Чумолининг чидами ёхуд “даст – ба кор”лик бўйича мулоҳаза

Биз: “Тангри таоло одамзодгагина ақл берган”, – деб қараймиз. Тилимиз борлиги учун шундай ўйлаймиз-да.

Лекин…

Яратган Эгам ҳайвонот ва наботот оламидаги ҳар бир жонли мавжудот­­га яшаши учун зарур бўладиган даражада “ақл” ато этган.

Масалан, ток илашиб олиб, ўсиши учун гажак, яъни илгаклар чиқаради. Бу бодрингга ҳам “юққан”.

Чумолига-ку тан бермай, ҳеч илож – йўқ. У уясига олиб келган донлар, айтайлик, буғдой, арпа, тариқни иккига бўлади. Кўкариб чиқмаслигини ўйлайди-да. Ақлига қойил қолингки, кашнич уруғини тўртга бўлади. Чунки кашнич донининг ичида иккита уруғ бор-ку. Уни иккига бўлганнинг       фойдаси – йўқ-да. Шуни юз фоиз билади.

Одам, ҳар қанча ўзини ақлли санамасин, табиатан кўп дангаса келади. Бу гапга ишонишингиз учун биргина мисол келтираман. Хоҳ ишонинг, хоҳи – йўқ, камина туғилиб ўсган Бухоро вилоятидаги ҳовлиларда ўсадиган токларда етилган узумларнинг катта қисмини қушлару арилар еб кетади.

Ахир, узумни қушу аридан асраш ҳам ақл, ҳам маблағ, ҳам жуда катта меҳнат талаб қилади-да.

Ахир, ҳосилини асрай олмас экансан, токни экиб, унга сўрилар ясаб, тараб, хомток қилиб, айни пишиб етилганида нес-нобуд қилишдан не маъни?!

Ахир, нақшбандия тариқатидаги “даст – ба кор”лик қани?!

Мана, янтоқ ҳам гуллади. Янтоқ гулладими, чиллаки ёки халилий узум пишди, деяверинг. Шу кунларда Тошкент бозорларида одамлар чиллаки узумнинг бундайроғини килосини 15 минг сўмдан оляпти.

Бу йил – узум йили бўлди. Шукр. Ҳосил ҳар қанча мўл бўлмасин, яхши етилган донининг узунлиги 5 сантиметр­гача етадиган Ризамат ота навининг килоси қанчадан сотилади, деб ўйлайсиз? 30 минг сўмдан кам бўлмаса керак.

Ер юзида 8 миллиардга яқин инсон яшайди. Энди озиқ-овқат танқислиги даражасини бир тасаввур қилиб кўрайлик.

Шундай экан, узумдек бебаҳо, очиғи, жаннатий неъматнинг бир донасини ҳам исроф қилиб бўладими?

Яна бир нарсани эслатиб қўяй: дунё­нинг 10 та давлатига сафарга борганман – узум ҳамма ерда ҳам биздагидай ширин бўлавермайди, қаранг!

Узумни асрашнинг камина топган усули – оддийгина. Қизил ёки кўк тўрли пиёз ёки картошка тўрваларидан ҳар бир бош узум учун алоҳида-­алоҳида халтачалар тикиб чиқамиз-у, бўғзидан ип ўтказиб, тортиб қўямиз, вассалом.

Бу, бир қарашда, сермашаққат тую­лар. Лекин, ҳар қалай, чумолининг меҳнатидан осонроқ-ку.

Икки ойдан кейин меҳмонимиз бўлсангиз, қўлингизга қайчи тутқазаман, Ризамат отанинг ғарқ пишган, энг муҳими, ҳакка, майна, чумчуқ чўқимаган, қизил ари “ўпмаган” бошларини ўзингиз узиб оласиз…

Султонмурод ОЛИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =