Меҳнат қадр топганда…

Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша илми, салоҳияти, дунёқараши бўлади. Бироқ хаёлот олами сарҳад билмас чексиздир. Шу сабабдан инсон бирор ижод маҳсулини яратишда ўзига хос ёндашиб, янгилик яратишга уринади. Юртимизда сўнгги йилларда имконияти чекланган фуқароларга оддий рассомчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланадими, барча қулай шароитларни яратиб бериш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат ва жамиятнинг асосий вазифасига айланди.

Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевнинг 2023 йил 30 ноябрдан 30 декабргача “Меҳр-мурувват ойлиги” ўтказилиши тўғрисида фармойиши чиқарилди. Бу эса ногиронлиги бўлган, имконияти чекланган фуқароларга янада кўтаринкилик, уларнинг ҳам жамиятда ўз ўрни борлигини эътироф этишга яна бир туртки бўлади.

Шундан келиб чиқиб, махсус мактаблар тарбияланувчиларининг ижод намуналари вилоят “Ёшлар маркази”да ташкил этилган “Инклюзив аукцион”да намойиш қилинди ва сотувга қў­йилди. 350 га яқин санъат асарлари, уй-рўзғорда фойдаланиладиган буюмлар, тақинчоқлар, совғалар кўрган кишини ҳайратлантиради, завқини оширади. Эътиборли жиҳати шундаки, имконияти чеклан(ма)ган ўғил-қизларнинг қўллари билан яратилган санъат асарлари, композициялар қолдиқ материаллардан, оддий буюмлардан яратилган. Бундан ташқари, вилоят раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчиликнинг иштироки тадбирнинг юқори савияда ўтишига замин яратди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Комила Каримова, Охунжон Оллобердиев, Севинч Абдуллаева, Давлатжон Ахриддинов, Фотима Каримова, Азиз Мамараимовларнинг ижодига мансуб санъат асарлари аукцион иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шу боис сувенирлар, тасвирий санъат маҳсули — композициялар ва бошқа асарлар бошланғич баҳоларидан анча юқори нархларда сотилди. Хусусан, Охунжон Оллобердиевнинг бошланғич баҳоси тўрт юз минг сўм бўлган “Елканли кема” сувенири уч миллион сўмга, Севинч Абдуллаеванинг бош­ланғич баҳоси бир миллион саккиз юз минг сўм бўлган олтита расмлар композицияси беш миллион сўмга сотилганлиги бежизга эмас.

Сарфлаган вақтлари, меҳнатлари зое кетмаганлиги, қолаверса, кўргазмали намойиш орқали санъат намуналари аукцион савдоларига қўйилиши ёш ижодкорларга янада кўпроқ рағбат беради. Нуқсонлари борлиги боис уларнинг ўзини бошқалар олдида айбдордек ҳис қилишга эмас, аксинча, ўз устида кўпроқ ишлаб, янги-янги ижод намуналарини яратиб, халқимизга туҳфа этиб ҳайратлантиришга, мўъжизалар оламига етаклашга ундайди.

Баҳром БОЙМУРОДОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − two =