Журналист аёлларга уюшма совғалари топширилди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

8 март — Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган ушбу тадбирни Журналист аёллар кенгаши раиси Феруза Одилова олиб борди. Давра суҳбатда фаол журналист аёллар, Уюшма масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, куни кеча Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, турли соҳаларда эришган алоҳида ютуқлари учун бир гуруҳ қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани, Уюшма томонидан оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Давра суҳбати иштирокчилари — фаол журналист аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий қутлади.

Давра суҳбатида журналист опа-сингилларимизнинг ёзган мақолалари, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларида нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туриши, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳар қачонгидан муҳимлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот жараёнида аёл журналистлар фаолиятида дуч келаётган айрим муаммоларни ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш зарурлиги юзасидан “Postda” — “На посту” газеталари ва “Qalqon” — “Щит” журналлари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Бернора Содиқова,  “Ўзбекистон” телеканали “Перспектив телелойиҳалар, кино дас­турлар ва тезкор дубляж” студияси катта муҳаррири Нилуфар Умрзоқова, “Севимли” телеканали “Замон” информацион дастури мухбири Мўътабар Нурмуҳаммедова таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Жумладан, журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун “Ишонч телефони” фаолиятини йўлга қўйиш, “Фаол журналист аёллар” клубини ташкил этиш, фахрий журналист аёлларнинг тажрибасидан самарали фойдаланиш, республикамиз ҳудудлари бўйлаб журналист аёллар учун пресс-турлар ўтказиш бўйича таклифлар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

— Журналистиканинг нони қаттиқ, дейишади. Бу жиҳатларни ҳар бир журналист ўзининг кундалик фаолияти давомида ҳис этади, – деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Сиёсат ва янгиликлар таҳририяти маданият ва маърифат бўлими мудири Назокат Усмонова. —  Бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси мамлакатимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида ҳам соҳа ходимлари ҳолидан хабар олиши, ёшларга касбий маҳорат сирларини ўргатиши яхши анъанага айланди. Бу йўналишдаги эзгу ишлар бардавом бўлишини истаймиз.

Тадбир якунида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, бунёдкорлик ишларини, жамият ҳаётида рўй бераётган янгиланишларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда фаоллик кўрсатиб, кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган бир гуруҳ журналист аёлларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг совғалари топширилди.

— Бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгаши томонидан ташкил этилган давра суҳбатида қатнашдик. Муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдик, – дейди  таниқли журналист Нилуфар Умирзоқова. — Байрам арафасида  бизга Уюшманинг совғалари тақдим этилди. Бундан жуда мамнунмиз, миннатдорлик билдирамиз. Мана шу фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги барча аёллар, журналист аёлларни байрам билан табриклаймиз. Иштиёқингиз ҳеч қачон сўнмасин!

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =