Шериклик “имтиҳони”
Боболаримиз: “Сафарга ёлғиз чиқма!” – деб ўгит беришган. Ёлғизлик – Худогагина хос-да. Бир жойга шерик билан борсанг, ҳар тарафлама яхши-ку. Зерикмайсан. Суҳбатлашиб бориб келасан. Бир инсоннинг иккинчиси билан дийдорлашуви – Аллоҳнинг инояти. У – саналган дақиқалар, соатлар, кунлар, нари борса, ойлардангина иборат.
Қариндошлардан бири Тошкентда қизининг тўйида эрталаб ош берди. Бухородан меҳмонлар келишди.
Бир оғайним санаторийда даволанаётган эди. “Ошга айтсам, кела оларми-йўқми”, – деган мулоҳаза билан: “Яхшиси, бир товоқ тўй ошидан олиб бориб, ўзим кўриб келаман”, – деб ўйладим.
Меҳмонлардан бирини шерик бўлишга таклиф қилган эдим, бажонудил рози бўлди. Бордик. Ош совумаган экан. Оғайнимиз дуо қилиб еди. Қайтаётганимизда у:
– Машинада келган бўлсангизлар, мени ҳам Амир Темур хиёбонигача олиб кетинглар, – деди.
Хуш-хурсандлик билан учаламиз келяпмиз. Собиқ “Қозоғистон” кинотеатри олдида кўз клиникаси бор экан. Оғайним:
– Шундоқ кириб, дўхтиримга кўриниб чиқсам, сизларни овора қилмайманми? – деди.
Дам олиш куни эди. Бориб ҳам, тўйхонада ўтирамиз. Савоб-ку.
Дўхтирга киришда навбат бор экан. Ярим соатдан кейин оғайнимиз кириб кетди. Албатта, яна ярим соатча уни кутишга тўғри келди. Қарасам, ўтган бу бир соат орасида шеригимнинг авзойи тамом бузилиб бўлибди. Афтини кўрсангиз, қош-қовоғи-чи! Хижолат бўлиб кетдим. Пушаймони Ҳақ қилдим. “Узр” сўрамасам, ноқулай бўлар”, деб ўйлаб:
– Бу одам – кўп яхши одам. Меҳмондўст. Мард. Дангал. Ҳар гал Бухорога борганимда машинасида куни билан олиб юради, – дедим.
Ўзи ҳам шу гапимни кутиб ўтирган эканми, бирдан портлади-ку:
– Кетайлик! – деди кутилмаганда зарда қилиб, афтларини бужмайтириб, ёмон жеркиб. Худдики шоҳи жаҳон ўз қулига ҳукм қилгандек туюлди менга.
Рости гап, отам ҳам мени бундай жеркимаганлар. Ғалати бўлиб қолдим. Ахир, шу ҳолатда кетиб бўладими? Кетсам, ким деган одам бўламан?!
Жеркиш – ёмон нарса. Вилоятларимиздан бирига ижодий сафарга чиқдик. Сафимизда атоқли бир қаламкаш ҳам бор эди. Жинлари каминани ёмон кўрсатдими, билмадим, кутилмаганда ёмон жеркиди-ку. Жеркиганни унутадиган одам топилармикан? Шундай кўнглим қолган эканки, жинларим мени унинг жанозасига ҳам бордиртирмади-я…
Шунда беихтиёр бобом – Мулло Олимхоннинг: “Биз – хўжалар ўлсак, бўйин томиридан ўламиз. Чунки бўйин томиримиз гап кўтара олмайди-да”, – деган гаплари ёдимга тушган эди. Аммо ичимда бу фикрга эътирозим – бор: йўқ, хўжами, қорачами ёки хосми, авомми, мутлақо фарқи йўқ, одам боласининг ҳеч бири гап кўтара олмайди, бобожон!
– Кемага кирганнинг жони – бир! – дедим ноиложликдан шеригимга.
Шунда бўлиб ўтган бир воқеа ҳақида Алишер Навоийдан ўқиганим ёдга тушди-ю, айтмадим. “Шоҳи жаҳон” шеригим шундай жаҳлга минган эдики, айтадиган ҳолат эмас эди. Ахир, ёниб турган устига керосин сепиб бўладими?!
Келинг, сизга айтай.
Икки киши бир манзилдан келишаётган экан. Бири иккинчисига:
– Шу ерда бир оғайним яшайди. Шундоқ кириб, бир ҳол-аҳвол сўраб чиқсам, майлими? – дебди.
– Майли, кириб чиқаверинг, мен сизни шу ерда кутиб тураман, – дебди иккинчиси.
Ҳалиги шерик шу кириб кетганича, кечгача ҳам чиқмабди-да. Уйда базми жамшид авжида экан. Бу ҳам қўшилибди. Ҳеч чиқиб, буни шеригига тушунтиришнинг иложи бўлмабди-ку. Охири: “Шунча кутмас, кетиб бўлгандир”, – деб ўйлаб, ўтираверибди. Базми жамшиддагилар кечаси мезбонникида ухлаб қолишибди. Эрталаб нонуштани қилиб, кейин тарқашибди.
