Фидойи
“Энг улуғ, энг азиз танлови”га
– Сизга бир ажойиб саховатпеша инсон ҳақида ҳикоя қилиб берсам, нима дейсиз? – дейди Расулжон. – Қаламкаш одамсиз-ку, балки бирон нарса ёзарсиз… Лекин ёзсангиз арзийди, – кейин қўшиб қўяди, – кўпларга сабоқ бўлади. Мен сизга айтсам, ака, бунақа фидойи, саховатли, бағри кенг инсонлар кам бўлади… Э, бошқача-да, бу одам! Қойил қолиш керак.
– Э, юракни қизитмай айтадиган бўлсангиз айтинг-да, биродар, – дейман ўзимни атайин зардам қайнагандек тутиб.
Расулжон Акбаров – ҳамхонам. Мана бир ҳафтадирки, бу бори ташида, дали-ғули киши билан “Арашонбулоқ” сиҳатгоҳида бирга даволаняпмиз. Бу кунлар ичида у мени, мен уни анча-мунча таниб-тушуниб, феълимизу хўйимиз, баланд-паст томонларимизни унча-бунча бўлса-да билиб, ўзлаштириб улгурдик. Асли учқўрғонлик дўстимиз гапни узоқдан бошлашни, одамнинг юрагини обдон қиздириб, кейин бозиллатиб “сув сепиш”ни хуш кўради. Ўзи ҳам асли сувчию… аммо бугунда катта олим – психолог. Кўп йиллар вилоятдаги пединститутда талабаларга руҳшуносликдан дарс берган. Ҳозир пойтахтда, олийгоҳларнинг бирида ишлайди. Профессор.
– Қодиржон Турсунович дейишади у кишини, – дея ҳикоясини бошлайди ҳамхонам. – Ўзлари бизга ҳамюрт. Зўр ирригатор! Нафақат Наманганда, балки водийда ҳам бу одамни яхши танишади, ҳурмат қилишади. Ёр-биродарлари орқаваротдан “ўз қобиғига сиғмаган одам”, дейишади уни. Мардларнинг марди-да, ўзиям! Бу ёғини сўрасангиз, биз у киши билан анча аввал Катта Наманган каналининг иккинчи навбати қурилишида танишиб қолганмиз. Ўшанда Қодиржон каналнинг энг қайноқ участкаси Ғирвонсой гидроузелида прораблик қиларди. Ғайрати ичига сиғмаган чақмоқдек йигит эди. Мен, болапақир уч йиллик умримни олис Владивостокда, ҳарбий денгиз флотида совурганим ҳам етмагандек, ўқишдан ҳам “гуппон” бўлиб, бу қўтир бошимни қай ковакка уришимни билмай, фалакнинг гардиши билан шу қурилишга бориб қолдим. Аламимни меҳнатдан олмоқчи, ё ўзимни кўрсатмоқчи бўлдимми, ким билсин… Ёшлик-да! Хуллас, шу Қодиржоннинг қўлига тушдим. Билсам, иккимиз ҳам бир жойдан – Учқўрғондан, бир-бирига ёндош қишлоқдан эканмиз. Буни қарангки, ўхшатмасдан учратмас, демоқчи тақдиримиз ҳам уйқаш чиқиб қолди. Университетга киролмаганимни эшитган Қодиржон;
– Заб иш бўпти-да! – деди кулиб. – Бизга сизга ўхшаган йигитлар керак. Мана бунақа жойларда ишласангиз, ҳаётнинг ҳам, ўқишнинг ҳам қадрига етасиз. Ҳечқиси йўқ, келгуси йили, келгуси йили бўлмаса, ундан кейингисида, албатта, кирасиз. Муҳими ният бутун бўлса бўлгани.
Яшириб нима қилдим. Унинг бу чапараста гапини эшитиб, ўшанда бироз ғашим келгани, менга ҳамдардлик билдириш ўрнига устимдан куляптими, деб ўйлаганим ҳам рост. Ёш бўлишига қарамай ҳийла зийрак, синчков йигит экан.
