Ижтимоий фанлар ўгайми?

Маълумки, мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятлар сарфланаётган бир пайтда маънавиятни теран тушунадиган инсонларнинг роли беқиёс эканлиги, бунинг учун тарбия асоси бўлган ижтимоий фанларни шакллантириш зарурлиги жуда кўп айтилган ва айтиляпти. Бу борадаги ютуқларимиздан кўзинг   ҳам, кўнглинг ҳам қувнайди. Асосан, ижтимоий фанларга асосланган янги олийгоҳлар фаолият юритаётгани, уларда талабалар учун яратилган қулайлик ва имкониятлар, албатта, таҳсинга сазовор.

 

Аммо бугунги кунимизда ҳам ўтмишимизда ижтимоий фанларга бўлган муносабатга ўхшаш ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Ўқув юртларида шундай “техник” раҳбарлар борки, ижтимоий фанларнинг мазмун-моҳиятини тушунмайдилар ёки тушунишни истамайдилар. Энг ачинарлиси шундаки, ижтимоий фанларнинг мазмун-моҳиятини тушунмайдиганлар бу фанлар тақдирини ўзларича ҳал қилишади. Ҳолбуки, Рес­публика тараққиёти билан боғлиқ бундай   ўта муҳим масалалар юзасидан нуфузли олийгоҳларда ишлайдиган тажрибали мутахассисларга суянмоқ керак. Бундай олимлар нафақат рес­публика, вилоятлардаги олий ўқув юртларида ҳам жуда кўп.

Сўнгги йилларда ҳатто сиёсатшунослик, педагогика, психология фанлари ҳам уч-тўрт соат ҳаж­мида қолдирилиб, уларнинг “ҳақи” бошқа фанларга тиқиштирилди. “Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси”,   ҳуқуқшунослик фанлари ўқитилиши тўхтатилди. Айниқса, диний-экстремизм ва терроризм кучайган бир даврда   “диншунослик” фани ҳам 30 соат маъруза, 60 соат амалий машғулот соати ажратилган фалсафа фанига тиқиштирилди. Бунда ҳеч қандай мантиқни кўрмайсиз. Маълумки, Ислом дини алоҳида олам. “Қуръон”да   барча дунёвий илмлар мужассамлиги бугун барчага маълум. Болаларни мактаб ёшидан бошлаб ўқитишимиз керак бўлган “Диншунослик” олий ўқув юртларида алоҳида фан сифатида ўқитилиши керак. “Фалсафа” фани ҳам шундай: бу фан икки ярим минг йилдан бери ўқитилиб, бугунгача такомиллашиб келди, янги таълимотлари пайдо бўлди. Табиат, жамият, инсон тафаккурининг ҳар томонлама ривожланишига асос бўлди, қонун ва категориялари кенгайди. Юзлаб буюк файласуфлар беқиёс маънавий мерос қолдирдилар. Буларни талабалар тугул барчамиз билишимиз, таълимотларини ўрганишимиз керак. Яна бир кулгули ҳолат: фалсафа фани дастурида қадимги Шарқ мамлакатлари ва Ўрта аср Марказий Осиё мутафаккирларининг фалсафий қарашларига атиги икки соат ажратилган. Ахир, икки соатда ушбу мутафаккирлар асарларининг ҳатто номларини санаб улгуролмайсан-ку! Баъзи бировлар, бу домла соат талашяпти, деб ўйлар. Йўқ, мен таълим-тарбияга асосланган ижтимоий фанлар тақдири, уларда акс этган одатларимиз, қадриятларимизни эъзозлашга нисбатан эътибор сусаяётганидан, фалсафа фанлари докторлари — И.Соифназаров, С.Мамашокиров(раҳматли), В.Алимасов ҳамда интернет сайтларида фалсафий асарлар тарғиботи билан шуғулланаётган бир қанча   файласуфларнинг таклиф ва мулоҳазалари умуман назарга илинмаётганлигидан ташвишдаман, холос!

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятларининг илк кунларидан бошлаб ижтимоий фанлар равнақини юксак маънавият белгилашини уқтириб келадилар. Ўйланг, нега ижтимоий фанлар юзасидан диссертация ёқлаганларга Фалсафа доктори унвони бериляпти. Ахир, уларнинг фалсафа моҳияти тугул, “философия” сўзининг луғавий маъносини ҳам билмасликлари ана шу эътиборсизлик натижаси эмасми? Диссертантлардан минимум имтихон олиш жараёнида ажабланаманки, уларнинг аксарияти биз билан асрдош файласуфларни ҳам билишмайди. И. Мўминов, М.Хайруллаев, Э.Юсупов, Ж.Туленов, С.П. Турсунмуҳаммедов, Ҳ.Пўлатов, А.Валиевлар давримизнинг йирик файласуфлари эдилар.

Машҳур иқтисодчилардан бири Ж.М.Кейнс ўзининг “Бандлик, фоиз ва пул умумий назарияси”(1936) китобида шундай ёзади: “Чинакам иқтисодчи ўз ишининг билимдони бўлиш билан бирга маълум даражада математик, тарихчи, давлат арбоби, файласуф ҳам бўлиши керак. Умумий тушунчаларда хусусий нарсалар ҳақида мушоҳада юритиб, мавҳум ва муайянга ўз эъти­борини қарата олиши лозим. У келажак учун ҳозирги замонни ўтмиш нуқтаи назаридан ўрганиши керак”.

Демоқчиманки, ижтимоий фанлар муносабатимизга қараб бизни ё ёруғликка, ёки қоронғуликка бошлайди. Бундай қоронғулик — маънавий ожизликдир. Буни ҳам бир мисол билан изоҳламоқчиман: “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” деймизу яқин ўтмишимизда яратилган қатор асарларга беписандлик билан қараймиз. Ўтган етмиш тўрт йил ичида яратилган асарлар макулатурага топширил­япти. Тўғри, улар бадиий жиҳатдан адабий талабларга жавоб бермас, аммо ўша адиблар тарихни чуқур билганлар. Масалан, мен туғилган қишлоқда ўттизинчи йиллар Бозор бува деган диндор киши яшаган. Қатағон йиллари уйи тинтув қилинишидан гумонсираган Тўра исмли ўғли китобларни ҳожатхонага ташлаб юборган. Китобларнинг уволи тутганми, Тўра Бозор чамаси эллик йиллар ақли-ҳушидан ажралган ҳолда яшаб, етмиш тўрт ёшида вафот этган. Бу ҳақда қайсидир адибимиз асар ёзган.   Агар Тўра Бозор отаси ўрганаётган илмларнинг моҳиятини англаб етганида, кишига руҳий баркамоллик бахш этадиган китоблар қадрига етганида эҳтимол бундай аҳволга тушмас эди.

Президентликка номзод Алишер Қодировнинг сайловолди дастурида мутафаккир Абдулла Авлоний фикрига асосланиб “Таълим – тарбия” тамойилини “Тарбия – таълим” тамойилига айлантиришнинг вақти келди” дейилган эди. Яқинда “Ўзбекистон телевидениесидаги долзарб мавзуларга бағиш­ланган “Муносабат” кўрсатувида билдирган мулоҳазаларимни юқоридаги фикрга асос­ладим. Афсуски, мутасаддилар матбуотдаги таклифларни ҳисобга олмайдилар, баҳсларни таҳлил қилмайдилар, билдирилган муносабатлар жойида қолаверади. Тегиш­ли ташкилотларга етиб бормайди.

Яна бир ташвишли ҳолат: баъзи мутасаддилар вақтли матбуот ва интернет сайтларида ҳар жиҳатдан Европа “маданияти”ни намуна сифатида кўрсатадилар. Уларни камситмоқчи эмасман, улар ўз ўрганганларини ҳаётларида акс эттирадилар, биз эса ўз билганларимизни. Уларнинг ўргангани бизнинг билганларимизга тўғри келмайди. Уларни уйғунлаштириб индивидуализмни барқ урдиришга нима ҳожат? Шундай ҳам Овропача ҳаёт маънавий   оламимизга кириб бўлди. Билимсиз, ўз анъаналари, урф-­одатларини, нима яхши-ю нима ёмонлигини билмайдиганларни осонгина йўлдан оздирмоқда: ота ўғилни, ўғил отани камситиши, аянчли аҳволларга солиши, мерос талашиб ака-укалар, опа-сингиллар, қавму-қарин­дошлар юзкўрмас бўлиб кетишлар, эр-хотин ўртасида ажралишларнинг авжга чиқиши, ўғирлик, товламачиликларнинг кўпайиши, катталарга ҳурматсизлик, йигит-қизларимиздан ҳаё ва иффатнинг йўқолиши… Бу ва бунга ўхшаш барча иллатлар кўпайишининг бир сабаби, талабанинг ўқув даргоҳини, етарлича билим олмай, битириши туфайли эмасмикин? Буни биз — мутасаддилар зинҳор унутмаслигимиз лозим.

Зиёдулла ДАВРОНОВ,

Тошкент Молия институти

ижтимоий фанлар кафедраси

профессори,

фалсафа фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 11 =