Унсия (Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг шахсий кутубхонаси ҳақида)

Темурийлар Уйғониш даври маданиятига хос мумтоз услуб­лардан яна бири бу шонли даврда ақл ва қўл ихтироларининг маҳсули сифатида кўплаб муҳташам китобларнинг ёзилиши, қайта кўчирилиши, сақланиши, ўрганилиши ва тарғиб қилиниши масаласидир. Бир томондан, мадрасаларда мударрис ва толибу илмлар учун кутубхоналар ташкил қилинган ҳамда уларнинг таъминотига вақфлар ажратилган бўлса, иккинчи томондан, Темурий ҳукмдорлар саройда, давлат арконлари, улуғ шоир, адиблар, уламолар уйларида, тариқат пирлари хонақоларида кутубхоналар ташкил қилганлар. Шундай кутубхоналардан бири Алишер Навоийнинг муҳташам кутубхонасидир. Темурийлар давлат бошқарувида бўлган Хуросон ва Мовароуннаҳр давлатининг адабий, илмий, маданий юксалишида буюк мутафаккир кутубхонасининг аҳамияти баланд бўлган.

Ушбу маърифат маскани тўғрисида, биринчидан, унинг ўз асарлари матнида, иккинчидан эса у ҳақида ёзилган адабий ва тарихий характердаги манбаларда муҳим маълумот, хабар, эслатмаларни ўқиймиз. Чунки, Алишер Навоий Темурийлар Уйғониш даврининг даҳо сўз санъаткори, адолатпеша, ҳунарпарвар амири, катта мулк­доргина эмас, балки ўз даврининг машҳур китобхони сифатида ҳам ибратга лойиқ бўлган. Бу ҳақда тарихчи Мирхонд “Равзат ус-сафо”да шундай хабар ёзган: “… у Хуросондан беҳишт монанд Самарқандга бориб, Хожа Жалолуддин Абуллайсий хонақосида истиқомат қилди ва кўп вақтини китоб мутолаасига сарфлади.”

Унсия номи билан ўз замонида машҳур бўлган ва тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан битиб қолдирилган файзга тўла уйида даҳонинг жуда катта кутубхона фонди бўлган, унда хаттот, мусаввир, шоир, адиб, муаррих, сиёсатчи, бахши, мунший, олимлар қизғин фаолият олиб боришган, маърифий, адабий мажлислар ташкил қилинган. Кутубхона бош­қаруви эса китобдорлик мансабида ўтирган мулозим қўлида бўлган. Уларнинг номи   ишончли манбаларда эҳтиром ила қайд этилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева Навоий ўз асарларида тилга олган ва даҳо сўз санъаткори тез-тез мурожаат қилиб турган адабий, тарихий, илмий характердаги китоблар номини 271 та эканлигини аниқлаган ва бу ҳақда “Навоий тилга олган асарлар” номли рисола битган. Демак, улуғ шоирнинг дурдона асарларида тилга олинган 271 та бебаҳо китоблар унинг бой кутубхона фондида ҳам бир неча нусхаларда мавжуд бўлган. Навоий мазкур китоблар ёки уларнинг муаллифлари номини турли бадиий мақсадларда эсга олган:

  1. Талмеҳ бадиий санъати ёрдамида машҳур китоблар ёки уларнинг муаллифига ишора қилиш, ҳурмат кўрсатиш ёки қизиқтириш маъносида.
  2. Икки ёки ундан ортиқ китобда битилган муштарак маълумотларни текшириш ё ўзи айтмоқчи бўлган дадил фикрга далил сифатида тамсил қилиб келтириш мақсадида.
  3. Зарур маълумотларни ўқиб-ўрганганда, иккиланган иқтибосларни маълум бир машҳур китобда ёзилган маълумот билан қайта тасдиқлаш шарти учун.
  4. Қиёсий аспектда қилинган турли мурожаатлар шаклида.

Шуни мамнуният ила таъкидлаш зарурки, Навоий ўз даврининг улуғ шоир, адиблари ҳақида гапирганда ҳам улар битган қимматли китоблари хусусида ҳам алоҳида маълумот беришга ҳаракат қилган ҳамда мазкур китобларнинг кутубхона фондида борлигига, авайлаб сақланаётганига ишора этган. Масалан, устози Абдураҳмон Жомийга бағишлаб ёзган ҳасби ҳол характеридаги “Хамсат ул-мутаҳай­йирин”   асарининг “Учинчи мақолат” фаслида Навоий эътироф туйғуси ила “Кутуб ва расойил бобидаким, аларнинг мусаннафотининг теъдоди (адади) будурким” деб буюк мутафаккирнинг турли долзарб мавзуларда астойдил ёзган 40 та қимматли китобининг номини бирма-бир санаб кўрсатган, ўрни билан ахборот ҳам берган. Қизиғи шундаки, Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўзи битган 30 дан зиёд китобларининг рўйхатини тузган. Муҳими, даҳо тасниф қилган китоблар рўйхати, каталоги унинг файз­­ли кутубхона фондида ҳам бор бўлган. Ёки унинг Темурий ҳукмдорлар ҳақида ёзган маълумотларини ўқисак, улар битиб қолдирган китоблар номи, хусусияти борасида ҳам мароқли хабарларга кўзимиз тушади. Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг еттинчи мажлисида донишманд ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асарини ёдга олган бўлса, “Фарҳод ва Ширин”достонида эса буюк алломанинг ушбу илмий китоби сабаб ҳам уни:

 

Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Билиб бу навъ илми осмоний –

Ки, ондин ёзди “Зичи Кўрагоний,”

деб шарафлаганига гувоҳ бўламиз.

Алишер Навоийнинг кутубхонасида ўтириб унинг бой ижодини ўрганган биринчи тадқиқотчи, назаримизда, подшоҳ ва шоир Бобур бўлган. У 1506 йилда Навоийнинг Унсиясида 20 кун яшаган ва унинг кутубхона фондида мавжуд бўлган китобларни кўздан кечирган, унумли фойдаланган ҳамда бу борада муҳташам “Бобурнома” мемуарида ва “Рисолаи аруз”дек илмий асарида муҳим хабарлар ёзган ҳамда вақт ўтиб унинг ўзи Аграда шундай муҳташам кутубхона ташкил қилган. Таъсирли ва ибратли жиҳати шундаки, Бобурнинг бу кутубхонасида Навоийнинг шогирди тарихчи Хондамир бўлган ва унда ўтириб ижод қилган.

Даҳо шоир ижодини ўрганган   Ҳамид Олимжон ҳам ўз тадқиқотида унинг кутубхонаси масаласига диққат қаратган. 1939 йилда ёзган “Навоий ўзбек тилининг асосчиси” номли мақоласида у айнан Навоийнинг машҳур кутубхонаси мавзусига тўхталган ва ҳайратланиб жаҳонда энг бой кутубхоналардан бири – Навоийнинг кутубхонаси, деган хулосани олға сурган.

Атоқли навоийшунос Мақсуд Шайхзода эса 1939 йилда жўшиб ёзган “Ўртоқ Навоий” достонида Навоий Унсияда “Хамса” каби ўттиздан ортиқ асарлар яратиб, кутубхона фондини бойитганига ҳам ишора қилиб “Ёзаркан “Хамса”нинг энг сўлим бобин,Одамзод зеҳнининг гўзал китобин,”деб ўқишли байтлар битган:

Ҳерининг энг танҳо бир гўшасида,

Боғларга элтувчи тор кўчасида

Пойтахтнинг хилватгоҳ маҳалласи бор,

Унда шинам уйнинг дарвозаси бор,

Боғчаси ям-яшил, девори сариғ,

Болохонаси-да доимо ёруғ.

Бу ерда қаламни юргузар шоир,

Дунёи оламни ҳам кезар шоир…

Ёзаркан “Хамса”нинг энг сўлим бобин,

Одамзод зеҳнининг гўзал китобин.

 

Агар биз Бобур ва Ҳ. Олимжон, М.Шайхзода, С.Ғаниева ёки бошқа тарихчи, навоийшунослар ёзган маълумот, фикр, эътирофларига ҳурмат кўрсатиб Навоий кутубхона фондини бугунги кутубхонашунослик илми ва зийрак китобхон назари асносида баҳолаб шахсий кутубхонани жуда катта архив фонди, маълумотлар базаси ва манбаи, десак арзийди.

Энди Навоий кутубхона фондида мавжуд бўлган Қуръони каримнинг жуда қадимий нусхаларидан бири ҳақида тўхталмоқчимиз. Мазкур маълумотни Алишер Навоийнинг шогирди, мумтоз муаррих Хондамир унинг шарафига атаб битган “Макорим ул-ахлоқ” номли дурдона асарида ёзиб қолдирган. Хондамир Навоий кутубхонасида араб оламида Қуръони карим нусхаларини кўчириш билан машҳур бўлган   якқалам хаттот Ёқут ал-Мустаъсим кўчирган Қуръони мажиднинг бир нусхаси мавжудлиги ҳақида ёзган. Қизиғи шундаки, мазкур маълумотда Навоий кутубхонасидаги яна бир Қуръон нусхаси—Мавлоно Шамс Маъруф қалами билан кўчирилган Қуръон нусхаси ҳақида ҳам гап боради.

