Телевидение: Талаб ва истаклар қачон инобатга олинади?

Халқимиз яқин ўтмишидан далолат берувчи жонли эпизодлар — расм-русум, урф-одат ва анъаналар, кундалик ҳаёт тарзининг баъзи кўринишлари кинотасмаларга муҳрланиб, бугунги кунгача етиб келганига гувоҳ бўламиз. Чунончи, “Ажойиб хаёлпараст” фильмида Ёқуб дудуқ (Ҳусан Мусабоев) Ҳасан (Бахтиёр Ихтиёров)нинг уйига телевизор олиб келишга кўмаклашгани, иккаласи томга антенна ўрнатгани, қўни-қўшнилар жам бўлишгани, аммо телевизор томошаси узоққа чўзилмай кўрсатувлар дастури тугаб қолгани ёдингиздами?

Эътибор берган бўлсангиз, бир пайтлар сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етавермагани боис, қишлоқдаги саноқли хонадонларда телевизор бўлган. Ўша кезларда “ойнаи жаҳон” том маънода нафақат оила аъзолари, балки қўни-қўшниларни ҳам жипслаштирувчи омил вазифасини бажарган. Дарҳақиқат, телевизор кўришга қизиқиш кучлилиги сабабли бир хонадонга тўпланиш, телекўрсатувлар, кинофильмлар, концерт дастурларини бирга томоша қилиш, шунинг баробарида бир дастурхон атрофида суҳбатлашиш, бир-бирининг қувончу ташвишларига шерик бўлиш қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаган.

Аслини олганда, мавзуга доир далил-исбот излаб “Ажойиб хаёлпараст” фильмига мурожаат қилишимиз ҳам шарт эмас. Телевизор хонадонларда аста-секин пайдо бўла бошлаган ўша даврни ўз кўзи билан кўрган ва юқоридагига айнан ўхшаш воқеа­-ҳодисаларда бевосита иштирок этган кишилар ҳозир ҳам орамизда жуда кўп.

Улар болалик хотираларини ёдга олганда, қишлоқ ёки маҳаллада дастлаб кимлар телевизор сотиб олганини, уни кўриш учун қанча ёшу қари боргани ва шу билан боғлиқ воқеаларни мароқ билан сўзлаб беришади.

Афсуски, бугунги кунга келиб телевизор, қўни-қўшниларни қўя турайлик, ҳатто оила аъзоларини жипс­лаштириш хусусиятини ҳам йўқотди. Статис­тик маълумотларга кўра, ҳозир ўрта ҳисобда 4 кишидан иборат оилага 2 дона телевизор тўғри келар экан. Хўш, бунинг нимаси ёмон, хонадонда телевизорнинг кўп бўлиши ҳам оила фаровонлигининг бир белгиси-ку, дейишга шошилманг. Негаки, оиланинг ҳар бир аъзоси алоҳида телевизорда ўзи ёқтирган дастурни кўришни истайди ва бунга ўзини тўла ҳақли деб билади. Натижаси эса барчага маълум: ота ўғли, она қизи билан бирга ўтириб суҳбатлашишга имкон топа олмайди, чунки кечки пайтда улардан ҳар бири телевизорни алоҳида-алоҳида томоша қилишади. Шу билан гўёки бир-бирига халақит бермаган бўлишади.

Балки бундай йўл тутилишига телеканаллар кўплигига қарамасдан, бутун оила аъзолари бир жойга жам бўлиб, тўпланиб кўришга арзигулик кўрсатувлар, теледастурлар бармоқ билан санарли экани сабаб бўлаётгандир? Балки баъзи ёшлар панду насиҳат эшитишни истамагани учун телевизорни алоҳида томоша қилиши шунчаки баҳонадир…

Албатта, биз фалон-фалон кўрсатувларга томошабин умуман қизиқмайди, манави телешоу дегани одамнинг асабига тегишдан бошқасига ярамайди, ўзини “юлдуз” деб чоғлаётган айрим ёш хонандаларнинг телевизорда берилаётган куй-қўшиқларида маза-матра йўқ, киноижодкорларимизнинг хусусий телеканаллар орқали намойиш этилаётган баъзи фильмлари кино эмас, бачканаликнинг нақд ўзгинаси, хорижий телесериаллар ёшларимизни “оммавий маданият” сари етаклайди, сўнгги пайтларда эфирга узатилаётган ток шоуларнинг маъно-мазмуни ҳаминқадар эканлигини айтиб ўтирмасак ҳам аҳвол шу даражада бўлиб қолган.

Фақат… оддийгина бир ҳақиқат тан олиниши ҳам шарт: телевидение орқали намойиш этилаётган дастурлар томошабинга нимадир бериши, биринчи навбатда, маънавий эҳтиёжни таъминлашга йўналтирилиши, ёшларимизнинг дунёқараши, фикрлаш қобилияти, билимлар доираси кенгайишига хизмат қилиши керак. Сирасини айтганда, кўрсатув тайёрлаш жараёнида томошабин манфаати устувор ҳисобланса, омма эътиборидан четда қолмайди. Айрим телебошловчиларнинг “Бу ҳазил-ку!”, дея одоб-ахлоқ қоидалари доирасидан чиқиши, бачкана қилиқлар қилиши, ўзлари билмаган ҳолда қадриятларни топташи ва бошқа салбий ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Унутманг, “Кўрсанг ҳам шуни кўрасан, кўрмасанг ҳам шуни кўрасан” қабилида телетомошабинни мажбур қиладиган, унга ўзга чора қолдирмайдиган замонлар аллақачон ўтиб кетди. Телеканаллар сони кўпайгандан кўпайиб, томошабиннинг телеканалларнигина эмас, кўрсатувларни ҳам танлаш имконияти кенгайди.

Аммо минг афсус, бизда намойиш этилаётган кўрсатувларнинг оммабоп­лиги рейтингини аниқлаш ҳалигача йўлга қўйилмаган. Ҳолбуки, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да ўқиётган кезларимиз дунёнинг ривожланган мамлакатлари телевидение каналларида малакасини ошириб келган ўқитувчиларимиз бизга уларда телекўрсатувлар оммабоплиги қандай аниқланишини сўзлаб беришганди. Ўша пайт­лардаёқ АҚШ ёки Буюк Британияда телевидение техника-технологиялари нақадар тараққий этганини қаранг: қайси телеканалда бирон кўрсатув бош­ланиши билан қанча телетомошабин бошқа каналга ўтиб кетгани, қанчаси кўрсатувни неча дақиқа, қанчаси тўлиқ кўрганини ҳисоб-китоб қилиб борадиган статистик электрон мосламалар мавжуд бўлган экан. Демак, томошабин эътиборини кам жалб этаётган телелойиҳа эфирдан олиб ташланади. Ёки аксинча, томошабинлари кўпайиб бораётган кўрсатув ижодкорлари рағбатлантирилади. Муҳими, телекўрсатувлар оммабоплигини аниқлаш ва бу рейтинг кўрсаткичларини томошабинларга узлуксиз намойиш этиб бориш телеканаллар равнақига хизмат қилган. Қизиқиши, талаб-истаги билвосита ҳисобга олинаётганидан томошабин ҳам мамнун бўлган, албатта.

Мана, юртимиз мустақил давлат бўлганига ҳам орадан салкам ўттиз йил ўтди. Рақамли телевидениега ўтилгандан кейин бизда ҳам телекўрсатувларнинг оммабоплиги бўйича рейтингини аниқлаш имкони бўлади, дейишган эди. Хўш, телевидение билан томошабин ўртасида кўприк вазифасини ўташи керак бўлган ўша рейтинг қани? Телеканаллар ходимлари ўзи билганча кўрсатувлар тайёрлаб, намойиш этаверса-ю қанча томошабин кўраётганини билишмаса, бундан кимга наф? Улар холис баҳони қаердан олишади? Ўзининг ютуғини ҳам, камчилигини ҳам билмайдиган телеижодкорлардан нима кутиш мумкин? Биз “Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверсин” қабилида иш тутишдан қачон воз кечамиз? Телекўрсатувларнинг сарагини-саракка, пучагини-пучакка ажратиш ва шу йўл билан томошабин манфаатини ҳимоя қилиш вақти аллақачон келмадими?

Мухтасар айтганда, телекўрсатувларнинг оммабоплигини аниқлаш рейтинги йўлга қўйилса, ортиқча гапга хожат қолмайди, негаки, ҳар бир томошабин ҳисобда бўлади, кераксиз дастурлар, шунчаки одамнинг вақтини оладиган токшоулар, эксперимент тарзидаги бачкана телелойиҳалар, зерикарли кўрсатувлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Энг муҳими, шундагина телевидениеда томошабинларнинг манфаати ҳисобга олинишига эришилади.

Суюндик МАМИРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 18 =