Ёшлар ҳунарли бўлса…

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармонида 2030 йилгача бўлган даврда биринчи устувор йўналиш сифатида айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Зеро, ҳар қандай жамиятнинг эртанги кун истиқболини белгилашда бугун униб-ўсиб, катта ҳаётга кириб келаётган янги авлод вакилларининг билими, кенг дунёқараши, касб-ҳунар эгаси бўлиши ҳал қилувчи аҳамият касб этиши айни ҳақиқатдир.

Айни пайтда Фарғона вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси тизимида 76 та профессионал таълим муассасалари (32 та касб-ҳунар мактаби, 17 та коллеж ва 27 та техникум) фаолият кўрсатмоқда. Таълим муассасаларида 51 мингдан зиёд ўқувчига 3,5 минг ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари 171 та касб-ҳунар бўйича сабоқ беради.

2023-2024 ўқув йилида вилоятда 15,6 мингдан ортиқ мактаб битирувчилари 32 та касб-ҳунар мактабига 41 та касб йўналиши бўйича қабул қилинди. Бу йил эса 25 минг нафардан кўпроқ мактаб битирувчиларини профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Бу йилги битирувчиларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида вилоятдаги 8812 та иш берувчи корхона ва ташкилотлар билан ишлаб чиқариш ҳамда диплом олди амалиётларини ўташ бўйича шартномалар имзоланган.

— Бугунги кунда 760 нафардан ортиқ ўқувчиларимиз талаб ва эҳтиёж юқори бўлган 5 та замонавий касблар бўйича рақобатбардош мутахассислар сифатида тайёрланмоқда, — деди Фурқат касб-ҳунар мактаби директори Шаҳзода Абдуллаева. — Шунинг­дек, дуал таълим тизими асосида ҳам ўқитиш йўлга қўйилган. IT, хорижий тиллар ва спорт йўналишида ҳам тўгараклар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Таълим даргоҳининг 10 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этилган бўлиб, бу ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаб бориш имконини бераётир. Ўз навбатида кўчатчилик тармоғи яна бир қўшимча даромад манбаидир. Биргина ўтган йилнинг ўзида мактаб ҳовлисида ташкил этилган узумзор боғдан 20 миллион сўмдан ортиқ даромад олинди.

Айтиш жоиз, вилоятдаги 34 та профессионал таълим муассасаларида 132 та касб бўйича (қурилиш, ҳунармандчилик, енгил саноат, ахборот технологиялари, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида) ташкил этилган қайта касб-ҳунарга ўқитиш бўйича қисқа муддатли курсларда ўтган йил давомида 6500 нафар ишсиз аҳоли, хусусан, ёшлар ва уй бекалари ўқитилди. 2024 йилда эса вилоят миқёсида 7 минг нафардан зиёд бандлиги таъминланмаган ёшлар ҳамда хотин-қизларни қайта касбга ўқитиш курсларига жалб қилиш режалаштирилган.

Зеро, Президентимиз бугунги кунда ҳар бир ёшнинг касб-ҳунар мактаблари, таълим ўчоқларини ҳеч бўлмаса бир-иккита касб эгаси бўлиб ўқишни битириб чиқиши зарурлигини вазифа қилиб қўймоқда. Бу жуда тўғри ва жуда муҳим. Чунки ёшлар қайси касбни танламасин ҳунарли бўлишса, эртага бундай ўзлари ҳам, бутун жамият ҳам ютуққа эришган бўлади.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + two =