Ҳалиги шерик чиқса, ўртоғи ўша жойдан қимирламай уни кутиб турибди. Кечаси билан қор ёғиб, салласи устида яна бир салла пайдо бўлибди ҳам.
– Мен-ку чиқиб узримни айта олмадим, сиз кетавермадингизми? – деб сўрабди ундан хижолат бўлиб меҳмонга кирган.
– Қандай кетаман, ахир. “Кутинг, келаман”, – дедингиз, кутдим, келдингиз. Ахир, қачон келишингизни айтмаган эдингиз-ку. Сиздан ҳеч хато ўтгани йўқ, – дебди.
Эҳ, дедим ичимда, бундай сўфийқалб кишилар бўлса қадим замонларда бўлгандир?
Ҳаммамиз яхши тушунамизки, замонимиз – ёмон тиғиз. Кимдир дўконига, кимдир мажлисга, кимдир дарсга, кимдир ишхонасига вақтида етиб бормаса, тамом-да. Лекин бу шеригим тўйга келган. Тўйхонага бориб ҳам, ҳеч иш қилмайди. Ўтиради. Унда у нега тихирлик қилиб, кўнглимни бунчалар ранжитди?
Касалимиз дўхтирга кўриниб, хурсанд бўлиб чиқди. Муолажалар анча фойда қилибди. Уни Амир Темур майдонида туширдим. Шеригимнинг важоҳатини сезмади ҳам бечора. Хайрият.
Аммо бу савобим ўзимга мутлақо татимади. Шеригим заҳар қилди-ку.
Яна бир карра аниқ хулосага келдимки, кўплар манфаатига зиғирча зиён етишини асло истамайди. Ҳолбуки, ҳаёт жуда мураккаб нарса. Манфаатингга зиғирча зарар етказмай яшашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. “Ҳеч ким менинг манфаатимга зиғирча зарар етказмаслиги керак!” – деб яшаш – худбинликдан бошқа нарса эмас. Чунки ҳаётда ҳамма вақт ҳам бундай бўлавермайди-да.
Жўралар билан тоғ-поққа дам олишга чиқсак, овқат каминанинг гарданида бўлади. Кимдир пишириши керак-ку, ахир. Ўша мен бўлсам, нима қилибди? Қайтанга, обрўй эмасми бу?
Ўз манфаатларингдан кечиб-кечиб, сўфий бўласан.
Мен бундан бошқа ҳақиқатни билмайман.
Шунча гапдан кейин бир муҳим масалага аниқлик киритмасак, бўлмас. Хўш, ўша мени жеркиган шеригимнинг нима манфаатига зид иш қилдим?
Биринчиси, санаторийда даволанаётган биродарим унга ёқмаган бўлиши мумкин. Одамлар ҳар тоифа-да. Ҳамма яхши кўрадиган одамни ҳам кимдир жуда ёмон кўради, ахир. Кўп кишига жинлари бошқани ёмон кўрсатади. Ҳозирги тушунчалар билан ифодалаганда, авраси аврасига тўғри келмайди.
Иккинчиси, биз иккимизнинг бундай оғайнигарчилигимиз унинг ғашини келтирган бўлиши ҳеч гап эмас. “Нега менинг бундай оғайниларим йўқ?” – деб ўйлаган бўлса-чи?
Учинчиси, унинг Бухородан келган шериклари бор эди. “Улар ҳозир тўйхонада базми жамшидни бошлаб юборишган. Мен бўлсам шундай ширин даврадан қолиб кетиб, бу одамнинг манфаати учун аҳмоқ бўлиб бу ерларда сарсону саргардон бўлиб юрибман”, – деб фикрлаган бўлса ҳам, ажаб эмас.
Келдик. Амир Темур майдонидан Сергелигача бир оғиз ҳам гаплашмадик. Ўртамизда эълон қилинмаган уруш аллақачон бошланиб бўлган эди.
Тўйхонада, чиндан ҳам, базми жамшид авжида экан. Хайрият, шеригим ҳам даврага қўшилди. Бўкиб-бўкиб ичди. Пешиндан кейин дастурхон бошида тонг қотиб ухлаб ҳам қолди. Кечқурунги тўйга ҳозирлик учун уни зўрға уйғотишди.
Хўш, охири нима бўлди? Кўнглимда бу шеригимнинг юзига каттагина хоч, яъни крест тортилди. Шу-шу, ноилож бўлмасам, у билан ўтириб турмайман. Уйига боргим келмайди. Шерикчилик қилмайман. Асло! Ахир, кўр ҳассасини бир марта йўқотади.
Биз “имтиҳон” деса, таълим муассасасини битириш ёки унга киришдаги савол-жавобнигина тушунамиз. Йўқ! Ҳар лаҳзамиз – имтиҳон. Аллоҳ ўзаро учраштирган ҳар икки одам, аввало, бир-бирига, қолаверса, Яратган ҳузурида имтиҳон топширяпти.
Адабиётчи сифатида “айб”имни очиқ бўйнимга оламан: бадиий тўқима асосида битилган ҳикояларни қийналиброқ ўқийман.
Бу ёзганим тўқилган ҳикоя эмас.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси