёрдамга шошилишар эди.

Ана шундай кўпгина тажрибалар ўтказган Европанинг етакчи мамлакатларидаги ОТМларининг тиббиёт факультетларида гуманитар модулларни киритаётганлиги бежиз эмас.

“Бадиий адабиётда тиббиёт” ёки бош­қача сўз билан соҳавий бадиий адабиётни 3 йилдан бери ўқитиб келмоқдамиз.

Ҳар йили календарь режасидан тиббиётга алоқадор янги-янги асарлар ўрин олади. Бу асарлар ўзбек ва хорижий   бадиий асарларнинг мумтоз намуналари ва соҳавий бадиий публицистикаси. О.Генрининг “Сўнгги япроқ”, “Ҳамдардлар” асарлари бемор учун касалликдан тузалишига ишонч қанчалик муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади, ёки бир хил дард ҳатто душманларни ҳам дўстларга айлантириши мумкинлигини уқтиради. Н.Қиличевнинг “Балиқ ови”асарида бир боланинг вафот этганида оила аъзолари, шифокор қанчалик айбдор эканлиги ҳақида фикр юритишга мажбур қилса, Ш.Холмирзаевнинг “Бодом қишда гуллади” асари шифокор, ҳамшира, палатадагиларнинг гап-сўзлари, оддий ҳазили инсон саломатлигида қанчалик шифо берувчи ва бузғунчи роль ўйнаши мумкинлигидан сабоқ беради. Азиз Несиннинг тиббиётга бағишланган ҳажвий асарлари кинояли кулгу билан тиббиётдаги муаммоларнинг оғриқ нуқталарини фош этса, Дино Буццатининг “7 қават” ҳикояси инсоннинг бирор воқеани ўзига олиши саломатлигида қанчалик фожиавий намоён бўлишини таъкидлайди. Аслида бу асар ўта фалсафий. У ҳақида жуда-жуда кўп баҳслашиш мумкин. Бу инсоннинг ҳаёти энг юқори қаватдан пастки қаватгача аста-секин тушиб бориши ҳақидами ёки бошқами? С.Кингнинг “Чекишни ташланг корпорация”си соғлом турмуш тарзининг ғаройиб усулини қўллашни тавсия этса, М.Булгаковнинг “Ёш шифокор ёзувлари”да олий ўқув юртининг битирувчиси губерния шифохонасига бориб амалиётни мустақил бошлашининг турли ҳолатларини акс эттиради. Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг тиббиётга оид шеърларини ўқиб ҳам тиббий, ҳам маънавий билим, завқ оласиз. А.Куп­риннинг “Ажойиб шифокор”ини, Ф.Угловнинг “Жарроҳ юраги”, Генри Маршнинг “Зарар келтирма”, Ў.Ҳошимовнинг “Имон”, шифокор Жуманазар Бекназаровнинг асарларини ўқиганда шундай шифокорларга ҳавас қиласиз. Иззат Султоновнинг “Имон” драмасида тиббиёт илмидаги ўғрилик, кўчирмакашликнинг аянчли аҳволини кўрасиз. Н.Думбадзенинг “Абадият қонуни” романида эса анча муддат шифохонада ўтказган жараёнида шундай қонун яратади: инсон қалби унинг танасидан 100 баробар оғирроқ. Шунчалик оғир-ки, уни кўтаришга бир кишининг қуввати етмайди…

Шунинг учун биз инсонлар то тирик эканмиз бир-биримизга юракни тўхтаб қолишидан сақлашга ёрдам беришимиз зарур: сиз — меникини, мен — бош­қаникини, у — учинчиникини ва ҳоказо чек-чегарасизликкача.

Бундай асарлар ва улардан баҳраманд бўлган тиббиётчи талабалар етук инсон фазилатларга эга кадр бўлиб чиқишидан хурсанд бўласиз.

Ҳа, таниқли адиб Абдулла Қаҳҳор фикрини давом эттирсак, соҳавий бадиий адабиёт қувватини атомдан ҳам кучли, дейиш мумкин.

Ҳа, бу курс бизни институтимиз раҳбарияти билан маслаҳат натижасида дарс жадвалидан жой олди. Аммо бу фанни дарс жадвалига қўйишда биз Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан жамиятимиз ёшлари истиқболини, уларнинг кенг дунёқарашга эга бўлиш­ларини кўзлаб чиқарган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ҳужжатини асос қилиб олдик.

Ҳар бир фанни образлар, ҳис-туйғулар орқали ўзлаштириш янада юқори натижа беради.

Бир гуруҳда “Сўнгги япроқ” асарида муаллиф зотилжамни золим қари чолга ўхшатганини ўқиб, талабаларга савол бердим: “Агар турли касалликларни ҳайвонларга ўхшатиш мумкин бўлса, қайси касалликни қайси ҳайвонга ўхшатар эдингиз?”

Шунда бир талаба “Саратон касаллигини илонга ўхшатар эдим”, – деди. “Нима учун? – деган саволга, –саратон ўз – ўзидан пайдо бўлмайди, кучли стресс, сиқилиш, дармондориларни, овқатларни нотўғри истеъмоли бу касалликни келтириб чиқаради. Илон ҳам тегмаган одамга тегмайди”, – деб жавоб қайтарди. Биз фанимизда сўз қудратининг мўъжизаларини кўрамиз. Русийзабон гуруҳлари кирганда “Врач” сўзи “врать” сўзидан олинган десак, алдаш керакми, деб таажжубланишади.

Йўқ, алдаш керак эмас, авраш дегани. Демак, беморни дардидан чалғитиб, хаёлларини тузалиш томонга йўналтириш зарур.

Агар тиббиёт инсоннинг танасини даволаса, адабиёт руҳиятига шифо беради.

Тиббиётчиларимиз катта билим захираси билан руҳиятни даволовчи сўз қуд­ратига эга бўлсалар, бу давонинг даражаси ва таъсири янада ошиши табиий.

Мазкур курс бизда 36 соат 18та жуфт соат сифатида дарс жадвалларимиздан ўрин олган. Дарс жараёнида талабалар шифокорлик билимларини бошқача – бадиий сўз орқали қабул қилишади. Бу уларда касбий билим билан бирга инсонийлик, меҳр-шафқат, ҳамдардлик каби фазилатларини шакллантиради. Бир сўз билан айтганда қалб тарбияси билан шуғулланади.

Кавсар ТУРДИЕВА,

Тошкент педиатрия тиббиёт институти

Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири,

филология фанлари номзоди, доцент,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 13 =