Самандарлик қисмати

«Жароҳатлар мени жарроҳ қилди», — дейди болалар шифокори Одилжон Маҳмуджонов

 

“Ота-онам оғирроқ касал бўлиб қолишганида, бола эдим. Маҳалладаги ўртоқларим онасининг касали юқиб қолади, деб мени яккалаб қўйишган. Ҳеч ким мен билан ўйнамаган. Бу болалик руҳиятимда ўз аксини қолдирган. Бир сафар йиғлаб кириб: “Бува, кечаси-ю кундузи ўқиб бўлса ҳам доктор бўламан. Сизни даволайман!” деб онамга, аслида ўзимга онт ичганман…” Бу Фарғона шаҳар болалар шифохонаси жарроҳлик бўлими мудири, болалар жарроҳи Одилжон Маҳмуджоновнинг хотира дафтаридан лавҳа.

Қандли диабетдан қисқа бўлган онасининг умрини у ҳозир неча-неча болажонларда узайтирмоқда. У дилига тукканидек, ундан ҳам аълороқ шифокор бўлди. Айни пайтда вилоятда йирингли-септик касалликлар бўйича ягона мутахассис. Ўпкаси, суяги, бутун бадани йиринглаб кетган ойлик чақалоқдан тортиб 18 ёшгача бўлган болаларнинг нажот истаб талпинган маскани – унинг жарроҳлик столи.

Андижон давлат тиббиёт институти жарроҳлик факультетини битириб қайтгач, 38 йилдан буён бир олий мақсад билан ишлаб келмоқда: Одамларни рози қилиш. “Мен мана шу даргоҳга қадам қўйганимда, албатта одамларнинг дилига тушадиган, уларни рози қиладиган, “совға-салом”га кўз тикмайдиган ҳалол инсон-шифокор бўламан, деб ният қилганман. Келганимдан буён шу битта хонада ишладим. Мансаб-амал, бойликка интилмадим. Бу ҳолимга куладиганлар ҳам кўп. Лекин мен ўз олдимга нимаики мақсад қўйган бўлсам, ҳаммасига эришдим. Тўрт мучам соғ, хотиржамман, тўрт фарзандимдан кўнглим тўқ, уйим, болаларим тинч. Шунисига шукур қиламан”, дейди Одилжон ака. Чиндан ҳам у ота-онасидан эрта етим қолгани, 42 ёшида рафиқасидан айрилгани, 3 қиз ва бир ўғлига ҳам ота, ҳам оналик меҳрини бериб, ўзигагина аён машаққатларни енгиб келаётганига қарамай, бутун вужуди шук­роналик ҳиссига тўла инсон.

Дунёда одамларнинг тили, дини, ирқи, миллати турли бўлиши мумкин экан-у, фитрати бир хил бўларкан. Шу маънода, виждонли, касбига садоқатли инсонларнинг маслаги ҳам айни экан. Машҳур “Қутқарувчи” фильмидаги бош қаҳрамондан: “Неча одамни чўкишдан (ўлимдан) қутқариб қолгансан?” деб сўрашса, “Саккизта. Саккизта одамни қутқаролмаганман…” дея жавоб берган. Одилжон Маҳмуджоновнинг тилидан ҳам “Нечта болани даволаганим эсимда йўқ. Аммо ўпкаси йиринглаб, сепсис ташхиси қўйилган 9 ойлик беморимни сақлаб қололмаганим сира ёдимдан чиқмайди. Худди бунинг иложи бўлган-у, менинг қўлимдан келмагандек роса йиғлаганман ўшанда. Бу воқеа ҳозиргача кўнглимнинг бир чеккасида туради”, деган сўзларни эшитиб, аввалига бу ўхшашликка ҳайрон бўлдим-у, сўнг “Муваффақиятсизларнинг тарихи турлича бўлиши мумкин. Аммо музаффарлар бир-бирига жуда ўхшайди”, дея ўйладим.