– Кўнглингизга олманг, – деди кўзимга бу гал жиддий тикилиб. – Ўзим ирригация институтига уч марта ҳужжат топшириб, учинчи йил деганда кирганман. Бу вақт орасида шу ҳозирги сув қурилиши бошқармасида оддий ишчи, бетон қуювчи бўлиб ишладим. Одам танидим. Оқ-қорани ажратадиган бўлдим. Шунинг учун бўлса керак, институтни яқинда битирганимга қарамай, мана, каналнинг энг масъулиятли бўлимини бизга ишониб топширишди.
Бу гапдан кўнглим ёришди. Меҳрим ҳам тушиб қолди бу йигитга. Ғирвонсой гидроузели қурилиши каналнинг ҳақиқатан “юраги” эканлигини шу ерда иш бошлагач билдим. Улкан сойнинг шаҳар усти, адирнинг қоқ тепасидан ўтган қисми нақ бир чақиримлик дара. Сойнинг ҳар икки қирғоғи икки-уч терак бўйи жарлик. Пастдан туриб қарасангиз, дўппингиз тушиб кетади. Тасаввур қилинг энди, шу дарани тўлдириб, тупроғини обдон қотириб… энг остига сой, сел сувлари ўтадиган баҳайбат қувурларни ётқизиб, яна жарлик тепасигача тўлдириб, кейин яна қайтадан кавлаб, шиббалаб, бетонлаб баҳайбат дара оша канал сувини нариги қирғоққа олиб ўтишимизга тўғри келарди. Бу қурилиш ўз даврида республика зарбдор қурилиши, деб эълон қилинган эди. Сиз, журналистлар тили билан айтадиган бўлсам, ўша кунлари бутун мамлакатнинг кўзи бизда эди. Наманганнинг бир эмас бир неча туманлари ери, қир-адирлари “сув-сув” дея бизга кўз тикиб турарди. Буёғини сўрасангиз, бу депарадаги қишлоқлар аҳлининг назар-нигоҳи, умид-орзуси ҳам бизда эди.
Кечагидек эсимда. Канал қурилиши авж нуқтасига чиққан кунларнинг бирида биз ишлаётган Ғовасой трассасига республика Марказқўми биринчи котиби Шароф Рашидов келган эди. У киши аввалига ҳамроҳлари билан тупроқ-дўнглар ошиб, пойи-пиёда юриб шу кунгача амалга оширган ишимиз билан яқиндан танишди. Сўнг бу участкага ким раҳбарлик қилаётгани билан қизиқди. Биз қурувчилар вилоят раҳбарлари даъвати билан катта сайхонликка йиғилаётган эдик. Қодиржон меҳмонларнинг орқароғида борарди. Вилоят раҳбари Шароф аканинг ҳалиги сўровидан кейин шошиб, тараддудланиб қолди. Ўрнида тўхтаб, ён-атрофига қаради. Участка бошлиғимизга кўзи тушиб, “тез бўл, олдига ўт” дегандек ишора берди. Қодиржон бошидаги кепкасини қўлига олиб, илгарилади. Юзи-кўзида ҳаяжон бор эди. Ҳамма ўртани очиб, унга йўл берди. Шароф Рашидов қаршисида пайдо бўлган ёшгина йигитга самимий қўл узатди.
– Бу ерларнинг раҳбари сизми? – дея сўради кейин.
Қодиржон хиёл бош ирғади. Унинг ўрнига обком котиби Мирзаолим Иброҳимов жавоб берган бўлди.
– Синалган, серғайрат кадрларимиздан. Институтни ўтган йили имтиёзли диплом билан тамомлаб келди. Унгача уч йил каналда бетон қорган, оддий ишчи бўлиб ишлаган…
– Яхши, – деди Қодиржонга бошдан-оёқ қизиқсиниб қараркан Шароф Рашидов. – Демак, каналнинг ўз одами экан-да, бу йигит… Хўш, ука режалар қандай? Каналнинг бу қисмини қачон топширмоқчисизлар?
– Бош план бўйича уч йилда битиришимиз керак, – деди Қодиржон дадил туриб. – Битта муаммомиз бор. Шуни ҳал қилишга ёрдам берсангиз… Участка бошлиғи бу ёғига нима деярини билмагандек бир зумга тараддудланиб қолди. Вилоят раҳбарининг, Тошкентдан келганларнинг юзлари оқарди. “Ғирт думбул экан-ку, бу бола! Бу гапи билан нима демоқчи-ю, қандай муаммони қўймоқчи? Тавба-тавба!”
Қодиржон бу орада анча ўзини босиб, фикрини жамғариб олган эди.
– Канал қирғоғи, жарликларнинг тупроғини олиб, текислаш қийин кечяпти, кўп вақтимизни олиб қўйяпти, – деди Қодиржон республика раҳбари кўзига дадил қараб. – Агар мамлакат миқёсидаги энг тажрибали портлатувчиларни қурилишимизга жалб этиб берсангиз, ишимиз жадаллашган, канални уч йил эмас, бир йилнинг ўзида ишга туширган бўлардик.
Шароф Рашидович ҳамроҳларига “бу боланинг дадиллигини кўринглар”, дегандек нигоҳ ташлади. Нуроний юзига кулги югурди.
– Бунга ишончингиз комилми, ваъда берасизми йигит?
– Ишончим комил, агар сиз ёрдам берсангиз, портлатувчилар бригадаси иш бошласа, канални бир йилда битирамиз.
Шароф Рашидов сал нарида турган сув хўжалиги вазирига юзланди.
– Шахсан шуғулланинг, каналга энг яхши портлатувчилар отрядини жалб қилинг!
– Хўп бўлади, Шароф Рашидович, – деди вазир.
– Таклифингиз учун раҳмат! – деди Шароф Рашидович Қодиржонга мамнун нигоҳ ташларкан. – Ишингизга муваффақиятлар тилайман!
Шундан кейин республика раҳбари ён-атрофини қуршаб олган қурувчиларга юзланди.
– Сизлар дўстларим, жуда катта тарихий ишни амалга оширмоқдасиз. Сув – бу ҳаёт демак. Наманганнинг эртаси, пахтачилигимиз истиқболи сизнинг меҳнатингиз билан бевосита боғлиқ. Сизлар Нориндан етаклаб келаётган “оби ҳаёт” қанчадан-қанча дала-қирларни обод қилади. Наманган адирлари ҳадемай яшнаб кетади. Янги боғлар, пахтазорлар барпо бўлади. Ҳали бу ишларингиз билан келгусида фахрланиб юрасиз. Фарзандларингиз, невараларингиз ҳам сизлар билан фахрланишади. Мен ёш раҳбарларингга ишондим. Бу йигитнинг дадиллиги, ишнинг кўзини билиши мени бағоят хурсанд қилди. Албатта, айтилган ёрдамни берамиз. Ишларингга омад тилайман!
Трассани гулдурос қарсаклар тутиб кетди…
Бир ҳафтага қолмай Грузиядан мамлакат миқёсидаги катта қурилишларда ишлаб тажриба тўплаган портлатувчилар отряди етиб келиб, ишга киришди… Ишимиз жадаллади. Шап-шап дегунча, шафтоли деб қўяқолай. Биз Қодир Турсунович бошчилигида бу катта тарихий ишнинг, республика раҳбарига берган ваъдамизнинг уддасидан чиқдик. Уч йилга мўлжалланган ишни бир йилда уддалаб, Наманган, Тўрақўрғон, Чуст туманларидаги янги очилган яқин қирқ минг гектар ерга ҳаёт бағишладик. Бугун биз қурган канал шарофати билан қанчадан-қанча мевазор боғлар, пахтазор, буғдойзорлар яшнаб, эл-юртга ризқ-рўз беряпти. Қодиржон кеча-ю кундуз тиним билмасди. Адирнинг қоқ тепасига вагон ўрнатиб олганди. Шу ерда яшарди. Дам ер кавлаётган экскаваторчилар, дам тупроқ шиббалаётган бульдозерчилар, зум ўтмай биз бетон қуювчилар қошида пайдо бўлиб қоларди. Қўлида лойиҳа-смета ҳужжатлари. Эгнида коржома, бошида кепка. Қурилишнинг кетиши, мароми, сифатидан тортиб, ишчиларга яратилган шароитлар, уларнинг озиқ-овқати, дам олишигача ёш раҳбаримиз диққат-эътиборида эди. Ойлаб уйига бормасди. Бир куни бир онахон Қодиржонни излаб келди. Бошида каттагина тугунчак. Терлаб, пишиб кетибди ўзи ҳам. Бу пайтда участка бошлиғимиз қўлидаги ускуна билан бетон зичлигини ўлчаётган эди. Меҳмонни кўрди-ю, тошдек қотди. Кейин тезликда уёқ-буёғини йиғиштириб, онахоннинг йўлига пешвоз чиқди. Бора солиб бошидаги тугунни олди.
– Вой, шу иссиқда нима қилиб юрибсиз, онажон?! – деди.
Онахон “соғинтирдинг-ку, болам”, деб қучоғини очди. Бу Қодиржоннинг онаси эканини шунда билдик.
– Икки ойдан бери дарагинг йўқ, шунчалар бемеҳр бўласанми, болам! Қудаларга ҳам нима дейишимизни билмай қолдик. Қариндош-уруғлар “тўй қачон” деб сўрагани-сўраган… Ишинг ҳам бор бўлсин-да, болам!
Қодиржон кулиб, онасининг елкасидан қучди.
– Ўзимнинг онажоним! Қариндошларга айтинг, кўнгилларини тўқ қилишсин. Тўй албатта бўлади. Канални бир йил ичида битиришимиз керак. Оз қолди. Канал битиб, сув очилган куни тўй қиламиз. Кўрасиз, ҳамма каналчиларни, дўстларимни бошлаб бораман. Катта тўй бўлади!
– Вой тилингга шакар! – ўғлининг иссиқда қорайиб, буғриқиб кетган юзларидан чўлпиллатиб ўпиб олди онахон.
Қодиржон “э, овора бўлибсиз-да, онажон”, деб кула-кула тугунни очди. Бир тоғора сомса экан. Ҳали совиб улгурмаган сомсани талашиб-талашиб еганларимиз… Кейин ҳаммамиз – бутун участка йигитлари канал битган куни, айни кўкламда Учқўрғонга бориб, Қодиржон билан Эътиборхоннинг тўйини ўтказганимиз куни кечагидек кўз олдимда туради…
Канал битгач, мен ҳам Тошкентга кетдим. Биринчи йили борганимда орттирган дўстларимни топиб, уларникида яшаб, имтиҳонларга қаттиқ тайёргарлик кўрдим. Ўша йили омадим келиб, имтиҳонлардан ўтиб, Низомий номидаги педагогика институти (ҳозирда университет. О.Н.)психология факультети талабаси бўлдим. Ўқиш, илмий изланишлар сабаб дўстим Қодиржон билан анча йил кўришолмай ҳам қолдик. Аммо бот-бот қўнғироқлашиб турардик. Вақт орттириб қишлоққа борганимда дўстимни кўриб, ҳол-аҳвол сўраб қайтардим. Қодиржон Турсунович кўп йиллар сув қурилиш бошқармасига раҳбарлик қилди. Кейин Учқўрғон тумани сув хўжалиги бўлимини бошқарди. Вилоятдаги, туманимиздаги қанчадан-қанча қўшимча каналлар, қурилишларнинг бошида турди. Ўз меҳнати, шижоати билан бутун водийга, республикага кимсан Қодиржон Ўтбосаров бўлиб танилди. Ташаббускорлик, тиниб-тинчимаслик, янгиликка ўчлик, яратувчанлик иштиёқи бизнинг Қодиржон қалбини бир зум бўлса-да тарк этган эмас. У ҳамиша эзгулик йўлида жўшиб юради. Ҳаммага яхшилик қилишни ўйлайди. Инсондан бу дунёда яхши ном қолиши керак, дейди. Ўзи ҳам тинчимайди, ўзгани ҳам тинчитмайди.
Беш-олти йил бўлди-ёв, қишлоққа ўтиб бораётиб дўстимни шундоққина йўл устида, Катта Фарғона канали ёқасида учратдим. Ўшанда у вилоятда ишлармиди, тумандами ҳозир эсимда йўқ. Қодиржон одамлар билан нималарнидир маслаҳатлашиб турарди.
– Ассалому алайкум, ҳорманглар! – деб давра сари яқинлашдим.
Дўстим менга кўзи тушиб, хурсанд бўлиб кетди.
– О, руҳшунос, жаноб профессор, бизга сизнинг ҳам маслаҳатингиз керак! – деди қучоғини очиб кўришаркан.
– Ҳорманглар-ҳорманглар, ниманинг ҳаракати? – қизиқсиндим.
– Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг сўзларини эшитдингизми, дўстим? – деди Қодиржон саволимга савол билан жавоб қайтариб. – У киши биз, раҳбарларни халқнинг ичига киришга, одамларга муносиб шароит яратишга чорлаяпти. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деяпти. Ҳаммамизни тадбиркорликка, яратувчанликка ундаяпти. Одамлар биздан рози бўлсин, деяптилар. Қани энди менга айтинг, ўртоқ руҳшунос, давлат раҳбари шундай деб тургандан кейин сиз билан биз қўл қовуштириб туришимиз инсофданми? Мана шу ердан ҳар куни ишга ўтаман. Каналнинг ёқасида анчагина дўнглик, тоза тупроқ офтобда куйиб, қовжираб ётибди. Бу ерни ҳатто баъзи ноинсофлар ахлатхонага айлантиришибди. Ён-атроф қишлоқ. Ана мактаб, ёнида боғча. Энг гавжум жой. Шунақа тўзиб ётиши яхшими? Туманимизга, қишлоғимизга узоқ-яқиндан келаётган меҳмонлар нима деб ўйлашади? Уят эмасми?! Шуни ўйлаб, ўтган куни иккита бульдозер олиб келиб ана шу дўнгликни ахлатдан тозалаб, текислатдим. Мана, бип-бинойи жой бўлди. Бу киши шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдуллаев, – ёнидаги ҳамроҳларини менга таништира бошлади Қодиржон. – Бу йигит туманимиз бош архитектори… Бу киши ҳокимиятдан… Шу ерда одамлар дам оладиган чиройли бир оромгоҳ – Гузар қурсакми, деб турибмиз. Ошхонаси, чойхонаси, ҳатто кутубхонасигача бўлади. Бу йўлдан ўтиб бораётган одамлар ҳам, ён-атроф қишлоқдаги аҳоли, ёшлар ҳам ушбу ерга келиб бир паст ўтириб, ҳордиқ ёзиб, овқатланиб, чой ичиб, китоб ўқиб, газета-журналларнинг янги сонлари билан танишишса, қандай яхши! Биз шу ишни қиламиз! Яширмайман. Бироз жамғариб қўйганим бор. Келинингиз, фарзандлар ҳам, қўйинг-чи маҳалла-кўй ҳам “биз ҳам қараб турмаймиз”, дейишяпти. Мана шаҳар ҳокими ҳам биз тараф. Нима ёрдам керак бўлса биз тайёр деб туришибди. Бугуннинг ўзида меъмор дўстимиз билан лойиҳасини тузамиз. Бир ҳафта-ўн кунда ишни бошлаймиз. Жаннатмонанд жой бўлади. Хўш, маъқулми? Таклифингиз бўлса, бажонидил, жаноб профессор.
– Қойил, – дедим. – Табриклайман! Бу ишларингиз жуда яхши. Ҳам одамларга шароит, ҳам қўшимча иш жойлари дегани-да. Лекин таклифим ҳам йўқ эмас…
– Ана шуни айтинг-да, дўстим, – кўзлари ёниб қаради менга Қодиржон.
– Ана шу қурилажак маҳалла марказида ёшлар, хотин-қизлар учун касб-ҳунар маркази ҳам очсанглар, компьютер саводхонлиги, тил ўргатиш курсларини ҳам ташкил этсанглар, жуда савобли иш бўларди.
– Оғзингизга асал! Мана буни таклиф деса бўлади, – яшнаб кетди дўстим. – Ҳар ҳолда катта олим, руҳшуноссиз-да. Раҳмат Сизга. Янаги келишингизгача бу ишларнинг ҳаммаси бўлади. Ишонинг бу ерда бутунлай бошқа манзарани кўрасиз.
– Сизга ишонмай ўлибманми ё сизни энди кўряпманми? – дедим.
Бу гапимдан ён-атрофдагилар кулиб юборишди. Қодиржон ҳам яйраб кулди.
– Энди бир пиёла чой ичамиз, – деди Қодиржон. – Бугун сизларга ўз қўлим билан ош қилиб бермоқчиман.
– Мени уйдагилар, қариндош-уруғлар кутиб ўтиришибди, – дедим мен. – Хўп десангиз, сиз айтган бир пиёла чойни маҳалла гузарида, янги чойхонада ичамиз. Ошни ҳам ана ўшанда еймиз.
– Жоним билан!
… Тошкентга қайтгач, Қодиржоннинг қўнғироғини кутиб юрдим. Дўстим кўп куттирмади. Орадан тўрт ойча ўтиб, қўл телефоним жиринглаб қолди. Қарасам, қадрдоним.
– Гузар битди, – деди у салом-аликдан кейин. – Эртага соат ўн бирда очилиш тантанаси. Кела оласизми?
– Ўша ваъда-ваъда дедим.
Эртаси тонг билан “Қайдасан Учқўрғон!” деб довон оша йўлга тушдим. Тезроқ боргим, дўстимнинг ишларини, янги маҳалла гузарини кўргим келарди. Етиб келдим ҳам. Воҳ, бу ердаги манзара! Кечаги канал бўйидаги дўнглик ўрнида гўзал, замонавий кошона қад ростлабди. Тағин миллий услубда қурилганини айтмайсизми! Қодиржон бино устунларини қўқонлик машҳур ўймакор усталарга буюртма берган экан. Улар бу устунларни, бино эшикларини шундай нақшлар билан безашибдики… Ярақлайди! Кўриб кўзингиз яшнайди. Мана буни ҳақиқий маҳалла маркази, деса бўларди. Ҳамма хурсанд, ҳамма шод. Карнай-сурнай садолари кўкка ўрлайди. Бир катта дошқозонда шўрва қайнаяпти, бирида ош. Вилоят, туман раҳбарлари, ҳамма учқўрғонликлар шу ерда. Болажонларнинг яйраганини кўрсангиз. Ҳақиқий байрам. Дўстим менга кўзи тушиши билан шодон кулиб кела бошлади. Қучоқлашиб кўришдик. Инимдек бўлиб қолган ҳамюртимни навбатдаги хайрли иши, ташаббуси билан чин қалбимдан табрикладим. Дўстим тирсагимдан тутиб, мени азиз меҳмонлар, вилоят, туман раҳбарлари ўтирган даврага бошлади. Мени уларга “тошкентлик олим дўстим, қурилишимизда бу кишининг ҳам катта ҳиссаси бор”, дея ўхшатиб таништирди…
Гузарнинг очилиш тантанасини туман ҳокими кириш сўзи билан очди. Алвон тасмани қирқиш учун вилоят ҳокимини даврага таклиф қилганди, ҳоким ўз навбатида Қодиржонни даврага чорлаб қолди.
– Шундай улуғ ишни бошлаб, халқимиз учун шундай гўзал кошона қуриб берган инсонсиз бу бинони очиб бўларканми, – деди вилоят раҳбари. – Қани келинг, Қодиржон Турсунович. Сизнинг бу хайрли ишингизни халқимиз асло унутмайди. Кўп йилларга соғ-омон бўлинг!
Дўстим алвон тасмани вилоят раҳбари билан бирга қирқишиб, ҳаммани ичкарига таклиф этди. Ошхона, чойхона, кутубхона… Эшиклар пештоқидаги “Ўқув – ҳунар маркази”, “Тил ўрганиш маркази”, “Компьютер курси” ёзувларини ўқиб, ичкаридаги янги, ярақлаган жиҳозу ускуналарни кўриб, юрагим тошди…
Қайтиб чиққанимиздан кейин ҳамма дастурхонга таклиф этилди. Мен шаҳар ҳокими билан бирга ўтириб қолдим.
– Дўстингиз ажойиб фидойи инсон-да, – деб қолди Шавкатжон. – Қодиржон акага қойил қолган жойим бинонинг бир четига “бу марказ Қодир Турсунович Ўтбосаров ташаббуси билан бунёд этилган”, деб ёздириб қўйган эдик. Шунга кўзи тушиб, олгизиб ташлабди. У кишининг саховатпешалиги ҳақида кўпларга ибрат бўладиган яна бир воқеани сизга айтиб бермасам бўлмайди. Биз акага “мана маҳалла гузари битди, энди уни бошқаришни ўз қўлингизга олинг ё ўзингизнинг номингизга ё ўғлингизнинг номига расмийлаштириб берайлик, ахир озмунча меҳнат қилдингизми”, дегандик, дўстингиз, “йўқ, Худога шукр менга давлат катта маош беради. Аёлим шифокор, у ҳам каттагина ойлик олади. Ўғил-қизларимнинг ҳаммаси ўзидан тинган. Уйли-жойли, дов-даскали. Яхшиси бу бинони оқсоқоллар, маҳалла кайвонилари билан маслаҳатлашиб маҳалладаги энг серфарзанд оилага расмийлаштириб беринглар, деди. Тасанно-да! Мана буни ҳақиқий саховатпешалик деса бўлади…
…Яқинда яна ота юртга бордим. Қодиржон Турсунович етмишдан ошиб, нафақага чиқибди. Ишни шогирдларига топширибди. Бир пиёла чой устида анчагача гурунглашиб ўтирдик. Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам гаплашдик. Дўстим хайрлашаётганимизда:
– Сиз қадрдонимга дилим тубидаги бир гапимни айтай-да, — деб қолди.
– Айтинг, – дедим.
– Юртбошимиз олиб бораётган тарихий ишлари, ислоҳотлари, халқни рози қилиш йўлидаги фидойиликлари, вилоятма вилоят юришлари… шаҳар-қишлоқларимиздаги улкан қурилишлар, янги-янги корхоналар, тураржойлар, йўллар, кўприклар… Буларни кўриб, уйда тинч ўтиролмаяпман, рости. Давлатимиз раҳбарига бир-иккита ғояларимни ёзиб юбордим. У кишидан жавоб келса, оқ фотиҳа берсалар, Учқўрғонда ҳали катта ишлар қиламиз.
– Қандай ишлар экан? – қизиқсиндим.
Бу ҳақда ҳали бафуржа яна гаплашамиз, деб кулиб қўйди дўстим.
Ортиқали НОМОЗОВ,
журналист