Адабиётчи академиклар адади

Статистикада сир – кўп. Лекин Шарқ ҳали Ғарбчалик бунинг ширин таъмини тотганича – йўқ. Ҳолбуки, рақамлар ҳаётнинг муайян соҳасини таҳлил қилиш учун энг қулай восита ҳисобланади. Ҳисоб-китобларсиз ҳеч бир нарсанинг сарагини саракка, пучагини пучакка чиқариб бўлмайди-да.

1943 йили Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилди.

Хўш, ўтган ана шу   79 йил мобайнида қанча адабиётчи академик бўлган?

Ҳозирги кунда   Фанлар академиясида “мухбир аъзо” деган мақом мавжуд эмас. Шунинг учун биз – иккаласини қўшиб, “академик” деб ҳисоблашга тўла ҳақлимиз.

Саноғимизга кўра, ҳозиргача 16 адабиётчи академик бўлган.

Булардан 4 нафари – шоир: Ғафур Ғулом (1903-1966), Ойбек (1905-1968), Уйғун (1905-1990) ва Ҳамид Олимжон (1909-1944).

Қолган 12 нафари – адабиётшунос: Олим Шарафиддинов (1903-1943), Иззат Султон (1910-2001), Юсуф Султон (1911 -1991), Воҳид Абдуллаев (1912-1985), Матёқуб Қўшжонов (1918-2005), Азиз Қаюмов (1926-2017), Салоҳиддин Мамажонов (1931-2005), Ботирхон Валихўжаев (1932-2005), Наим Каримов (1932), Тўра Мирзаев (1936-2020), Бахтиёр Назаров (1945-2021), Неъматулла Иброҳимов (1945).

Хўш, бу адабиётшунослар, асосан, қаерда ишлаган? Бошқача айтганда, қайси ташкилотлар бизга академик етказиб берган?

Олим Шарафиддинов тадқиқотчи сифатида 1937 йили Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида меҳнат қилган. Шу илмий даргоҳ мамлакатимизга яна етти нафар академик етказиб берди. Гарчи Азиз Қаюмов кўпроқ Фанлар академиясининг собиқ Қўлёзмалар институти, кейинчалик эса Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида ишлаган бўлса ҳам, бир муддат ана шу Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институтида директор ҳам бўлган.

Камина ана шундай атоқли адабиётшунослар, номдор академикларни етиштириб берган даргоҳда 20 йил меҳнат қилганим билан фахрланаман.

Олий таълим тизимида ишлаган олимлардан фақат Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев ва Неъматулла Иброҳимовларгина академик бўлишди. Булардан дастлабки икки олим Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида, Неъматулла Иброҳимов эса асосан, Тошкент давлат шарқшунослик университетида меҳнат қилган. Ҳолбуки, мамлакатимизда адабиётшуносликдан дарс ўтиладиган олий таълим муассасалари – камми? Кўп. Лекин бу икки олий таълим муассасаси жамоаси академик етиштириб бергани билан ҳар қанча фахрланса, арзийди.

Хулоса қилиш – мумкинки, чинакам тадқиқотчилик академия тизимида яхши ривожланади. Чунки олий таълим муассасасининг асосий вазифаси – кадр тайёрлаш. Шунинг учун дарс ўтиш профессор ва ўқитувчилар фаолиятининг мағзини ташкил этади ва улар умрининг асосий қисмини эгаллайди, албатта. Майли, университет ёки институтлар ҳузурида бўлсин, асосан, тадқиқот билан шуғулланадиган тизим шакллантирилиши ва кучайтирилиши – лозим. Шундагина кутилган самарага эришиш – мумкин.

Хўш, бу адабиётчи академикларимиз қаерларда туғилган?   Эҳтимол, мамлакат ўз тараққиётининг муайян бир даражасига эришганида бу саволни ўртага ташлашга ҳеч қандай ҳожат қолмас. Аммо ҳозирча биз учун бу ҳам – қизиқ.

Ғафур Ғулом, Ойбек, Олим Шарафиддинов, Юсуф Султонов, Бахтиёр Назаров, Наим Каримов – Тошкент, Ҳамид Олимжон – Жиззах, Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев – Самарқанд шаҳрида, Азиз Қаю­мов, Неъматулла Иброҳимов – Фарғона, Салоҳиддин Мамажонов – Андижон, Тўра Мирзаев – Бухоро вилоятида туғилган. Иззат Султон – Қирғизис­тоннинг Ўши, Уйғун – Қозоғис­тоннинг Жамбули, Матёқуб Қўшжонов – Туркманистоннинг Тошҳовузида таваллуд топган.

Модомики, олимлик мартабаси ҳақида суҳбат бошланган экан, шуни таъкидлаш керакки, илм аҳли учун академиклик – энг юксак рутба. Баҳонада олимликнинг бош­­қа поғоналари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилса, ёмон бўлмас.

Олимларга илмий даражалар ва илмий унвонлар берилади. Бу иккаласини аралаштириб юбориш мумкин эмас.

Ўзбекистонимизда уч мақомдаги илмий даражалар мавжуд.

Биринчиси – магистр. Уни бакалавриатдан кейин магистратурани битирганларга олий таълим муассасаси беради. Тиббиёт соҳасида ординатурани битирганлар ҳам магистр дипломига тенг­лаштирилган ҳужжат олади. Бироқ ординаторлар 5 йиллик меҳнат стажидан кейингина фалсафа доктори илмий даражаси олиш учун диссертация ёзиш ҳуқуқига эга бўлади, холос.

Иккинчиси – фан номзоди. Кейинги йилларда бу соҳада ислоҳ амалга оширилиб, фан номзоди ўрнига фалсафа   доктори (PhD) илмий даражаси жорий этилди. Масалан, ўртача 150 саҳифа атрофидаги диссертация ёқлаганларга илгари, дейлик, “филология фанлари номзоди” илмий даражаси берилган бўлса, энди “филология фанлари бўйича фалсафа доктори” илмий даражаси берилади.

Учинчиси – ф а н   д о к т о р и.

Иккинчи ва учинчи ўринда саналган илмий даражаларни илмий ва таълимий даргоҳлар ҳузуридаги илмий кенгашлар беради ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация Комиссияси тасдиқлайди.

Хорижда диссертация ёқлаб келган фуқароларимиз дипломлари белгиланган тартиб-қоидалар асосида настрификация қилинади, яъни ўзимизда қайта тасдиқланиб, тан олинади.

Мамлакатимизда икки турдаги илмий унвон мавжуд.

Биринчиси – доцент унвони. Аммо доцентлик олий таълим муассасаларида ишлаётганларгагина берилади. Илмий-тадқиқот институт ва марказларида меҳнат қилаётганларга доцентликка тенг­лаштирилган катта илмий   ходим   унвони берилади. Доцентликни таълим муассасаси, катта илмий ходим унвонини илмий тадқиқот муассасаси беради. Лекин уларни ҳам   Олий Аттестация Комиссияси тасдиқлайди.

Иккинчиси – профессор унвони. Буни ҳам илмий ва таълимий муассасалар беради, Олий Аттестация Комиссияси тасдиқлайди.

Олимларга бериладиган давлат мукофотлари, яъни орден, медаль ва фахрий унвонларни бу ерда санаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Фақат шуни қўшимча қилиш мумкинки, адабиёт аҳлидан ҳозиргача фақат 8 нафарига Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони берилган. Булар – Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Су­йима Ғаниева, Иброҳим Ғафуров. Булардан кейинги 3 нафари – адабиётшунос. Қорақалпоқ адабиётининг 2 забардаст вакили – шоир Ибройим Юсупов ҳамда адиб Тўлепберган Қайипбергненов ҳам Ўзбекис­тон Қаҳрамони бўлган.

Шуни ҳам бир статистик факт сифатида қайд этиб ўтиш — зарурки, адабиётчи академикларимиздан фақат Наим Каримов билан Неъматулла Иброҳимовгина – ҳаётлар. Уларнинг умрлари узоқ бўлсин, ижодларига барака берсин!

Мамлакатимизда бу илмий даража ва унвонлар ҳамда академиклик учун муайян тартиб-қоидалар асосида иқтисодий манфаатдорлик ҳам йўлга қўйилган.

Ўрни келгани учун ёзилмаган бир қои­­да ҳақида ҳам маълумот бериб ўтай. Бу шундан иборатки, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академикларинигина қисқа тарзда “академик” деб тилга олиш – мумкин. Аммо дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам академиялар, уларнинг аъзолари – кўп. Бу муассасалар аъзолари ҳам – амалда академик. Аммо улар тилга олинаётганда, албатта, тўлиқ қилиб, масалан, “Ўзбекистон Бадиий академияси академиги” тарзида қайд этилиши — шарт. Акс ҳолда, англашилмовчилик келиб чиқади.

Шу йилнинг 20 май куни Самарқанд давлат университетида академик Ботирхон Валихўжаев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Академик Ботирхон Валихўжаев ва мумтоз адабиётшунослик” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ана шу тадбирдаги маърузада келтирилган статистик таҳлилни Сиз билан баҳам кўришни маъқул топдим.

Қизиқарли бўлса, статистика ҳам ҳали ҳеч кимга зиён келтирмаган, деб ўйлайман.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + four =