Касбдан ҳурмат, ризқ топиш сирини одамийлик, фидойиликда деб билади. “Болаларнинг бир жойи оғримайди, ўпкаси шамоллаган, бадани йиринглаган, боши оғрийди, йиғидан тиним билмайди, организми чарчаган. Ана улар билан ишлаш қийин. Шифокор оғриқни ўзи ҳис қилмагунича, айниқса, боладаги қийноқни ўзидан ўтказиб кўрмагунича, яхши доктор бўлолмайди, яхши даволай олмайди”, дейди Одил Маҳмуджонов. Бировнинг оғриғини ҳис қилиш шунчаликки, йигирма дақиқалик суҳбатимиз 2-3 соатга чўзилди. “Эшик тагида турган одамларни кўряпсизми? Мен бу ерда интервью бериб, ўзимни мақтаб ўтирсам-у, болаларнинг жони оғриб чирқираб туришса… Яхши доктор бўламанми?” Бир бизни, бир ўзини виждонимизга рўпара қилиб, интервью учун келган бизни ҳам айбдордек ҳис қилдира қолди. Кутиб турамиз, бирига ташхис қўйиб, палатага ётқизиб келади. Кутиб турамиз, бирининг операциясига кириб чиқади. Ҳеч кимни кутиб бунақа роҳатланмагандим. Ахир, бу инсон кутишга арзир экан-да.

Шу пайт икки қизи – Дилдора ва Дилрабо опалар кириб келишди. Қизиғи, фарзандлари ҳам отасини кўриш учун ишхонасига келишар экан. “Дадамни уйдан топиб бўлмайди, – дей­ди кулиб кичик қизи Дилдора Раҳмонова. – Ҳамма тушликдан сўнг уйига кетса, дадам кунни кеч қилиб, соат 7-8 ларда уйга боради. Якшанба кунлари ҳам шу ерда. Шунинг учун кўпинча ишхонасида кўришамиз”.

Тинимсиз телефон қўнғироғидан ҳижолат бўлиб, “Жавоб бермасам бўлмайди. Беморларим қўнғироқ қилишяпти” дейди-да, телефон орқали йўл-йўриқ бериб бўлгач, қўлидаги мобил воситасига ишора қилиб: “24 соат – хизматда. Кечаси 11-12, баъзан ярим кечаси ҳам қўнғироқ қилаверишади. Мени дам олмайди, деб ўйлашади, чамамда. Менинг касбим ҳам, ҳунарим ҳам шу. Бошқа соҳада ўзимни ҳеч тасаввур қилолмайман. 60 ёшга кирибманки, чекка туманларга чақиришса ҳам, ёшлар қолиб ўзим кетаман. Касбни севиш шунақа бўлса керак-да”, дейди ҳазилнамо.

“Дадам онамизнинг вафотидан кейин ишга янаям берилиб кетди, – дейди тўнғич қизи Дилрабо Маматқулова. – Иш билан ўзларини овутса керак. Авваллари бизга кўп вақт ажратардилар. Тўғриси, шундай инсоннинг қизи эканимдан фахрланаман. Бундай ота, бундай инсон ҳам кам”.

“Онам қорин бўшлиғи соҳасида саратон касали билан дунёдан кўз юмган. Аям, дадам иккалалари битта институтда ўқишган. Бир-бирларига кўнгил қўйиб, турмуш қуришган. Онам невропатолог эдилар. Севимли инсонидан айрилгач, дадам оғир аҳволга тушиб қолди. Дунё­нинг ишлари қизиқ-да. Дадамни аямнинг жияни, вафотларидан олдин “Шу опанг иш билан ўтиб кетяпти-да. Турмуш қуриши керак-да” деб кўп жони ачиб гапирадиган қариндошимизга қўярда-қўймай уйлантириб қўйдик. Аям яхши. Жигари бўлганимиз учунми, яхши кўради, яхши қабул қилади”, деб суҳбатни давом эттирди Дилдора опа.

Қизлари турли соҳалардан кетишган, ўғли отасининг изидан бориб, шифокорликни танлаган. Баҳодир Маҳмуджонов ёшлигидан дадасининг қўлидан тутиб шу даргоҳга кўп келган, оиладаги муҳит уни шу касбга меҳрини уйғотган. Ҳозир Андижон давлат тиббиёт институтида юз жарроҳлиги бўйича сўнгги босқичда таҳсил олмоқда. Келини Шоҳидахон ҳам бўлажак кардиолог. От изини той босгани рост бўлиб, ўғли ҳам бахтини олийгоҳдан топган. Ҳаёт чархпалаги маромида айланиб турибди…

–         1992 йилда ишга келган бўлсам, Одил ака ўшанда ҳам ишларди, – дейди шогирди, шаҳар болалар шифохонаси жарроҳлик бўлимининг катта ҳамшираси Ҳилола Абдуллаева. – Шунча вақт давомида бирга ишладик, ҳар тарафлама ибрат олса арзигулик инсон. 2000 йилларда бўлимга мудир бўлиб сайланган бўлсалар, беморларга ҳам қулайликлар яратди, шароити оғирроқ ходимларга доим ёрдам қўлини чўзади. “Сиз ходимларнинг ичида юрасиз, кимнинг нима дарди, ташвиши бўлса, айтиб туринг. Менинг иш билан бўлиб хотирамдан кўтарилиб қолиши мумкин”, деб менга тайинлаб турадилар. Жуда болажон, ҳалол, диёнатли. Байрам кунлари бемор болаларга совға-салом улашади. Беморларимиз соғайиб қолганида ҳам, “Одил амаки, Одил опоқи” деб кетгилари келмайди.

– Одил Назиржонович билан 3 йилдан бери бирга ишлаймиз, – дейди шогирди, жарроҳлик бўлими врач-ординатори Ҳасанбой Шокиров. –Устоз сифатида операция йўли, касалликларни олиб бориш, бирламчи кўриш бў­йича доим маслаҳат, йўл-йўриқ бериб келади. Айниқса, шошилмасликка чақиради. Энг аввало, ташхисни тўғри қўйишга аҳамият қаратишни сўрайди. Ҳар бир докторнинг ўзига хос даволаш усули бўлади. Одил акада ҳам шундай. Касалликни биринчи куниёқ беморга тушунтириб қўйилади. Йирингли хирургияда шундай касалликлар борки, сурункали кечиши мумкин. Биринчи навбатда, бу ҳақида беморга тушунтириб қўйинглар, деб ўгит беради. Кечикиб мурожаат қилишнинг оқибатида касаллик сурункали шаклга ўтиб кетади. Болаларда бироз қийинроқ, фақат йиғлайди, айтолмайди. Уларга ширинсўзлик, мулойимлик, эркалаш билан муомала қиладилар.

“Мен бугун нимагаки эришган бўлсам, устоз­ларимнинг ўгити, яхшилиги ва ишга муҳаббатим сабабли эришдим, деб ўйлайман”, дей­ди Одил Маҳмуджонов. Устозлари ҳақида тўлқинланиб гапираркан, ўзи ҳам бугун устоз мақомига етишгани хаёлига ҳам келмагандек туюлди. Исмоил Жалилович, Шукур Маҳмуджонович Тўйчибеков, Иброҳим Самадович Умаров, Бекназаров, Алиев, Донецкий дея шифокорларга хос услубда фахр билан санай кетди. Иш столининг устида ўзи ва яна бир докторнинг сурати турган экан. Қизи Дилдора опа бобом, қайнотасининг сурати, дея изоҳ берди. “Бобом Эргашев Йўлдош Эргашевич шаҳар болалар шифохонасининг бош шифокори, дадамнинг устози, ҳам тақдир тақозоси билан рафиқасининг отаси бўлган. Уларни жуда ҳурмат қиладилар устоз сифатида. Бўлмаса ким қайнотасининг суратини иш столи устида сақлайди?!” деди кулиб.

Ҳозирда жарроҳлик бўлимида 49 нафар ходимга раҳбарлик қилувчи Одил Маҳмуджоновни ҳамма бирдек эъзозлайди. Раҳбар бўлганидан, қўрққанидан эмас, оталарча меҳрибонлиги, инсоний фазилатлари учун ҳурмат қилишади.

“Устозларим кўп айтишган. Одилжон, сиз яхши инсонсиз, ўзгарманг, одамийликдан чиқманг! Яхши доктор бўлиш осон, яхши инсон бўлиш қийин”, дея хотираларини бўлишаркан, қаҳрамонимиз чиндан ҳам у ўгитларни қулоғига қуйиб олгани хатти-ҳаракатлари, юз-кўзидан кўриниб турарди.

“Мен одам ва Аллоҳ муносабатларини айри тасаввур қилолмайман. Одамни норози қилсангиз, Худо рози бўладими? Ёки аксинча. Иккаласи бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Шу ўй ҳамиша миямда туради. Мени ҳаром луқмадан қайтариб турадиган сеҳрли жумлалар ҳам шу”.

Якун сифатида айтишни лозим топдим: ҳеч ким билан суҳбатимиз бунчалик қийин кечмаган. Ҳар қандай олқиш, машҳурликдан беморларига тезроқ ёрдам кўрсатишни шараф деб биладиган, энг муҳими, умри давомида бировнинг пулига кўз тикмаган доктор(лар)нинг борлиги келажакка, хавфсизлик ва саломатлигимизни ишончли қўлларга топшириш мумкин эканига умид уйғотди. “Бор бўлинг, Ердаги қанотсиз фаришталар!”, дегим келди!

Севара АЛИЖОНОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × three =