Ёқут – араблар орасида ва ислом оламида шуҳрат топган истеъдодли котиб (туғилган йили номаълум, 1268 да вафот этган). У Бағдодда аббосий халифа Мустаъсим ҳукмронлиги даврида яшаган. Қуръони каримни кўчиришда ягона ҳисобланган. Шарқ адабиётида талмеҳ санъати воситасида унинг улуғ номига, хаттотлик санъатига ишора қилиб ёзилган байт­лар ҳам учрайди.

Навоий “Ҳайрат ул-аброр” китобида унинг муборак номини тилга олган. Аммо Навоийнинг буюк шахсига бағишлаб ёзилган Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида улуғ амир кутубхонасида Ёқут кўчирган Қуръони карим нусхасининг борлиги ва унинг йўқолган варақларини қайта тиклаш билан боғлиқ бир ҳаётий воқеа – кутубхонада олиб борилаётган қизғин жараён, амалий фаолият ҳақида ҳикоя қилинган. Чунончи: “Ҳикоя. Бир вақтлар олий ҳазрат Амирнинг кутубхонасида Ёқут деган котиб хати билан ёзилган ва бир неча саҳифаси йўқолган Қуръон бор эди. Ул ҳазратнинг муборак хотири ўша нафис туҳфани такомиллаштиришни истаб, тушиб қолган саҳифаларини қайта ёзиб чиқишни “…хаттотлар етакчиси ва кўпчилик хушнависларнинг доноси бўлган, олти хил хат услубининг ҳаммасида яхши ёзадиган” Хожа Ҳофиз Муҳаммад хуффозга топширди. Хожа Ҳофиз Муҳаммад бир неча кун мобайнида қандай йўл билан ортиқ-камлик қилмайдиган, саҳифаси-саҳифасига тўғри келадиган қилиб қай йўсин билан ёзиш чорасини ахтарди. Шу пайт ул ҳазратнинг қўлига Мавлоно Шамс Маъруф қалами билан кўчирилган Қуръон нусхаси тушди. Унинг хати ва кўринишини саҳифалари йўқолган ўша Қуръон нусхасига яқин кўриб, “тушиб қолган саҳифаларини шундан кўрсангиз, эҳтимол мос тушар”, деб Хожа Ҳофиз Муҳаммадга юборди. Иттифоқо, Мавлоно Шамс Маъруф буни илгари ўша Хожа Ёқут кўчирган Қуръон нусхасидан бетма-бет, йўлма-йўл, биронта ҳарфини ўзгартирмасдан кўчирган экан. Шунинг билан бу саҳифаларни кўчириш осон бўлди.”

Юқорида баён қилинган маълумотга қараганда, Навоий кутубхона фондида кўплаб хаттотлар фаолият олиб борган. Улар, биринчидан, улуғ амирнинг асарлари нусхасини кўчирган бўлса, иккинчидан эса мазкур кутубхонада мавжуд бўлган китоблардан ҳам нусхалар кўчирган, баъзи китобларнинг қўлёзма нусхалари солиштирилиб асарнинг мукаммал матни тузилган, учинчидан, Навоий Ҳиротда қурдирган Низомия ва Марвда бино қилдирган Хусравия мадрасалари кутубхонаси ҳам мазкур кутубхона фонди ёрдамида китоб, ўқув дарсликлари билан таъминланган. Тўртинчидан эса ўқишли китобларни китоб дўкони, китоб бозорига сотувга чиқаришда ва қўшни мамлакатларга, вилоятларга ҳадя сифатида муҳташам китобларни тайёрлаб юборишда Навоий кутубхонаси бош таъминотчи вазифасини ҳам ўтаган.

Биз гапирган хаттот Ёқут билан боғлиқ ҳикояда Навоий кутубхонасида хаттотлик қилувчи Хожа Ҳофиз Муҳаммад ва Мавлоно Шамс Маъруф каби уста даражасига кўтарилган хаттотлар номи ҳам тилга олинганидан хабардор бўлдик.

Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, Хондамир ўзининг “Хулосат ул-ахбор” асарининг “Олиҳазрат кутубхонасида ишлаган баъзи хушхат котиблар зик­рида” номли фаслида Навоий тарбиялаган, ундан лутфу эҳсон кўрган, инояти остида бўлган ва кўп йиллардан буён унинг обод кутубхонасида китобат билан машғул бўлган 10 нафар маҳоратли хаттотлар хусусида қисқача маълумот битган. Масалан, Мавлоно Султонали Машҳадийни Хондамир шундай таърифлайди: “Мавлоно Султонали Машҳадий яхши хулқ-атвор, латиф хислат билан сифатланган ва етук фазилати ва яхши табиати билан машҳурдир. Настаълиқ хатини ёзишда Мавлоно Жаъфардан кейин унга баробар келадиган киши йўқдир, балки, у барча хушнависларнинг хати устига насх рақамини чизиб, кўп вақтлардан бери олийҳазрат Амир Алишернинг кутубхонасида китобат ишлари билан машғул ва унинг беҳисоб инъому эҳсонидан баҳраманддир. Ҳозир ҳам ул ҳазратнинг мурувватларига манзур бўлиб, у ёзган ҳар бир китобни найқаламда ўхшатиб кўчиришда бел боғлаб хизмат қилмоқда…” Ёки Навоий эътирофига сазовор бўлган Мавлоно Султон Муҳаммад тўғрисида: “Амир Алишернинг инояти остида бўлган котиблар қатори ҳунари ривож топган; ҳуснихатда етакчидир. Ул ҳазрат Амир Алишернинг илҳом баён оғзидан кўп бор: “Нас­таълиқ ёзишда ҳеч ким унга тенг келолмайди”, деган сўзларни эшитганман”, деб ёзган.

Навоий кутубхона фондидан жой олган китоб­лар қаторида ўз даврида Алишер Навоийнинг шарафли номига замондош олимлар тасниф қилган китобларнинг борлиги ҳамдир. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”да уларнинг рўйхатини ҳам келтирган. Чунончи:

“Шархи Фароиз”. Олий ҳазрат шайхулислом… Сайфуддин Аҳмад Тафтазоний асари.

“Равзат ул-аҳбоб фи сияр ун-наби вал-асҳоб”. Икки жилдлик… Амир Жамолуддин Атоуллоҳ Асилий асари.

“Тафсири форсий”, Олийжаноб файз эгаси Мавлоно Камолуддин Ҳусайн ал-воиз ал-Кошифий асари.

“Шарҳи арбаъин”. Имом Нававий асари.

“Ҳошияйи мухтасар”, “Ҳошияйи Чағминий”, “Ҳошияйи шарҳи”, “Ҳидоя-йи ҳикмат”, “Ҳошияйи шарҳи ашкол”, “Таъсис шарҳи бист боби устурлоб”, “Ҳошияйи мавоқиф”, “Шарҳи миат ул-омил”. Булар махдумий Мавлоно Фасиҳуддин Муҳаммад Низомий таснифлари.

“Шарҳи мишкот”, Фазилат эгаси жаноб хожа Имомуддин Абдулазиз Абхарий асари.

“Хошияйи шарҳи ҳикмати айн”. Жаноби марҳум мавлоно Камолуддин Масъуд Ширвоний асари.

“Рисола дар илми фаросат”. Мавлоно Абдурраззоқ Кирмоний ёзган.

“Ҳошияйи шарҳи мўъжизи Мавлоно Нафис”. Ҳикмат эгаси Мавлоно Ғиёсуддин Муҳаммад асари.

“Таржимайи адабиёти нафаҳот”. Мавлоно Низомуддин Аҳмад Пир Шамс асари.

“Тазкират ун-нуфус”. Мавлоно Дарвиш Али табиб тузган.

“Ҳошияйи Мутаввал”. Хожа Абулқосим Абуллайсий қалами билан ёзилган.

“Ҳошияйи Мифтоҳ”, “Ҳошияйи Талвиҳ”. Хожа Хованд Абуллайсий асарлари.

“Шарҳи Мўъжаз”. Сабзавор қозиси Мавлоно Ғиёсуддин асари”.

Ушбу нурли маскан, маърифат ўчоғи ҳақида юқорида айтган таҳлил ва талқинларимиз билан рамзий маънода Навоий кутубхона фондига сайр қилдик, китоблар оламига ошно бўлдик, десак муболаға бўлмас.

Навоий кутубхонасида мавжуд бўлган ёки қайта кўчирилган, таҳрир қилинган китоблар, уларнинг қўл­ёзма нусхалари ва буюк мутафаккир китобларининг рангин нусхалари ХХI асрда ҳам дунёдаги не-не оламга машҳур бўлган маъқул ва махсус музей, кутубхона фондларини бойитиб ва безатиб турибди.

Буробия РАЖАБОВА,

Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва

фольклори институти етакчи илмий ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =