Сўх — Янги Ўзбекистоннинг бир бўлаги
Куни кеча Сўх туманининг Истиқлол маҳалласи ҳудудида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган болалар соғломлаштириш оромгоҳи тантанали тарзда фойдаланишга топширилди.
Болалар оромгоҳининг очилиш маросими катта тантанага, айтиш жоиз бўлса, дўстлик, шукроналик, яхши қўшничилик байрамига айланиб кетди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъуллари, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Маликшо Неъматзода бошчилигидаги Тожикистон делегацияси, Қирғизистоннинг Баткен ва Қадамжой туманлари ҳокимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, элимиз ардоғидаги устоз ва мураббийлар, таниқли ижодкор ва санъаткорлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда болажонлар иштирок этдилар.
Қарийб 5 гектар майдонда барпо этилган оромгоҳ 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, ёзги мавсум мобайнида 5 сменада жами 1000 нафар ўғил-қизларнинг мириқиб ҳордиқ олишлари, соғломлаштиришлари режалаштирилган. Бу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун 29 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. Таъкидлаш керакки, мазкур оромгоҳ Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳамда унинг ижроси натижасида амалга оширилди.
Тадбирда сўз олганлар ушбу муҳташам ва замонавий кўринишда бунёд этилган иншоот – Сўх болалар соғломлаштириш оромгоҳи Юртбошимиз ташаббуси ва эътиборлари натижаси эканлиги, Давлатимиз раҳбарининг ўз халқига, хусусан, сўхликларга бўлган қайноқ меҳри ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлашди. Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида қайд этиб, бу жараёнда кўҳна тарихга эга Сўхнинг янги Ўзбекистоннинг бир бўлаги сифатида чин маънода янгиланаётганига эътибор қаратдилар.
Байрам тадбири Ўзбекистон ва Тожикистоннинг таниқли санъаткорлари иштирокидаги куй-қўшиқлар, йиғилганларнинг рақслари билан давом этди.
Шунингдек, тантанали тадбир вилоятнинг анклав ҳудудлари – Сўх туманидаги 27 та маҳалла, Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳаллалари ҳамда Риштон туманининг “Чўнғара” маҳалласидаги масъуллар ўртасида ташкил этилган “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” танловлари ғолибларини тақдирлаш маросимига уланиб кетди. Ғолибларга диплом ва пул мукофотлари, 1-ўрин соҳибларига автомобиль калитлари топширилди.
Қувончли тадбир ёрқин томоша – сўхликларнинг жўшқин ва хуррам кайфиятини янада орттирган мушакбозлик билан якунланди.
Шерзод ҚОРАБОЕВ,
“Hurriyat” мухбири